Қайднома

Қидирув

Хитойча рақам

Хитойча рақам

  05.01.2017 06:12
  0
  2220
Хитойча рақам

МЕССИ УЧУН 500 «ЛИМОН». Хитой футболидаги энг қизиқарли нарса нима? Ҳозирда кўпчилик бу саволга бирданига ва баралла жавоб беради - «Албатта, пул-да!» Хусусан, Оскарнинг ақлни шошириб қўядиган трансферидан илҳомланган Soccer.ru сайти бу борада махсус тафтиш ўтказиб, масала моҳиятини теранроқ тушунтириш учун хитойча рақамларни Россия премьер-лигасига дахлдор кўрсаткичлар билан таққослаб кўрди...

Хитойнинг «Шанхай Теллэйс» клуби бразилиялик Оскар учун «Челси»га нақ 70,5 миллион евро тўлади. Бу Хитой супер-лигаси учун янги трансфер рекордидир. Шундай қилиб, Чин юртига йўл олган энг қимматбаҳо футболчилар рейтингининг юқори ўнлиги қуйидаги кўринишни ҳосил қилди:

1. Оскар («Челси»дан «Шанхай Теллэйс»га) - 70,5 миллион евро

2. Халк («Зенит»дан «Шанхай Теллэйс»га) - 55,8 миллион евро

3. Алекс Тейшейра («Шахтёр»дан «Жиангсу Сайнти»га) - 50 миллион евро

4. Жексон Мартинес («Атлетико»дан «Гуанжоу Эвергранд»га) - 42 миллион евро

5. Рамирес («Челси»дан «Жиангсу Сайнти»га) - 28 миллион евро

6. Элкесон («Гуанжоу Эвер-гранд»дан «Шанхай Теллэйс»га) - 18,5 миллион евро

7. Жервиньо («Рома»дан «Хэбей Форчун»га) - 18 миллион евро

8. Грациано Пелле («Саутгемптон»дан «Шандонг Луненг»га) - 15,25 миллион евро

9. Рикардо Гоуларт («Крузейро»дан «Гуанжоу Эвергранд»га) - 15 миллион евро

10. Паулиньо («Тоттенхэм»дан «Гуанжоу Эвергранд»га) - 14 миллион евро

Якуний натижа: Хитой футболидаги энг қимматбаҳо 10та трансфернинг умумий баҳоси 327 миллион еврога тенг. Бу футболчиларнинг 8 нафари Европа клубларидан харид қилинган бўлса, бири Жанубий Америкадан таклиф этилган. Яна бир йирик савдо ички бозорда амалга оширилган. Энди буни Россия премьер-лигасининг топ-10та трансфери билан таққослаймиз. Рус клублари учун рекорд даражадаги трансфернинг нархи - 55 миллион евро. «Зенит» бразилиялик Халкни ўз сафида кўриш учун Португалиянинг «Порту»сига айнан шунча берганди. Умуман, Россия элит дивизионида амалга оширилган энг қимматбаҳо трансферлар рейтинги қуйидагича кўринишда:

1. Халк («Порту»дан «Зенит»га) - 55 миллион евро

2. Аксель Витцель («Бенфика»дан «Зенит»га) - 40 миллион евро

3. Виллиан («Шахтёр»дан «Анжи»га) - 35 миллион евро

4. Данни («Динамо»дан «Зенит»га) - 30 миллион евро

5. Бруну Алвеш («Порту»дан «Зенит»га) - 22 миллион евро

6. Карлос Эдуардо («Хоффенхайм»дан «Рубин»га) - 20 миллион евро

7-8. Александр Кокорин («Динамо»дан «Анжи»га) - 19 миллион евро

7-8. Александр Кокорин («Анжи»дан «Динамо»га) - 19 миллион евро

9-10. Саломон Рондон («Рубин»дан «Зенит»га) - 18 миллион евро

9-10. Ласина Траоре («Кубан»дан «Анжи»га) - 18 миллион евро

Хуллас, 10та энг йирик савдодан 5таси Европа клублари иштирокида бўлган, яна 5таси ички олди-соттидир. Буларнинг умумий суммаси - 276 миллион евро. Яъни Хитой клубларининг энг сара харидлари баҳосидан 51 млн. еврога кам.

Давом этамиз: йилига 30,1 миллион евро - бу замонавий футболдаги энг йирик маош. Аниқроқ айтсак, аргентиналик Эсекьель Лавесси «Хэбей Форчун» клубида шунча ҳақ олади. Унинг моянасини жаҳон футболининг бош юлдузлари Криштиану Роналду («Реал»да 23,6 миллион евро олади) ва Лионель Месси («Барселона»да 24 миллион евро олади)ники билан солиштиришга хижолат тортасан киши.Тўғри, тушунарлики, Испанияда жавлон ураётган португалиялик ҳам, аргентиналик ҳам жамоавий ва индивидуал натижалар, шунингдек, «четдаги ишлар» (реклама, имидж ва ҳоказо) ҳисобига ўз даромадларини мисли кўрилмаган даражада кўпайтиришади. Энди яна Россияга қиё боқамиз - маҳаллий премьер-лигада энг катта маош «Зенит» ярим ҳимоячиси Хави Гарсияга тегишли - йилига 4,5 миллион евро.

Табиийки, Хитойда мураббийларни ҳам хафа қилиб қўйишмаяпти. Дейлик, «Зенит»нинг собиқ устози Андре Виллаш-Боаш «Шанхай Теллэйс»даги иши учун йилига 12,3 миллион еврони санаб олади. Португалиялик мутахассиснинг жаҳон футболида энг кўп маошга эга 3 нафар мураббийдан бири эканлигини ҳам қўшимча қилиш ўринли. Хуллас, Виллаш-Боаш гонорар масаласида фақат Жозе Моуриньо (15,5 миллион евро) ва Хосеп Гвардиола (16,8 миллион евро)дан орқада, холос. Қаранг, унинг хизмат ҳақи Арсен Венгер, Зайниддин  Зидан, Луис Энрике, Антонио Конте, Юрген Клопп ва Карло Анчелотти каби топ-клублар мураббийлариникидан ҳам кўп. Россия премьер-лигасида энг кўп маош олувчи мураббий эса «Зенит» устози Мирча Луческудир. Питер клуби шартнома бўйича руминиялик мутахассисга чамаси 4 миллион евро беради.

Айтганча, Хитой клублари нафақат хорижликлар, балки маҳаллий футболчиларга нисбатан ҳам жуда ҳотамтойлар. Хитойлик энг қимматбаҳо ўйинчи кимлигини биласизми? Чжин Яньян шу йил бошида «Хэбей Форчун» сафига деярли 11 миллион евро эвазига ўтганди! Шунинг баробарида Германиянинг transfermarkt.de сайти бу ҳимоячини бор-йўғи 200 мингга баҳоламоқда. Энг қимматбаҳо маҳаллий футболчи масаласида Россия лигаси устун - «Челси» клуби Юрий Жирков учун ЦСКАга 20,7 миллион евро берганди.

Ҳисоби йўқдек сармоя киритилишига қарамай, Хитой клублари таркибининг тахминий нархи жуда секин ўсяпти. Мисол учун, Оскарни сотиб олган «Шанхай Теллэйс» бу борада биринчи ўринга кўтарилди. Унинг таркиби 71,5 миллион еврога баҳоланмоқда. Россия лигасида эса «Локомотив» таркибининг нархи деярли шунча. Ўз ўрнида айтиш керак, Шанхай клубига қўйилган нархнинг 57 миллиони икки нафар футболчига дахлдор - Халк (22 млн.) ва Оскар (35 млн.). Россияда таркиб нуқтаи назаридан энг бой клуб - «Зенит». Унинг футболчилари умумий ҳисобда 128 миллион евролик «тош» босишади.

Кейинги таққослаш Россия ва Хитой элит лигаларида тўп сурадиган барча футболчиларнинг умумий трансфер қийматига боғлиқ. Айтиш жоиз, ҳар икки чемпионатнинг юқори лигасида 16та жамоа бор. Эътиборлиси, бу борада хитойликлар анча орқадалар ҳали:

Хитой супер-лигаси - 341,5 миллион евро

Россия премьер-лигаси - 773,8 миллион евро

Бошқача айтганда, Чин ўлкаси олий дивизионида иштирок этувчи клубларнинг ўртача баҳоси  23,4 миллион еврога тенг, Россияда бу кўрсаткич 48,4 миллион еврони ташкил қилмоқда.

Якунда яна бир ажойиб хитойча рақамга эътибор қаратамиз. Буни эшитган кўпчилик футболчи бўлмагани ва хитойликлардан таклиф олмаслигидан афсусланса, ажабмас. Демак, «Хэбей Форчун» клуби соҳиблари Лионель Мессига 100 миллион еврога тенг йиллик маош таклиф қилишди. Хитойликлар шунинг баробарида аргентиналик билан бирданига 5 йиллик шартнома тузишга тайёр эканликларини билдиришди. Демакки, агар Лео Осиёда ўйнашни хоҳлаганида, 5 йил ичида нақ ярим миллиард евро топарди.

Ў. УМАРОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz