Қайднома

Қидирув

Ўзимизнинг Осиёдан қўймасин…

Ўзимизнинг Осиёдан қўймасин…

  07.01.2017 06:18
  0
  3122
Ўзимизнинг Осиёдан қўймасин…

2017 йил бошланмай туриб, ўзбекистонлик футболчиларнинг яқин ва узоқ чемпионатларга кўчиб ўтишлари кучайди. Бунга сабаб сифатида албатта, терма жамоамизнинг мундиал-2018 саралаш кампаниясидаги яхши старти ва вакилларимизда халқаро тажриба етарли эканлигини келтириш мумкин. Табиийки, футболчиларимз билан ишлаётган агентлар ҳам бу келишувларда ўзига хос роль ўйнашади. Мана, айни пайт Сардор Рашидов («Ал-Жаиш») ва Азиз Ҳайдаров («Ал- Шабаб») каби ярим ҳимоячиларимиз нафақат ўз клублари, балки Осиё футболида ҳам муносиб мавқега эгалар. Одил Аҳмедовнинг Хитой чемпионатига йўл олгани баҳонасида Осиёдаги клублардан қўним топаётган футболчиларимизга нигоҳ ташладик. Тўғрироғи, эндиликда мухлисларимиз бефарқ қарамайдиган «сариқ қитъа» жамоалари ҳақида имкон қадар маълумот беришни лозим кўрдик. Шунингдек, футболчиларимиз тўп сурадиган чизиқларда рақобат нечоғли баланд эканлигига ҳам эътибор қаратдик, албатта.

Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой) 2016 йил 30 декабрдан

«Шанхай СИПГ». Хитой супер-лигасининг энг  бой клубларидан бири. Ташкил топган вақти: 2005 йил 25 декабрь. Лақаби: «қизил бургутлар». Клуб эгаси: Чен Ксуюань. Юридик манзили: Dongping National Forest Park, Chongming 202177, Шанхай. Стадиони: «Шанхай Стэдиум» (сиғими - 56842). 2016 йилги натижаси: Хитой супер-лигасида 3-ўрин. Бош мураббийи: Андре Виллаш-Боаш (Португалия, 2016 йил 4 ноябрдан). Легионерлари: Халк, Оскар, (Бразилия), Дарио Конка (Аргентина), Ким Ю Ён (Ж.Корея), Жан Эврард Куасси (Кот-д`Ивуар), Одил Аҳмедов (Ўзбекистон).

Клубга 2005 йили мураббий Сюй Гюньбао томонидан асос солинган. 2005-2011 йиллар  «Шанхай Донгя», 2012-2014  йиллар оралиғида эса «Шанхай Теллэйс» номи остида фаолият юритди. 2015 йилдан «Шанхай СИПГ» номини олди. Жамоа 2006 йили Хитой учинчи дивизиони (биздаги иккинчи лига даражаси)да иштирок этди. Орадан икки мавсум ўтиб, шанхайликлар биринчи дивизионга кўтарилишди. 2010 йилги чемпионат бошланиши арафасида клуб олдига супер-лига йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Раҳбарият шу мақсадда Хорватия, Македония (Никола Карчев) ва Гаити (Фабрис Ноэль)дан  футболчи чақирди. Лекин «Шанхай» биринчи дивизионда 4-ўрин билан чекланди. Умуман, бу жамоанинг қисқа муддат ичида Хитой футболи грандлари қаторига қўшилишида асосий омиллардан бири - бу «Генбао» футбол академияси. Қолаверса, бақувват ҳомий топиш масаласида ҳеч қандай муаммо сезилмаган. Айни пайтдаги бош ҳомий - «Шанхай халқаро порт гуруҳи» 2012 йили жамоанинг асосий ҳамкорига айланиш йўлида 40 млн. юань баҳридан ўтганди. Forbes наш­ри маълумотларига кўра, «Шанхай СИПГ» Хитойдаги энг бадавлат клублар орасида 3-ўринда. Унинг умумий қиймати 159 млн. долларни ташкил этади. «СИПГ» 2016 йилнинг 18 декабрида эълон қилинган рейтингга кўра, Осиё клублари орасида 27-ўрин (1469 очко)ни эгаллади. Маълумот ўрнида айтиш керак, ушбу рейтинг пешқадами - Жидданинг «Ал-Аҳли» клуби ҳисобида 1623 балл бор. Шанхайликлар 2013 йили Хитой супер-лигасида илк марта иштирок этиш имкоятинига эга бўлишди. Жамоа шундан буён миллий чемпионатнинг олий лигасида қуйидаги натижаларга эришди: 2013 йил - 9-ўрин, 2014 йил - 5-ўрин, 2015 йил - 2-ўрин ва 2016 йил - 3-ўрин. «Шанхай СИПГ» 2016 йили Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам ўз омадини синаб кўрди. Мусобақага «плей-офф» босқичи орқали қўшилган шанхайликлар чорак финалгача етиб келиб, бу раундда бўлажак ғолиб - «Чонбук Хюндай Моторс»га ютқазишди. Яъни 2та ўйинда 0:0 ва 0:5 ҳисобларини қайд этиб, ўз иштирокларини тўхтатишди. Жамоа янги мавсумни ҳам саралаш босқичидан бошлайди. Аниқроқ айтсак, 7 февраль куни ўз майдонида «Сухотай» (Таиланд) - «Яданарбон» (Мьянма ор.) жуфтлиги ғолиби билан тўқнашади. Андре Виллаш-Боаш шогирдлари шу биргина учрашувда устун келишса, гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишади ва 21 февраль куни сафарда «Сеул» (Ж.Корея)га қарши ўйин билан асосий раундга киришишади.

Якунланган мавсум мураббийлар штаби супер-лига баҳсларида ярим ҳимояда асосан Ву Лэй, Ю Хай, Чай Хуиканг ва Дарио Конкага ишонч билдирди. Оскар ва Одил Аҳмедовнинг сафга қўшилишлари билан табиийки, ярим ҳимоя зиммасига юклатиладиган вазифалар кўлами ҳам, сифати ҳам ўзгаради. Одил кўпроқ ҳимояга ихтисослашгани, Оскар эса асосан ҳужум чизиғи учун ишлашини инобатга олсак, Осиё футболида тез орада  Андре Виллаш-Боаш ишлаб чиққан янги тактик ишланма кўзга ташланса керак.

Санжар Турсунов («Ал-Харайтият», Қатар) 2016 йил 26 декабрдан

«Ал-Харайтият Спортс Клуб». Қатар Юлдузлар лигаси аутсайдердан бири. Ташкил топган вақти: 1996 йил. Клуб эгаси: Ҳамад бин Тамер ал Тани. Стадиони: «Ал Хор Стэдиум» (сиғими - 12000). 2016 йилги натижаси: Қатар Юлдузлар лигасида 12-ўрин. Бош мураббийи: Амар Осим (Босния ва Герцеговина, 2014 йил декабрдан).

Клуб ҳақида интернет тармоғида берилган маълумотларга назар солсангиз, энг машҳур футболчилар бешлигида Санжар Турсунов ҳам кўрсатилган. Ваҳоланки, ҳамюртимиз «Ал-Харайтият» билан эндигина шарт­нома тузди. Хуллас, Турсунов фаолиятини яна Қатар чемпионатида давом эттиради. «Ворскла» вакили «Ал-Харайтият» таклиф этган шартнома остига 26 декабрь куни имзо чекди. Санжар Дохада аввало, тиббий кўрикдан ўтди, кейин шартномани расмийлаштирди. «Ал-Харайтият» Қатар чемпионати жорий мавсуми биринчи даврасидан кейин 12 очко тўплаган ҳолда, 10-ўринни банд этиб турибди. Жамоа навбатдаги ўйиннини 4 январь куни таркибида Хависи бор «Ал-Садд»га қарши ўтказади. Демакки, Турсунов дебют ўйинида испаниялик машҳур ярим ҳимоячига қарши тўп суриши мумкин. Эслатма, миллий жамоамизга номзод ушбу ярим ҳимоячи 2015-2016 йиллар мавсумида Қатарнинг бошқа бир клуби - «Умм Салал»да ўйнаб, ёзда «Ворскла» сафига қайтганди.

Факт. Transfermarkt. dе сайти маълумотларига кўра, Украинанинг «Ворскла» клуби Санжар Турсунов трансфери учун 0,4 млн. евро олган. Таққослаш учун айтсак, полтаваликлар ҳамюртимизнинг «Умм Салал» клубига ўтиши чоғи 1,7 млн. евро ишлагандилар. Хуллас, «Ворскла» раҳбарияти Санжар воситасида Қатарнинг икки жамоасидан жами 2,1 млн. евро «ундириш»ни қо­йиллатди!

Фозил Мусаев («Жубило Ивата», Япония) 2016 йил 21 декабрдан

«Жубило Ивата». Япония J-лигаси байроқдорларидан бири. Ташкил топган вақти: 1972 йил. Лақаби: «Жубило». Клуб эгаси: Yamaha компанияси. Клуб бошлиғи: Йошироу Такахира. Стадиони: «Ямаха Стэдиум» (сиғими - 16893). 2016 йилги натижаси: Япония J-лигасида 13-ўрин. Бош мураббийи: Хироши Нанами (Португалия, 2014 йилдан). Легионерлари: Адаилтон (Бразилия), Жей Ботройд (Англия), Кшиштоф Каминьски (Польша), Авраам Пападопулос (Греция), Фозил Мусаев (Ўзбекистон).

«Жубило» португалча ибора бўлиб, «машғулот» маъносини англатади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, «Ивата» Япониянинг энг номдор ва совриндор клубларидан саналади. Мамлакатнинг 4 карра чемпиони (1987|1988, 1997, 1999, 2002) таркибида Дунга (Бразилия), Сальваторе Скиллачи (Италия), Дмитрий Радченко (Россия) каби ўз вақтининг машҳур футболчилари тўп суришган. Жамоа­ни 1997 йили барчамизга яхши таниш Луиз Фелипе Сколари бошқарганди. Айни пайт «Жубило Ивата»га Япония ва Осиё футболининг яқин ўтмишдаги юлдуз ўйинчиларидан бири Хироши Нанами устозлик қилмоқда.

2016 йилнинг биринчи ярмида Эроннинг «Сепаҳон» клубида ўйнаган марказий ярим ҳимоячи Фозил Мусаев мавсумнинг қолган қисмида «Насаф» шарафини ҳимоя қилганини биласиз. Хуллас, бизда футбол мавсуми ниҳоя­сига етгач, Фозил кутилмаганда, ҳозирда J-лигаси ўртамиёналаридан бири саналаётган «Жубило Ивата» сафига қўшилди. Унинг шартномаси «2Қ1» кўринишида. Келишув расмийлаштирилишида футболчининг агенти Санъат Шарипов ҳам бевосита иштирок этган. Йошиаки Охта, Адаилтон, Томохоки Миязаки, Косуке Ямамото, Хаяо Кавабе - булар ўтган мавсум «Жубило» ўрта чизиғи асосини ташкил этган футболчилар. Уларнинг ҳар бири 26тадан 34тагача ўйинда майдонга тушган. Демак, Фозил Мусаевнинг асосий таркибга кириш йўлида жиддий кураш олиб боришига тўғри келади.

Жавлон Гусейнов («Чайнат Хорнбилл», Таиланд) 2016 йил 20 декабрдан

«Чайнат Хорнбил». Таиланд футболи аутсайдерларидан бири. Янги мавсумни мамлакат иккинчи лигасида бошлайди. Ташкил топган вақти: 2009 йил. Клуб эгаси: Ануча Накасаи. Стадиони: «Кхао Плонг Стэдиум Чайнат» (сиғими - 12000). 2016 йилги натижаси: Тай-лигада 17-ўрин. Бош мураббийи: доктор Бьорн Клием (Германия, 2016 йил декабрдан). Спорт директори: Деннис Амато (Германия). Легионерлари: Флоран Синама-Понголь (Франция), Диего Эмилио Сильва (Уругвай), Парк Жонг Ох (Ж.Корея), Мустафо Озодзой (Афғонистон), Жавлон Гусейнов (Ўзбекистон).

Таиланд шимолидаги Чайнат музофотида ташкил этилган бу клуб менежмент борасида яхшигина иш олиб борганига қарамай, натижалари у қадар яхши эмас. Жамоа 2012 йили  мамлакат элит лигасига чиқди ва кейинги мавсумларда ўртача ёки паст натижа қайд этди: 2012 йил - 12-ўрин, 2013 йил - 10-ўрин, 2014 йил - 14-ўрин, 2015 йил - 12-ўрин, 2016 йил - 17-ўрин.

Охирги мавсум «Андижон» сафида тўп сурган Жавлон Гусейнов энди Таиландда ўйнайди. Унинг «Чайнат» билан шартнома тузгани тўғрисида маълумот берилганига 2 ҳафтача бўлди. Кореялик легионер Парк Жонг Ох жамоадан кетмаса, ҳимояда Жавлон билан яхши тандем ҳосил қилиши мумкин. Чайнатликлар олдига Тай-лигага қайтиш вазифаси қўйилган. Айтганча, бу жамоа 2011 йили иккинчи лигада 2-ўринни эгаллаб, юқори дивизионга йўл олганди.

ФИКРАТ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz