Ўзбекистон миллий жамоаси январь ойида Грузия термаси билан ўртоқлик ўйини ўтказади. Ундан сал ўтиб эса Арманистон билан. Буниси энди февраль ойида бўлиб ўтиши лозим. Хуллас, ҳар икки ўйин ҳам иккита йиғинга мўлжалланган. Биринчиси 21-24 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида, иккинчиси 9-13 февраль саналарида Туркияда ўтказилиши лозим. Миллий термамизнинг, аниқроғи, Терма жамоалар марказининг яқин ойлар учун ишлаб чиққан режаси худди шунақа.
ЯХШИ ЎЙИН
Ҳар қандай вазиятда ҳам ўртоқлик ўйини бўлгани яхши, барибир. Ўзи Кавказ жамоаларига қарши ўйнамай қўйганимизга анча бўлган эди. Арманистонликлар билан адашмасак, охирги марта Вадим Абрамов терма жамоани бошқарган вақтда учрашганмиз. Грузия билан қачон кўришганимизни эса очиғи, эслай олмадик. Ўтган йили Тошкентда «Динамо» (Тбилиси) клубининг собиқ иттифоқ кубогини қўлга киритгани билан боғлиқ юбилейи нишонланди. Ўшанда «Пахтакор» стадионида фахрийлар ўртасида ўтказилган ўйинни айтмаса, Грузия термасининг «тириги»ни мен тенги авлод кўрмаган. Хурсанд бўлишга шошилманг, бу сафар ҳам кўрмаслиги эҳтимоли катта. Чунки яна ўша гап, ўйин БААда бўлиб ўтади. Бироқ бизни ўйлантирадиган савол фақат шу эмас. Ташвиш тортаман, десангиз, баҳонаи сабаб етарли.
ЭЪТИБОР
Кўз тегмасин, юртимизда футболга бўлган эътибор жуда юқори. Ушбу эътибор кўп жиҳатдан термамиз учун ташкил этилаётган йиғинларга ҳам боғлиқ. Тўғриси, Ўзбекистон миллий жамоасида кўтарилишлар даври айнан мана шу хориждаги йиғинлар билан боғлиқ. Футболчилар ҳам кўп таъкидлашган, терма жамоа илгари фақат ўзимизда йиғин ўтказар ва «ўз ёғига ўзи қовурилиб» юрарди. Бироқ энди вазият анча ўзгарган. Ҳозирги авлодни Дубай ёки Анталияда ўтказиладиган йиғин билан ҳайрон қолдира олмайсиз. Термамиз йигитлари бу ёғи Австриядан тортиб, Африканинг шимолий ўлкаларигача кўриб келишди.
Мана шундай йиғинлардан яна иккитаси январь ва февралга мўлжалланган. Энди шу ўринда ҳақли бир савол туғилиши турган гап - хорижда йиғин ўтказиш яхши, аммо биз бу имкониятдан қай даражада фойдалана оляпмиз? Терма жамоа қайд этаётган натижалар шунча сарф-харажатга мос келадими?
ЖАВОБ
Албатта, бу савол жавобини бирдан бериш жуда қийин. Ўзбекистон терма жамоаси ҳамон ЖЧда иштирок эта олмаганини инобатга олсак, ўзгариш катта, дея олмаймиз. Шахсан ўзим терманинг ўзимизда ва хорижда ўқув-назорат йиғини ўтказган даври ўртасида катта фарқ кўрмаяпман. Тўғри, адолат юзасидан тан олиш лозим, 2011 йилда Вадим Абрамов анча-мунча самарали ишларни амалга оширди. У бошқарган жамоа ойлаб Туркия ва БААда юрган ва охир-оқибат бу меҳнатлар самараси Осиё кубоги ярим финали билан тақдирланганди. Ҳозирча Ўзбекистон терма жамоасининг энг яхши натижаси шу бўлиб турибди. Бироқ ўшанда кўп футболчилар олий лигада ўйнагани ва йиғинлар деярли тўлиқ таркиб билан ўтказилганини инобатга олсак, ярим финал «формуласи»ни топгандек бўламиз. Осиё кубогидаги муваффақиятдан сўнг аксарият футболчилар хорижга легионер бўлиб чиқиб кетдилар. Энди вазият анча ўзгарган.
Ҳозирги Ўзбекистон терма жамоаси эса истайсизми, йўқми, хориждаги ўртоқлик ўйинларини бошқа футболчилар билан, расмий баҳсларни эса бошқалар билан ўтказади. Чунки ўша ўйинлар ФИФА кунларига тўғри келмайди ва табиийки, легионерлар унда иштирок этмайдилар. Ўзларига қолса-ку, бажонидил келишарди, аммо клублари қўйиб юбормайди. Мавсумга тайёргарлик авжига чиққан вақтда «Краснодар» ёки «Ал-Жаиш»нинг футболчиларни қўйиб юбормаслигини тўғри тушуниш мумкин. ФИФА куни бўлса, бошқа гап. Аммо қолган вақтда, кечириб қўясиз.
Натижада Дубайнинг теп-текис, «евростандарт» майдонларида ўзимизнинг олий лига вакиллари тўп суришларига тўғри келмоқда. Улар ҳам ўз навбатида, барибир, расмий ўйинда майдонга тушмасликларини жуда яхши биладилар. Бироқ терма жамоа таклифини ким рад этарди, боз устига, БАА ёки Туркиядаги уч-тўрт кунлик сайр асло зиён қилмайди. Арманистон ва Грузия билан ҳам худди шундай ҳолат такрорланишини бемалол тахмин қилиш мумкин. Аслини олсак, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян буни инкор этмайди: у йиғин маҳаллий футболчилар билан ўтишини айтиб бўлган. Мураббийлар тилида бу «янги футболчиларни синовдан ўтказиш», дейилади. Бизни ҳайрон қолдиргани, Испания ёки Германия терма жамоаси ҳеч қачон янги ўйинчиларни мана шу тахлит, алоҳида синамайди. Уларда янги чақирилганлар ёнида албатта, Месут Озил ва Андрес Иньеста ўйнайди. Бизда эса...
НАФ
Хўш, бу тадбирлардан терма жамоага қанчалик наф бўлиши мумкин? Деярли ҳеч қандай. Кўряпмиз, Самвел Бабаян ўртоқлик ўйинларида турли футболчиларни синовдан ўтказиб кўрмоқда, аммо якунда барибир, расмий баҳсда Александр Лобанов ва Игорь Сергеев майдонга тушаверади. Ёмон томони, бу муаммо бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Ҳатто мураббий алмашуви ҳам вазиятни ўзгартира олмади. Ўз вақтида Вадим Абрамов ҳам шундай йўл тутарди, Миржалол Қосимов ҳам. Самвел Бабаян даврига келиб аҳвол янада оғирлашди. Чунки асосий эътибор «Пахтакор» футболчилари ва легионерларга қаратилган. Қолган клуб вакиллари эса барибир, расмий баҳсларда ўйнаш учун имкон йўқлигини билган ҳолда терма жамоага келаётгандек. Шунинг ўрнига улар ўз клубида мавсумга тайёрлангани яхши эмасми?
Албатта, авваллари терма жамоанинг шу каби йиғинлар ўтказишини орзу қилардик. Демак, ҳозирги ҳолатдан қувонишимиз даркор. Ахир ЎФФ озмунча меҳнат ва маблағ сарфлаяптими? Бироқ мана шу харажатлардан етарлича самара бўлмаса ҳам давом этиш керакми? Аслини олганда, ЎФФ пул ажратишдан ташқари, ТЖМ ишини бироз тўғри йўналишга ўзгартирса, зарар қилмаса керак. Бу қандай йўналиш, дерсиз? Ҳозир таклифимизни билдиришга уриниб кўрамиз.
ТАКЛИФ
Магарки, Ўзбекистон терма жамоаси БАА ва Туркияда йиғин ўтказиб юраверса, вазият ўзгармаса керак. Ўша ўйинлар рақиб майдонида ўтса ҳам майли эди, ёшларимиз ҳеч бўлмаса бегона мухлислар қаршисида тўп суриш қандайлигини кўриб, пишиб борардилар. Бироқ икки жамоанинг нейтрал майдонда ўртоқлик ўйини ўтказишидан бирор-бир самара чиқиши қийин-ов.
Албатта, Марказни танқид қилаверишни биз ҳам хуш кўрмаймиз, аммо нима қилайлик? Терма жамоа тайёргарлиги учун катта маблағ сарфлаш шарт бўлса, нима учун шу пулларни ўзимизда ишлатиб қўя қолиш мумкин эмас, мана шунисига ҳайронмиз. 15 йил олдин хорижда ўтказиладиган йиғинлар керак бўлгандир, балки. Ўша вақтда чет элни кўриб келган ўйинчилар бармоқ билан санарли эди. Бироқ ҳозир терма жамоа ва етакчи клублар қолиб, олий лига дебютантлари ҳам сафарга чиқиб келишяпти. Шундай экан, ҳадеганда авиакомпанияларни «бойитиб», Туркия қолиб Австрия, Австрия қолиб Испанияга бориб-келаверишнинг нима кераги бор? Тўғри, шунга яраша ўртоқлик ўйинлари ўтказиляпти. Аммо ўша учрашувларни ҳеч ким томоша қилмас экан, Грузия ёки Арманистон тугул Бразилия билан ўйнаганда ҳам, бу учрашувлар мухлисларни қизиқтирадими?
ФИФА КУНЛАРИ
Албатта, қандайдир ўзгариш қилиш вақти келди, деб ўйлаймиз. Биз, энг аввало, фойдасиз йиғинларга пул сарфлашдан кўра, ФИФА кунларидан унумли фойдаланишни ўрганишимиз керак. Ўшанда ўртоқлик учрашуви ўтказилса, ҳамма легионер, албатта, етиб келади. Келмаса, уларни қўйиб юбормаган клубнинг суробини ФИФАнинг ўзи тўғрилаб қўяди. Натижада терма жамоа тўлиқ таркиб билан назорат учрашувлари ўтказиш имконига эга бўлади. Бундан эса, биринчи навбатда, мураббийлар штаби ютади - истаганча тактик ишланмаларни синовдан ўтказиб олиши мумкин. Айтайлик, Жанубий Корея термаси билан бўлган ўйин олдидан Иорданияга қарши ўтказилган баҳсда ҳамма легионер иштирок этганда, балки Марат Бикмаевнинг ўрнига Александр Гейнрих майдонга тушмаган бўларди...
Яна бир таклифимиз эса шундан иборат - ўртоқлик ўйинлари тўлиқ самара келтириши учун Ўзбекистонда ўтказилиши шарт. Хорижга сарфланадиган пулларни йиғиб, Африкадан бундайроқ жамоани Тошкентга олиб келсак, кейин кўрасиз томошани. Йўқ, Тошкентга эмас, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Хива ёки Қаршига олиб келиш керак экан. У ёғи яна давом этаверади - Жиззах, Фарғона, Наманган, Термиз, Гулистон, Навоий. Тошкентда фақат ЖЧ саралаш баҳслари ўтказилса кифоя, бошқасига мухлис келмаслигини кўрганмиз.
Вилоятларда эса вазият мутлақо бошқача. Мана, Ўзбекистон кубоги уч йилдан буён пойтахтдан ташқарида ўтказиляпти. Кўрдик, одамлар футболга қизиқишаркан, яхши кўришаркан. У ёғини сўрасангиз, Кот-д~Ивуар ёки Сенегал термалари Самарқандда ўйин ўтказишса, кўрасиз аншлагни.
Хуллас, шундай гаплар. Умид қиламиз, бу таклифлар беэътибор қолдирилмайди. Ахир қачонгача пулни Туркия ёки Дубайга ташлаб келамиз? Терманинг ўйинлари токайгача биз учун бегона бўлади? Ахир пешонамиз терлаб ўйин томоша қилишга ҳақлимиз-ку...
Зафар ҚОСИМОВ
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20