Қайднома

Қидирув

Феноменал Мертенс ёхуд неаполнинг янги кумири

Феноменал Мертенс ёхуд неаполнинг янги кумири

  03.01.2017 00:29
  0
  1696
Феноменал Мертенс ёхуд неаполнинг янги кумири

«НАПОЛИ» ФУТБОЛЧИСИ 3та ЎЙИНДА 8та ГОЛ УРДИ. Ҳа, Неаполь клуби ярим ҳимоячиси Дрис Мертенс қандайдир мўъжиза кўрсата бошлади. Бельгиялик «кичкинтой» «А» сериясининг 16-18-турларида, яъни кетма-кет 3та ўйинда рақиблар дарвозасини нақ 8 марта нишонга олиб, барчанинг эътиборини ўз томонига бурди.

Дрис аввалига «Кальяри»га қарши кечган учрашувда «хет-трик» қайд этиб, «Наполи»нинг 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишига асос солди. Кейинги турда эса «Торино» дарвозабони бельгиялик йигит олдида 4 марта ожиз қолди. Бу сафар неаполликлар 5:3 кўринишида устун келишди. 18-тур доирасида эса, неаполликлар Флоренцияда «Фиорентина» меҳмони бўлиб, 3:3 ҳисобида дуранг қайд этишди. Қаҳрамонимиз бу гал ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Энг қизиғи, Мертенс бутун ўтган мавсумда атиги 5та голга муаллифлик қилганди. Ваҳоланки, у 33та ўйинда иштирок этган. Хуллас, Дриснинг жорий «А» сериясидаги голлари сони 11тага етди. Айтиш жоиз, ёзда айнан «Наполи» томонидан «Ювентус»га 90 миллион евро эвазига сотилган аргентиналик Гонсало Игуаин шунча вақтда  ўз ҳисобига 10тагина гол ёзиб қўйди. Умуман, Италия чемпионатининг 18-туригача фақат Мауро Икарди («Интер»),  Андреа Белотти («Торино») ва Эдин Жеко («Рома»)гина Мертенсдан кўпроқ гол уришди. Уларнинг бельгиялик митти футболчидан фарқли ўлароқ, соф ҳужумчи эканликларини эътиборга олиш керак.

La Gazzetta dello Sport нашри Мертенсни «феноменал» ибораси билан таърифлашга улгурди. Журналистлар унинг айниқса, «Торино» дарвозасига йўллаган 4-голига алоҳида тўхталишди. Чунончи, Дрис бу голни Неаполнинг абадий қаҳрамони - Диего Марадона усулида урди. Аниқроғи, бельгиялик тўпни Жо Харт устидан ташлаб қўйди - ўта нозик ҳаракат. Боз устига, зарба жарима майдони бурчагига яқин жойдан берилди. Лекин Мертенснинг ўзи клуб афсонасига яқинлашишига ҳали анча борлигини яхши тушунади.

«Наполи» бош мураббийи Маурицио Сарри эса ўйиндан сўнг бош қаҳрамонни алоҳида мақташдан тийилиб турмади. «Дрис - бетакрор футболчи, бироқ ўз ўрнида тан олиш керак, айни пайт бутун жамоа унинг учун жуда кўп вазият яратмоқда. Биз ғалабага эрта ишониб, «Торино»нинг ўйинга қайтишига имкон бердик. Бошқача айтганда, бирин-кетин хатоларга йўл қўйдик ва 3та аҳмоқона гол билан жазоландик. Аслида бундай қилмаслигимиз керак эди. Муҳими, «Наполи»да ҳужумкорлик салоҳияти катта. Агар шундай ўйнашда давом этсак, Чемпионлар Лигаси «плей-офф» раундида «Реал»га ҳам кўп қийинчилик туғдиришимиз тайин».

Ҳа, «Наполи» жорий мавсум сермаҳсул ўйинлари билан ажралиб турибди. Дейлик, Италияда 18-турдан сўнг энг кўп голни айнан неаполликлар ҳосил қилишди - 40та. Ваҳоланки, Игуаин ўрнини босиши мўлжалланган Аркадиуш Милик ҳозир сафда эмас. Поляк йигити дастлабки 7та ўйинда 4та гол уришга улгурганди, энди эса охирги учрашувларда «сохта тўққиз» ролини бажараётган Мертенс бош кўтармоқда.

Айтганча, бельгиялик Италия футболининг сўнгги 42 йиллик тарихида кузатилмаган натижага эришди. Яъни шунча вақтдан буён «А» сериясининг кетма-кет 2та учрашувида камида «хет-трик»ка эришиш ҳеч кимга насиб этмаганди. Қаранг, бунақаси Филиппо Инзаги, Кристиан Вьери, Марко ван Бастен, Андрей Шевченко, Эрнан Креспо, Габриэль Батистита каби голеадорлар қўлидан ҳам келмаган. «Тўғриси, нима қилганимни ҳали тўла англолмадим. Ўз голларимни қайта кўриб чиқсам, ниманидир тушунарман балки. Айни пайт «сохта тўққиз» сифатида ўйнаб, ўзгача қулайликни ҳис қиляпман. Аммо қайтарилган тўп учун курашиш мен учун эмас», - дейди барчасидан мамнун Мертенснинг ўзи.

Айтганча...

«Наполи» янги голеадорига янги шартнома таклиф этишга ҳам улгурди. Яъни неаполликлар бельгиялик футболчи билан ўртадаги келишув муддатини бирданига 2021 йилгача узайтирмоқчилар.

Манба: Sports.ru,  А.АҲМЕДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz