Ушбу мавсум Ўзбекистон суперкубоги баҳси ўтказилмайдиган бўлди. Бу ҳақда янги мавсумга қуръа ташлаш маросимида Профессионал футбол лигаси раҳбари Фарҳод Магометов маълумот берди. Қарор мазмуни ҳам мутасадди томонидан изоҳлаб ўтилди. «Бу йил суперкубок ўйини ўтказилмайди. Чунки «Локомотив» ҳам чемпион бўлди, ҳам кубокни олди. Шу боис учрашувга қизиқиш катта бўлмаса керак», - деди ПФЛ раҳбари.
Агар бу қарорга ўтган йили ўтказилган суперкубок баҳси сабаб бўлса, мутасаддини тушунамиз. Ёдингиздами, «Бунёдкор» стадионида ўтказилган ўша ўйинга қизиқиш дарҳақиқат юқори бўлмаган ва йиғилган мухлислар битта трибунани ҳам тўлдира олишмаганди. Бироқ стадион тўлмагани учун айб кимда? Ўша куни футзал бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси Ироққа қарши муҳим ўйинда майдонга тушганди. Балки шу сабабдир? Ахир шундай ўйин турганда суперкубокка ким ҳам қизиқарди? Ҳалиям «Насаф» ўйнагани учун бўлса керак, стадионга анча-мунча одам келди. Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, «Насаф» ва «Пахтакор» ўртасида кечган баҳсда қаршиликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, суперкубокни қўлга киритишганди.
Агар ўйинни мен қатори сиз ҳам кўрмай қолган бўлсангиз, ўзингизни айбламанг. Чунки ўша куни футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Ироққа қарши майдонга тушиб, ғалаба қозонган эди. Бу учрашувдан қолган таассуротларни ҳали узоқ йиллар унута олмаслигимиз турган гап. Бироқ суперкубокни аллақачон ёддан чиқарган эканмиз...
Ўзбекистон суперкубоги қайта жорий этилганига ҳеч қанча вақт бўлмади. Бир вақтлари «Навбаҳор»нинг ғалабасидан сўнг тўхтаб қолган баҳс қайта тикланди ва унда «Локомотив» ва «Насаф» ғалабага эришиб улгуришди. Агар бу йил ҳам ўтказилганда, регламент бўйича «Бунёдкор» ва «Локомотив» майдонга тушишари. Чунки бир жамоа ҳам чемпионатда ғалаба қозониб, ҳам кубокни қўлга киритса, суперкубок соҳиби олтин ва кумуш медаль соҳиблари ўртасидаги баҳс орқали аниқланарди. Бироқ ПФЛнинг биргина қарори билан бу ўйин ўтказилмайдиган бўлди. Қизиқ томони, регламентга ҳали тегишли ўзгариш ҳам киритилмаган. Яқин ҳафталар ва балки ойлар давомида бу ёғини ҳам тўғрилаб қўйишса керак.
Энди масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратсак. ПФЛ ўз қарори билан қайсидир маънода ҳақ. Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир тушунтирамиз. «Локомотив» жорий мавсум ҳаммадан кучли эканини аллақачон исботлаб улгурган. Чунки кубокда ҳам, олий лигада ҳам ғалаба қозонди. Энди ўйлаб кўринг, мабодо суперкубок баҳси ўтказилса-ю, «Бунёдкор»нинг омади чопиб, ғалаба қозонса, қай даражада адолатдан бўларди? «Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир», бўлиб қолмайдими? На чемпион бўлган ва на кубокни қўлга киритган клуб дабдурустдан суперкубокни ютиб олса, қанчалик тўғри бўлади? Бу ёғини ҳам ўйлаб кўриш керак. Балки мавсум бошланиши олдидан клубларнинг бошини қотирмасдан, тайёргарлик кўришга имкон бериш ҳам тўғри бўлар? ПФЛнинг қарорини энди тушуняпсизми? «Локомотив» чемпион бўлиб, кубокни қўлга киритиб, энг кучли эканини исботлаган экан, суперкубок, дарҳақиқат, керак эмас. Майли, биз бунга розимиз, аммо бир шарт билан.
Модомики, суперкубок баҳси Ўзбекистон чемпионати ва кубогида бир жамоа ғолиб бўлган йили ташкилланмас экан, демак аксинча, чемпионлик ва кубок бошқа-бошқа жамоаларга насиб қилган йили ўтказилиши шарт. Мана шу бандни ҳар йили ўзгараверадиган регламентга яхшилаб тиркаб қўйиш керак. Акс ҳолда, беқарорлик кишини зериктиради. Ҳали у деймиз, ҳали бу. Ахир қачонгача регламент товусдек товланиши керак?
Қолаверса, суперкубокка қизиқиш паст бўлса, уни кўтариш лозим. Ана, Ўзбекистон кубоги финали Самар-қандда бинойидек ўтди-ку, демак иложи бор. Юртимизда «Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан бошқа стадионлар ҳам етарлича топилади. У ёғини сўрасангиз, суперкубок ўйинини, албатта, мавсум олдидан ўтказиш шарт эмас. Учрашув муддати бироз кейинроққа сурилса, муаммо туғилмаса керак.
Ўз навбатида, суперкубок баҳси бирор вилоятда ўтказилса, пойтахтдагидан кўпроқ мухлис йиғилиши турган гап. Биз бу гапни аввал ҳам айтганмиз, яна такрорлаймиз. Иложи бўлса, бундай учрашувларни катта футбол ҳавосидан бебаҳра қолган жойларда ташкил этиш лозим. Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё - бу ўлкаларнинг ҳар бирида футболга қизиқиш юқори, аммо юксак савиядаги ўйинлар етишмайди. Қани, ПФЛ ўша ерларга бориб ўйин ўтказсин-чи, шунда ҳам қизиқиш паст бўлармикан?
АБДУЛЛОҲ
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20