Қайднома

Қидирув

«Шанхай СИПГ»га ўтган Одил Аҳмедов фаолияти ҳақида қисқача...

«Шанхай СИПГ»га ўтган Одил Аҳмедов фаолияти ҳақида қисқача...

  03.01.2017 13:18
  0
  3519
«Шанхай СИПГ»га ўтган Одил Аҳмедов фаолияти ҳақида қисқача...

«Краснодар» раҳбарияти ниҳоят, «Шанхай СИПГ» клуби билан Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Одил Аҳмедовнинг трансфери бўйи­ча келишувга эришди. Бу ҳақда Краснодар жамоаси расмий веб-саҳифасида хабар берилди.

- Одил Аҳмедов «шаҳарликлар» сафига 2014 йилнинг июнь ойида қўшилганди. У шундан буён «қора-яшиллар» таркибида жами 101та расмий ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урди ва яна 13тасига ассистентлик қилди. Муҳими, Одил ҳар бир ўйинда тўлиқ куч билан ҳаракатланиши, майдон марказининг турли нуқталарида ақлли ва самарали ўйнай олиши эвазига жамоамиз мухлислари ёқимтойига айланди. «Краснодар» клуби Аҳмедовга 2,5 йиллик сифатли ўйини учун алоҳида миннатдорчилик билдиради ва унинг Хитойдаги фаолияти ҳам омадли чиқишига тилакдошдир. «Краснодар» раҳбарияти шунингдек, ушбу трансфернинг амалга ошишида ёрдам кўрсатган Prosportmanagment агентлигига ҳам раҳмат йўллайди,-деб ёзилди сайтда.

«Шанхай СИПГ» ёхуд «Шанхай Теллэйс»га келсак, бу клуб 2005 йили тузилган ва мавсум-2013дан эътиборан Хитой супер-лигасида иштирок этмоқда. Клуб  2005-2011 йилларда «Шанхай Донгя» ва «Шанхай Истэйша», 2012-2014 йилларда эса  «Шанхай Теллэйс» номи остида ўйнаган. 2015 йилга келиб, унинг номи яна ўзгартирилди - «Шанхай СИПГ». Жамоа 2009 йилдан буён рақибларини «Шанхай» стадионида қабул қилмоқда. Шанхайликлар Хитой чемпионатида 2 марта совриндор бўлишган - 2015 йили кумуш ва охирги мавсумда бронза медалини қўлга киритишди.

«Шанхай СИПГ»ни португалиялик машҳур мутахассис Андре Виллаш-Боаш бошқармоқда. Одил Аҳмедов янги клубида Жанубий кореялик ҳимоячи Ким Ю Ён, аргентиналик ярим ҳимоячи Дарио Конка, бразилиялик Оскар ва Халк, ивуарлик Жан Куасси билан бирга тўп суради. Биласиз, 2011 йилги мавсумда «Пахтакор»дан Махачқалъанинг «Анжи»сига трансфер қилинган Одил Аҳмедов 2016 йил якунига қадар Россия премьер-лигасида тўп сурди. Ўз нав­батида, «Анжи» Ўзбекистон миллий жамоаси сардорини «Краснодар»га пуллаганди. Мана, краснодарликлар етакчи футболчимизни янада қимматроқ нарх - 7 миллион еврога сотди.

Сир эмас, Одил ортда қолган шу йиллар давомида бир қатор машҳур футболчилар билан елкама-елка тўп сурди. Шанхайда уни яна-да таниқли юлдузлар билан ҳамкорлик кутиб турибди. Умуман, Аҳмедов ҳозирга қадар Россияда қуйидаги машҳур футболчилар билан битта жамоа шарафини ҳимоя қилди:

Роберто Карлос (Бразилия) — «Анжи» (2011|2012)

Бенуа Ангбва (Камерун) — «Анжи» (2011|2012)

Кристофер Самба (Конго) — «Анжи» (2011|2012)

Муборак Буссуфа (Марокаш) — «Анжи» (2011|2012)

Жусилей (Бразилия) — «Анжи» (2011|2012)

Юрий Жирков (Россия) — «Анжи» (2011|2012)

Самуэль Это`O (Камерун) — «Анжи» (2011|2012)

Эмир Спахич (Босния) — «Анжи» (2012|2013)

Эвертон Алмейда (Бразилия) — «Анжи» (2012|2013)

Виллиан (Бразилия) — «Анжи» (2012|2013)

Лассана Диарра (Франция) — «Анжи» (2012|2013)

Ласина Траоре (Кот-д`Ивуар) — «Анжи» (2012|2013)

Рикардо Лаборде (Колумбия) — «Краснодар» (2013|2014)

Ари (Бразилия) — «Краснодар» (2013|2014)

Рагнар Сигурдссон (Исландия) — «Краснодар» (2015|2016)

Фёдор Смолов (Россия) — «Краснодар» (2015|2016)

Юқорида таъкидланди, «Краснодар» Одил Аҳмедовнинг трансфери учун 7 миллион евро олади. Футболчимизнинг ўзи «Шанхай СИПГ» билан 3 йиллик шартнома тузди. Норасмий маълумотларга кўра, хитойликлар 29 ёшли ярим ҳимоячимизга 4 миллион евро миқдорида йиллик маош белгилашган. Таққослаш учун келтирсак, унинг «Краснодар»даги йиллик мао­ши 1,7 миллионга тенг эди.

Дарвоқе, Ўзбекистон терма жамоа­си ва «Пахтакор» клубининг собиқ бош мураббийи Валерий Непомняший Россия матбуотига ҳамюртимизнинг «Шанхай СИПГ» клубига ўтгани хусусида қисқача интервью берди. Зеро, бу мутахассис 2006 йили «Пахтакор»да Аҳмедов билан бирга ишлаган эди.

- Мен вақтида Аҳмедов тимсолида ҳозиргисидан ҳам яхшироқ футболчини кўргандим. Яъни Одилни жиддий савиядаги ўйинчи сифатида қабул қилганман. Шу маънода айтсам, унинг Европа эмас, Хитойга йўл олганидан бироз афсусдаман. Аммо бу қадами бир тарафдан, ўзи учун ёмон эмас. Очиғи, Аҳмедов 18 ёшли пайти ўзини худди 30 ёшни уриб қўйган тажрибали футболчидек тутарди. Бошқача ифода этсак, ҳаммасини билар, майдонда энг мураккаб ишларни ҳам бажарарди. Қолаверса, жуда билимли эди. Ҳаётда ўта камтар, хотиржам ва уятчан бўлсада, майдонга тушганида, мутлақо ўзгарарди. Одилга қўлидан келган ишларни бажаришига имкон бериш керак эди, шунда унинг салоҳияти тўлиқ кўринади. Бу ерда менинг хизматим йўқ. Яхши эслайман, ўша вақт ўзбек футболида икки нафар ёш йигит кўзга ташланганди - Аҳмедов ва Виталий Денисов. Улар Ўзбекистон терма жамоасида кўп нарсани ҳал қилардилар. Биласизми, мураббийнинг баъзи футболчиларга эътибор бериши шарт эмас. Одилни шунчаки, қўллаб-қувватлаш кифоя қиларди. У бетга чопар ва сурбетликдан йироқ. Аммо чўққиларни забт этиш йўлида кескинроқ бўлиш керак. Умуман, Аҳмедов бундан кўпроғига лойиқ. Алоҳида қайд этиш керак, Одил фаолиятининг Россиядаги қисмини муносиб ўтказди. У олий даражадаги профессионал ва жамоавий ўйинчи. Дейлик, аслида таянч ярим ҳимоячиси саналсада, «Краснодар» уни қанотда ўйнатди. Одил шунингдек, «Анжи»нинг юлдузли таркибида ўз ўрнини топганди. «Краснодар»да ҳам охирги ролларда бўлмади,-деди Валерий Кузьмич.

- Умуман, Аҳмедовни савия бў­йича ким билан солиштириш мумкин?

- Биласизми, фақат кучсиз футболчиларни кимларгадир таққослаш мумкин. У эса - Одил Аҳмедов. Шунинг ўзи кифоя.

- Сизнингча, Аҳмедов ўз нуқтасида Россия чемпионатининг энг кучли футболчисимиди?

- Йўқ, бундай демаган бўлардим. Зеро, сўнгги 1,5 йил ичида унинг ўйи­ни унча қовушмади. Хусусан, баъзан асосий таркибдан ҳам четла қолди.

- Нима, Хитой футболи унинг учун фаолиятини тугатиш йўлида босилган қадамми?

- Йўқ, йўқ, йўқ. Бу Одилга тааллуқли гап эмас. У менталитетига кўра, Хитой футболига жуда мос тушади. Аҳмедовга бу вариантни ким таклиф қилганини билмайман, аммо у Хитойда футболдан чинакамига завқланиши мумкин. Чунончи, у ерда ишлар биз тасаввур қилганимиздек ёмон эмас. Агар бу мамлакатда нимагадир даъвогарлик қилувчи клубга борсанг, ҳаммаси жойида бўлади.

- Аҳмедовнинг янги клубини Андре Виллаш-Боаш бошқармоқда, унинг сафида Халк ҳам бор. Уларнинг эртами-кеч бир-бирлари билан учрашишлари тақдир тақозоси экан-да...

- Эҳтимол... Албатта, уларни Россия чемпионатида иштирок этувчи жамоада бирга кўришни истардим. Аммо тақдир шуни белгилаган экан, начора...

Дарвоқе, Одил Аҳмедов Хитой чемпионатида тўп сурадиган биринчи ўзбекистонлик эмас. 2009 йилдан буён Хитой футболи олий дивизионида нақ 17 нафар футболчимиз ўйнашга улгурди. Демак, Одил бу борада 18-вакилимиздир!



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz