Қайднома

Қидирув

Хавьер ЭРНАНДЕС: «Ўзим мамнунман, ўйлайманки, «Байер» ҳам»

Хавьер ЭРНАНДЕС: «Ўзим мамнунман, ўйлайманки, «Байер» ҳам»

  08.01.2017 03:15
  0
  1374
Хавьер ЭРНАНДЕС: «Ўзим мамнунман, ўйлайманки, «Байер» ҳам»

«Байер» клуби ҳамда Мексика терма жамоасининг таниқли ҳужумкор ярим ҳимоячиси - Хавьер Чичарито Эрнандес барқарорлиги билан ажралиб турмасада, тез-тез эффектли чақнашни қойиллатади. У Deutsche Welle нашрига берган интервьюсида бундеслигадаги фаолияти, «доришунослар»нинг режалари ва ўзининг туманли ўлкага қайтиш истиқболи хусусида атрофлича тўхталди.

- Айтингчи, жорий мавсум «Байер» учун қандай кечмоқда?

- Аввалги чемпионатлар билан таққосласак, анча мураккаб. Тўғри, биз олдинги мавсум уддалолмаган вазифани бу йил бажардик. Яъни ЕЧЛ «плей-офф» босқичига чиқдик. Энди «Атлетико» тўсиғидан ўтишимиз талаб этилади. Лекин ички чемпионатга қарасак... Очиғи, бу масалада нима дейишни ҳам билмайман. Мисол учун, «Лейпциг»нинг нечанчи поғонада кетаётганини яхши биламиз, «Айнтрахт» ўтган мавсум ўз ўрнини зўрға сақлаб қолганди, энди эса совриндорлар сафида бўлишга интилмоқда. Менимча, бундеслига жадал суръатда ривожланмоқда, ҳар бир жамоа ўз салоҳиятига ишонади. Демак, «Байер» ҳам қолган учрашувларда иложи борича кўпроқ ғалаба қозониши шарт, акс ҳолда...

- Бунгача Англия ва Испания майдонларида тўп сургансиз. Энди бундеслигада ўйнаяпсиз. Очиғи, дунёнинг энг кучли 3та чемпионатида ёрқин из қолдириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

- Ҳа, бу борада омадим чопди. Нуфузли чемпионатларда фаолият юритиш улкан тажрибани таъминлайди. Дейлик, Германияда менга нисбатан ажойиб муносабат шаклланган. Муҳими, клуб ўз кучимга ишонч ҳиссини қайтариш имконини берди. Шу боис, ҳозирда ягона мақсадим - жамоанинг ўзига мос ўринга чиқиб олишига ҳисса қўшиш. Бу йўлда бор куч-маҳоратимни аямайман. Хусусан, ЧЛда имкон қадар олисроққа боришимиз керак. Бундеслигага келсак, умид қиламанки, финишда яна нуфузли евротурнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритамиз, барибир.

- Бундеслиганинг ўсаётганига шубҳа йўқ. У АПЛ ва Ла-лига билан тенгма-тенг юриш, ҳаттоки, улардан ўзиб кетишга интилмоқда. Сизнингча, буни амалга ошириш мумкинми?

- Албатта! Зеро, тилга олинган 3та мусобақанинг ҳам ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Агар бундеслига АПЛ ва примеродан ўзиб кетишни режалаштирган бўлса, аввало, Германия клублари халқаро мусобақаларда ўз салоҳиятларини намойиш этишлари лозим. Шунингдек, савияли футболчилар харидини кўпайтириш керак. Шу жойда алоҳида айтиш жоиз, АПЛ, Ла-лига ва бундеслигадаги мухлислик маданияти бир-биридан фарқланади. Яъни ишқибозларнинг ўйинни қабул қилишлари ва завқ олишлари турлича. Лекин факт шуки, айни пайт бу биринчиликлар билан тенглашадиган мусобақа йўқ. Хусусан, мен бундеслигада ўйнаётганимдан беҳад мамнунман.

- Бироқ неча йилдирки, бундеслигада «Бавария» ҳукмронлиги давом этяпти. Шу ҳолат мусобақанинг мухлислар учун зерикарли туюлишига олиб келмайдими?

- Йўқ, бундай фикрлаш нотўғри. Мана, мисол тариқасида Испанияни олайлик: сўнгги 10 йил ичида Ла-лиганинг барча совринлари 3та жамоа ўртасида тақсимланмоқда. Бироқ бундан чемпионатга нисбатан қизиқиш пасайиб қолгани йўқ-ку. Ҳаттоки, барча мусобақаларда ғолиблик битта жамоага насиб этган тақдирда ҳам, унинг ютуқларга осонгина эришганини таъкидлаш ножоиз.

- «Байер»га ўтиш маҳали бошқа жамоалардан ҳам таклифлар олганингиз тайин. Қизиқ, нима учун айнан шу жамоага розилик бергансиз?

- Леверкузенликлар жўнатган чорловда манфаатли томонлари кўпроқ эди: маош баландроқ, ишонч кучлироқ, ЧЛда тўп суриш ва бундеслига совринларини ютиш имконияти... Камтарин жамоалар ҳам грандлар билан тенгма-тенг кураша олишларини яқинда «Лестер» амалда исботлади. Нега энди «Байер» ҳам шу ишни уддалай олмаслиги керак? Ҳозир ўзимни янада кучлироқ ҳис этяпман. Чунончи, мени бундеслиганинг энг яхши ўйинчиларидан бири сифатида қабул қилишмоқда. Демак, тўлиқ бахтиёрман.

- Карло Анчелоттини «Реал»даги фаолиятингиз орқали яхши биласиз. Унинг муваффақиятлари сири нима, сизнингча?

- Чиндан ҳам,  Анчелотти дунёдаги энг кучли мураббийлардан биридир. У ҳар бир шогирди билан шахсан ўзи шуғулланади, мураббий билиши лозим бўлган барча маълумотлардан хабардор. Тактика масаласида эса ноёб иқтидор соҳиби. Албатта, ҳар қайси мутахассис футболни ўзича тасаввур қилади, машғулотлар жараёнини шунга қараб ташкил этади. Кўплаб устозлар билан ишлаб, улкан тажриба тўплаганим боис, ҳозир «Бавария»нинг ишончли қўлларда эканлигига шубҳам йўқ.

- Яна бир устозингиз - Рогер Шмидт хусусида нима дея оласиз?

- Бу мураббийдан ҳам кўп нарсаларни ўргандим. Рогер очиқ ва ҳужумкор футбол тарафдори. Фақат қарши ҳужумларга таянадиган ҳимоявий услубни ёқтирмайди. Мураббийимиз ўгитларига асосан, рақибдан тўпни майдоннинг унга тегишли ярмида тортиб олишимиз ва ҳужумларни катта тезликда амалга оширишимиз керак. Бу услуб шахсан менга жуда маъқул. Зеро, ҳужумкорликка зўр берилса, ўзимни янада кучлироқ ҳис этаман.

- Фаолиятингиз давомида захира ўриндиғидан жой олишингизга ҳам тўғри келган. Дейлик, Англияда «суперсаб» номини олгансиз. «Супер» - ижобий ибора. Лекин «Саб»... Айтингчи, мунтазам равишда бошланғич таркибда майдонга тушмаслик қўшимча босим эмасми?

- Йўқ. Мен учун деярли ҳеч нарса ўзгармаган: саноқли дақиқалар ўйнайманми ёки тўлиқ вақт давомида тўп сураман - фарқи йўқ. Ҳар икки ҳолатда ҳам бор куч-маҳоратимни сарфлайман. Қизиғи шундаки, фаолиятимдаги энг ёрқин лаҳзаларни бошланғич таркибда майдонга тушган учрашувларда намойиш этганман. Қолаверса, ўзимни ҳеч қачон «суперсаб», деб ҳисобламаганман. Чунки доимо оддийгина Чичарито бўлиб қолганман: қандайдир15-20 дақиқа ичида бажарадиган ишни 90 дақиқада янада яхшироқ уддалашимни биламан. Мутасаддилар ҳам буни яхши тушунадилар. Ҳар қандай футболчи иложи борича кўпроқ тўп суришни хоҳлайди. Аммо майдонга фақат 11 нафар футболчи тушади. Жамоа эса камида 25 нафар ўйинчидан иборат. Демак, кимдир захирада ўтириши аниқ, албатта.

- Охирги вақтларда аввалгига нисбатан озроқ гол уряпсиз. Самарадорлик статистикасининг пасайгани сизни хавотирга солмаяптими?

- Гол уришни ҳамма, ҳаттоки, дарвозабон ҳам орзу қилади. Лекин футболда энг муҳими - ишончли тўп суриш! Шунда голлар ўз-ўзидан келаверади.

- Машҳур голларингиздан бирини «Реал» таркибида «Атлетико» дарвозасига ўйиннинг 88-дақиқасида йўллаган эдингиз. «Байер»нинг ЧЛ нимчорак финалида айнан «Атлетико»га қарши ўйнаши ойдинлашгач, кўнглингиздан қандай фикрлар ўтди?

- Ҳозирги вазият мутлақо ўзгача. «Атлетико» эндиликда Европанинг етакчи жамоалари сафида бормоқда. «Матрасчилар»нинг сўнгги йилларда 2 марта ЧЛ финалига чиқишгани ва Ла-лига олтин медалини ютишгани кўп нарсадан далолат. Аслида «плей-офф» босқичида заиф рақибнинг ўзи йўқ. Гуруҳдан чиққан ҳар бир жамоа олдида аниқ мақсад бор - иштирокни имкон қадар узайтириш. Энди ўз фикримни баён этсам, «Байер» бўлажак икки учрашувни ҳам ажойиб тарзда ўтказиб, чорак финалга йўл олади. Бунга шубҳа қилмайман.

- «Байер» ва ўртангиздаги шартнома муддати 2018 йили якунига етади. Янги келишув хусусида гап-сўз йўқми?

- Ҳозир клубдагилар бундеслигада яхшироқ натижага эришиш хусусида бош қотиряптилар, жумладан, ўзим ҳам. Мана, ўта кескин даврни бошдан кечирдик. Жамоамиз ЧЛ гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтди. Янги шартнома хусусида эса қачон гаплашишимизни билмайман. Мен учун ҳаммаси аъло даражада, мутасаддилар ҳам ҳаракатларимдан хафа эмаслар. Қолганини вақт кўрсатади.

- Гап шундаки, АПЛга қайтишингиз мумкинлиги хусусида хабарлар урчиганди. Маълумотларга кўра, «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» клублари хизматингизга қизиқишган экан. Бу масалада қандай фикрдасиз?

- Ҳаммаси шунчаки, миш-миш бўлсада, номдор жамоаларнинг қизиқиш билан қараётганларини эшитиш ёқимли. Аммо бунинг асосий ташаббускори - ОАВ. Хабар тарқалган пайт мураббий қайсидир футболчини харид қилиш хусусида ҳаттоки, ўйламаган  бўлиши ҳам мумкин. Лекин футболда ҳар қандай ўзгаришлар юз беришини унутмаслик керак. Мисол учун, мен вақтида «МЮ», «Реал» ва «Байер»да ўйнашимни тасаввур ҳам қилмагандим. Боз устига, терма жамоа билан 2та ЖЧда иштирок этдим. Шундай экан, фаолиятимнинг давоми янада муваффақиятли кечишидан умидворман.

- Фаолиятингиз якуний босқичида «Чивас»га қайтиш режангиз ҳам борми?

- Ажойиб савол. Дарвоқе, яқинда клуб соҳиби менга тўхталиб, ваъда берибди: «Чичарито фаолиятини албатта, Гвадалахарада якунлайди». «Чивас» - жонажон клубим, у мен учун зарур саналган барчасини берди. Энди шунга мувофиқ, миннатдорчилик билдириш ниятидаман. Қисқаси, гвадалахараликларга мухлислик қиламан, уларнинг чемпионлик тахтида кўришга хоҳишмандман. Агар Мексикага қайтишимга тўғри келса, аввало, «Чивас»га бораман. Лекин ҳозир қаерга йўл олишим маълум эмас - айни пайт  бундеслигадаман, ҳаммаси аъло даражада.

- Голларингизнинг қай бирини энг муҳими сифатида эътироф этасиз?

- Аниқ жавоб беришим жуда қийин. Ўзим учун ҳар қандай гол бетакрор лаззат бағишлайди. Шундай лаҳзаларда зиммамдаги вазифани мукаммал даражада бажарганимни қалбан ҳис қиламан. «Реал»да энг муҳим голлардан бирини «Атлетико» дарвозасига йўллагандим. «МЮ»да ҳам жуда кўп чиройли голларни нишонлаганман. Лекин «Челси» устидан ғалаба келтирган голим ҳеч эсимдан чиқмайди. Чунки уни майдонга тушгач, 32 сония ичида  ургандим. Шунингдек, «Байер» либосидаги дебют голимни юксак қадрлайман. У менга катта ишонч бағишлаганди. Миллий жамоалар миқёсига назар солиб, дунё футболи грандларидан бири - Франция термаси дарвозасига йўлланган тўпни алоҳида айтишим мумкин. Чунончи, ўша голим ЖЧ гуруҳ раундидан чиқишимизни таъминлаганди.

- Бундеслигада қайси ҳимоячига қарши тўп суриш кўпроқ муаммо туғдиради?

- «Бавария» вакили Жером Боатенг билан курашиш жуда оғир...

- Германияда сизга Мексикага хос нима етишмаяпти?

- Оила аъзоларим ва дўстларим даврасидаги ҳузурбахш ҳарорат. Кўнглимга яқин кишиларнинг 99 фоизи Мексикада. Уларни соғинмасликнинг иложи йўқ.

- Европанинг 11 нафар энг яхши футболчисини санаб ўтсангиз...

- Келинг, яхшиси, Европада ўйнайдиган мексикалик энг яхши футболчиларни эътироф эта қолай. Дарвозабон - «Гранада» вакили Гильермо Очоа. Ўнг қанот  ҳимоячиси - «Эспаньол»даги Диего Рейес. Марказий ҳимоячилар - Карлос Сальседо («Фиорентина») ва Эктор Морено (ПСВ). Чап қанот ҳимоячиси - Мигель Лайюн («Порту»).

- Ярим ҳимоячилар-чи?

- Ўрта чизиқнинг марказида - Андрес Гуардадо (ПСВ) ва Эктор Эррера («Порту»), ўнг қанотда - Карлос Вела («Реал Сосьедад»), чапда  - Хесус Корона («Порту»). Олдинги чизиқда - Рауль Хименес в Хавьер Чичарито Эрнандес. Жонатан Дос Сантосга эса захира ҳужумчиси ролини топширамиз. Менимча, у бундан ранжимаса керак.

Football.ua - Ў. УМАРОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz