Муросасиз характери билан ажралиб турувчи футбол агенти Дмитрий Селюк одатда интервью беришни ҳам қойиллатади. Яъни ҳар сафар қандайдир қизиқарли маълумотларни ошкор қилади. Дейлик, россиялик агент сhampionat.com сайти мухбирлари билан суҳбат давомида асосий мижозлари - Ласина Траоре ва Яя Туре атрофидаги турли хабарларга алоҳида тўхталди.
- Айтишларича, Ласина Траоре ЦСКА билан хайрлашар экан...
— Ҳа, бу 99 фоиз ҳал этилган масала. Фақат ҳужжатларни расмийлаштириш қолди, холос. Траоре фаолиятини Европанинг етакчи чемпионатларидан бирида давом эттиради.
- Умуман, Ласинага жавоб бериш ташаббуси кимдан чиқди: Гончаренкоданми, Слуцкий ёки Гинердан?
— Ҳаммаси менинг хоҳишим. Ҳарқалай, ЦСКА вакилларидан ҳеч ким менга «Траоре бизга керак эмас» дегани йўқ. Шунчаки, кўриб турибман, мижозим учун клубни алмаштириш фурсати етди. Хуллас, «армиячилар» раҳбарларига ўзим мурожаат қилиб, таклифларни кўриб чиқиш лозимлигини таъкидладим.
— Ўзи ЦСКА мухлислари Траорени унча ёқтиришмайди. Сизнингча, нега бундай бўлди?
— Негаки, халқ доимо кимгадир нафрат билан қарайди. Биласизми, Яя Туре Украинада ўйнай бошлаганида, ҳамма бирданига айюҳаннос солганди: «Эҳ, бу қанақа футболчи? Траорега келсак, мухлислар наздида у ҳеч нарса қилмаётгандек. Лекин Ласина чемпионатда ЦСКА учун нечта гол урганини биласизми? 5та. Энг яхши тўпурар - Смолов ҳисобида нечта гол бор? Тўппа-тўғри - 9та. Бироқ у шундан 2тасини пенальти орқали нишонлаган. Энди бир тасаввур қилинг, ЦСКАда 11 метрли жарима зарбаларини Бабрис Натхо эмас, Ласина ижро этганида нима бўларди? Балли, голлари сони 10тага етарди. Бошқача айтсак, у Россия премьер-лигасининг бош тўпурари бўлиб турарди!
— Бироқ Траоре 5та голидан 4тасини «Терек» ва «Урал» клублари тор-мор этилган баҳсларда урди. Яъни ЦСКАнинг атиги 3та ўйинида ўзини кўрсатди, холос. Бу ҳужумчи учун яхши статистиками?
— Ҳар қандай гол — бу гол. Факт шуки, ЦСКАда ҳеч ким Ласинадан кўп гол ургани йўқ. Хўш, клубнинг мақталган ярим ҳимоячилари нега 8-10тадан гол уришмади, улар қаерда қолишди? Аслида Ласинада ҳужумни якунлаш салоҳияти кучли. Бироқ рақиб дарвозасини нишонга олганида ҳам, эътибордан четда қолаверади. Дейлик, «дубл»га эришгани ҳамоно гап-сўз бошланди: «Траорега шамол қўл келди...». Гўёки, ҳар қандай болакай ҳам бундай вазиятларда гол урар экан. Хуллас, мижозимга ҳаққоний баҳо беришмади.
- Яъники, Ласинани ноўрин танқид қилишди, шундайми?
— Йўқ, танқидларда маълум даражада жон бор. Негаки, у кучлироқ ўйнашга қодир. Бу борада Василий Березуцкий ҳақ: «Муаммо Траореда эмас, тўпни унга етказиб беролмасликда». Қолаверса, Ласинанинг жамоага мослашиб олиши учун вақт керак эди. Буниси энди мураббийларга тегишли савол. Мисол учун, Гус Хиддинк мижозимни қадрлаган ва уни кучли ҳужумчи сифатида кўрган. Нима, голланд мутахассисининг фикри ҳеч нарсани англатмайдими? Ласинани вақтида «Монако» ва «Эвертон» клубларига олишганди. Афсуски, Россиядаги ҳурматли оқсоқол - Гаджи Гаджиев «Анжи»да жароҳатига қарамай, уни «Спартак»ка қарши ўйинда майдонга туширди. Оқибатда ҳужумчи жароҳат устига жароҳат орттириб, нақ бир йилга сафдан чиқди. Унинг Англияда ўзини кўрсатолмагани сабаби ҳам шу. Умуман, Траоре барчасини исботлашга улгурган футболчидир. Эсланг, «Кубань» уни Руминия клубидан 4,5 миллион еврога харид қилиб, 20 «лимон»га пуллаганди. Шунинг ўзи футболчининг савиясидан далолат эмасми?
- Ҳаммаси шунчалик яхши экан, «Монако» нега Ласинани ортга қайтаришни истамаяпти?
- Чунки ҳозир Монте-Карлода Радамель Фалькао бор. 60 миллион, юлдуз мақоми, асосий таркибдаги жой. Хуллас, «Монако» Фалькао турганида, Траорени нима қилади? Боз устига, бу клуб бизнесга мойил. Табиийки, французлар Радамелни катта пулга сотишни исташади ва шунинг учун унинг имкон қадар кўпроқ ўйнаши ва гол уришига тарафдорлар.
— Футболчининг ўзи ҳозирги ҳолат туфайли сиқилмаяптими?
— Ласина — бинойидек йигит. «Урал» дарвозасига урган голини қандай нишонлаганини эсланг. Мухлисларга қарата «Тушунаман, мендан кўпроғини кутгансизлар, ҳаракатларим сизларни қувонтиришга қаратилган» дегандек ишора қилди.
— Дарвоқе, мижозингизга Европада жиддий қизиқиш борлиги ростми?
— Албатта. Европадан ташқарида ҳам уни жиддий кузатаётган жамоалар етарли. Дейлик, 2015 йили Дан Петреску Хитойнинг «Жиангсу Сунинг» клуби бошқарувини қўлга олгани ҳамоно раҳбарият олдига талаб қўйган экан: «Траорени сотиб олайлик. У чемпионатда энг яхши тўп-урарга айланади». Фақат ўшанда Ласинанинг ўзи шунчаки, Хитойга боришни хоҳламаганди. Чунки мақсади - Европанинг кучли клубларидан бирида тўп суриш. Иштиёқи ҳам баланд.
— Энди кейинги мавзу: Хосеп Гвардиолага қарши чиқишда давом этасизми?
— Йўқ. «Манчестер Сити» вакиллари билан барчасини келишиб олдик. Яъни Яя Туре хотиржам ўйнаши ва Пеп хотиржам ишлаши учун аввалги можароларни қайта муҳокама қилмайдиган бўлдик. Ишонинг, айни пайт Гвардиола билан ўзаро муносабатларимиз жойида. Ҳаттоки, оилавий борди-келдини йўлга қўйдик.
— Ваҳоланки, уни «ярамас»га чиқаргандингиз.
— Ҳаётда ҳаммада ҳам тушонмовчилик юзага келиши мумкин. Аслида Гвардиола ақл бовар қилмас жонкуярлик хислатига эга. Мен ҳам аҳмоқ эмасман. Ҳалиги гап-сўзлар шунчаки, эҳтирослар жунбушида айтилганди... «Манчестер Сити» — жиддий клуб. Унга обрўсини сақлаш муҳим. Туре 1 январдан эътиборан хоҳлаган клуб билан бошланғич келишувга эришиш ҳуқуқига эга. Эҳтимол, у бундан фойдаланар, балки «шаҳарликлар» сафида қолишни маъқул кўрар.
— Туренинг турли мемлар тимсолига айланганига анча бўлди, уни очиқчасига калака остига олишяпти. Гўёки, Яя ирқчилик ҳолатидан абадий нолийди, йиғлагани-йиғлаган...
— Аҳмоқона гаплар... Нима, у «Қора танлиларни уринглар!» дейиши керакми? Яя шунчаки, одамларни маймунларга ўхшатмасликни сўраяпти. Мижозимнинг инсонийлик фазилатлари таҳсинга лойиқ - элчи сифатида ишлаб, камбағаллар, болалар ва очарчиликдан жафо чекаётганларга ёрдам қўлини чўзмоқда. Мисол учун, Непалдаги зилзила қурбонлари оилаларига 100 минг доллар жўнатди. Айрим одамларнинг ўзлари мудом барчасидан норози бўлишади. Мана, Турега эътироз билдираётганларни олайлик, аслида уларнинг ўзлари нолимаяптиларми? Бу заифлик белгиси, Туре эса кучли ва қудратли йигит. У мудом ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилади.
— Туре Украинага келганида 18 ёшда эди. Унда ўша вақт ҳам ўз кучига нисбатан ишонч ҳисси каттамиди?
— Йўқ, албатта. Жуда-жуда қийналгани ҳам айни ҳақиқат. Ахир ёш африкалик мутлақо бегона ва совуқ мамлакатга келганди. Муҳими, Туре чидамли. Яя шундайки, нафақат майдон, балки ҳар жойда етакчилик қилиши мумкин. Эҳтимол, уни келажакда Африка футбол федерацияси президенти лавозимида ҳам кўрармиз...
— «Кўплаб африкаликлар бойликдан ўзларини йўқотиб қўйишади». Бу «эътироф» Яя Турега қанчалик мос?
— Асло. Биласизми, у бутун фаолияти давомида мендан янги клубида қанча маош олишини бирор марта сўраган эмас. Ҳеч қачон. Зеро, пулга ружу қўймаган. Мисол учун, Донецкнинг «Металлург» жамоасида ойига 15 минг доллар оларди. «Олимпиакос»га ўтгач, маоши анча ошди - йилига 300 минг доллар. Мана, Яя ҳозир миллионер. Чунки у чин профессионал.
— Яқинда Турени маст ҳолатда автомобиль бошқарганликда айблашди ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйишди. Қанақасига шундай бўлди?
— Оддий: Яя дўстининг туғилган куни байрамига борган. У ерда шарбат ичган ва бунинг учун 54 минг фунт миқдорида жарима тўлади ва камига 18 ой муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлди. Базмда кимдир «Кола»га алкоголь аралаштириб қўйган, Яя эса уни сипқорган. Аслида Туре ҳеч қачон спиртли ичимлик исътемол қилмаган ва қилмайди ҳам. Сизга айтсам, у яқинларининг туғилган куни ёки ЧЛдаги ғалабани нишонлашда ҳам, умуман, бирор тадбирда алкоголни ҳаттоки, лабига теггизмайди. Шунга қарамай, Туре суд мажлисида умуман баҳслашмади. Нега? Чунки у табиатан босиқ ва тарбияли инсон. Ҳа, тан оламан, мижозим қонида алкоголь борлиги расман тасдиқланган. Сен юлдузми ёки гадо - фарқи йўқ, шундай ҳолатга тушдингми, марҳамат кўрсатиб, катта жарима тўла ва 1,5 йил автомобиль рулига яқинлашма. Дейлик, Россияда футболчи 1000 доллар бериб қутулиши мумкин. Бунда полициячининг ўзи уни ҳурмат билан уйигача кузатиб қўяди. Англияда эса ҳаммаси бошқача.
— Криштиану Роналду шахсий агенти - Жорже Мендешга туғилган куни муносабати билан бус-бутун битта оролни совға қилди. Сир бўлмаса, сиз мижозларингиздан қандай совғалар олгансиз?
— Асосийси - уларнинг муҳаббатлари. Энг яхши совғага келсак, бу айнан Яя Туренинг иши. У ўз ўғлига менинг исмимни берганини биласизми? Бир ўйланг, Африкада ҳам Дмитрий исми... У Димитри Пайе ёки Дмитрий Пожарский эмас, менинг шарафимга қўйилган!
- Айтишларича, Россия лигасида «янги Яя Туре» бор экан...
— Ҳа - «Урал»да ўйнаётган Конате. 19 ёшли йигитчанинг бўйи 198 сантиметрга тенг. Йўқ, унинг албатта, «янги Туре» бўлишига кафолат беролмайман, аммо истиқболи чакки эмас. Конате таътил вақти ҳам ватанига қайтмади. У клуб президенти олдига кириб, таътилга чиқмаслигини айтибди: «Екатеринбургда қолсам майлими? Мустақил тарзда шуғулланаман. Чунки мақсадим - футболчи сифатида ўсиш. Қишда манеж ва тренажёр залида машғулот ўтайман». Мана, ишга муносабатнинг ёрқин намунаси.
— Дейлик, Александр Кокорин ҳеч қачон бундай йўл тутмаса керак.
— Эҳ, Саша агар 18 ёшида мен билан ишлай бошлаганида эди, ҳозир Россия эмас, Европанинг қайсидир машҳур клубида тўп сурарди.
- Агар Генрих Мхитарян сизнинг хизматингиздан фойдаланганида, ҳозир «МЮ»да бунчалик азобланмасди, тўғрими?
— Тўппа-тўғри! Ишонтириб айтаман, бирор мижозим хор бўлган эмас - ҳеч қаерда. Мхитарян энди фаолият бошлаганида, уни Швейцария клубига жойлаштиришга урингандим. Ўша вақтдаги агенти Мкртчянга шундай деганим эсимда: «Бу йигитни асло қўлдан чиқарма! Катта истеъдод». Аслида Мхитаряннинг «Шахтёр»га ўтишини ҳам ўзим таъминлаганман. Мктрчян эса бундан соф 13,5 миллион фойда олган. Генрих — меҳнаткаш ва иқтидорли йигит. Бироқ қаранг, «Шахтёр»дан ҳам, «Боруссия»дан ҳам жанжал билан кетди. Яъни чиройли хайрлашмади. Футболчига иқтидор зарур, аммо у аввало, яхши инсон бўлиши керак.
— Айтингчи, кучли агентга айланиш учун нималар талаб этилади?
— «Учтаси бирда» пакетчаси керак: яхши инсон + ҳуқуқий билим + футболчиларни пулга нисбатан кўпроқ яхши кўриш. Яъни агент аввало, нарх эмас, мижозларини кўтариш устида бош қотириши шарт. Улар шахсан мен учун худди ўз фарзандларимдек. Дейлик, Яя Туренинг менга «Отажон», дея мурожаат қилиши бежиз эмас...
А. АҲМЕДОВ тайёрлади
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20