Қайднома

Қидирув

Турфа олам – турфа ғавғо

Турфа олам – турфа ғавғо

  08.01.2017 06:26
  0
  1696
Турфа олам – турфа ғавғо

Ер юзининг турли бурчакларида учраб турадиган баъзи ҳодисалардан футбол олами ҳам холи эмас. Газетамизнинг янги йил ҳисобидан биринчи сонида аввалги 12 ойлик даврда кузатилган айрим можароларни ҳавола этяпмиз. Бундан мақсад битта - улардан тегишли хулоса чиқариб, доимо огоҳ юрайлик.

1 январь. Нашанинг «нашъа»си - қуйи дивизион

Эстония футбол иттифоқи Интизом қўмитаси аввалги мавсумда иккинчи лигада тўп сурган «Таллинн» клубини мусобақадан бутунлай дисквалификация қилди. Чунончи, октябрь ойида ўтказилган допинг назоратида жамоанинг 5 нафар аъзоси наша моддасини истеъмол қилганлиги аниқланганди. «Диквалификация «Таллинн»нинг мамлакат чемпионати тўртинчи лигасига сургун қилинганини англатади», - дейилди ЭФИ баёнотида.

17 январь. Дунёдаги энг муғомбир футболчи

Италия суди «Дуйсбург» жамоасининг гамбиялик аъзоси Юсуф Яффани ўз ёшини қалбакилаштирганликда айблади. Паспортдаги битикка кўра, Юсуф 1996 йилнинг 31 декабрида туғилган. Тўғри, футболчи ушбу расмий ҳужжатни 2009 йили олган, бунга аввалги паспортини йўқолганлиги сабабдир. Кейинчалик полиция Яффанинг «Фейсбук»даги саҳифаси орқали унинг аслида 1987 йилнинг 14 ноябрида таваллуд топгани ҳақидаги маълумотни аниқлаштирди. Хуллас, муғомбир футболчидан суд жараёнида ўз ёшини нақ 9 йилга «сурдиргани» ёлғон эканлигини исботлаш талаб этилди. Яффанинг ўзи сира айдбор эмаслигини тасдиқлайдиган гувоҳлар борлигини таъкидлади. Булар -  «Милан»нинг собиқ бош мураббийи Филиппо Инзаги, мутасаддилар - Адриано Галлиани ва Барбара Берлускони. Шунингдек, Италия футбол федерациячи  ҳуқуқшуноси Стефано Палаццини ҳам тилга олди. Хуллас, Юсуфнинг 19 ёки 28 ёшда эканлиги мавҳум қолди.

2 февраль. Ҳавога учган миллионлар

Воронеж туманларидан биридаги суд жараёнида «Спартак»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Иван Саенко «Цюрих» ҳужумчиси Александр Кержаковга тегишли 329 млн. рубль йўқолганлиги хусусида гувоҳлик берди. «2011 йилнинг  бошида мен Руслан Лесник билан бирга БААда дам олгандим. Ўша пайт Кержаков ҳам ўз оиласи билан Дубайга борганди. Биз ўзаро қўнғироқлашдик. Унга завод қурилиши учун сармоя киритганим ҳақида айтдим. Бу Александрни қизиқтириб қолди. Шунда мен ёлғиз эмаслигим, Лесник ҳам сармоядор эканлигини таъкидладим. Эртасига Александрни у билан таништириб қўйдим. Кейин уни бевосита қурилиш ишлари билан шуғулланаётган кишилар билан учраштиришга  ваъда бердик. Кержаков улар билан дўстлашиб олди. Яъни кейинчалик Лесник ёки мен билан бошқа учрашмади»,-деди Саенко. Иваннинг таъкидлашича, у Кержаковдан қанча сармоя киритиши ҳақида сўрамаган. Хуллас, завод қурилишини маблағ билан таъминлаш масаласини Александрни ўзи ҳал қилган. Кейинчалик муносабатлари ёмонлашгач, футболчилар умуман учрашмаганлар. Иван хусусан, 329 млн. рубль хусусидаги жиноий ишдан ҳам ОАВ орқали хабар топган.

9 февраль. Ганновер «шоввозлар» гуруҳи

Маҳаллий полиция «Ганновер» клуби мутасаддиларига ёшлар жамоасининг 3 нафар аъзоси шубҳали ҳаракатларни амалга оширишлари ҳақида хабар берди. Дарҳақиқат, 18-19 ёшли бу йигитлар автомобилни сохта рақам белгиси билан жиҳозлаб, ниқоб остида қуролланган ҳолда (пневматик тўппонча ёрдамида), казинода босқинчилик қилишни режалаштиришганди. Автомашинанинг белгиланмаган жойга қўйилгани ва унинг давлат рақами полицияда шубҳа уйғотди. Шу боис, трио алоҳида назорат остига олинди. Бироқ «шоввоз» йигитлар негадир ўз режаларидан воз кечиб, уйларига равона бўлишди. Кейинчалик полиция уларни алоҳида-алоҳида сўроқ қилгач, футболчилар ўз қилмишларини тан олишди. «Бу масалани синчиклаб ўрганиб чиқамиз. Футболчиларнинг феъл-атвори «Ганновер»га хос одоб-ахлоқ мезонига мос келмайди»,-деди жамоа вакили Кристиан Бенич.

12 февраль. Оғунинг аччиқ «самараси»

Гилфорд суди «Эвертон»нинг собиқ ҳужумчиси Маркус Бентни  бир йил муддатга шартли қамоқ жазосига маҳкум этди. Полиция ходимлари 2015 йилнинг 13 сентябрида 37 ёшли Маркус хонадонига (у ерда жиноий гуруҳ борлигини гумон қилинганди) бош суқишди. Энг ажабланарли томони, футболчи уларни болта ва пичоқ билан қуролланган ҳолда қарши олди. Хайриятки, можаро тўқнашувгача етиб бормади. Якунда «жасур» Бент хонадонида гиёҳванд модда сақлагани ва уни истеъмол қилгани, қолаверса, оғу таъсирида полицияга қўполлик қилгани учун жазога тортилди.

7 март. Қотилликка сабаб баҳс

Мумбай яқинидаги шаҳарчалардан бирида ижара асосида олинган уйда истиқомат қилаётган нигериялик Майкл Дурумчуква туғилган кунини нишонлаш мақсадида ватандоши - 22 ёшли Нвабу Чуквумани меҳмонга чақирди. Суҳбат чоғи ватандошлар Роналду ва Мессидан қай бири кучлироқ эканлиги хусусида тортишиб қолишди. Бунга асаблари дош бермаган Дурумкучва аввалига меҳмонга қарата стакан улоқтирди. Бироқ у «нишон»га эмас, деворга тегиб, чил-чил синди. Чуквума эса шу шиша синиқларидан бирини олди-да мезбонга ташланди. Хуллас, ноўрин баҳс қотиллик билан тугади.

23 апрель. Янги президент - «қовунбой»

Нигерия футбол федерацияси президенти лавозимига сайланган Крис Жива ташкилотдаги нуфузини ошириш мақсадида миллий чемпионат беллашувларини бошқарадиган ҳакамларни шахсан ўзи тайинлашга қарор қилди. У бу билан «қош қўйиш ўрнига кўз чиқариб қўйди». Яъни учрашувлардан бирига Уэйл Акиньсаняни бош ҳакам сифатида тайинлади. Ваҳоланки, бу рефери январь ойида ...оламдан ўтганди.

23 июль. Ноёб акула қотили

Санта Крус шаҳри кенгаши  «Тенерифе» футболчиси Марк Кросасни ҳозирда йўқолиб кетаётган ясси акулалардан бирини ўлдирганликда айблади.  Суриштирув ишларининг бошланишига футболчи томонидан ижтимоий тармоққа жойлаштирилган сурат туртки берди. Унда Кросас қўлидаги санчқида акула боласи тасвирланганди. Чунончи, ясси акулалар Қизил китобга киритилган ва уларни сақлаб қолишга катта эътибор қаратилмоқда.

4 август. Мусобақа ичида можаро

Ставрополнинг «Космос» ўсмирлар жамоаси Норвегияда ташкил этилган Norvay Cup турнирини барвақт тарк этди. Боиси, Олесуннинг «Херд» клубига қарши учрашувнинг 2-дақиқасида россиялик футболчилардан бирига қизил карточка кўрсатилди ва у истар-истамас майдонни тарк этди. Кейинчалик мезбонлар 2та тўп фарқи билан олдинга ўтиб олишгач, қоидабузар асабларини жиловлай олмади ва рақиб ўйинчисига мушт отди. Тез орада можаро оммавий муштлашувга айланиб кетди. Оқибатда «Космос» турнирдан четлатилди ва камига 2000 крона миқдорида жаримага тортилди. «Космос»нинг қўпол ўйнаши ҳақида бошқа жамоа вакиллардан эшитгандик. Ўйин бошланиши билан жамоа қабиҳ «подкат»ларни амалга оширди. Кейинчалик юз берган муштлашувга эса аввал ҳеч қачон дуч келмагандим»,-деди «Хард» бош мураббийи Тронд Лервик.

3 сентябрь. Сохта Неймар

Бразилияда фирибгар жиноятчи қўлга олинди. 30 ёшли йигит қизларга ўзини Неймар сифатида таништириб, уларни ёлғон ваъдалар билан алдаган. Унинг «қармоғига илинган»лар эса шахсий буюмларидан ажралишган. Қизлардан бирининг гувоҳлик беришича, у сохта Неймардан «Барселона» клубидаги байрам кечасига таклиф олган экан. Полиция фирибгар қўлига Минас-Жейрасдаги интернет-кафелардан бирида кишан солди.

8 сентябрь. «Идиш-товоғингни ювсанг-чи!»

Каталония чемпионати иккинчи лигаси учрашувларидан бирида мухлис аёл ҳакам Марта Галегога танбеҳ берди: «Ҳуштак чалиш ўрнига уйингда идиш-товоқларингни ювсанг бўлмайди-ми?» Ҳакам эса шу заҳоти баҳсни тўхтатди. Мухлислар аёлнинг қатъятини қарсаклар билан олқишладилар. Одобсиз мухлисага келсак, у стадиондан ҳайдаб чиқарилди ва 3 дақиқадан сўнг учрашув давом эттирилди.

22 сентябрь. Битта ўйинда 43та гол!

Германия ҳаваскорлар лигасида ўйнайдиган дарвозабон Марко Квиотек келишилган ўйинда иштирок этганликда айбланди. Чунки «Вондерорт»нинг 25 ёшли посбони «ПСВ Оберхаузен»га қарши баҳсда нақ 43та (35таси биринчи бўлимда) гол қўйиб юборди! Шундан 5 кун ўтгач, Квиотек жамоанинг навбатдаги машғулотлари пайти ҳисбга олинди.

4 октябрь. Исён охирги чора

Зимбабвенинг «Хванге» жамоаси футболчилари иш ҳақини вақтида олмаганликлари учун исён кўтаришди. Маълумотларга кўра, улар 2015 йил давомида атиги 500 доллардан олишган экан. Ваҳоланки, шартномага кўра, «Хванге»да йиллик энг кам иш ҳақи 3600 долларга тенг. Бироқ футболчилар клуб тасарруфидаги уйларда истиқомат қилишлари сабаб, анча вақт эътироз билдиришмаган. Зеро, уйсиз қолишлари ҳеч гап эмасди.

5 октябрь. Плеч - наркодиллер

«Кайзерслаутерн»нинг собиқ футболчиси Марсело Плеч ўз уйида 793 кг. наркотик моддани сақлагани учун ҳисбга олинди. «Бу хабар мени ҳайрон қолдирди. Марселонинг шундай қилиши мумкинлигини тасаввуримга сиғдиролмаяпман. Балки у кераксиз пайт кераксиз жойга бориб қолгандир?», деди бразилиялик футболчининг собиқ жамоадоши Михаэль Клинкерт.

18 ноябрь. Ерёменко мундиалдан мосуво

ЦСКА клуби ҳамда Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Роман Ерёменко допинг назоратидан ўтолмагани сабаб, 2 йилга дисквалификация қилинди. Текширувда футболчининг Халқаро антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган кокаин моддасини истеъмол қилгани маълум бўлди. Энди Ерёменко 2018 йилнинг 6 октябрига қадар ҳеч қандай мусобақада майдонга тушолмайди. Демакки, у Россия-2018 мундиалида ўйнаш имкониятидан ҳам мосуво бўлди.

Sports.ru - Содиқ СОБИР тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz