Қайднома

Қидирув

Йозеф Блаттер: «Виждоним олдида мутлақо покман»

Йозеф Блаттер: «Виждоним олдида мутлақо покман»

  02.01.2017 03:25
  0
  1748
Йозеф Блаттер: «Виждоним олдида мутлақо покман»

ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер маълум вақт сукут сақлагач, BBC World Football журналистларининг интервью ҳақидаги илтимосларини рад этмади. Турли-туман айбловлар воситасида «тахт»дан ағдарилган Зепп бобо суҳбат жараёнида ўзини яна бир марта оқлашни унутмади. Айтишича, ФИФАдаги коррупциялар ҳақида хабар топгач, ўлишига бир баҳя қолган экан. Блаттер шунинг баробарида ўз вориси - Жанни Инфантино «шудгорига тош отди». Чунончи, ФИФАнинг янги раҳбари унинг мактубларига жавоб йўлламаётган, шекилли...

- Мана, ФИФАдаги коррупцион можаро анча тинчиди. Айни пайт ортга назар солиб, нима дея оласиз?

— Афсуски, барча кўргиликлар менинг бошимга тушди. Ҳозир ғоят ҳайронман. Ахир шундай даҳшатли воқеалар бўлиши мумкинлигини ўйлаш ҳам қўрқинчли. Очиғи, ишдан четлатилиш менга жуда-жуда қаттиқ таъсир қилди. Хусусан, асабий танглик ҳолатига дучор бўлдим ва 1-15 ноябрь кунлари оралиғида ўзимни ниҳоятда ёмон сездим...

— Ўзи ўшанда нима бўлганди?

— Жонажон қишлоғимда яқинларим дафн этилган қабристонга бордим - зиёрат учун. Шунда ногаҳон бутун вужудимни мадорсизлик қамраб олди ва деярли ҳаракатланолмай қолдим. Хайриятки, мени зудлик билан Цюрихдаги шифохонага олиб боришди. Яширишга ҳожат йўқ, врачлар дастлаб бир неча соат ичида ҳаёт билан видолашишим мумкинлигини ўйлашди, чоғи.

— Жиддий гапиряпсизми?

— Ёлғон аралаштиришдан нима наф? Кўнгилсизлик якшанба куни рўй берганди, шифохонада биргина аёл шифокор қолган экан. У менга нимадир бўлса, кимга қўнғироқ қилиши мумкинлиги ҳақида сўради. Шунда унга ишонч билан жавоб бердим: «Йўқ, йўқ, бир неча соатдан кейин ўзим уйга қайтаман».  Бироқ кўп ўтмай, яна бир врач келди ва кўнглимга анча таскин берди: «Қўрманг, ҳаммаси жойида, тезда оёққа турасиз». Энг муҳими, шифохонада шундай вақт туғилдики, барчасини обдон тафаккур этдим ва ҳаёт фақат футболдан иборат эмаслигини теран тушундим. Ўзи қизимга ҳаёт тартибим, вақтни қандай ўтказишим сира ёқмасди. У ҳаттоки, кўп марта олдимга ёқимсиз шартни кўндаланг қўйганди: «Агар яна бир марта «ФИФА — менинг оилам» қабилида гапирсангиз, сиз билан алоқани мутлақо узаман».

— Чиндан ҳам, президентлик лавозимида мудом банд бўлгансиз. Шу маънода айтсак, энди сиз учун ҳаётнинг бошқа томонлари очилгандир...

— Киноларда айтилганидек, «Қирол ўлди, салом, янги қирол!» ФИФАда рўй берган воқеалар боис, қаттиқ афсусланиб ўтиришим бефойда, аммо шунинг баробарида хурсанд бўлишга ҳам асосим йўқ. Аслида кимдир ниманидир ўзгартиришига қарши эмасман. Майли, бир уриниб кўрсин, омадини берсин. Бироқ битта ҳолат алам уйғотмоқда. Умрим давомида бирор компаниянинг янги президенти ўз ўтмишдошига ҳурматсиз қараганини кўрган эмасман.

— Нима, Жанни Инфантино ҳурматингизни жойига қўймаяптими?

— Асло. Тўғри, сайлов жараёнидан сўнг яхшигина суҳбатлашдик. У уйимга келди ва биз бирга тамадди қилганча дилдан гуранглашдик. Италия таомини тановул қилганимиз боиси, Жанни гарчи швейцариялик саналсада, асли итальян. Кейин унга бир қатор саволларим борлигини айтдим. Уларни ФИФАда кўриб чиқиш ва ҳал этиш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидладим. Барчаси шахсий қарашларимга боғлиқ масалалар бўлиб, уларни олдинроқ муҳокама қилиш имконияти туғилмаганди.

— Хўш, Инфантино бунга қандай қаради?

— У барчасини обдон кўриб чиқишга ваъда берди. Бироқ шу-шу менинг рўйхатимдан ўрин олган саволларни ҳаттоки, эсламади ҳам. Чунончи, кейинроқ унинг электрон манзилига шу мазмунда бир неча марта мактуб ёздим, аммо лоақал қисқача жавоб олмадим. Қарангки, энди биз фақат адвокатлар воситачилигида учрашишимиз мумкин...

— Агар имконияти бўлганида, ўтмишингизга боғлиқ ниманидир ўзгартириш ёки тўғрилашни хоҳлармидингиз?

— Энг катта ва жиддий хатом битта - бу атрофимдаги одамларга тўла-тўкис ишонганим. Зеро, ҳаммани хайрли инсондек кўрганман, аммо бунда адашган эканман. Хусусан, ўша сентябрь куни мағлуб бўлган икки томон рўй берган воқеани сира унутолмаслигини хаёлимга ҳам келтирмагандим...

— АҚШ ва ...?

— Табиийки, Англия. Аниқроғи, мамлакат бош вазири. Ҳозирга келиб бу лавозимдан бўшаган ўша инсоннинг айтишича, ЖЧ мезбонини аниқлаш жараёни менинг энг катта хатом экан. Бироқ қандай хато? Ахир овозлар сонини ҳамма-ҳамма очиқ кўрди-ку.

— Аслида жаҳон чемпионатининг Америкада ўтишини хоҳлаганингиз ростми?

— Албатта. Менга Америка ва Россия вариантлари маъқул кўринганди. Зеро, фикримча, кетма-кет келадиган жаҳон чемпионатларини икки кучли мамлакат ҳудудида ташкиллаштирилиши бутун дунёдаги тинчликка ҳам ижобий таъсир қиларди. Улардан энг яхши хотиралар қолишига эса шубҳа йўқ эди. Агар мезбонлик ҳуқуқи шу иккисига берилганида, Россия ва АҚШ ўз-ўзидан жаҳон чемпионатига боғлиқ тайёргарлик жараёнида ҳамкорлик асосида иш олиб борарди. Ўз навбатида, бу мен учун ФИФА президенти сифатидаги алоҳида натижа ҳисобланарди. Бироқ қайтараман, америкаликларнинг мағлубиятни шунчалик ёмон кўришлари ва ҳазм қилолмасликларини тасаввур ҳам этмагандим.

— Эндиликда юзага келган коррупцион жанжал ҳақидаги маълумотлар бутун миллионлар ўйинига улкан қора доғ туширганини инкор этолмасангиз керак. Бундан жаҳон футболи обрўсига катта путур етди, дейиш мумкинми?

— Шубҳасиз, шундай. Агар улар менинг ишимни танқид қилишни истасалар, майли, хоҳишлари. Билганларича иш тутаверсинлар. Бироқ кимдир менинг ҳалоллигим ва виждонан ишлаганимга шубҳа билан қараса, унда ўзимни ҳимоя қилишга мажбур бўламан. Бир нарса менга таскин беради - виждоним олдида мутлақо покман. Дейлик, ҳаётим мобайнида бирор марта хизматимдан ташқари ҳолатда пул олган эмасман. Шу жумладан, ФИФАда ҳам маошимни оширишга уринмаганман - ҳеч қачон.

— Сизнингча, охир-оқибат, футболдаги хизматларингизни нисбатан муносиброқ баҳолашармикин?

— Нима бўлишидан қатъий назар, умид қиламанки, кун келиб, менга ва ишимга адолат юзасидан баҳо беришади, албатта.

Football.ua - Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz