Қайднома

Қидирув

Ўйинда «пульс»ни пайқаш зарурати ҳақида

Ўйинда «пульс»ни пайқаш зарурати ҳақида

  04.01.2017 20:34
  0
  318
Ўйинда «пульс»ни пайқаш зарурати ҳақида

Юртимиз янги йилга келажакка қаратилган юксак ишонч ва мустаҳкам эзгу-умидлар ила қадам ташлади. Мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги йил табригида спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги ютуқлари алоҳида тилга олинди. Демак, Ўзбекистон спорти ўз миссиясини шараф билан бажармоқда. Президентимизнинг халқимизга йўллаган қутловида шунингдек, «Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ!» деган пурмаъно шиорга яна бир бора эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, инсон манфаатлари ҳақида ўйлаш орқали тараққиётга эришамиз, шу саъй-ҳаракатлар воситасида орзулар юзага чиқади.

Агар инсон манфаатлари масаласига футбол нуқтаи назаридан ёндашсак, бу аввало, мухлис манфаа­тини ўйлаш демакдир. Мухлис манфаатини байроқ қилиб кўтариш футболимизни уйқудан уйғотади, ғалабалар сари ундайди. Табиий равишда савол туғилади: амалга оширилган шунча ишлардан сўнг ҳам футболимизга нисбатан «уйқу» иборасини ишлатиш инсофданми? Ҳа, уйқуда эканлигини айтиш аслида футболимиз юзидаги ҳақиқат пардасини салгина очиш, холос. Ҳали ҳақиқат пардасини тўлиқ очиш мавриди ҳам келади. Бунга ишончимиз комил. «Тегирмон навбати билан», дейди доно халқимиз.

Президентимиз янги йил арафасида Ўзбекистон илм-фанининг энг етук вакиллари билан учрашиб, улар билан долзарб масалалар хусусида фикр алмашди. Дарҳақиқат, мамлакатимизда илм-фан тараққий этаётгандек таассурот уйғонади. Аслида вазият бутунлай бошқача эканлиги мулоқот чоғи аёнлашди. Айрим ютуқлар билан ғурурланмай, футболимиздаги муаммоларга ҳам шундай танқидий ёндашсак арзийди. Ортиқча фахрланиш туйғуси ҳаттоки, баъзи ҳамкасбларимизни ганкитиб қўймоқда. Жумладан, Игорь Сергеевнинг Осиёдаги энг кучли 10 нафар футболчи қаторидан жой олишида ҳам журналистлар ҳиссаси катта. Хорижлик журналистлардаги шундай юзаки қараш вазиятни баттар чигаллаштиради. Хайриятки, Игорни «Тоттенхэм»нинг толмас футболчисидан кейинга жойлаштиришибди. Акс ҳолда, «Биз ҳақиқий аҳволни билмаймиз, Игорь Сергеев аслида Сон Хюн Миндан устун экан-ку!» қабилидаги мулоҳаза туғилиши табиий айрим мухлисларда. Бизга қолса, ўша Сон Хюн Мин Осиёнинг 2016 йилги энг яхши футболчисидир. Ўйлаймизки, бу мулоҳазани зукко футбол мухлислари мутлақо қўллаб-қувватлашади. Афсуски, бу - шунчаки, шахсий қараш. Сўров натижасига кўра, корейс футболчиси 7-ўринда турибди. АПЛ ғолиби Шинжи Оказаки эса 6-қаторда. Хуллас, бу каби сўровлар Игорь Сергеев ва бошқа футболчиларимизни чалғитмаса, бас. Фақат миллий жамоамиз иштирокидаги расмий учрашувларгина ҳақиқий сўров учун асосдир. Бу борада эса Игорь Сергеевнинг мақтанолмаслиги барчага маълум. Шу маънода айтсак, ЎФФ ҳам 2016 йил учун ҳисоботида унинг натижасига катта аҳамият бермаса керак. Негаки, боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов ва футболчимиз Игорь Сергеевнинг халқаро миқёсда эътироф этилишлари ўртасида осмон билан ерчалик фарқ мавжуд.

Тўғри, кимдир балки бизни шу сўров натижасига ёпишиб олганликда айблар. Майли, айбласин. Бунга тайёрмиз. Чунончи, юзакиликдан чарчаган футболимиз энди бошқачароқ ривожланиш йўлидан боришни истамоқда. Янги йил арафасида ва унинг илк соатларида кўплаб футбол мухлислари билан шу мавзуда суҳбатлашдик. Албатта, ҳар бир мулоқот аввалида биз учун 2016 йил охирида бошланиб, янги йилнинг дастлабки 15 дақиқасида якунланган «Ливерпуль»-«Манчестер Сити» ўйини тўғрисида мулоҳаза юритилди. Мухлисларимиз учун бу ўйин қайсидир маънода 2 йилни туташтирган, бирлаштирган қарама-қаршилик сифатида тарихда қолди. Яна бир қизиқ жиҳат шуки, барчамиз учрашувлар аввалидаёқ ҳисобда ортда борган Манчестернинг икки клуби қандай курашишига гувоҳ бўлдик. «МЮ» сэр Алекс Фергюсонга совға сифатида вазиятни ўнглади. Эътиборлиси 3та «М» (Мхитарян, Мата ва Мартиаль) учрашувнинг якунловчи фазасини ўта юксак савияда ўтказди. Ғалати ҳаракатлари орқали мухлислар эътиборини тортадиган Жозе Моуриньо эса бу сафар ҳам рақиб футболчиси билан ҳазиллашди. Фикримизча, «Беназир» ўша вазиятда «Мидл­сбро» дарвозасига икки бора йўл олган тўпни жуда-жуда яхши кўриб кетди ва уни меҳр билан бағрига босди.

Ҳайратланарлиси, «МЮ» учрашув охирига қадар юқори тезлик ва босимни ушлаб турди. Чарчоқдан тиллари осилсада, футболчилар бир лаҳза бўлсин, бўшашишмади. Шу боис, кўплаб мухлислар ютқазаётган «МЮ»нинг якуний ғалабасига ишониб ўтиришди. Ҳолбуки, Самвел Бабаян шогирдлари Сурия ёки Қатар терма жамоасини енгаётган бўлишса ҳамки, мухлисларимиз босимдан қутулмайдилар. Ҳа, биз миллий жамоамиз ўйинларини босим остида томоша қилишга кўникдик. Гоҳо натижалардан қониқсак ҳам, бош жамоамиз ўйини томошасидан ҳаловат топмаймиз, роҳатланмаймиз. 2016 йилнинг энг сўнгги баҳси чоғи Хосеп Гвардиола ҳам назаримизда, шундай ҳолга тушди. У Хесус Навас ва Калечи Ихеаначо учрашувдаги маромни бузишларига ишонди. Бироқ мураббийнинг кўрсатмалари ҳавога учди. Янги кучлар майдонга тушгач ҳам, «Манчестер Сити» аёвсиз ҳужум уюштиролмади. Аксинча, «Ливерпуль» ҳисобдаги фарқни оширишга кўпроқ интилди. Александр Елагин мўъжизакор футболчи сифатида мақтайдиган Кевин де Брюйне ҳам жамоасига ёрдам беролмади. Таъбир жоиз бўлса, у ўзи кўниккан юлдузлар шуъласи йўқлигидан ёлғизланди. Ҳа, яхлит механизм қисмларини бутлаш, қачон ва қай ҳолатда алмаштириш, ўйиндаги «пульс»ни пайқаш учун мураббийда ўта юксак маҳорат шаклланиши даркор. «Манчес­тер Сити» машинасидаги қисмлар ихтиёрий - ихтиёрсиз ҳолатда тез-тез алмашди. Натижада олға юришларда маром ўзгарди.

«Челси» ва «Тоттенхэм»да эса тартиб борасида мунтазамлик мавжуд. Айниқса, «Челси»нинг ҳар ўйинда деярли бир хил таркибда майдонга тушаётгани ва ғалаба қозонишни уддалаётгани ҳайратланарли. Эртага бўладиган «Лондон дербиси»дан аввал ҳар икки жамоа ажойиб ғалаба нашидасини сурди. Энди ким аслида кимлиги дербида аниқланади. «Сток Сити» исботладики, «Челси» ҳимоясида ҳам бўшлиқлар бор. Боз устига, Антонио Конте шогирдлари ғалабалар ва қуруқ серия босимидан руҳан толиқишди. Марк Хьюз мана шу руҳий толиқиш эвазига «кўклар»дан очко тортиб олишни умид қилди, аммо бунга жамоасининг кучи етмади. Маурисио Почеттинонинг бу табиий реалликдан қандай фойдаланишини эса эртага билиб оламиз. Ҳозирча «Тоттенхэм» ҳар­қалай, «Сток Сити» эмаслигини таъкидлаймиз, холос. Агар «Челси» бу синовдан ҳам муваффақиятли ўтсами, Антонио Контенинг мураббийлик борасидаги қудрати тилларда достон бўлиши муқаррар. Такрор ва такрор таъкидлаймиз: «Челси» учун «Арсенал» рекордини янгилаш осон кечмайди. Футболчиларни қачондир мағлубиятга учраш туйғуси қийнайди. Босим шу аслида. Босимни кузатиш эса ғоят мароқли.

Юқоридаги мулоҳазалар қоғозга тушар экан, Одил Аҳмедов энди Оскар ва Халк билан бирга ОЧЛда ғолиб чиқиши мумкинлиги хаёлимиздан ўтди. Бу - реалликка айланиши ҳақиқатга яқин хаёлот. Миллий жамоамизнинг ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритиши ҳам рўё­бига ишонса бўладиган орзудир. Янги йил шу орзу - хаёлотлар оғушида бошланди. Унинг манзили футболимиз учун ёруғ бўлсин!

Муҳаммад Вали



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz