Қайднома

Қидирув

«Лестер» биз учун ўрнак

«Лестер» биз учун ўрнак

  31.12.2016 00:32
  0
  376
«Лестер» биз учун ўрнак

Чехиянинг «Фестав Злин» клуби «Лестер» йўлидан бормоқда. 2015 йили элитага кўтарилган клуб 2016 йилда кучлилар сафида қолди, эндиги мақсад - чемпионлик.

Июнь тонгларидан бирида «Злин» бош мураббийи Богумил Паникни клуб офисига таклиф этишди. Клуб соҳиби Зденек Червенка мураббийдан ўтган мавсумнинг тўлиқ ҳисоботни талаб қилганди. Тўрт қаватли кўримсиз бинога бир қучоқ ҳужжатларни қўлтиқлаган қолда кириб кетган Паник у ердан кўтаринки кайфиятда чиқди. Энг қизиғи, бутун баҳор давомида ҳеч ким Паникни бундай мамнун ҳолда кўрмаганди.

Эҳ, баҳор футболи, баҳор футболи! У Паникнинг кўнглидан қолган: икки мавсумдан буён «Злин» февраль-март ойларига қадар бинойидек тўп суриб, ҳал қилувчи паллада ҳаммасини бой беради. 2015 йил баҳорда Богумил юқори дивизионга кўтарилиш учун жамоани 2-ўринга олиб чиқди. Бироқ жамоа муваффақиятни қўлда сақлаб қололмади, етакчи «Сигма»га ҳам, аутсайдер «Зноймо»га ҳам очколар улашаверди. Сўнги тур арафасида, 4-ўринни банд этиб турган шогирдларини мураббий «уйғота» олди - «Злин» Тршинце жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, базўр 3-поғонага жойлашди. Йўлланма эса «Варнсдорф»га насиб этди. Бироқ июнь ойида бу жамоанинг элитада тўп сурмаслиги эълон қилинди. Чунки «Варнсдорф»нинг 2000 кишига мўлжалланган «Котлина» стадиони олий лига талабларига жавоб беролмасди. Шаҳар маъмурияти эса стадионни кенгайтиришга маблағ ажратмади. Оқибатда йўлланма «Злин»га берилди. Богумил Паникка табассум ҳадя этган нарса - шу эди.

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, йўлакда Зденек Червенка пайдо бўлди. Президентнинг кайфияти ҳам аъло даражада эди. У яна бир мавсум сабр қилиб Паникни жамоада қолдирди. Элитадаги мавсумни «Злин» муваффақиятли бошлади, сермазмун ва ишончли ғалабалар учун Богумил ва унинг шогирдлари эл оғзига тушишди. Кутилмаганда жамоа омадсизлик кўчасига кириб қолди -  қаторасига 5та учрашувда бирорта ҳам гол уролмай, майдонни бош эгиб тарк этишди. Мураббийнинг асабийлашган ҳолда амалга оширган ўзгартиришлари иш бермади. Шу тариқа февраль ойидан буён ғалаба нималигини унутган «Злин» кузда жамғарган очколар ҳисобига мавсумни 13-поғонада якунлади. Янги мураббийнинг саъй-ҳаракати аста-секинлик билан бўлса-да, самара бера бошлади. Паник - айрим футболчилар сингари универсал мутахассислар тоифасидан. «Злин»да у бир неча функцияларни ўз зиммасига олган - шогирд­ларига устозлик қилади, ўйинларни таҳлил этади. Жамоа майдонга тушмайдиган кунлари эса рақиб стадионларига ташриф буюриб, уларнинг ўйин услубини зимдан ўрганади. Шу тариқа ўзаро учрашувга қадар ўз шогирдлари учун бевосита стадионда ёзилган 2-3та «конспект»ларни тайёрлаб қўяди. Шогирдлари рақиблар ўйинларини телевизор орқали, мураббийнинг изоҳларисиз томоша қилишларидан хабар топган Богумил ўша куниёқ раҳбариятдан улкан экран ва проектор талаб қилганди. Тактика ва таҳлилнинг чинакам шайдоси бўлган мутахассис руҳшунослик иқтидоридан ҳам бенасиб эмас. Оломоуц университетига ўқишга кирган чоғида у айнан педагогика-архитектура факультетини танлади. Ижодкор мураббий учун бу ўта муҳим хусусият эканлигини яхши биларди: «Мураббийлик соҳаси индивидуал ёндашув билан боғлиқ. Ҳар қандай ўйинчи - алоҳида бир шахс. Жамоа эса ана шу шахслардан ташкил топади. Унинг қандай ишлаши, нафас олиши ўйинчилардаги ҳамжиҳатликка боғлиқ». Мавсум арафасида «Злин»нинг ғалабаси 900га 1 кўринишида белгиланганди. Албатта, бу «Лестер»нинг 500х1 коэффициентига нисбатан анча юқори. Элитадаги ўрнини аранг сақлаб қолган дебютантнинг шоҳсупага кўтарила олишига кўпчилик ишонмаслиги олдиндан маълум эди. Паник эса ана шу эртакнамо орзуни рўёбга чиқариш учун астойдил бел боғлади. Аввало муносиб ёрдамчига эга бўлишни мақсад қилиб, эски қардони - Жованни Трапаттони даврида «Ювентус»да тўп сурган Зденек Григерани излаб топди. Италиялик таниқли мутахассис 1992 йили ўз жамоаси билан Оломоуцга ташриф буюргандида, Богумил унинг машғулотларини зимдан кузатган, шу тариқа танишиб олганди: «У пайтда хавфсизлик чоралари ҳозиргидек талабчан эмасди. Жованнининг ҳаракатларини 3 метр масофадан кузатганман. Унинг тилини тушунмасам-да, қўл ҳаракатларидан шогирдларига бераётган кўрсатмаларини тушуниб турардим. Иккинчи бўлим бошланиш арафасида Траппаттони мени кўриб қолди ва кўзини қисиб қўйди. Шу-шу у билан танишиб қолдик. Жованни «Бавария»га устозлик қилган пайт 60 ёшда эди. Шунга қарамай, у футболчилар билан тенгма-тенг югурарди. Кишининг кексалиги унинг ёшига эмас, ўзини қандай ҳис қилишига боғлиқ. Бунга имоним комил».

Беш йил муқаддам Зденек Григера жароҳатига қарамай, Лондон дербисида «Тоттенхэм»га қарши майдонга тушганди. У ёш Бэйлни зарарсизлантириш масъулияти ўз зиммасига олиб, бу ишни деярли уддалган. Бироқ уэльслик тезкор ҳужумчини жиловлаш осон бўлмаганди - ўзаро қувлашмачоқда Зденек оёқидан жароҳатланиб майдонни замбилда тарк этишга мажбур бўлганди.

Собиқ футболчи Паник билан бир вақтда «Злин»га келди. Григеранинг асосий вазифаси - жамоанинг трансфер масаласи. Бу анчайин мураккаб вазифа. Клуб бюджетини етакчи футболчилар сотувидан тушган маблағ ташкил этади. Январда жамоа сардори Лукаш Железник Праганинг «Спарта»сига ўтганида, Григера қалбининг бир парчаси узилиб кетди. Унинг ўрнини эгаллаган Томаш Поз­нар эса ярим йил тўп сурди-да, Пльзеннинг «Виктория» клубига йўл олди: «Албатта, «Злин»га ҳурматим баланд. Лекин жамоа еврокубок мусобақаларида иштирок этмайди. Мен эса халқаро майдонларда ўйнашни истайман».

Шу сабабли, шўрлик Зденек Григерага асло тиним йўқ. Тўғри, ажойиб иқтидор соҳибларини топганида, у ҳам ўзининг кичик ғалабаларидан завқ олади. Масалан, қишда жамоага келиб қўшилган Вукадин Вукадинович самарали ўйинлари билан «Злин»га катта манфаат келтирмоқда. Чехиялик мутахассислар уни Месут Озилга тенглашмоқда.

Григеранинг фахрланишига сабаб бўлган бошқа бир топилма - ҳужумчи Даме Дион. Бир неча йил аввал бу футболчи ЦСКАга ўтишга яқин турганди: «Армиячилар менинг ортимдан 3 ой югуришди. Очиқ майдондаги машғулотларга илк марта чиққанимда, ҳавонинг ҳарорати 7-8 даража совуқ эди. Ўша куниёқ Россияни тарк этишга қарор қилдим». Шу тариқа Дион Арманистонга, кейинчалик Праганинг «Славия»сига ўтди. Кейин Григера уни «Злин»га таклиф этди.

Қизиғи, Зденек стадионларда деярли бўлмайди, ҳатто унинг алоҳида офиси ҳам йўқ. Селекционер доимо сафарда, турли жамоалар мутасаддилари билан мулоқотда бўлади, телефонини ҳеч қачон ўчириб қўймайди. Шу югур-югур туфайли ўз вазнини 10 килога камайтирди, энди ўзини футболчилардек чаққон ҳис этмоқда. Ҳафтада бир марта - душанба тонгида Зденек 10 км.ли кроссни амалга оширади. Хуллас, шу кетишда у жуда зарур ҳолларда майдонга тушиб кетса, ажабланмаймиз.

Яқинда фақат байрамлар муносабати билан ҳамда муваффақиятли учрашувлардан кейин янги саҳифаларни намойиш этадиган «Злин» «Твиттер»и тўсатдан «жонланиб» қолди: «Биз ҳақимизда Англия матбуотида мақола чоп этилди». Сир эмаски, инглиз ОАВ спорт, айниқса, футбол борасида етакчи ўрнида туради. Нуфузли нашрлардан бири бўлган Daily Mail Чехиянинг камтарин жамоаси жорий мавсумда қайд этаётган муваффақиятларидан хабардор бўлиб, «Чехияда ўзининг «Лестер»и пайдо бўлди» сарлавҳаси остида мақола чоп этди. Унда «Злин»нинг муҳим учрашувларда умуман мағлубиятга учрамагани, мавсум бошидан буён фақат бир марта имкониятни бой бергани ёзилганди. Жамоа етакчиси Давид Губачек ёш жамоадошларидан газета варақламасликни илтимос қилди. Бироқ мақтов Богумил Паникка ёқиб тушди: «Бу жуда ёқимли, «Лестер» - эртакнамо тарих. Мен эртакларни яхши кўраман. Айниқса, хайр­ли интиҳога эга бўлган, қон ўрнида мурабболар тўкиладиган картиналарни. Фильм мазмунини аввалдан билишим шарт - адолат ва софлик ғалаба қозонмайдиган картиналарни ёқтирмайман. Биздек камтарин жамоа учун «Лестер» - ажойиб ўрнак».

Албатта, ички чемпионатда шоҳсупага кўтарилиш осон эмас. Жамоа «Виктория»дан 4 очкога ортда қолмоқда. Лекин «Злин» худди ўтган мавсумдаги «Лестер» каби гранд жамоаларга қарши муваффақиятли ўйнамоқда. Масалан, «Спарта»ни кубок мусобақасидан чиқариб юборди, чемпионатда эса жанговар дуранг(1:1)га эришди, «Виктория»ни 2:0, «Слован»ни 2:1 ҳисобида енгди. Якуб Югаш ва Томаш Гайек каби ўйинчилар Чехия терма жамоасидан таклиф олишди, дарвозабон Станислав Достал эса ўта камгап Паникнинг юксак эътирофига сазовор бўлди: «У-пантера! Ҳозирнинг ўзида Пётр Коуба каби ўйнамоқда. Келажакда Коубадан ўзиб кетишига шубҳа йўқ».

Ҳа, Богумил Паник жамоадаги камчиликларни бартараф этди. Муҳими, баҳорда ҳам «Злин» шу савияни йўқотиб қўймаса бўлгани. Хуллас, Европада иккинчи эртак дунёга келмоқда!

Сhampionat.com - И.РАҲИМОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 25 60
2 Манчестер Сити 25 52
3 Тоттенхэм 25 50
4 Арсенал 25 50
5 Ливерпуль 25 49
6 Манчестер Юнайтед 25 48
7 Эвертон 25 41
8 Вест Бромвич 25 37
9 Сток Сити 25 32
10 Вест Хэм 25 32
11 Саутгемптон 25 30
12 Бёрнли 25 30
13 Уотфорд 25 30
14 Борнмут 25 26
15 Суонси 25 24
16 Мидлсбро 25 22
17 Лестер 25 21
18 Халл Сити 25 20
19 Кристал Пэлас 25 19
20 Сандерленд 25 19
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Қийин – қийин «Барселона»га қийин бўлди

  • Олий лиганинг қайси жамоасига мухлислик қиласиз?

  • Олий лиганинг қайси жамоасига мухлислик қиласиз?

  • ЖЧ-2018 САРАЛАШИНИНГ ОСИЁ ҚИТЪАСИ 3-БОСҚИЧИДА ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ГУРУҲДА НЕЧАНЧИ ЎРИННИ ЭГАЛЛАЙДИ?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.