Қайднома

Қидирув

Ўртамиёналик чегарами?

Ўртамиёналик чегарами?

  07.01.2017 00:15
  0
  1618
Ўртамиёналик чегарами?

FourFourTwo журнали учун ижод қилувчи англиялик касбдошимиз аслида савия жиҳатидан ўз жамоаларидан ўзиб кетишган ва топ-клубларда бемалол тўп сурадиган даражага кўтарилган иқтидорли ўйинчилардан ўзига хос топ-10 рўйхатини тузиб чиқишди. Улар шунинг баробарида «назар»га тушган футболчиларнинг қайси жамоага ўтишлари мақсадга мувофиқлиги хусусида ҳам фикр билдиришди.

1. Юлиан Дракслер («Вольфсбург»)

Бу футболчининг юксак маҳорати барчага маълум. Лекин  у «Вольфсбург»да ҳаддан ортиқ кўп ушланиб қолди. Аслида Юлиан ёзда ўз омадини  бошқа жамоада синаб кўришни хоҳлаётганини билдирганди. Бироқ ўша вақт бу истаги амалга ошмай қолди. Аммо унинг «бўрилар» галасини тарк этиши муқаррардек эди. Дракслер шиддатли рейдлари, аниқ узатмалари ва майдонни яхши кўра олиши билан тилга тушган. Қолаверса, 23 ёшли иқтидор соҳиби қанот ҳужумчилари ортида ҳам самарали тўп суриш салоҳиятига эга.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Арсенал»

Мазкур трансфер хусусидаги гап-сўзлар анча олдин юзага чиққанди. Бир қарашда, Алекс Ивобининг тобора ишончли тўп сураётгани германиялик касбдоши учун «тўпчилар» дарвозасини ёпиб қўйгандек. Ваҳоланки, Дракслер дейлик, Алексис Санчес ва Тео Уолкотт билан тезда тил топишиб кетиши мумкин. Муҳими, Юлиан Лондонда Арсен Венгердек профессор раҳбарлигида чинакам юлдуз даражасига кўтарилиш имкониятига эга бўларди.

Р.S.: Юлиан Дракслер яқинда «бўрилар» галасидан айриб чиқди, ниҳоят. Бироқ у тахмин қилинганидек, «Арсенал» эмас, балки Франциянинг «ПСЖ» клуби сафини тўлдирди.

2. Эвер Банега («Интер»)

Европадаги ҳужумкор ярим ҳимоячилар орасида савия жиҳатидан Банегани ортда қолдирадиган ўйинчи топилмаса керак. Албатта, «Интер» ихтиёрида ҳам юлдузлар етарли. Аргентиналик иқтидорнинг сув текинга таркибга қўшилиши ажойиб ечим бўлганди. Ҳимоя ва ҳужум ўртасида ажойиб боғламни юзага келтириш қобилиятига эга Банега вазиятни аниқ баҳолай олиши билан ажралиб туради. Қўшимчасига, кучли зарба соҳибидир. Бундай футболчи ҳар қандай жамоада ўз ўрнини топа олади.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Тоттенхэм»

«Тақачилар» ярим ҳимоя чизиғи рисоладагидек шаклланган. Нафақат Мусса Дембеле рақибларга ўз ҳукмини ўтказа олади, балки Делле Алли ва Кристиан  Эриксен ҳам ҳужумда кўп самара келтирадилар. Виктор Ваньяма ва Эрик Дайер эса орқа чизиқда ўйнашни хуш кўришади. Банега агар Лондонга кўчиб ўтса, «Тоттенхэм» янада кучаярди. Қолаверса, айни пайт «шпорлар»ни аргентиналик мураббий бошқармоқда. Демак, ватандошларнинг ўзаро тил топишишларида муаммо туғилмаслигини тахмин қилиш мумкин.

3. Рубен Кастро («Бетис»)

Ушбу фахрий ҳужумчини таъбир жоиз бўлса, аъло сифатли мусалласга қиёслаш мумкин - йил ўтгани сайин унинг қуввати ошиб боради. Ёши катта футболчилар камдан-кам ҳолатда бундай эътирофга сазовор бўлишади. Аммо Кастро хусусидаги таърифда заррача муболаға йўқ. 35 ёшни уриб қўйган ҳужумчи 2010 йилдан буён «Бетис»га садоқат билан хизмат қилиб, яқинда янги шартнома остига имзо чекди. Шундай экан, Рубеннинг АПЛга кўчиб ўтиш эҳтимоли баланд эмас. Тўғри, кўплаб жамоалар балки унинг ёшига унча эътибор қаратмаслар... Ҳар ҳолда, Кастро ўтган мавсум примерода нақ 19та гол уришни уддалади. Бу кўп нарсадан далолатдир.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Сандерленд»

 Фахрий футболчига топ-клублардан таклиф тутиши қийин. Бироқ вақтида Алекс Фергюсон айнан тажрибали ўйинчиларни таркибга жалб этиш орқали қимматли очколарни таъминлаганини унутмаслик жоиз. Айни ҳолатда Кастро учун энг мақбул вариант - «Сандерленд». Чунончи, айнан шу жамоа сермаҳсул ҳужумчига бошқалардан кўра, кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.

4. Серж Гнабри («Вердер»)

«Арсенал» вакиллари Гнабрининг кетганини ҳозир ҳам афсус-надоматлар билан эсга олаётган бўлсалар, ажабмас. Зеро, 21 ёшли ҳужумчи аввалига  Олимпиада ўйинларида ёрқин таассурот қолдирди. Бироқ кейинчалик кутилмаган жароҳат унинг тараққиётини тўхтатиб қўйди. Мана, олдинги чизиқнинг исталган нуқтасида самарали тўп сурадиган Гнабри тез орада спорт формасини тиклаб, Германия миллий жамоасида ҳам ўзини кўрсата олди. Бременликлар унинг фаолиятидан ғоят мамнунлар.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Лестер»

 АПЛнинг амалдаги чемпиони Риёд Маҳрезни таркибда олиб қолишга эришди. Бироқ жазоирлик футболчининг «тулкилар» жамоасида узоқ вақт ўйнашига кафолат йўқ, барибир. Хуллас, Бартош Капустка ўз маҳоратини тўла намойиш этолмаётган, Марк Олбрайтонга барқарорлик етишмаётган бир пайтда Клаудио Раньерига айнан Гнабридек ўйинчининг асқотишига шубҳа йўқ. Умуман олганда, Серж юқорироқ савияга кўтарилиш учун айнан АПЛга қайтиши шарт эмас. Зеро,  «Бавария» ҳам уни ўз сафига қўшиб олиш ниятида.

5. Хорхе Мере («Спортинг» Х.)

Мере 18 ёшлигидаёқ асосий таркибдаги ўрнини муносиб ҳимоя қилиб, ўта жиддий синовдан муваффақиятли ўтганди. Ҳозирда у Давид Вильядан кейин клубнинг энг истеъдодли тарбияланувчиси саналмоқда. Хорхе ҳали ёш эканлигига қарамай, майдонда ҳеч кимдан чўчимай тўп суради, яккакурашларда ўз устунлигини намойиш этади. Муҳими, бу борада анчайин тажрибали рақибларини ҳам бемалол доғда қолдиради.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Саутгемптон»

Ушбу клуб охирги вақтларда ўз сафини ёшлар билан тўлдирмоқда. Яъни у қайта шакллантирилмоқда. Тўғри, Жозе Фонте - «авлиёлар» афсонаси. Айтиш ўринли, унинг ўрнини муносиб номзод билан тўлдириш масаласи йил сайин тобора муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Албатта, жамоада иқтидорли ёшлар етарли. Аммо улар савия бобида Мерега тенглашолмайдилар.

6. Марко Арнаутович («Сток Сити»)

Жозе Моуриньо бу футболчига «Интер»да устозлик қилган ва уни ёш болакайга хос табиатли катта йигит сифатида таърифлаганди. Албатта, орадан анча вақт ўтиб, Арнаутович нафақат бақувват ва тезкор ўйинчи, балки улкан масъулиятли юкни ўз зиммасига оладиган етакчига айланди. Тўғри, жорий мавсум «Сток» учун ўта оғир кечмоқда, хурсандчиликдан кўра, ғам-ташвишлар кўпроқ. Шу оғир дамларда айнан Арнаутович чиройли ўйинлари билан мухлисларга умид бахш этмоқда.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Эвертон»

Маркога жиддий қизиқиш билдирган «Эвертон» якунда Янник Боласини харид қилди. Бироқ «ирислар»нинг шу билан мавжуд муаммодан батамом фориғ бўлишганини таъкидлаш ноўрин. Боиси, Кевин Миральяс, Жерар Деулофеу ва Арон Леннон барқарор ўйин кўрсатолмаяптилар. Хуллас, Арнаутович «Эвертон»да ишсиз қолмайди.

7. Беньямин Хенрикс («Байер»)

Аввалига ҳамма Филипп Ламнинг муваффақиятли фаолияти германиялик ёшларга ижобий туртки беришини баралла таъкидлаганди. Амалда эса бунинг акси кузатилмоқда: ҳозирда Германия терма жамоаси ҳимоя чизиғи жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Беньямин Хенрикс эса бугунги немис футболининг ноёб иқтидорларидан бири бўлиб турибди. Аслида у ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида ўйнарди. Бироқ «Байер»да қанот ҳимоясида тўп суришга ихтисослашди. Ҳимоячи тўпни рақиблардан усталик билан олиб қўяди, вазиятга тўғри баҳо беради. Ҳаттоки, энг тезкор ҳужумчилар ҳам унинг таъқибидан қочишда катта қийинчиликка дуч келишади.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Манчестер Сити»

 Хосеп Гвардиола дейлик, Давид Алабани универсаллиги учун ғоят қадрлайди. Гарчи Хенрикс ҳали австриялик ҳимоячи даражасига кўтарилмаган бўлсада, уларнинг ўйин услублари жуда ўхшаш. Шуни ҳисобга олиб, ёш футболчини «шаҳарликлар»га тавсия этиш мумкин. Зеро, Александр Коларов, Гаэль Клиши, Бакари Санья ва Пабло Сабалетанинг ёши 30дан ўтди. Демакки, «Сити» ёш иқтидорларга муҳтож.

8. Ивайло Чочев («Палермо»)

Жорий мавсум «Палермо»нинг ишлари сира юришмаяпти. Жамоада қандайдир беқарорлик ҳукмрон. Бу вақтда Маурицио Зампарини мураббийларни худди қўлқопдек алмаштирмоқда. Таркиб ҳам рисоладагидек савияда эмас. Фақат универсал ярим ҳимоячи Чочевнинг маҳоратини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. У майдон марказида ишончли тўп сурмоқда.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Суонси»

«Оққушлар» турнир жадвалида юқорироққа кўтарилишга уринаётган бўлсаларда, Эшли Уильямснинг жамоадан кетиши билан таркиб анча  заифлашди. Жек Корк қанчалик иқтидорли бўлмасин, Леон Бриттон ва Ки Сон Ённинг кўмаги камлик қилмоқда. Чочев айни шу бўшлиқни тўлдиришга қодир йигитдир.

9. Аллан Сен-Максимен («Бастия», «Монако»дан ижара асосида ўтган)

Бу ҳужумчини Франциядан жўнатиладиган энг сўнгги совғалар сирасига киритиш мумкин. 19 ёшли иқтидор соҳиби «Бастия»да тезкорлик, техника ва кучли зарбалари билан барчани ўзига қаратмоқда.

Қайси жамоага ўтиши маъқул? «Уотфорд»

 АПЛ вакиллари аввалгидек ёш футболчиларни харид қилишга хоҳишманд эмаслар. Лекин баъзан таваккал қилишга ҳам тўғри келади. Масалан, ҳеч ким танимайдиган ёш ўйинчиларга ишонч билдирган «Уотфорд» Исаак Саксессдан ниҳоятда мамнун. Агарда Одион Игало жамоани тарк этса, унинг ўрнини айнан Аллан тўлдира олади.

10. Квинси Промес («Спартак»)

Футбол оламининг барча жамоалари селекционерларнинг доимий назоратлари остида эканлигига шубҳа йўқ. Бироқ «қизил-оқлар»нинг голландиялик ҳужумчиси негадир эътибордан четда қолмоқда. Юқори тезликка эга 24 ёшли футболчи ҳар қандай рақиб ҳимоясига хавф солиш салоҳиятига эга. Бундан ташқари, у ўз жамоадошларини қулай вазиятга олиб чиқиш борасида ҳам анча моҳир.

Қайси жамоага ўтиши маъқул?  «Вест Хэм»

«Болғачилар» анчадан буён шундай савиядаги ҳужумчи изламоқдалар. Бироқ ўртамиёна саналган Гекхан Торе ва Софиан Фегулини харид қилиш билан кифояланишди. Агар Квинси Лондонга кўчиб ўтса, тез орада «болғачилар» етакчисига айланиши мумкин. Шунингдек, у «Кристал Пэлас» таркибини ҳам кучайтира олади.

Football.hd - С.РАҲМОНОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz