Қайднома

Қидирув

Яна Хитой футболи ва яна рекордлар тўғрисида

Яна Хитой футболи ва яна рекордлар тўғрисида

  04.01.2017 20:36
  0
  1611
Яна Хитой футболи ва яна рекордлар тўғрисида

«Шанхай Шенхуа» клуби томонидан ҳамюртимиз Одил Аҳмедов трансфери учун «Краснодар»га тўланган 7 миллион евро озми ёки кўп? Агар Хитой клубларига тегишли энг қимматбаҳо харидлар рейтингига қарасак, Одилнинг трансфери 40-50-қаторлар ўртасидан жой олади. Умуман, миллий жамоамиз сардори Чин юртидаги энг қимматбаҳо осиёлик футболчи ҳам эмас. Ҳарқалай, Хитой ва Жанубий кореялик бир қатор ўйинчилар нарх бобида олдиндалар. Лекин 2016 йилнинг иккинчи ярмида осмонўпар мамлакат миллий чемпионати - супер-лигага боғлиқ асосий трансферлар айнан Аҳмедовнинг янги клубига тегишли. Бошқача айтганда, «Шанхай Шенхуа» харидлар масаласида мутлақ рекордчи бўлиб турибди. Шанхайликлар аввалига Халкни сотиб олиш орқали рекорд ўрнатишганди. Яқинда эса, яъни Одил Аҳмедов билан шартнома тузишларидан олдин бразилиялик Оскарни ҳам Хитойда тўп суришга кўндириб, юқори кўрсаткични янгилашди.

Осмонўпар юртдаги «олтин талвасаси» қачон тугайди?

Тўғри, хитойликлар Карлос Тевес трансфери учун «атиги»10,5 миллион евро тўлашди. Аммо икки йиллик шартномага асосан, аргентиналик фахрий ҳужумчининг ўзига нақ 80 миллион евро беришларини унутмаслик керак. Хуллас, Карлос Тевес қитъадошларимизнинг ҳотамтойликлари ўлароқ, жаҳон футболида энг кўп маош олувчи ўйинчига айланди-қўйди. Айтиш жоиз, гап-сўзларга қараганда, хитойликлар ҳаттоки, сайёрамиздаги асосий икки юлдуз - Лионель Месси ва Криштиану Роналдуга ҳам «кўз олайтиришган». Бироқ «Олтин тўп»нинг кўп карра соҳиблари атрофидаги хабарлар ҳозирча шунчаки, реклама акциясидек кўринмоқда. Бу гап айниқса, энг илғор футбол агентларидан бири - Жорже Мендешнинг баёнотига дахлдор. Хуллас, Криштиану Роналдунинг ишини олиб борувчи шу агентнинг айтишича, Хитой клубларидан бири «Реал» билан алоқага чиққан ва португалиялик футболчи учун нақ 300 миллион евро таклиф этган. Криштианунинг ўзига эса умумий қиймати 500 миллион еврога тенг 5 йиллик шартнома тайёрлаб қўйилганини маълум қилган.

Арда Турон, Пепе, Лукас Подольски кабиларнинг трансфери хусусидаги гапларга эса ишониш мумкин, ҳарқалай. Хитой супер-лигаси раҳбарияти ва мамлакат футбол ассоциацияси томонидан англиялик ҳакам Марк Клаттенбургнинг хизматларига қизиқиш билдирилаётгани ҳам ҳақиқатдир, балки. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, аҳолиси энг кўп юрт футболида бошланган ва охири кўринмаётган  «олтин талвасаси» абадий давом этмайди, барибир. Зеро, у ерда хорижликларга нисбатан чеклов ҳам бор. Қолаверса, янги мавсумдан лимит меъёрини қисқартиришди. Тўғри, клублар мавсум «заявка»сига ҳамон 5 нафар легионер футболчи киритиш ҳуқуқига эгалар (улардан бири Осиё мамлакатлари фуқароси бўлиши керак). Бироқ эндиликда майдонга хорижликлардан 4 нафарини туширишлари мумкин, холос. Бошқача айтганда, таркибда мавжуд 5 нафар легионердан бирданига фойдала олишмайди.

«Шанхай гули» очиладими?

Карлос Тевеснинг янги қўнимгоҳи - «Шенхуа» 1993 йили тузилган бўлиб, у улкан Шанхайдаги биринчи профессионал футбол жамоаси саналади. Эътиборли жиҳати, клуб орадан атиги 2 йил ўтиб, мамлакат чемпиони мақомини олган. Бироқ шанхайликлар шундан буён бу натижани қайта такрорлай олишмади. Тўғри, жамоанинг икки аср алмашуви оралиғида нақ 7 марта 2-ўринни эгаллаганини алоҳида қайд этиш керак. Ўша коррупцион мавсумларда унинг олтин медаль ютишига барчани бирдек «қақшатган» «Дальян Шайд» халақит берганди. Айтганча, 2004 йили бизга яхши таниш Валерий Непомняший айнан Шанхай жамоасини бошқарган, аммо омадсиз. Яъни миллий жамоамиз собиқ бош мураббийи «Шанхай гули» (клубнинг хитойча номи айнан шундай маънога эга)ни чемпионлик сари етаклай олмаган. 2012 йили «Шанхай» ҳужум чизиғида бир вақтнинг ўзида Николя Анелька ва Дидье Дрогба каби голеадорлар тўп суришганди. Улар Хитойга тасодифан бориб қолмаганлар, албатта. Зеро, айни ўша вақт клуб раҳбарияти алмашганди. Янги хўжайинга айланган Greenland Holdings компанияси ҳозиргача «Шенхуа»ни талаб даражасида молиялаштиряпти. Greenland Holdings - жаҳондаги энг йирик қурилиш компанияларидан бири ҳисобланади. У қисман Хитой ҳукуматига тегишли. Компания аввалига Шанхайни ободонлаштириш билан шуғулланган, 2013 йили эса дунё бозорига чиқди ва энди Лондон, Нью-Йорк, Сидней, Торонто каби шаҳарларда оспонўпар иншоотларни бунёд этмоқда. Хуллас, Greenland Holdingsнинг бюджети 60 миллиард доллардан кўп. Ушбу маблағнинг сезиларли қисми Хитой футболини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

А. АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz