Қайднома

Қидирув

Муҳим йиғин олдидан

Муҳим йиғин олдидан

  30.12.2016 06:21
  0
  1060
Муҳим йиғин олдидан

Ўзбекистон терма жамоасининг ўртоқлик ўйини ўтказиши ҳақидаги хабар ҳар куни ҳам чиқавермайди. Ўтган ҳафта мана шундай камёб ҳодисалардан бири рўй берди - январда Грузия, февралда эса Арманистон терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиларкан. Бироқ янгиликдан хурсанд бўлишга шошилманг, чунки учрашув хорижда ўтказилиши режалаштирилган. Шундай экан, уни жонли томоша қилиш кўпчиликка насиб этмаса керак. Мабодо, атайин сафарга отланмасангиз, албатта...

ЎЙИНЛАР ҲАҚИДА

Бу янгиликнинг ўзига хос жиҳатлари бир талай. Айтишларича, Терма жамоалар маркази томонидан кўп федерацияларга ўртоқлик ўйини бўйича таклиф йўлланган, аммо шундан фақат Арманистон ва Грузия ижобий жавоб қайтаришган. Аксарият терма жамоалар икки-уч йиллик режани аввалдан тузиб қўядилар, биз эса икки ой қолганда бир йўла элликталаб таклиф йўллашга одатланганмиз.

Самвел Бабаяннинг айтишича, Арманистон термасига қарши кечадиган учрашувга легионерлар жалб этилмайди ва олий лигада тўп сурадиган ўйинчилар синовдан ўтказилади. Бир сўз билан айтганда, яна ўша эски услубда ишлашда давом этамиз - ўртоқлик ўйинида бошқа футболчилар тўп суришади, расмий баҳсда эса бошқалар. Бу ҳолат биз учун янгилик эмас. Бир вақтлари Вадим Абрамов ҳам шундай йўл тутган, Миржалол қосимов ҳам. Энди Самвел Бабаян уларнинг изидан кетмоқда. Ҳозир бу услуб қай даражада нотўғрилиги ҳақида гапирмоқчи эмасмиз, сўзни яна беҳуда ҳавога совуришдан нима наф?

Ўзбекистон терма жамоаси Самвел Бабаян қўл остида 13та расмий ўйин ўтказди. Аммо бу давр мобайнида таркиб борасида баъзи муаммолар ечилмай қолмоқда. Таркиб эса нафақат рақиб, балки оддий мухлис учун ҳам олдиндан маълум бўлиб улгурган. Асосан легионерлар ва «Пахтакор» футболчиларига ишонч билдирадиган Самвел Бабаян топган янги номлар ҳам асосан мана шу даврадан чиқмоқда. Масалан, Вадим Афонин легионерлар сирасига кирса, охирги ўйинларда ўнг қанотдан муқим ўрин олган Даврон Ҳошимов «Пахтакор» футболчиси ҳисобланади. Бу эса терма жамоанинг кенг имкониятларини бироз торайтириши турган гап.

Бахтимизга ушбу масалада ўзгаришлар қилиш учун бизда ҳали етарлича вақт бор ва умид қиламизки, ўртоқлик ўйинларида вазият ижобий кўриниш олади. Ахир Терма жамоалар маркази Грузия ва Арманистон термаларига қарши кечадиган ўйин билан чекланиб қолмай, яна ўртоқлик учрашувлари ташкил этса керак?! Бу эса ўз навбатида, дарвозада Александр Лобанов, ҳужумда Игорь Сергеевдан бошқа номзодлар ҳам борлигини исботлаб берган бўларди, балки. Хўш, келгуси ўйинларда кимларни майдонда кўришни истаймиз? Келинг, ҳозир шу ҳақда бироз мулоҳаза юритсак...

ДАРВОЗА

Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига Самвел Бабаян келганидан буён «Пахтакор» дарвозабони Александр Лобанов асосий таркибдан муқим ўрин олди. Ҳатто кетма-кет хатога йўл қўйганда ҳам захирага ўтказилмади. Бир сўз билан айтганда, Лобанов кейинги расмий ўйинларда ҳам асосий таркибда ўйнайдиган кўринади. Токи Бабаян бор экан...

Хўп, бу масалада ҳам чуқурлашмайлик. Лобанов расмий баҳсларда ўйнасин, майли, аммо ҳеч бўлмаса ўртоқлик ўйинларида бошқа дарвозабонларга имкон берилса, зарар қилмаса керак. Ўзбекистон терма жамоасига «Насаф» посбони Элдор Суюнов ва «Локомотив» дарвозабони Игнатий Нестеров мунтазам равишда чақирилмоқда. Бироқ иккиси ҳам захира ўриндиғига «михланишган». Боз устига, мавсумнинг сўнгги расмий ўйини - Ўзбекистон кубоги финалидан келиб чиқиб айтсак, иккиси ҳам ҳозир яхши формада эмасга ўхшайди. «Насаф» айнан Суюновнинг қўпол хатосидан сўнг кубокни бой берган бўлса, Игнатий Нестеров мутлақо майдонга туширилмади ҳам.

Бошқа томонлама эса, номзодлар у қадар кўп эмас - «Бухоро»да Асилбек Омонов ўйнаб турибди. Бухороликларнинг олий лигада тўртинчи ўринни эгаллашларида унинг ҳам ҳиссаси бор, албатта.

Шунингдек, «Олмалиқ»дан Умид Хонимқулов бор, «Нефтчи»дан эса Ўткир Юсупов ва Абдумавлон Абдужалилов. Албатта, биз бу посбонларни терма жамоага муносиб демоқчи эмасмиз. Аммо дарвозада бирор ўзгариш қилиш заруратини ҳам инкор этиш анча қийин.

ЎНГ ҚАНОТ

Ўзбекистон терма жамоасининг ўнг қанот ҳимоясида муаммо пайдо бўлганига бир йилдан ошди. Аниқроғи, жамоа бошқарувига Самвел Бабаян келганидан буён мавжуд. Ундан аввал Миржалол қосимов даврида бу чизиқда Акмал Шораҳмедов ва Шуҳрат Муҳаммадиевлар ўйнашарди. Бабаян термага келгани ҳамоно Шораҳмедовдан дарҳол воз кечган бўлса, Муҳаммадиевни аввал захирада ушлаб турди, кейин уни ҳам чақирмай қўйди. Ўнг қанотга эса асли марказий ҳимоячи бўлган Ислом Тўхтахўжаевни мослаштиришга уриниб кўрди. Бу тажриба қай даражада муваффақиятсиз чиққанини ҳаммамиз яхши биламиз. Айни вақтда ушбу позицияни Даврон Ҳошимов ёпиб турибди. Аммо у ҳам ўз ишини яхши уддаламоқда, дейиш қийин.

Грузия ва Арманистон термалари билан бўладиган ўйинларда ушбу муаммо ҳал қилинса яхши бўларди. Аслида ўнг қанотда ўйнай оладиган футболчилар юртимизда етарли. қолаверса, хорижда ҳам топилади. «Краснодар» ҳимоячиси Николай Марков ҳақида аввал ҳам кўп гапирилган. Тўғри, ташкилий жиҳатдан бу футболчи билан боғлиқ қандайдир муаммолар бўлиши мумкин. Чунки Марковни анча йиллардан буён танисак-да, бирор марта терма жамоада тўп сурмаган. Демак, қандайдир тўсиқ бор. Бироқ Вадим Афонин билан боғлиқ иш қай даражада тезлик билан ҳал қилинганини инобатга олсак, Марков масаласи ҳам ижобий якун топишига ишонса бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон кубоги финали «Насаф» ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиев яхши формада эканини кўрсатиб берди. Эски номзодлардан Акмал Шораҳмедов бор, у ҳам ўтган мавсумни анча фаол ўтказди. Эътиборли томони, Сергей Лушан мавсум охирида Шораҳмедовни нафақат ўнг, балки чап қанотда ҳам синаб кўрди. Таъкидлаш жоиз, тажрибали ҳимоячи ўзи учун ноодатий чизиқда анча яхши ҳаракат қилди. Шундай экан, нима учун уни яна терма жамоага чақириб кўрмаслик лозим?

ҲУЖУМ ОРТИ

Терма жамоада узоқ йиллар плеймейкерлик вазифасини Сервер Жепаров бажариб келди. Бироқ ҳеч кимни термага боғлаб қўймаган, бир вақтлари Жепаровдан анча кучли футболчилар ўйнашган ва кетишган. Тез орада Сервер ҳам миллий жамоа билан хайрлашса, асло ажабланмаймиз. Унинг ўрнини босадиган ўйинчи эса кўринмаяпти. Ўтган йилларда Искандеровга катта умид боғланган эди. Аммо Жамшид қай даражада тез кўзга ташланган бўлса, ундан-да тезроқ «горизонт»дан йўқолди. Ярим ҳимоячи ҳозир ҳам термага жалб этилмоқда, аммо бу чақирувда унинг иқтидоридан кўра, Самвел Бабаян билан «Пахтакор»да бирга ишлагани кўпроқ қўл келаётган бўлса керак.

Сервер Жепаровнинг ўрнини боса оладиган футболчи нафақат юртимизда, балки «Локомотив»нинг ўзида ҳам топилса керак. Айтайлик, Санжар Шораҳмедов «темирйўлчилар» сафида Сервер бўлмаган ўйинларда ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Демак, терма жамоада ҳеч бўлмаса синовдан ўтишга муносиблигини исботлаб бўлган. Грузия ва Арманистон термаларига қарши кечадиган ўртоқлик ўйинлари эса бу мақсадни амалга ошириш учун айни муддао.

Шунингдек, Сардор Мирзаев ҳам анча серқирра ўйинчи ҳисобланади ва бир нечта позицияларда тўп сура олади. Самвел Бабаян БАА ва Туркия йиғинлари олдидан мана шу футболчиларга эътибор қаратса, зарар қилмаса керак.

ҲУЖУМ

Ҳужумчи муаммоси Ўзбекистон терма жамоасида анча олдин пайдо бўлган. Аммо Вадим Абрамов ва Миржалол қосимов давридагидан кўра ҳозирги вазият анча фарқ қилади. Аввал яхши савиядаги ҳужумчини топиш қийин эди, ҳозир эса номзодлар олий лигада ҳам етарлича топилади. Аммо Самвел Бабаян нима учундир янги номларни синаб кўришдан кўра консерватив йўлдан боришга ва мудом Игор Сергеевни майдонга туширишга қарор қилмоқда. Ҳозир бу масалада чуқурлашишни истамаймиз. Шунчаки, бошқа номзодлар ҳам борлигини эслатиб қўймоқчимиз, холос.

Темурхўжа Абдухолиқов ҳақида шу вақтга қадар кўп гапирилди. Ўзбекистон чемпионатида 22та гол уриб, тўпурар бўлган ҳужумчини ўртоқлик ўйинида синаб кўрмаслик - нохолисликдан ўзга нарса эмас. Айниқса, унинг клубдоши - олий лигада 12та гол урган Марат Бикмаев мунтазам равишда термага чақирилаётганини инобатга олсак. Шунингдек, «Металлург» сафида 18та тўп киритган Зоҳид Абдуллаев ҳам шу тоифага киради.

Ўзбекистон чемпионатининг жорий мавсумдаги кашфиёти эса, шубҳасиз, Шоҳруз Норхонов бўлди. «Обод» ҳужумчисини ёш деб айтиш энди тўғри келмаса керак, ҳар ҳолда, унинг тенгдоши Игорь Сергеев анча вақтдан буён миллий жамоанинг асосий таркибида ўйнамоқда. Аммо Норхонов ундан фарқли ўлароқ, қуйи лига заҳматини ўз танасида синаб кўрган, пишиб-етилган ҳужумчи. Боз устига, унинг атрофида олий лиганинг энг кучли ярим ҳимоячилари тўп суришмайди ва гол уриш учун анча-мунча меҳнат қилишига тўғри келади. Шундай экан, Норхонов жорий мавсум урган 14та голнинг барчаси муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бироқ терма жамоа эътиборини тортиш учун бу голлар етмайдиган кўринади...

ЎЙИНЛАР ОЛДИДАН

Грузия ва Арманистон термаларига қарши кечадиган ўйинлар фойдали бўлиши турган гап. Худди бошқа ўртоқлик учрашувлари сингари бу ҳам захирадаги ўйинчиларни синаб кўриш имконини беради. Истардикки, ушбу имкониятдан фойдаланиш пайтида барча клублардаги футболчилар имтиҳондан ўтказилса. Тўғри, «Пахтакор» футбол мактаби кучли, лекин иқтидорлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида топилади. Муҳими - бу факт мураббийлар ёдидан чиқиб қолмаса бўлгани...

Абдулазиз МУРОД

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 20 49
2 Тоттенхэм 21 45
3 Ливерпуль 21 45
4 Арсенал 20 41
5 Манчестер Сити 20 41
6 Манчестер Юнайтед 20 37
7 Эвертон 21 33
8 Вест Бромвич 21 29
9 Сток Сити 21 27
10 Бёрнли 21 26
11 Борнмут 21 25
12 Вест Хэм 21 25
13 Уотфорд 21 23
14 Саутгемптон 20 21
15 Лестер 21 21
16 Мидлсбро 21 20
17 Кристал Пэлас 21 16
18 Халл Сити 21 16
19 Сандерленд 21 15
20 Суонси 21 15
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

"INTERFUTBOL" 6 FACE

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.