Қайднома

Қидирув

Қопингизда нима бор?

Қопингизда нима бор?

  02.01.2017 06:37
  0
  1448
Қопингизда нима бор?

Янги йилда ҳамма ҳам совға олишни орзу қилади. Бу орзу кўп ҳолларда амалга ошмайдигандек туюладиган тилаклардан иборат бўлади. Тўғрида, қурбингиз етадиган нарсани ўзингиз ҳам олаверасиз, «пул бўлса, чангалда шўрва». Қолгани учун эса Қорбобо керак.

Қорбобо агар ростдан ҳам Қорбобо бўлса, совғаси ҳам шунга яраша бўлсин! Кимдир машина орзу қилади, кимдир эса қиммат телефон ва яна кимдир ҳар иккисини ҳам. У ёғи тасаввурингиз қай даражада кучли эканига боғлиқ. Хўш, агар футболчилар, мураббий ва мутасаддилар ҳам Қорбободан совға олиш имкониятига эга бўлганларида нималарни истаган бўлардилар? Келинг, хаёл отини эгарлаймизда, тасаввуримизни ишга соламиз...

ЎФФ

Агар Ўзбекистон футбол федерациясида Қорбободан совға сўраш имкони бўлганда, аниқ-ки, кўпроқ ўртоқлик ўйинлари сўраган бўларди. Шу вақтгача Аргентина, Кот-д~Ивуар ва Туркия терма жамоалари билан ўртоқлик ўйини бўлиши ҳақида кўп гапирилди. Турклар билан ҳатто ўйнашга ҳам жуда яқин келдик. Аммо якунда барибир, ўхшамай қолди.

Хуллас, ўша ўртоқлик ўйинларидан ҳали ҳеч бирини кўрмадик. Ўзимизга қолса, Германия, Франция, Испания билан ўйнашга ҳам йўқ демасдик-ку, аммо ҳеч бўлмаса, Россия ва ҳатто, Қозоғистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказилса ҳам розимиз. Бироқ умримиз кутиш билан ўтиб кетяпти. Айтишларича, ҳар сафар ўртоқлик ўйини ўтказиш вақти келганда ЎФФ 50дан ошиқ давлатларга таклиф жўнатар экан. Аммо ҳозирча Тошкентга келишга розилик билдиргани фақат Иордания бўлиб турибди. Бир хил рақибга қарши баҳс ўтказавериш эса кишини зериктиради. Охирги ўртоқлик учрашувига келган мухлиснинг чўғи шу қадар кам эдики, бирор вилоятдаги ўртачароқ бозорда ҳам ундан кўп одам бўлиши турган гап. Иордания билан қайта ва қайта ўйнайвергандан кейин, яна нима ҳам кутардингиз?!

Аргентина билан бўладиган ўйинни эса Қорбобо совға қилмаса, бошқа иложи йўққа ўхшайди...

ТЖМ

Ўша ўртоқлик ўйинлари амалга ошмай қолишида энг катта айбдор - Терма жамоалар маркази. Бунга шак-шубҳа бўлмаслиги лозим. ЎФФ топшириқ беради, ТЖМ эса бажаради. Аниқроғи, бажара олмайди. Шу вақтга қадар Терма жамоалар маркази қойиллатиб келаётган фақат бир иш бор - чипта сотиш. Бир жиҳатдан, Марказнинг Қорбободан сўрайдиган энг катта совғаси ҳам чипталар савдоси билан боғлиқ бўлса керак. Бошқа нима ҳам сўрашарди...

Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжоновга қолса, Тошкентда кўпроқ ўйин ўтказилишини истайди. Ўшанда мухлислар даста-даста чипта сотиб оладилар ва... Бу ёғини энди айтмасак ҳам ўзингиз яхши биласиз. Аслида-ку, чипта пуллаш учун Қорбобонинг совғаси шарт эмас. Лекин энг катта тилак ҳақида гап кетаркан, Терма жамоалар маркази учун чипта совғасидан муҳимроқ бўлган жиҳатни топа олмадик.

САМВЕЛ БАБАЯН

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийининг ихтиёрида ҳамма нарса бор - яхши ўйинчилар, шинам стадион ва исталган жойда йиғин ўтказиш имконияти. Бу ёғи Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларидан тортиб, у ёғи Австриягача бориб келишяпти. Аммо муаммонинг каттаси шундаки, Самвел Бабаян бу имкониятларнинг ҳаммасидан ҳам фойдаланавермайди. Масалан, мураббий кўпинча терма жамоага энг кучли футболчилар эмас, балки ўзи яхши биладиган ўйинчиларни чақиришни маъқул кўради. Санжар Турсунов, Шоҳруҳ Гадоев ва Темурхўжа Абдухолиқовлар термага ортиқчалик қилмаган бўлардилар, балки. Аммо ҳамон чақирилганлари йўқ. Бабаяннинг Қорбободан сўрайдиган совғаси ҳам бу футболчилар билан боғлиқ бўлмаса керак.

Самвел Вячеславович учун Янги йилда энг яхши совға - Александр Лобанов дарвозада Буффондек турса, Станислав Андреев Дани Алвесдек ўйнаса ва Игорь Сергеев худди Роналдудек тўп сурса. Албатта, бу иш имконсиз эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо Қорбободан ҳам худди шу нарса сўралади-да - имконсиз нарсалар.

ИГОРЬ СЕРГЕЕВ

Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев Қорбобони учратиб қолса, нималарни сўрашини ҳам аниқ биламиз. Ўзига қолса, бир қоп голдан бошқа нарса сўрамаса керак. Ахир қачондан бери гол ура олмаяпти, ўйлаб кўрдингизми? Қорбобони учратиб қолса-ку, ҳаммаси жойига тушиб кетарди. Тасаввур қилинг, Сергеев терма таркибида жуда муҳим ўйинларда майдонга тушяпти ва гол кетидан гол уряпти. Нима, тасаввур қилиб бўлмаяптими? Тўғри, бу анча қийин иш, ахир Игорь рақиб дарвозасини охирги марта қачон ишғол қилганини ҳам унутиб юборганмиз. Аммо айтдик-ку, Қорбобо айнан шундай вақтда керак бўлади, деб. Балки у «ҳа», деса, ҳаммаси жойига тушиб кетар.

Игорь Сергеев учун 2016 йил анча оғир келди. Ўзи шундоқ ҳам терма жамоада кўп гол уролмаётган эди, бу йил ишлари умуман тўхтаб қолди. Ундай қилса ҳам ўхшамаяпти, бундай қилса ҳам. Камига мухлислар ҳам унинг ўйинидан норози.  Шу ишқибозларни ҳам тушуниш қийинда, кетма-кет 10та ўйинда тўп киритолмаса нима қилибди? Йигирманчисида урар, ўттизинчисида урар... Хафа бўлманглар-ку, аммо сабр қилишни билмаймиз!

Албатта, Игорнинг ўзи ҳам гол ура олмаётганидан сиқилади. Ишонинг. Шунинг учун ҳам Янги йилда Қорбобони учратиб қолса, албатта, гол совға қилишини сўрайди. Ўшанда кўрамиз, аҳволингизни...

АЛЕКСАНДР ЛОБАНОВ

Дарвозабонга нима керак? Тўғри айтасиз, энг аввало, чаққонлик. Зарба берилгани ҳамоно ўша томон ташланмаса, тўпни кўриш учун ортга ўгирилишга мажбур бўлади. Тўрга ўралиб ётган тўпни кўришдан ёмони йўқ, билсангиз агар. Шунинг учун дарвозабонга ҳам осон эмас. Унга, биринчи навбатда, абжирлик зарур.

Афсуски, Александр Лобановга худди шу хислат етишмаяпти - чаққонлик. Демак, мабодо у Қорбобони учратиб қолса, аниқ бир-икки «қути» чаққонлик сўраган бўларди. Тўп тўғри ўзига тепилганда бемалол қайтаряпти-ку, аммо сал ён томонга кетса, ушлашга қийналяпти-да. Янги йил совғасини олса ва чаққон бўлиб қолса, кейин биз ҳам сал бемалолроқ нафас олган бўлардик.

Дарвоқе, Александр Лобанов Қорбободан нафақат олиши, балки бериши лозим бўлган нарсалар ҳам бор экан. Агар эртакнамо бобога оғирлик қилмаса, Ўзбекистон терма жамоаси посбонидан бир-икки чимдим ортиқча вазнни ҳам олиб кетса яхши бўларди. Кўрдингиз, Лобанов шўрлик бироз тўлишиб қолибди, сакрашда қийналяпти. Аксига олиб ўша ортиқча вазни Жанубий Корея билан бўлган ўйинда анча панд берди. Биринчи голни шунинг дастидан ўтказиб юбордик-да!

Шундай экан, Қорбобо бу масалада ҳам бироз ёрдам бериб кетмаса бўлмайди. Барибир, баҳорда ўтказиладиган ЖЧ саралаши ўйинларида ҳам Александр Лобанов асосий таркибда ўйнаса керак. Шундай экан, ортиқча вазндан қутулиши шарт ва бу ишда Қорбобонинг ёрдами жуда зарур. Тўғри, дарвозабон югуриб, оғир машқларни бажариб ва парҳез тутиб ҳам спорт формасини тиклаб олса бўлади-ку, аммо совға берадиган топилса, жон койитишга ҳожат қоладими?

СТАНИСЛАВ АНДРЕЕВ

Ким нима сўраса ҳам, барибир, Қорбободан Станислав Андреевдек кўп совға олмаса керак. Нима учун дейсизми? Чунки Андреевга жуда мўл ҳадя керак!

Масалан, бироз тезлик. Яна бирор «халта» техника ҳам. Яна бирозгина аниқ зарба қўшилса, зарар қилмас эди. Хуллас, бир футболчига нима керак бўлса, ҳаммасидан олиши лозим. Албатта, бу билан Станислав Андреевда ўша керакли жиҳатлар мутлақо йўқ, демоқчи эмасмиз. Бор, аммо етарлича эмас-да. Айтайлик, ўртамиёна футболчи учун керак бўлган барча жиҳат Андреевда топилади. Бироқ миллий терма жамоада ўйнаши учун Қорбободан яхшигина совға олишига тўғри келади.

Шундай экан, Станислав Андреев Қорбобо билан кўришиб қолса, иккиланмай, уялмай-тортинмай, кўтара олганича совға-салом сўрайверсин. Унга ҳеч нарса зарар қилмайди, ҳаммаси керак бўлади...

МУХЛИСЛАР

Ишқибозларга Қорбободан нима керак? Очиғи, агар ҳеч нарса керак эмас, десак, асло ҳайрон қолманг. Мутасадди, мураббий ва футболчилардан фарқли ўлароқ, мухлислар терма жамоага жон куйдиришдан ўзларига яраша манфаат кўришади. Улар чин кўнгилдан, ҳеч нарса таъма қилмай ишқибозлик қиладилар, Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўришни истайдилар. Шу сабабли ҳам уларга Қорбободан ҳеч нарса керак эмас.

Ишончим комил, агар Қорбобо келиб: «Мана, Ўзбекистон термаси учун жаҳон чемпионати йўлланмаси. Энди миллий жамоангиз саралашларда ўйнаши ҳам шарт эмас, бир йўла ўнта жаҳон чемпионатида бемалол иштирок этади. Бу менинг совғам», - деса, ўша совғани  оладиган ишқибоз кўп топилмаса керак. Зеро ҳақиқий мухлис учун бировнинг совғаси керак эмас. Биз терма жамоамизнинг ҳақиқий курашда ғолиб чиқишини истаймиз. Бежизга ўзбек миллий спорти бўлган курашда рақибини енгган полвоннинг ғалабаси «ҳалол» деб айтилмайди. Ҳа, биз шундай халқмиз, фақат ҳалол йўл билан ғолиб чиқишни истаймиз.

Хуллас, Қорбобо совғасини бошқаларга бераверсин. Биз эса кутамиз, ишонамиз ва умид қиламизки, ҳали вақти келиб Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалда иштирок этади. Бироқ кимнингдир ёрдами билан эмас, балки ўз кучи билан...

Умар БЕК



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz