Қайднома

Қидирув

Ўз юртида байроқдор

Ўз юртида байроқдор

  04.01.2017 00:12
  0
  604
Ўз юртида байроқдор

Табиийки, айни кунларда янги йилни муносиб кутиб олиш тараддуди авжига чиққан. Шунингдек, анъанавий сарҳисоб ишларига боғлиқ қизғинлик даражаси ҳам баланд. Жумладан Soccer.ru сайти икки йил алмашуви чоғи мухлисларни Европа мамлакатларининг байроқдор футболчилари билан алоҳида таништиришни лозим топди. Бошқача айтганда, йил якунлари кўра, ўз юртларида «Энг яхши» мақомини кўп марта олишган лауреатларга эътибор қаратди.

Австрия: Давид Алаба - 2011-2016 йиллар (6та соврин)

Австрияликлар учун сўнгги йилларда мавсумнинг энг яхши футболчисини аниқлаш шунчаки, расмиятчиликка айланиб қолди. Боиси, бу борада Давид Алаба билан тенглашадиган рақобатчи йўқ. Нигериялик ота ҳамда филиппинлик онанинг 24 ёшли зурриёди ҳозирда дунёнинг энг сара клубларидан бири - «Бавария»да универсал футболчи сифатида тўп сурмоқда. Шу сабабли, Давид терма жамоадаги барча шерикларидан камида бир бош устун. 6 марта Австриянинг энг яхши футболчиси мақомига сазовор бўлиш - рекорд натижа. Алабадан аввал рекорд ўрнатган Ивица Вастич ҳисобида 4та соврин бор. Лекин у бундай натижага нақ 12 йил давомида эришганди.

Арманистон: Генрих Мхитарян - 2009 ва 2011-2016 йиллар (7та соврин)

Арманистоннинг энг яхши футболчисига аталган соврин қаторасига 6-марта тиниб-тинчимас ярим ҳимоячига насиб этди. Бу натижа яна шуниси билан эътиборли-ки, Генрих шу оралиқда нақ 4та жамоа шарафини ҳимоя қилди. У аввалига «Пюник» сафида тўп суриб, Арманистонда йил лауреати бўлди. Кейин Донецкнинг «Шахтёр» жамоаси аъзоси сифатида 2 марта эътироф этилди ва Дормунд «Боруссия»сида ўйнаб, яна 3 марта юксак унвон ютди. Хуллас, Мхитарян 7-совринини «МЮ» ярим ҳимоячиси сифатида қўлга киритди.

Беларусь: Александр Глеб - 2002, 2003 ва 2005-2008 йиллар (6та соврин)

Глеб янги асрнинг дастлабки йиллари Беларусь футболининг чинакам байроқдори бўлди. Ярим ҳимоячи дастлаб «Штутгарт» таркибида бундеслигада эришган муваффақиятлари эвазига 2та соврин ютди. Кейин Лондоннинг «Арсенал» клубидаги самарали фаолияти ўз юртида 3 марта тенгсиз сифатида эътироф этилишини таъминлади. Александр ўзининг охирги совринини эса  «Барселона»даги фаолияти эвазига қўлга киритди. Тўғри, Глеб агарда  каталонияликлар таклифидан воз кечганида, индивидуал совринлари сонини камида яна 1-2тага ошириши мумкин эди. Бироқ тарихни ортга қайтаришнинг иложи йўқ.

Болгария: Димитар Бербатов - 2002, 2004, 2005 ва 2007-2010 (7та соврин)

Бу футболчи йил лауреати бўлиш бобида машҳур ватандоши, афсонавий Христо Стоичковдан ўзиб кетди. Тўғри, Христо ўзининг 5та совринини (шундан 4таси қаторасига) анчайин кучли рақобатда қўлга киритганди. Ахир Болгария термаси ЖЧ ярим финалига бежиз чиқмаган - кўплаб футболчилар юқори савияда тўп суришарди. Лекин факт шуки, 7та соврин Бербатовни Болгария футболи «гегемон»ига айлантирди.

Исландия: Эйдур Гудйонсен - 2001, 2003-2006, 2008 ва 2009 йиллар (7та соврин),

Гильфи Сигурдссон 2010 ва 2012-2015 йиллар (5та соврин)

Уммонлар қуршовидаги бу мағрур юрт вакиллари футбол оламида ҳам ватан шаънини муносиб ҳимоя қилишган. Сўнгги йилларда эстафета таёқчасини Гудйонсендан Сигурдссон қабул қилиб олди. Эътиборлиси, айнан шу футболчилар Евро-2016да Исландия термасининг муваффақиятини таъминладилар. Бу жуфтликнинг сўнгги 15 йил ичида 12та совринга лойиқ топилгани кўп нарсадан далолат. Эйдурнинг фахрий эканлигини инобатга олсак, 27 ёшли Гильфи ундан ўзиб кетиш учун яхши имкониятга эга.

Литва: Эдгарас Янкаускас - 1997, 1998, 2000, 2001 ва 2004 йиллар (5та соврин)

Бу мамлакат ҳам ўзининг ажойиб қаҳрамонлари билан мақтанишга ҳақли. Эдгарас фаолиятини «Жальгирис»да бошлаб, кейинчалик ЦСКА ва «Торпедо» жамоаларида тўп сурди. Лекин чинакам эътирофга Европа майдонларида эришди. Яъни Янкаускас «Брюгге»даги ишончли ўйинлари эвазига «Реал Сосьедад»дан таклиф олди. Умуман, «Бенфика», «Порту» ва «Ницца» жамоаларида ҳам муваффақиятли тўп суриб, шунга яраша, мукофотланди.

Польша: Роберт Левандовски - 2001-2016 йиллар (6та соврин)

«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски яқиндагина кетма-кет 6-марта Польшанинг энг яхши футболчи сифатида тан олинди. Натижада у бу борада яққол рекордчига айланди. Голеадор йигит ўзининг индивидуал совринлари ҳисобини Дортмунднинг «Боруссия» клубида ўйнаган вақти очганди. Мюнхенга кўчиб ўтганидан кейин бу анъанани тўхтовсиз давом эттиряпти.

Португалия: Криштиану Роналду - 2007-2009, 2011-2013, 2015 ва 2016 йиллар (8та соврин)

Табиийки, Португалияда юқорида зикр этилган вақт оралиғида 4та «Олтин тўп»ни қўлга киритган футболчига тенг келадиган рақобатчи йўқ. У сўнгги 10 йил ичида совринни атиги 2 марта бегона қилди. Яъни лауреатлик мақомини  2006 йили Симау Саброза ва 2 йил олдин ўз жамоадоши Пепега бериб қўйди. Эҳтимол, португалияликлар яна бир неча йиллардан кейин йилнинг энг яхши футболчисига аталган совринни Роналду номи билан аташар...?

Словакия: Марек Гамшик - 2009, 2010 ва 2013-2015 йиллар (5та соврин)

Охирги 10 йил ичида Словакиянинг энг яхши футболчиси мақоми икки футболчи - Марек Гамшик ва Мартин Шкртель ўртасида тақсимланмоқда. Мартин ҳисобида 4та соврин бор. «Наполи»да тўп сураётган Марек эса бу йил 6-ҳайкалчани ўзиники қилиб олиши ва таъқибчисидан олислаб кетиши ҳеч гап эмас.

Уэльс: Гарет Бэйл - 2010, 2011 ва 2013-2016 йиллар (6та соврин)

 Ҳа, Бэйлнинг 7 йил ичида 6 марта тенгсиз бўлгани ажабланарли эмас, балки Жо Аллен 2012 йили ниманинг ҳисобига ундан ўзиб кетгани савол туғдиради. Гарет - Уэльс футболи рамзи! Орадан йиллар ўтиб, уни Уэльс тарихидаги энг яхши футболчи сифатида эътироф этишса, ҳаттоки, Жон Чарльздек афсона ҳам ранжимаса керак. Чунки Бэйл «Реал» билан ЧЛда зафар қучмоқда, қолаверса, терма жамоасини Евро-2016 ярим финалига олиб чиқди!

Финляндия: Яри Литманен - 1990, 1992-1998 ва 2000 йиллар (9та соврин)

Финляндия футболи ўтган асрнинг сўнгги 10 йиллигида ўйнаган топ-ҳужумчиси билан ҳар қанча мақтанишга ҳақли. Литманен дейлик, Луи ван Гал томонидан тузилган олтин «Аякс» билан ЕЧКда ғалаба қозонди. Кейин «Барселона» ва «Ливерпуль» клублари таркибида ёрқин тўп сурди. У ўз мамлакати футболи тарихидаги энг яхши ўйинчи ва учрашувлар ҳамда голлар сони бўйича миллий жамоанинг рекордчисидир. Ҳақиқий «гегемон»!

Черногория: Мирко Вучинич - 2006-2008 ва 2010-2013 йиллар (7та соврин)

Вучинич «Рома»да тўп сурган даври қаторасига 3 марта тенгсиз, деб топилди. Орада 1 марта Стеван Йоветични олдинга ўтказиб юборгач, тезда етакчиликни қайтариб олди. Миркога «Ювентус» сафига қўшилгани ва шу аснода қўлга киритилган скудеттолар айни муддао бўлди.

Чехия: Петр Чех - 2005, 2008-2013 ва 2015 йиллар (8та соврин)

Таниқли дарвозабон бу масалада барча ватандошларидан анча олислаб кетди - «Челси»даги фаолияти давомида қаторасига 6 марта Чехиянинг энг яхши футболчиси бўлганлиги унинг узил-кесил ғалабасини таъминлади. Хуллас, мамлакатнинг 8 карра тенгсиз ўйинчиси - бу гроссмейстерча кўрсаткич!

Швеция: Златан Ибрагимович - 2005 ва 2006-2015 (11та соврин)

Албатта, мазкур ҳикояни Златанни тилга олмаган ҳолда, якунласак, у тожсиз шоҳдек бўлаб қоларди. Чунки швециялик ҳужумчи энг яхшилар учун таъсис этилган совринни энг кўп қўлга киритган футболчидир. Боз устига, Ибра қаторасига 10 йилдан буён Швециянинг энг кучли футболчиси мақомини ҳеч кимга бермай келмоқда. Фантастика! Тўғри, аёзли Скандинавия ноёб иқтидор соҳибларининг кўплиги билан мақтанолмайди. Аммо бу Златаннинг юксак маҳорати, жисмоний қудрати ва тиришқоқлигига заррача путур етказолмайди. Ахир 10 йил давомида юксак савияда тўп суриш ҳамманинг қўлидан келавермайди-ку. Вақти келиб, бу йигит швед футболи тарихидаги энг яхши футболчи сифатида тарихга кирса, сира ажабланмаймиз.

Содиқ Собир тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.