Қайднома

Қидирув

Тевеснинг олдида Роналдую Мессилар "дам олади"...!

Тевеснинг олдида Роналдую Мессилар "дам олади"...!

  03.01.2017 21:26
  0
  1575
Тевеснинг олдида  Роналдую Мессилар

Карлос Тевес Хитойда тўп суришга розилик бериб, ҳажон бўйича энг кўп маош оладиган футболчига айланди. Яъни бу борадаги рейтинг ўзгарди. Хўш, айни ҳолатда ушбу рўйхат қандай кўринишда? Аргентиналикдан ташқари, яна қайси футболчилар бус-бутун орол ёки ҳашаматли яхта харид қилишга қодирлар?

10. ХАЛК («Шанхай СИПГ») - 12 млн. евро

Бразилилиялик футболчининг пулни жуда яхши кўриши ҳеч кимга сир эмас. Бунда ҳеч қандай ғайритабиий томони ёки уятли жойи йўқ, албатта. Ахир ким ҳам пулни ёқтирмайди? Бироқ шуниси борки, Халк ўз иқтидорига тўғрироқ ёндашганида, яъни мўмай даромад баробарида юқори даражада ўйнашга ўч бўлганида, фаолияти анча омадли чиқармиди? Аммо у Европанинг қайсидир топ-клубида совринлар ютиш асносида ном қолдиришдан кўра, Осиёда фаровон ҳаётни таъминлашни маъқул кўрди. Халкнинг ўзи бу қароридан заррача афсусланмаётган бўлса керак.


9. Поль ПОГБА («МЮ») - 13 млн. евро

Француз «Манчестер Юнайтед»га шоҳларга хос қайтди. Инглизлар «Юве»да янги даражага чиққан йигитни яна ўз сафларида кўриш учун нафақат 100 млн. евродан кўп трансфер харажатига кўнишди, балки унинг ўзига ҳам шоҳона шароитлар таклиф этишди. Ақлга сиғмас яхши шартлар асосида ўйнаётган Погба АПЛда ҳозирча барқарор эмас, аммо шахсий жамғармасини барқарор тарзда ошириб боряпти.


8. Луис СУАРЕС («Барселона») - 14 млн. евро

Бордию, қайсидир клуб Суаресни сотиб олишни истаса, айтарли «муаммо» туғилмайди - «атиги» 200 млн. евро тўласа, бас. Уругвайлик голеадорнинг шартномасида шунча товон пули кўрсатилган. «Барселона»да Луисдан кўпроқ маош олувчи юлдузлар ҳам бор, аммо у еврофутболдаги энг катта иш ҳақига эга марказий ҳужумчидир. Йилига 14та «лимон» - бу чакки эмас, тўғрими?

 

7.  НЕЙМАР («Барселона») - 15 млн. евро

Неймар ҳали анча ёш, лекин тўла таъминланган бой йигит. Алоҳида таъкидлаш жоиз, у 2 ой бурун «Барселона» билан янги шартнома тузди ва унга кўра, айнан қанча маош олиши масаласида аниқ маълумот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, Неймар янги келишувига асосан, ушбу рейтингда 2-ўринга кўтарилиши ҳам мумкин. Гап шундаки, Испания ОАВда таъкидланишича, бразилияликнинг йиллик моянаси дарҳақиқат, «атиги» 15 миллион еврога тенг. Бироқ ҳужумчи бонуслар сифатида яна 10 «лимон» олади - бу мутлақо кафолатланган сумма. Шундай экан, Неймарнинг иш ҳақи 25 млн. еврога етади. Алоҳида маълумот - бу Лионель Мессиникидан ҳам кўп.

 

6.  Грациано ПЕЛЛЕ («Шандонг Луненг») - 16 млн. евро

«Яхши жойлашиб олган одам» рубрикаси. Пелле ҳеч қачон топ-юлдуз сифатида топ-савияли футболчи саналмаган. Ҳа, у яхшигина ҳужумчи, «А» сериясидан ташқари, «Саутгемптон»да ҳам чакки ўйнамаган. Бироқ айнан Пелленинг жаҳондаги энг яхши таъминланган футболчилардан бири бўлишини ҳеч ким кутган эмасди. Хитой футболида эса ўз ҳақиқатлари бор, шунинг учун Грациано маоши хусусидаги SMS-хабарларни чинакам иштиёқ билан ўқийди.

 

5. Гарет БЭЙЛ («Реал») - 18 млн. евро

Уэльслик йигит ҳам ҳар куни майда-чуйда харидлар чоғи барчасини ҳисоблаш ташвишидан мутлақо холи. Мисол учун, кечки тамадди учун маҳсулотлар сотиб олиши шарт эмас. Бэйл бунинг ўрнига бемалол қайсидир обрўли ресторанга буюртма жўнатиши мумкин. Мадридда унинг шоҳона кошонасига таом етказиб беришни хуш кўрувчи муаассасалар етарли. Гаретнинг бундай умргузаронлик қилишига «Реал» томонидан тўланаётган маош миқдори изн беради. Ўзингиз ўйланг, бир йилда 18 млн. евро! Хуллас, Бэйл бойлар рўйхатининг фахрий 5-қаторида.

 

4. ОСКАР («Шанхай СИПГ») - 20 млн. евро

Хитой клубларида молиявий ҳисоб-китоб тушунчаси йўқдек. Хитойликлар бу ибора нималигини ҳаттоки, билишмаса керак. Шунинг учунми, хоҳлаган футболчиларини харид қилиб, уни мисли кўрилмаган хизмат ҳақи билан рағбатлантиряптилар. Хусусан, «Челси»нинг собиқ ярим ҳимоячиси айни кучга тўлган пайти осмонўпар юртга йўл олишдан тийилмади. Оскарни тушуниш мумкин. Ахир 25 ёшли йигитга ҳар куни ҳам 20 млн. еврога тенг йиллик маош таклиф қилишмайди. Қолаверса, у Халк билан битта жамоада ўйнаб, Андре Виллаш-Боашнинг футбол лекцияларини эшитиш имкониятига эга бўлди.

3. Лионель МЕССИ («Барселона») - 21 млн. евро

Охирги вақтларда Мессининг «Барселона»дан кетиши мумкинлиги ҳақида ўзгача завқ-шавқ билан кўп ёзишяпти. Бироқ буларнинг барчаси шунчаки, оддий гап-сўзлар, холос. Факт шуки, Лионель жонажон клубида жавлон уришда давом этяпти. Албатта, аргентиналик текинга мўъжизакор ўйин кўрсатаётгани йўқ. Клуб унинг бир йиллик хизматлари учун нақ 21 млн. евро тўламоқда. Футболчи ва жамоа ўртасидаги шартнома муддатининг тез орада узайтирилиши хусусидаги хабарлар - бошқа масала. Айтишларича, агар шундай бўлса, Месси ҳозиргидан деярли икки баравар кўп ҳақ олади - 35 миллион евро.

 

2. Криштиану РОНАЛДУ («Реал») - 22 млн. евро

Португалиялик жавоҳир яқиндагина, яъни 7 ноябрь куни «Реал» таклиф этган янги шартнома остига имзо чекди. У 2021 йилгача мўлжалланган бўлиб, Криштианунинг маоши 22 млн. евро (йилига)ни ташкил қилади. Роналду яна 2 ойдан сўнг 32 ёшга тўлади ва шуни назарда тутсак, келишув чиндан ҳам, шунчаки, супер. Зеро, 22 «лимон» соф маош ҳисобланади. Яъни бонуслар, мукофот пулларию, эртакнамо реклама шартномалари улуши бу суммага қўшилган эмас.

 

1. Карлос ТЕВЕС («Шанхай Шенхуа») - 40 млн. евро

Аргентиналик фахрий ҳужумчи агар ўз тақдиридан нолиса, гуноҳга ботади. Қаранг, Тевес Хитойда ҳаттоки, тушига кирмаган даражада кўп маош олади. Энг қизиғи, Карлос 2010 йилиёқ қатъий оҳангда гапириб, ҳаммани бошқача ўйлашига ишонтирганди: «Очиғи, футболда барчани аввало, пул масаласи қизиқтириши ҳақидаги гаплардан чарчадим. Мен бундай эмасман ва бутсаларимни жонажон клубим - «Бока Хуниорс»да михга илишни истайман». Энди кўриб турибмизки, 40 млн. еврога тенг йиллик маош уни батамом енгди...

--------------------------------------------------------------------------------

P.S.: эътибор бергандирсиз, бу рўйхатда Эсекьель Лавесси («Хэбэй Чайна Форчун» - 15 млн. евро), Златан Ибрагимович («МЮ» - 15,5 млн. евро), Уэйн Руни («МЮ»,17,1 млн. евро) каби футболчилар йўқ. Қолаверса, рейтингга киритилган айрим футболчиларнинг маоши аввал ёзилганидан фарқланиши мумкин. Гап шундаки, футболдаги маош масаласи анча мавҳум. Яъни турли манбаларда турли маълумотлар берилади.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz