Қайднома

Қидирув

«Исландия» атамасини эшитганда қулоғи йўқ Хожсон

«Исландия» атамасини эшитганда қулоғи йўқ Хожсон

  05.01.2017 00:24
  0
  1933
«Исландия» атамасини эшитганда қулоғи йўқ Хожсон

Англия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Рой Хожсон Евро-2016дан ярим йил ўтиб, инглизларнинг Франция майдонларидаги омадсизликлари ҳақида гапиришга жазм этди. Эслатиш жоиз, 69 ёшли мутахассис тайёрлаган жамоа  турнирнинг 1|8 финал раундида камтарингина туюлган Исландия термасига ютқазишганди - 1:2.  Хуллас, Хожсон The Times нашрига берган интервьюсида асосан исландларга қарши кечган ўша учрашув изтироблари билан ўртоқлашди. Журналистлар эса ўз навбатида, савол беришни ортиқча билиб, унинг фикрларини ёзиб олишди ва якунда барчасини жой-жойига қўйиб, газетада чоп этишди.

***

- Бундан буён ҳеч қачон «Исландия» атамасини эшитишни ҳам истамайман. Исландларга қарши ўйин шахсан мен учун ҳақиқий «сюрприз» бўлди. Шундай таассурот уйғондики, биз ўзимизни худди ухлатиб қўйилган ёш болалардек тутдик. Барчасига ўз кучимизга қаттиқ ишонганимиз сабабдир. Ҳа, ушбу алдамчи ҳиссиёт Англия термаси билан қўпол ҳазиллашди. Алоҳида таъкидлайман, бу гапларим фақат футболчилар эмас, балки бутун мураббийлар штабига ҳам дахлдор.

***

- Тўлиқ ишонч билан айтаманки, аслида жамоа исландлар билан ўйинга талаб даражасида тайёргарлик кўрганди. Дейлик, барча футболчилар машғулотлар жараёнига мутлақо максимал эътибор билан ёндашишди. Улардаги ўйнаш иштиёқи ҳам яққол сезилиб турганди.

***

- Тан оламан, майдонга бошқача хаёлда тушдик - Англия термаси рақибга нисбатан анча кучли, ақлли, тажрибали, таркибимиздаги кўплаб футболчилар жаҳон савиясида ўйнашади, уларнинг спорт формалари ҳам ажойиб... Афсуски, бу хаёл-фикрлар бекор бўлиб чиқди.

***

- Ҳа, Англия термаси Уэйн Рунининг голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олди ва барчаси ўйлаганимдек ривожланишига ишончим ортди. Аммо орадан 2 дақиқа ўтмай туриб, шунчаки, «портлаб» кетдим. Чунки рақиб мувозанатни тиклади. Гап ҳисобнинг тенглашганида ҳам эмасди... Чунончи, бу биз учун чинакам зарба бўлди. Кейин ойдинлашдики, ҳамма кўргиликлар олдинда кутиб турган экан. Ахир Исландия термаси иккинчи голни ҳам урди...

***

- Худдики, исландлар бизни боғлаб қўйишгандек таассурот уйғонди. Ишониш қийин, аммо бу ҳақиқат: Исландия термасининг ўз кучига ишончи ортганию, бизнинг футболчилар негадир қотиб қолишганини шундоқ кўриб турдим.

***

- Ғоят таажжубланарли ҳолат: ўйин бошланишидан олдин сиз ўзингизга мутлақо ишонасиз, бироқ қисқа вақтдан сўнг барчаси кескин ўзгаради. Натижада миянгизда оддийгина савол тинмай чарх уради: «Бундай сценарийни қандай қилиб тўхтатай? Ахир турнирдан шу тариқа чиқиб кетишни ҳазм қилолмаймиз. Бунақаси зинҳор рўй бермаслиги керак!» Ўша лаҳзаларда иккига бўлингандим. Яъни Хожсоннинг биринчи  ярми ўйинни тактик нуқтаи назаридан қандай ўзгартириш ҳақида бош қотирган бўлса, иккинчи ярми ҳар сония ўтиши билан тезроқ ва янада тезроқ ура бошлаган юрагига қулоқ соларди. У эса ҳаммаси ўз ўрнига тушиши ва яхши якун топишига ишонтирарди. Аммо...

***

- Англия терма жамоаси яхлит куч сифатида ўз қўрқувини енгиб ўтиши ва мухлисларнинг умумий муносабатларини ўйлаши керак эди: агар чиндан ҳам, ютқазиб қўйсак, нима бўлади? Бироқ гап бошқаю, амал бошқа... Мен дейлик, танаффус чоғи йигитларни имкон қадар руҳлантиришга уриндим. Бироқ афсуски, ҳаракатларим ёрдам бергани йўқ.

***

- Ўз ўрнида, жамоамиз таркибидан кўплаб ёшлар жой олишганини ҳам унутмаслик керак. Европа чемпионатида улар ҳақиқий етакчига эҳтиёж сезишди. Очиқ тан оламан, ёш футболчиларни жалб этиш режаси самара келтирмади. Шунинг баробарида барча  йигитларнинг маълум даражада тажриба тўплашгани ҳам айни ҳақиқат.

***

- Ўша учрашув энг аламлиси ва ёмони бўла қолсин. Бироқ шахсан мен бир томондан, хурсандман. Ишончим комил, футболчилар ҳозирда барчасини унутишган. Улар айни пайт ёзда Европа чемпионатига борган йигитлардан мутлақо фарқланишади - бу аниқ.

«ССФ» - Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz