Қайднома

Қидирув

Кўзиккан «Ла Масия»

Кўзиккан «Ла Масия»

  08.01.2017 00:34
  0
  2532
Кўзиккан «Ла Масия»

Дунёнинг илғор футбол академияларидан бири ҳисобланган «Ла Масия» негадир ёш иқтидорларни етказиб беришдан тўхтаб қолди. Bombardir.ru сайти вакиллари бу турғунликнинг асл сабабларини аниқлашга уриниб кўришди. «Барселона» - Месси ҳам, Хави ёки Иньеста ҳам эмас. У шунингдек, ҳашаматли «Камп Ноу» ёки бутун дунёга сочилиб кетган улкан фанатлар армияси ҳам эмас. «Барселона» - бошқа барча жамоалардан яққол ажралиб турадиган яхлит бир фалсафа! «Кўк-анорранг» тизим шу ягона ғоя билан муштарак». 2010 йили нуфузли «Олтин тўп»га асосий даъвогарлар сифатида Месси, Хави ҳамда Иньеста эътироф этилганида, «Барселона» ўзини «еттинчи осмон»да ҳис этганди. 2012 йилнинг ноябрида марҳум Виланова «Леванте»га қарши баҳсда клубнинг 11 нафар тарбияланувчисини майдонга туширганида, бутун дунё жамоанинг нақадар зўр эканлигини очиқ эътироф этди. Дарҳақиқат, мана шу муваффақият олдида Мессининг қаҳрамонликлари-ю, «Барса»нинг ЧЛдаги ғолибона юришлари ҳам хиралашиб қоларди. Ҳозир эса умумий вазият тамоман ўзгача. Дейлик, Гвардиола жамоани тарк этганидан кейин академиянинг бирор тар-бияланувчиси асосий таркибдан мунтазам жой олишни уддалай олмади. Бу шунчаки, тасодиф эмас. Хўш, «Ла Масия»га нима «жин» урди? Наҳотки, унга кўз теккан бўлса? Ахир бу даргоҳ «Барселона» муваффақиятлари гарови эди-ку...

«Ла Масия» қандай шаклланган?

Академиянинг тузилиш тизимини 1988 йили Йохан Кройфф таклиф этган. У бир неча ёш тоифаларга бўлинади. «Бенхаминос» гуруҳида 12 ёшгача бўлган болакайлар, «Катед»да 12-15 ёшлилар, «Инфантил»да 15-17 ёшли ўспирин йигитлар ва «Хувенил»да 17 ёшдан катта ўсмирлар таҳсил олишади. Ундан кейинги босқич - «Барселона-Б». Ҳар қайси тоифада 25 нафар тарбияланувчидан иборат бир нечта гуруҳ мавжуд. Тўғри, ёш тоифаси қатъий белгиланган эмас. Агар қайсидир иқтидор соҳиби маҳорат бобида ўз тенгдошларидан ўзиб кетса, катта ёшлилар гуруҳида шуғулланиш имкониятига эга бўлади. Тарбияланувчилар интернетда машғулотлар билан биргаликда мактаб дастури бўйича сабоқ оладилар. 90-йилларда академияга келган болалар Кройфф таклиф этган услуб бўйича 2500та сессияда таълим олишган. Гвардиола, Хави, Иньеста, Бускетс, Месси, Пике каби бугунги юлдузлар шулар жумласидан.

Академиянинг асосий эътибори муайян натижалар ортидан қувиш эмас, чинакам маҳоратли футболчиларни тарбиялашга қаратилган. Эътиборлиси, «Ла Масия» футбол оламига нафақат юлдуз ўйинчилар, балки Гвардиола, Энрике ва Виланова каби малакали мураббийларни ҳам туҳфа этди. Улар янги соҳадаги фаолиятни айнан шу академияда бошлаб, кейин катта футболга бош суқишди.

Ҳозир нима ўзгарган?

Каталония клуби собиқ президенти Сандро Россель 2012 йили «Барселона-Б» бош мураббийи лавозимига эски таниши Эусебио Сакристанни, академия раҳбарлигига эса Альберто Пуигани таклиф этди ва шу билан ўзгаришлар бошланди. Ваҳоланки, Хосе Алесанко академияни 20 йил давомида муваффақиятли бошқариб келганди. У ўз қатъияти ва қоидаларни биринчи ўринга қўйиши билан донг таратганди. Муҳими, Алесанко қаттиққўл раҳбар бўлишига қарамай, муҳтожлардан ёрдамини аямасди. Масалан, Мессининг тарихи бунга яққол мисол. Алесанко ички тартиб-интизомга риоя қилмаган талабаларни зудлик билан академиядан четлатарди. Унинг ўрнини Альберто Пуига эгаллагач, «Ла Масия» таназзулга юз тутди. Ҳа, ўтган йили «Барса» тизимидаги жамоалар 14та мусобақанинг 13тасида ғолиб чиқиб, Хосеп Бартомеу ва унинг сафдошлари «кўча»сига байрам олиб киришди. Бироқ кўзни қамаштирувчи ёрқин зафарлар замирида аянчли фожиа яширин эди. Яъни янги раҳбарият таъсирида «Ла Масия»нинг фаолият йўналиши батамом ўзгарди, совринларни қўлга киритиш бош вазифага айланди. Оқибатда бир неча йиллар давомида сегундада ҳукмронлик қилган жамоа бир қатор бразилиялик иқтидорларни харид қилди. Боз устига, Дос Сантос, Ойер, Тельо ва Бартра билан тузилган шартномаларга ҳар қандай вазиятда уларнинг бош жамоада тўп суришлари кафолатланиши хусусида алоҳида банд қўшиб қўйилди. Якунда эса жамоа ёш иқтидор соҳибларини қонунга хилоф равишда харид қилгани учун сегундадан четлатилди. Табиийки, бош жамоага ҳам ҳеч қандай наф тегмади, юқоридаги футболчилардан фақат Бартрагина «Барселона»да тўп суриш имкониятини сақлаб қолди. Ёш иқтидор соҳибларини излаб топиш вазифаси Альберто Пуигага топширилгач, у чекка ҳудудларни кезиш ўрнига «Реал» билан мамлакатдаги маҳоратли футболчиларни талаша бошлади. Тез орада 37та суриштирув ишлари натижасида 9 нафар легионер жамоа таркибидан четлатилди. Бу клубнинг нуфузига жиддий путур етказди. «Ла Масия»даги тартиб-интизом издан чиққанлиги боис, унинг самарадорлиги пасайиб кетди. Академияда 20 йилдан кўпроқ фаолият юритган, раҳбариятдаги ўзгаришлар туфайли ишсиз қолган Альберт Бенайгес шундай ҳикоя қилади: «Алесанко кетганидан кейин «Ла Масия» инқирозга юз тутди. Унинг фаолиятида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, кичик гуруҳлардаги тарбияланувчи қоидани бузса, уни жазолашарди. Лекин ёши каттароқ  футболчи ўзини талаб даражасида тутмаса-чи? Бир пайтлар «қулоқсиз» «катед»ни «бенхамин»лар даврасида шуғулланишга мажбур этганмиз. Қўшимчасига, ёши кичик футболчилар буюмларини кўтариб юришни ҳам унинг зиммасига юклардик. Бундан ташқари, ўша қоидабузарнинг Nike билан тузган шартномасини бекор қилиб, бошқа шаҳарларда бўладиган турнирларга бориш ҳуқуқидан маҳрум этардик. Мана шу чоралар унга аччиқ сабоқ сифатида хизмат қилиб, якунда маҳоратли футболчига айланарди. Ҳозир эса интизом бўшашиб кетган, машғулотларга кечикиб келиш кузатилмоқда».

Нима учун шундай бўляпти?

Қайсидир маънода «Барса» мутасаддиларини ҳам тушуниш мумкин. Иқтидорли йигитлар 16 ёшдаёқ йирик шартномага эга бўлмоқдалар. Таажжубки, Бускетс, Педро ва уларга ўхшаш ноёб иқтидор соҳибларининг Гвардиола давридаги муваффақияти кейинчалик салбий ўзгаришларга йўл очди. Ўша даврда ҳар бир тарбияланувчи қачондир «Камп Ноу»­да майдонга тушшига аниқ ишонарди. Жамоа асосий урғуни қимматбаҳо легионерга қарата бошлагач, академия аъзолари учун эшиклар ёпилиб қолди. Натижада ҳафсалани йўқотган кўплаб талабалар бошқа жамоалар тизимига ўтиб кетишди. «Катед» гуруҳларидаги ёшларга «Барселона» 3 йиллик шартнома таклиф этиб, уларни мос равишда йилига 8-10 ва 12 минг евролик иш ҳақи билан таъминлаб туради. Ёш футболчилар муваффақиятли тўп сурган тақдирдагина навбати билан «Хувениль-Б» ва «Хувениль-А» жамоаларида ўйнаш имкониятини ҳосил қилишади. Энди бир ўйланг, айни шу пайт ёш иқтидор соҳиблари «Челси», «Арсенал» ёки «Рома» каби шартли грандлардан 100-150 минглик таклиф олишади. Қўшимчасига, асосий таркибда машғулот ўташ имконига ҳам эга бўлишади. Бунинг оқибатида «Барса» ўз вақтида Фабрегас ва Пикени қўлдан чиқарганди. Кейинчалик, Ориоль Ромеу («Челси»), Рубен Рочина («Блэкберн»), Патрик («Лацио»), Луис Альберто («Ливерпуль»), Денис Суарес («Манчестер  Сити») ва Гримальдо («Бенфика») кабилар клубни тарк этишди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Вазиятни қандай ўзгартириш мумкин?

«Аякс»дан ибрат олиш билан! Биринчидан, бу жамоа ёш футболчиларга ижара келишуви асосида тўп суриш имконини беради. Иккинчидан, уларда клубга содиқлик фазилатини сингдиради. Учинчидан, ёшлик пайтиданоқ агентлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган иқтидор соҳибини ўз тизимига қабул қилмайди. «Ла Масия» янги мутасаддилар тасарруфига ўтганидан кейин шунга ўхшаш қадриятлар қўлдан бой берилди ва оқибатда «Хувениль» босқичидаёқ кўплаб иқтидорлар қўлдан чиқарилди.

Мураббийлар

Андони Субисаретта 2012 йили умумий ҳолатни ўнглаш мақсадида ёш футболчиларни тайёрлаш услубини такомиллаштириш хусусида фаолият юритадиган махсус бўлим ташкил этди. Бироқ назарий машғулотлар шунчалик зерикарли эди-ки, тингловчилар маъруза пайти пинакка кетиб қолишарди. Мураббийлар ҳам қандайдир манфаат олиш йўлини топа олишмади. Шу тариқа клуб фалсафасидан чекиниб, ғалабага эришишнинг енгилроқ йўлларини қидира бошладилар. Жумладан, жисмоний жиҳатдан бақувват саналган африкалик футболчиларга кўпроқ эътибор бера бошлашди. Бироқ биргина Адама Тра-орени ҳисобга олмасак, «қора қитъа» вакилларининг ҳеч бирига «Камп Ноу»­да майдонга тушиш насиб этмади. «Реал»нинг бу борадаги сиёсати тамоман ўзгача. Пойтахтда услубиятга эмас, жарангдор номларга эътибор берилади. «Кастилья» тизгини Зидан, Де ла Ред, Гути ва Солари каби афсоналар қўлида. Бу эса самара бермоқда. Морато, Начо ва Хесе каби юлдузлар шу тариқа кашф этилди. «Барса» эса ўз фалсафасидан ҳам, услубидан ҳам воз кечдики, мураббийлар орасидан улкан тажрибага эга малакали шахслар етишиб чиқишмади. Эусебио Сакристан «Барселона-Б»нинг бош мураббийи мақомини олгач, футболчиларнинг тараққиёти иккинчи масалага айланиб, натижа биринчи ўринга чиқди. Мураббийлар штаби ҳимоявий футболни танлаб, муайян натижаларга эришди. Аммо ўйинчилар ўсишдан шунчаки, тўхтаб қолишди. Сакристаннинг ўзи 4 йиллик фаолиятидан сўнг «Валенсия»га ўтиб, жамоани тез орада инқироз кўчасига судраб кирди...

Ҳозирги вазият қандай?

Академиянинг қониқарсиз натижалари боис, Пуига ва Амор истеъфога чиқарилдилар. Ўз вақтида бош мураббий ёрдамчиси вазифасини адо этган Жоржи Роура президент этиб тайинланди. «Барселона-Б» «рули» эса Жерар Лопесга топширилди. У академиянинг бугунги жавоҳири ҳисобланган Карлес Аленья («Барселона-Б»нинг ягона умиди)га устозлик қилмоқда. Хуллас, 5 йил ичидаги ажабтовур ислоҳотлар «Ла Масия»ни таназзулга олиб келди. Мўлжални йўқотган мутасаддилар аввалги ҳолатни тиклаш йўлини топа билишмаяпти.

Гвардиола даврида «Барселона» асосий таркибида дебют қилган «Ла Масия» тарбияланувчилари: Бускетс, Педро, Тьяго, Рафинья, Куэнка, Тельо, Дос Сантос, Ботия, Васкес, Планас, Гомес, Бартра, Хеффрен, Фонтас, Муньеса, Ойер, Нолито, Ромеу, Деулофеу, Роберто, Монтойя

Гвардиола кетганидан ке-йин «Барселона» асосий таркибида дебют қилган «Ла Масия» тарбияланувчилари: Адама, Масип, Мунир, Сандро, Гумбау, Сампер, Аленья

Содиқ СОБИР тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz