Қайднома

Қидирув

Учқун ҚОБИЛОВ: «Қуръа бизга омадсиз келди»

Учқун ҚОБИЛОВ: «Қуръа бизга омадсиз келди»

  06.01.2017 20:45
  0
  1279
Учқун ҚОБИЛОВ: «Қуръа бизга омадсиз келди»

Самарқанднинг «Динамо» клуби бир йиллик танаффусдан сўнг кучлилар сафига қайтди. Кўҳна шаҳар жамоаси 1-лигада ўтказган муваффақиятли мавсуми якунида олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Илҳом Шарипов бошчилигидаги футболчилар қуйи дивизионда қолган жамоалардан тажриба ва маҳорат бобида анча устун эканликларини амалда исботлашди. Айни кунларда «Динамо» Самарқанддаги қароргоҳида янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда, ушбу жараёнда асосан маҳаллий футболчилар иштирок этишяпти. Январь ойида ўтказиладиган иккинчи ўқув-машғулот йиғинида бошқа клублардан таклиф этиладиган ўйинчилар ҳам сафга қўшилишади. «Динамо» қайд этган статистикага қисқача тўхталадиган бўлсак, жамоа 32 учрашувдан 26тасида ғалаба нашидасини суриб, чемпионат якунланишига уч тур қолганда муддатидан аввал элита йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур баҳсларда рақиб дарвозаси 86 бор ишғол қилиниб, якунда 82 очко жамғарилди. Биз йил якунлари ҳамда янги мавсум тараддуди юзасидан «Динамо» катта мураббийи Учқун Қобиловдан интервью олдик.

- Учқун ака, куни кеча олий лиганинг янги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу қуръага муносабингиз қандай?

- Қуръа биз учун бироз омадсиз келди, дейиш мумкин. Чунки илк ўйинимизни ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўтказишни хоҳлагандик, лекин бу амалга ошмади. Қуръа натижасига кўра, мавсумни сафардаги ўйин билан бошлаймиз. Бекободда «Металлург» клубига қарши майдонга тушамиз. Илк турдаги рақибимизга ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Бекободликлар бу мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишди: адашмасам, ўз майдонларида бўлиб ўтган учрашувларнинг фақат биттасида мағлубиятга учрашди. Қолганларида рақиблардан очко тортиб олишди. Лекин шунга қарамай, биз 1-тур баҳсида майдонга ижобий натижани кўзлаб тушамиз. Шу мақсадда тайёргарликка зўр берганмиз. Тараддудни қолган жамоаларга нисбатан эртароқ бошладик. 15 декабрдан Самарқанддаги базамизда ўқув-маш-ғулот йиғинини бошлагандик. Унда ҳозирча асосан маҳаллий футболчилар шуғулланишяпти. Ўз майдонимиздаги илк ўйинимиз 2-тур доирасида «Шўртан»га қарши кечади. Учинчи турда «Пахтакор» меҳмони бўламиз. Кўриниб турибди, учта ўйиндан иккитасида кучли рақибларга қарши майдонга тушамиз. Шу жиҳатдан олиб қараганда, қуръа бироз омадсизроқ келди.

- Биринчи ва олий лига ўртасида катта тафовут бор. Кучли рақобат остида кечадиган ўйинларга тайёрмисизлар?

- Тараддуд шунга яраша олиб борилади. Ҳозирча биринчи йиғинимиз давом этяпти. Яқин кунларда бош мураббийимиз Илҳом Шарипов билан тайёргарликнинг январь ва февраль ойидаги режаларини ишлаб чиқамиз. Бизни қийин мавсум кутиб турганини ҳаммамиз ҳис қилиб турибмиз.

- Ҳозирги таркибдаги футболчилар олий лига босимига тайёрмилар?

- Сафимизда нафақат олий лига, балки миллий ва ёшлар термаларида тўп сурганлар бор. Улар учун элита бегона эмас. Михаил Наумов, Алексей Николаев каби тажрибали футболчиларимиз ёшларга ҳар жабҳада ўрнак бўлиб келишяпти. Қолаверса, айнан ёшларимиздан умидимиз катта. Улар ўзлари учун тақдим этилган имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолиш учун икки ҳисса иштиёқ билан майдонга тушишади. Шахсан ўзим ҳам мураббийликдаги тажриба ва кўникмаларимни ошириб боряпман. Илҳом акадан ўрганадиган нарсам ҳали кўп. Футболчилар билан ҳамжиҳатликда самарқандлик мухлисларга маъқул келадиган, уларни хушнуд қиладиган ўйинлар намойиш этишга интиламиз.

- «Динамо» олий лига йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритди. Бу 1-лига савиясининг пастлигидан даракми?

- Шахсан мен бундай деб ўйламайман. Биринчи лига савияси йилдан-йилга элитага тенглашиб боряпти. Яқин 3-4 йил ичида фарқ деярли йўқолади. Албатта, ҳар бир жамоанинг ўз олдига қўйган мақсад-вазифалари бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда чемпионатда иштирок этади. Клуб раҳбарияти олдимизга жорий йилнинг ўзидаёқ олий лигага қайтиш вазифасини қўйган эди. Ушбу мақсад йўлида илк турлардан ҳаракатни бошлагандик. Қолаверса, тан олиш керак, «Динамо»нинг 1-лигадаги қолган жамоалардан бир бош устун эканлиги кўриниб қолди.

- Элитада ёшлар лигаси ҳам бор. «Динамо» бу мусобақада ижобий натижа қайд эта оладими? Самарқандда истеъдодли ёшлар етарлими? Умуман, кўҳна шаҳарда болалар футболига эътибор қандай?

- Айни пайт Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги академиялар билан тенглаша олмаймиз. Лекин футбол мактаблари қошида ташкил этилган турли ёш тоифасидаги гуруҳларда иқтидорли ёшлар футбол сир-асрорларини ўрганишяпти. Истеъдодлар бундан аввал ҳам бўлган, бу анъана кейин ҳам давом этади. Ўз вақтида «Динамо»да Баҳодир Насимов кашф этилганди. Бу ҳужумчига ўхшаган қобилиятли йигитларни юзага чиқариш йўлида биз мураббийлар бор куч ва ғайратимизни сафарбар қиламиз.

- Ўз вақтида «Насаф» таркибидаги ёрқин ўйинларингиз билан мухлислар эътиборига тушгансиз. Сиз тўп сурган давр футболи билан ҳозиргиси ўртасида айтишга арзигулик фарқ борми?

- Албатта, бор. Миллионлар ўйини кун сайин ўзгариб боряпти. Ҳар куни битта янгилик эшитасиз. Футбол жуда ҳам тезлашиб кетган. Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Ўсмир ва ёшлар термаларимиз Осиё ҳамда жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этишяпти. Бу йил Жасур Абдураимов бошчилигидаги ёшларимиз қитъа чемпионатида қатнашишди. Гарчи мундиал йўлланмаси қўлга киритилмаган бўлсада, термамиз мусобақада чиройли ўйин кўрсатди. Бу жамоа таркибида икки футболчимиз ҳам бор эди. «Динамо» аъзолари Достон Ибрагимов ва Саиджамол Давлатжонов Осиё чемпионатидаги иштирок орқали тажриба тўплашди. Албатта, бу ҳам жамоамизнинг бир ютуғи, деб ўйлайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz