Қайднома

Қидирув

Н`Голо КАНТЕ: «Мени Макелеле билан таққослаш шарт эмас»

Н`Голо КАНТЕ: «Мени Макелеле билан таққослаш шарт эмас»

  09.01.2017 03:24
  0
  1186
Н`Голо КАНТЕ: «Мени Макелеле билан таққослаш шарт эмас»

АПЛнинг янги юлдузи Н`Голо Канте ўз ҳаёти, болалиги, «Челси» ва «Лестер»даги ўйинлари хусусида. Кўпчилик ишонмас балки, лекин бу факт: англиянинг амалдаги чемпиони ва айни пайт янги клубида ҳам «олтин»ни кўзлаётган Н`Голо Канте ҳамон мини-автомобилдан фойдаланади. Тушунарлики, олдинлари камтарин «Лестер»да унча-мунча футболчи дабдабали машина харид қилишдан тийиларди. Мана, ҳозир ҳам биргина Жейми Варди қимматбаҳо Bentleyда сайр қилади, холос. Қолган аксарият футболчилар Lamborghiniни афзал кўришмоқда. Ваҳоланки, клуб соҳиби базага шахсий вертолётида учиб келишни одатга айлантирган. Аввалги мавсум Канте нафақат майдондаги жонкуярлиги, балки унинг ташқарисидаги миттигина темир ҳамроҳи билан ҳам ажралиб турганди.

- Англия чемпиони ҳамон мини автомобилдан фойдаланмоқда. Тўғри, тан олиш лозим, Mini ҳам етарли даражада оммалашган автомобиль русуми ҳисобланади. Қизиқ, сиз камтарликни хуш кўрасизми ёки бу машинага меҳрингиз баландлигидан уни алмаштирмаяпсиз?

- Очиғи, ўз автомобилимнинг оммалашган «тойчоқ»лар сирасига киришини билмасдим. Энди саволга келсак, ўзимни ҳеч қачон қимматбаҳо машиналарнинг ашаддий мухлислари қаторига қўшмаганман. Эҳтимол, бу камтарлик белгисидир, балки табиатан дабдабага ортиқча хушим йўқдир. Умуман, харидлар масаласида нўноқроқман. Яъни ҳар доим ҳам қимматбаҳо буюмларни сотиб олишга эҳтиёж сезмайман. Бунақаси ички руҳиятимга тўғри келмайди.

 - Майлику-я, аммо топиш-тутишингизга яраша, қулайлик ҳис этишни истамайсизми?

- Агар автомобилни назарда тутсак,Mini менга жуда қулай ва энг маъқулидир. Унда аввало, Британия қоидалари асосида машина ҳайдашни ўрганиш осон. Бу автомобилни «Лестер»да ўйнаётган вақтим харид қилганман ва ҳамон биргамиз. Зеро, унинг умумий ҳолати жуда яхши. Шундай экан, нега энди яхшигина автомобилдан воз кечиб, бошқасига пул сарфлашим керак? Дейлик, Miniда шаҳар бўйлаб сайрга чиқсам, биров менга ортиқча эътибор ҳам қаратмайди.

- Бир қарашда, ишониш ҳам мушкул: бундан атиги 17 ой олдин камтарин «Кан»нинг оддий футболчиси эдингиз, энди эса ўз мамлакатингизнинг чинакам юлдузи саналасиз. Дейлик, яқинда махсус сўровда сизни ўйинга энг кучли таъсир қилувчи футболчи сифатида эътироф этишди. Воқеаларнинг бундай кескин ривожланишини кутганмидингиз?

- Тўғриси, йўқ. Аммо ўз салоҳиятимга ҳеч қачон шубҳа қилган эмасман. Бошқача айтганда, футболга айнан ҳаётда ўз ўрнимни топиш воситаси сифатида қараганман.

- Умумий статистикангиз чиндан ҳам, ҳайратланарли. Мана, Англияга кўчиб ўтганингиздан буён 2та жамоа сафида тўп сурдингиз. Улар бу вақтда Канте иштирокисиз 56та ўйинда 68 очко тўплашди, сиз майдонга тушган 54та баҳсда эса нақ 123 очко ишлашди. Муҳими, «Лестер» сиз билан чемпион бўлди, «Челси» эса ишонч билан шунга интилмоқда...

- Бундай мақтовни эшитиш ёқимли, албатта. Аммо «Лестер»нинг олтин медаль ютганию, «Челси»нинг жорий мавсум яна чемпионликка даъвогар бўлиб турганини биргина мен билан боғламаслик керак. Футбол жамоавий спорт тури экан, натижаларни бир футболчи ҳисобига ёзиш мутлақо нотўғри. «Лестер»нинг ўтган мавсумдаги шов-шовларида ҳам, лондонликларнинг ҳозирги юришларида ҳам катта гуруҳ меҳнати бор.

- Унда айтингчи, қисқа вақтда мутлақо бошқа Н`Голога айланганингиз сири борми ва ўзига хос инқилобдан сўнг ҳаётингиз нечоғли ўзгарди?

- Биринчидан, ҳеч қандай сир йўқ - барчаси замирида сидқидилдан тўкилган тер ётибди. Иккинчидан, мен бош-қа Н`Голо бўлиб қолмадим - ҳамон ўша-ўшаман. Шундай экан, ҳаётим ҳам аввалгидек... Хусусан, кун тартибимда ўзгариш сезмаяпман: машғулотлар, ўйин ва шундан сўнг уйга қайтиш (кулади). Доимо худди шундай яшаганман. Ўзи ҳаётим машғулотлар, ўйинлар ва уйда ҳордиқ чиқаришдангина иборат эканлигидан баъзан хижолат ҳам тортаман. Аммо ҳозир бошқасига шунчаки, вақт йўқ, эҳтиёж ҳам. Ҳа, тан олишим керак, менга нисбатан эътибор нисбатан ошди. Дейлик, эндиликда матбуотда суратим кўп босиляпти. Шуни ҳисобга олмаганда, ўзгариш йўқ...

- Умуман, кучли эътибор ва атрофингиздаги воқеалар ўзингизга ёқяптими?

- Нима десам экан, ҳали айтишга арзирли даражада машҳур футболчи эмасман. Тўғри, одамлар мени таний бошлашди. Лекин кўпроқ эндиликда «Челси»да ўйнаётганим туфайли бўлса керак. Ҳа, ўтган мавсум «Лестер» билан АПЛ шоҳсупасига кўтарилганим ҳам маълум даражада машҳурлик келтиргани айни ҳақиқат. Аммо шахсан мен учун четдагиларнинг эътибори унча катта аҳамият касб этмайди.

- Таққослаш учун айтсак, Франция ва Англиядаги ҳолатингиз ўртасида қандай фарқ бор?

- Олдинлари Париж кўчаларига чиқиб, оломон орасида бемалол ҳаракатланишим мумкин эди - ҳеч ким мени тўхтатмасди. Лондонда эса гоҳида олдимни тўсиб, бирга суратга тушишни ёки дастхат беришимни илтимос қилишяпти. Умуман, эндиликда Францияда ҳам шундай бўлиб қолди (кулади). Лекин бунинг даҳшатли томони йўқ, барчаси жойида. Аксинча, ҳаммаси аъло. Чунончи, табиатан оддий инсонлар билан мулоқот қилишга мойилман.

- Аммо Британия матбуотига энди биринчи марта интервью бер- япсиз. Боз устига, сизни кўндириш осон бўлгани йўқ. Булонь-сюр-Мередаги собиқ қўшнингиз Файсал Нинининг айтишича, анча мулойим экансиз, аммо жуда камсуқум. Ўзингиз эса бегоналар билан мулоқотга хоҳишмандлигингизни таъкидлаяпсиз...

- Ҳа, гапга чечан эмаслигимни тан оламан. Аммо бу одамлардан қочиб юришимни англатмайди-ку. Дейлик, ўзим кам гапирсамда, суҳбатдошимнинг сўзларини диққат билан тинглашим мумкин. Мана, ҳозир ҳам тинмай тил айлантираётганим йўқ-ку (кулади). Нима, бу мулоқот эмасми?

- Мураббий Пьер Вилнинг сўзларидан иқтибос: «Канте жуда ювош йигит, бироқ бу унинг қўрқоқ ёки уятчан эканлигини англатмайди. Муҳими, фикрлари теран ва самимий, ўзи барчага бир хил ёндашади»...

- Умуман олганда, Виль тўғри характеристика берган. Фақат шу «ювош» таърифи сал ўхшовсиз туюлмоқда. Чунки сокин ҳаёт тарзига ўрганган бўлсамда, баъзан шўхлигим ҳам тутиб туради (кулади). Ўз ўрнида айтишим керак, айнан Виль бошқарувидаги «Сюрен» клубида ўз кучимга нисбатан ишончим анча ошганди. Чунончи, 10 ёшдан бошлаб, 9 йил давомида Парижнинг шу мўъжазгина клубидан ташқари, «Сошо», «Лорьян» ва «Ренн» жамоаларида ҳам ўз салоҳиятимни синовдан ўтказган, «Клерфонтен» таркибидан жой олишга уриниб кўрганман. Хуллас, бу вақтда Пьер Вилнинг ишончи жуда қўл келганди.

-  «Лестер»нинг ёзги трансферлар бозори пайти сизни ўз сафида олиб қололмаслиги деярли тайин эди. Қизиқ, Н`Голо Кантенинг ўзи Лондонга кўчиб ўтиш масаласида иккиланмадими?

- «Лестер» сафида тўп суриб, янги даражага кўтарилганимни ҳисобга олсак, бу жамоа билан хайрлашиш мен учун осон бўлмагани ойдинлашади. Бироқ шунинг баробарида трансферга розилик беришимни тақозо этадиган сабаблар ҳам йўқ эмасди. Табиийки, бир тўхтамга келишдан олдин Майкл Эменало билан гаплашдим, шахсий агентим билан барчасини обдон муҳокама қилдик. Қолаверса, яқинларим, тажрибали футболчилар билан маслаҳатлашдим. Шундай бўлсада, якуний қарор чиқаришда барибир, жуда-жуда қийналдим. Ўзи бирор жамоани ўзингникидек ҳис қилсанг, шундай бўлади. Бироқ ҳаммасини тарозуга солиб, баҳолаб чиққанимдан сўнг «Челси» фаолиятим учун энг яхши вариант эканлигини тушундим. Ҳарқалай, Лондон клубининг мақсадларию, иштиёқи барчага маълум. Улар шахсий фаолиятимни ривожлантиришга қаратилган истак-хоҳишларимга мутлақо ҳамоҳанг. Чунончи, футболдаги асосий мақсадим - ўрганишдан тўхтамаслик ва янада кучлироқ ўйнаш.

- Энди бироз ортга назар солиб, ўтган мавсумни бирров ёдга олсак...

- Оҳ, нақадар ёқимли ҳиссиётлар. Албатта, «Лестер» сафида чемпион бўлиш бир четда турсин, ҳаттоки, сов-ринли ўринлар учун курашишимиз мумкинлигини ҳам хаёлимга келтирган эмасдим. Факт шуки, чемпионатда биз ғалаба қозондик ва бу зафаримиз жуда чиройли бўлди. Қиёси йўқ гўзаллик. Лекин очиғи, барчаси қандай юз берганини тушунтириб беришим қийин. Эҳтимол, тақдир инъоми шудир. Чунончи, бошиданоқ ишларимиз ўзимиз кутмаган даражада юришди. Ғалаба кетидан ғалаба қозонавердик. Ваҳоланки, бу вақтда ҳамма «Лестер»нинг кейинги ўйинда ютқазишини, эртами-кеч чарчаб қолишини башорат қилишдан тўхтамаётганди. Ўз ўрнида жамоавий руҳ катта роль ўйнаганини алоҳида айтишим жоиз.  Ҳа, зафарли юришимизга салмоқли ҳисса қўшган ажо-йиб футболчи - Риёд Маҳрез ва чиройли гол уришдан чарчамаган Жейми Варди алоҳида эътирофга муносиб. Бироқ нима бўлишидан қатъий назар, асосий сабаб - бу якдиллик ва ягона кучга айланганимиз. Шу маънода айтсам, «Лестер» футболнинг жамоавий спорт тури эканлигига яққол далил бўлди. Жамоавий натижага кимдир кўпроқ, бошқа биров нисбатан камроқ ҳисса қўшгани эса ўз йўлига. Муҳими, барча футболчилар «Лестер» байроғи остида мисли кўрилмаган даражада жипслашгандилар.

- Футбол майдонида кўпроқ нимани ўйлайсиз, ҳаракатларингиз қандай мақсадга қаратилади?

- Мен учун энг муҳими - жамоа. Дейлик, «Лестер»даги клубдошларим мени йилнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишди. Бу жуда катта гап ва кўп нарсани англатади. Ахир дўстларингиз эътирофи тўғри юракка кириб боради. Ғоят таъсирли... Шунинг учун ҳам «Лестер»даги фаолиятим ҳеч қачон ёдимдан кўтарилмайди. Мисол учун, ҳаммамиз Жейми Варди уйида тўпланиб, «Челси» ва «Тоттенхэм» ўртасидаги ўйинни томоша қилганимиз, ҳисоб тенглашгач, шифтга сакраганимиз ва шу тариқа чемпионликни тантана қилганимиз мен учун бир умрлик ёқимли хотирадир...

- Айни пайт сизни тез-тез яна бир афро-француз ярим ҳимоячиси - Клод Макелелега қиёсламоқдалар. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Болалигимданоқ Клод иштирокидаги ўйинларни телевизор орқали катта иштиёқ билан томоша қилганман. Бироқ у каби бўлолмасам керак. Хуллас, мени ушбу ажойиб футболчи билан таққослаш шарт эмас.

- Ҳар иккингиз билан бирга ўйнаган Роберт Хутнинг айтишича эса, Макелеледан ҳаттоки, кучлироқ экансиз...

- Эҳ, унинг гапини тасдиқлаш учун жуда-жуда кўп тер тўкишим ва Клод каби йиллар давомида барқарор тўп суришим керак.

- Тўпни рақиблардан тортиб олиш бўйича статистикангиз ҳам кишини ҳайрон қолдиради. Бунга қандай эришяпсиз?

- Қайтараман, қандайдир сир йўқ. Шунчаки, рақибнинг кейинги ҳаракатини олдиндан илғашга уринаман. Агар билиб олсам, тамом, уни осонгина зарарсизлантираман. Лекин ҳаракат йўналишини аниқлаш учун рақибнинг ҳар қадамини кузатиш керак.

- Янги устозингиз Антонио Конте қандай таассурот уйғотмоқда?

- Ажойиб мураббий. Биз ҳам машғулотлар, ҳам ўйинларда катта куч билан ишлаяпмиз. Меҳнатларимиз самараси - ғалабалар. Конте туганмас эҳтирос эгаси ва буни бутун жамоага сингдириш уддасидан чиқяпти. Тактикасига келсак, дейлик, мен олдинроқда ҳаракатланиб, тўп билан кўпроқ муомала қилишим керак. Муҳими, янги ролда роҳатланиб ўйнаяпман. Ўзингиз ўйланг, тўпсиз югуриш яхшими ёки тўпни назорат қилиш?

- Рюэй-Мальмезонедаги камбағалгина оилада улғайган 9 нафар фарзанддан бирисиз. Ўша вақтларни қандай хотирлайсиз?

- Ғоят бахтиёр эдик. Мудом кўчада тўп ортидан югурардик, скейтда учардик. Мактабга қатнай бошлаганимдан кейин эса, сузиш, регби, атлетика ва баскетбол билан шуғулланганман. Бир сафар баскетбол тўгараги машғулотларидан сўнг мураббий мени роса мақтагани ҳеч эсимдан чиқмайди: «Қойил, ўйинга тўғри ёндашяпсан. Ҳаттоки, курашда енгилсанг ҳам, жамоа фойдасига ишлайсан». Орадан бир йилча ўтиб, регбига жиддий қизиқиб қолдим. Эътиборлиси, бу спортда ҳам мураббийдан мақтов эшитганман: «Профессионал клублардан бири скаути ўйинингга юқори баҳо берди ва чинакам регбичига айланишинг мумкинлигини айтди. Бўшашма». Кейинроқ у ота-онам олдига бориб, спорт билан жиддий шуғулланишим шартлигини уқтирган. Аммо охир-оқибат, якуний танловим футболга тушди.

- Бўйингиз нисбатан пастлиги учунми?

- Ҳа, 5 футга ҳам етмайдиган бўй билан баскетбол ёки регбини орзу қилиш кулгули эди. Аслида регбига ўзгача меҳр билан қарардим, аммо жуссам кичиклиги.... Ахир бўй ёки жусса инсоннинг хоҳишига кўра, берилмайди-ку. Умуман, майдонда ўзимни бошқа футболчилардан паканадек ҳис қилмайман. Шунчаки, бор эътиборимни ўйиннинг ўзига қаратиб, тўлиқ куч билан ҳаракатланаман. Яъни ўзимда мавжуд устунликлардан фойдаланаман. Шунга одатланганман.

Sports.ru - Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.