Қадрли футбол ишқибозлари «ИнтерФУТБОЛ» газетасининг сешанба сонида бир-биридан қизиқарли мақолаларни мутолаа қилишингиз мумкин. Эсклюзив материаллар, таҳлил ва суҳбатлар ҳам сизни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.
Демак, газетамизнинг 3-сонида нималарни ўқиш мумкин?
- Яна янгича футбол умиди
Айни дамда мамлакатимиз футболи тараққиётдан тўхтаб қолгандай таассурот қолдирмоқда. Фикримизча, бу - вақтинчалик ҳолат. Четдан қараганда, шундай. Аслида эса футболимиз бағрида тараққиётнинг янги босқичи кўз ёрмоқда. Садоқатли мухлисларнинг ёдларида бўлса, газетамизнинг 2011 йилги 1-сонида «Янги футбол эраси» номли мақола эълон қилгандик. Ўша чиқишда жаҳон футболининг келажакдаги ривожланиш мезонларига тўхталиб, Вадим Абрамов жамлаган терма жамоамиз Осиё кубоги-2011даги иштироки билан мамлакатимизда миллионлар ўйинига янги ҳаво олиб кириши мумкинлигини таъкидлагандик...
- Диёр ТУРОПОВ: «Ҳаммаси ўзимга боғлиқ»
Янги мавсумга тайёргарликни БААда давом эттираётган Тошкетнинг «Локомотив» клуби қисқа фурсат ичида тўрт нафар янги футболчи билан шартнома имзолади. Улардан бири, шу кунгача «Олмалиқ» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган ярим ҳимоячи Диёр Туроповни сиз яхши танийсиз. 1994 йилнинг 9 июлида туғилган Диёр Жиззах футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2013 йилдан бери «Олмалиқ» либосида майдонга тушиб келаётган эди. Туропов ўз вақтида ўсмирлар, ёшлар ҳамда олимпия терма жамоаларимизда ҳам ўйнаган. Ўнг ва чап қанот ярим ҳимоясида, шунингдек, ҳужумчи ортида ҳам бирдек самарали ҳаракат қила оладиган футболчи «темирйўлчилар» сафида ўз ўрнини топа олишига ишонмоқда. Бу ҳақда футболчи БААга сафар олдидан маълум қилди.
- Лимит туфайли…
Россиянинг «Советский спорт» нашри ҳам миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг «Шанхай СИПГ»га ўтишига бефарқ қарамади ва бу ҳақда алоҳида таҳлилий мақола тайёрлади. Газета ижодкорлари хусусан, «Краснодар» ҳамюртимизни осонгина қўйиб юборганини таъкидлаш баробарида вақтида уни қўлга киритиш учун жуда кўп тер тўкканини эслатишди. Келинг, яхшиси, хорижлик ҳамкасбларимизнинг мазкур масала юзасидан қандай фикр билдиришгани билан батафсилроқ танишиб чиқайлик.
- Эллардайс ва тақвим
- Тақвимни ким тузишини билмайман-ку, аммо уни ишдан бўшатиб юбориш керак, - деди Сэм Эллардайс яқинда. Машҳур инглиз мураббийининг бу гаплари Англия чемпионати тақвимига аталди. Умуман, АПЛда Boxing Day бошланди ҳамки, тақвимдан нолийдиганлар сафи кенгайди. Бир қарасангиз, Жозе Моуриньо шикоят қилаётган, бошқа сафар Арсен Венгер. Аммо ҳаммасидан ҳам Эллардайс тилидан чиққан гаплар ўтиб тушди.
- Cанжар ҚУВВАТОВ: «Таиланд ҳақидаги хабарлар асоссиз эди»
Ўтган йилги мавсум якунларига кўра, яна бир бор чемпионатнинг бронза медаллари билан тақдирланган Қаршининг «Насаф» клуби янги мавсумга тайёргарликнинг иккинчи босқичини давом эттирмоқда. Аниқроқ айтсак, «аждарлар» клуб базасида кунига икки маҳалдан ўқув-машғулот йиғинини ўтказишяпти. Таркибга боғлиқ энг муҳим янгиликлардан бири шуки, бир неча йил давомида «Насаф» шарафини ҳимоя қилган ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома тузди. Биз жамоада бўлаётган ўзгаришлар ва тайёргарлик жараёни ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун дарвозабон Санжар Қувватовни суҳбатга тортдик.
- мавсум тараддуди
Олий жамоаларининг янги мавсумга тайёргарлиги хусусида
- Чин юртида чин футбол
2009 йил Мадриднинг «Реал»ида улкан ислоҳотлар юз берди. Клуб президенти этиб Флорентино Перес тайинланди ва «янги галактикос»ни шакллантириш ишлари бошланиб кетди. Роналду, Кака, Бензема ва Хаби Алонсо каби футболчиларнинг жамоа билан шартнома имзолашлари катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Ўша пайтлари Мадридда голландиялик иқтидорлар - Роббен ҳамда Снейдер тўп суришарди. Аммо улар қанчалик маҳоратли ва кучли футболчи бўлмасин, барибир, Роналду ва Кака каби ўйинчилар соясида қолиб кетишлари аниқ эди. Табиийки, бу ҳолат Арьен ва Уэслига ҳам, клубнинг янги президентига ҳам маъқул келмасди. Натижада, улар трансферга қўйилдилар. Шундан сўнг, Роббен «Бавария»га, Снейдер эса «Интер»га трансфер қилинди...
- Бобуржон АКБАРОВ: «Икки-уч йил шунчаки, «раҳмат»га ўйнадим»
Ўзбекистонлик ҳимоячи Бобуржон Акбаров фаолиятини хорижда давом эттиради. 2016 йил олий лигада «Андижон» шарафини ҳимоя қилган футболчи ўтган ҳафта Малайзия премьер-лигаси вакили бўлган «Куала-Лумпур» клуби билан бир йиллик шартнома имзолади. Ўтган йили ушбу жамоа Малайзия премьер-лигасида 5-ўринни эгаллаганди. Айни пайт клуб шу ойнинг охирги ўн кунлигида бошланадиган янги чемпионатга тайёргарлик кўряпти. Биз навбатдаги машғулотдан сўнг Бобуржон Акбаров билан боғланиб, ундан интервью олдик.
- Хитой томон юзланиш
Хитой чемпионатида тўп сурган ўзбекистонлик футболчилар.
- «Олтин тўп»: Метьюздан Роналдугача (3-қисм)
Давоми. Бошланиши газетамизнинг 103 (1415) ва 1 (1417)-сонларида.
Биринчи рақамли индивидуал соврин - «Олтин тўп» соҳиблари ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Аввалги мақолаларимиз кириш қисмида лауреатларни мамлакатлар ва клублар бўйича «тақсимлаб» чиққандик. Бугун эса уларни лигаларга ажратиб чиқамиз. Зеро, қайси чемпионат вакиллари кўпроқ соврин ютишгани ҳам кўпчиликни қизиқтиради, албатта.
- Шанхайда зерикмаслик учун…
Халк «тили»дан Шанхайда асҚотувчи маслаҳатлар. Табиийки, янги мавсумда Хитой супер-лигасига нисбатан эътиборимиз янада ошади. Ахир футболимиз етакчиси Одил Аҳмедов ҳам Чин юртида тўп сурадиган бўлди. Қолаверса, унинг янги клуби - «Шанхай СИПГ» нафақат миллий чемпионат, балки ОЧЛда ҳам энг юқори чўққиларни кўзламоқда. Шанхайликлар шу мақсадда бир қатор кўзга кўринарли трансферларни амалга оширдилар. Хусусан, «Зенит»нинг собиқ юлдузи Халк ярим йилдан буён Хитойда фаолият юритмоқда. Кўринишидан, у қитъамизда сира зерикмаяпти, чоғи. Ҳарқалай, бразилиялик футболчи майдонда қувнаяпти, ўз олдига дўстларини жамлаяпти ва оёқ мушакларини бўрттиришни ҳам унутмаяпти. Хуллас, россиялик ҳамкасбларимиз унинг «тил»идан Шанхайда зерикмаслик учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида баъзи маслаҳатларни ёзишди.
- Клопп – биринчи «қизил йўл»
(Биринчи бўлим)
Германиялик Юрген Клопп учун «Ливерпуль» бош мураббийи ролидаги биринчи тўлиқ йил драматик тус олди. «Қизиллар» бу даврда 2та кубок финалини бой беришди. Лекин Клопп ёзги капитал таъмирдан сўнг ўз жамоасини АПЛ ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири сифатида гавдалантирди. Ҳарқалай, «Ливерпуль» айни пайт «Челси»нинг бош таъқибчиси ва рақобатчисидек таассурот уйғотмоқда. Англия премьер-лигасида ярим масофа босиб ўтилгач, Liverpool Echo журналистлари Юрген Клоппни махсус суҳбатга чорлашди ва у билан якунланган йилнинг энг эътиборли воқеаларини ёд олишди. Айтиш жоиз, мерсисайдликлар учун ҳар ойдан хотирлашга арзийдиган ёрқин ўйинлар топилди.
- Қинғирлик бир хил, жазо-чи?
Хабарингиз бор, албатта, «Барселона», «Реал» ва «Атлетико» клублари ўз таркибларига янги футболчиларни жалб этишда қоидабузарликка йўл қўйишгани учун ФИФА томонидан жазоланишган. Яъни халқаро ташкилотнинг Интизом қўмитаси уларни 2та трансферлар мавсумида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этганди. Табиийки, айбланувчилар ФИФА қароридан норози ҳолда, Спорт арбитраж судига мурожаат қилдилар. Таажжубки, адолат пешволари «Барселона» даъволарини инобатга олишмади, «Реал» ва «Атлетико» талаблари эса қисман бўлсада, қондирилди.
- Бир дақиқа учун 61 фунт!
Ҳа, Карлитос Тевес ҳам пул олдида ожиз. Аргентиналик моҳир ҳужумчи аслида футболчилик фаолиятига жонажон клуби - «Бока Хуниорс»да нуқта қўйишни дилига тугиб қўйганди. Аммо хитойликларнинг ақлни шошириб қўядиган таклифларидан шунчаки, воз кечолмади. У шу тариқа жаҳон футболидаги энг йирик маош соҳибига айланди.
- Сиз бўшадингиз!
Янги йилгача мураббийларни истеъфога чиҚариш статистикаси
FootballHD.ru сайти Европадаги энг кучли 5та миллий чемпионатнинг сўнгги 5-6 йиллик архивини титкилаб, мавсумнинг ярмигача мураббийларни истеъфога чиқариш масаласига боғлиқ бир қатор қизиқарли рақамлар ва фактларни тўплади. Ўйлаймизки, бу каби таҳлил-тафтишлар ҳам кўпчиликни қизиқтирса керак.
- Антиқаҳрамон-2016
2016 йилда муваффақиятсиз тўп сурган футболчилар билан таништиришда давом этамиз. Силлессен, Алькасер, Видаль - «Барселона» захирасига «михланган» омадсизлар. Батшуайи «Челси»да ўрнини тополмади. Дортмунднинг «Боруссия»сида жаҳон чемпиони Дурмни жароҳатлар қийнади. Депай «МЮ» даражаси ва Моуриньо талабларини бажаролмади. Швайнштайгернинг худди Англиядаги каби Евро-2016да ҳам иши юришмади. Хонда «Милан»да бир пайдо бўлса, бир йўқолиб қолди. Гётце «Боруссия»га катта умидлар билан қайтганди, аммо... Хуллас, грандлар сафида кутилган ўйинни намойиш этолмаганлар бисёр. Шунингдек, 2016 йилда ўзига хос воқеалар қаҳрамонига айланганлар ҳам. Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
- АМК стартидан олдин
14 январь-5 февраль кунлари Габонда бўлиб ўтадиган Африка миллатлар кубоги «қора қитъа» футболидаги бош турнирдир. Миллий жамоалар ўртасидаги бу мусобақа 2013 йилдан ҳар тоқ йилда ташкиллаштириляпти. Габон-2017 турнири ҳисоб бўйича 31-АМКдир. Унинг ғолиби Россия мезбонлик қиладиган Конфедерациялар кубоги-2017да иштирок этади (Мексика, Австралия ва Янги Зеландия термалари билан битта гуруҳда). Аслида бўлажак турнирнинг мезбонлик ваколати аввалига Ливияга берилганди. Аниқроғи, бу мамлакат АМК-2013ни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва унга 2017 йилги мусобақани топшириш кўзда тутилганди...
- Фёдор Смолов: «Шунчаки, ўзимга-ўзим сўз бердим…»
«Футбол» ҳафтаномаси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Краснодар» клуби ва Россия терма жамоаси ҳужумчиси мамлакатнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Шу муносабат билан нашр мухбирлари янги лауреатни махсус суҳбатга чорлашди.
- Алли – оп!
Барчаси «Челси» олдига тўсиқ қўйган Деле ҳақида
Кристиан Эриксеннинг 2та моҳирона узатмаси ва Деле Аллининг «эгизак» голлари «Челси»ни ғалабали серия бўйича мутлақ рекордчи бўлишдан маҳрум этди. Хуллас, «Тоттенхэм» бағридаги бош исътедод нафақат ўйин ёки тур, балки бутун Boxing Day қаҳрамонига айланди. Soccer.ru сайти шу баҳона дарров тез орада янада ўсиш учун Англиядан эмас, Мадрид ёки Барселонадан ўзига янги клуб топиши тахмин қилинаётган жасур йигит - Деле Аллига алоҳида тўхталиб, бир қатор қизиқарли фактларни баён этди.
- Поль Погба: «Гризманн билан фахрланаман»
Шубҳасиз, Поль Погба - франциялик энг яхши футболчилардан бири. Айниқса, ҳозирги пайтда. Ёдингиздадир, у илк бора 2013 йили 20 ёшли футболчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида яққол кўзга ташланганди. Истеъдодли ярим ҳимоячи шундан буён фаолликни сусайтирмай, йилдан-йилга маҳоратини ошириб бормоқда. Жумладан, Италия чемпионатида «Ювентус»нинг кетма-кет 4 марта скудетто ютишига улкан ҳисса қўшди ва бу орқали ўзи тарбия олган клуб - «Манчестер Юнайтед»га қайтишни уддалади. Эътиборлиси, Погбанинг иқтидорини вақтида етарлича қадрламаган «қизил иблислар» мазкур трансфер учун рекорд даражада маблағ сарфлашга мажбур бўлишди. Бир сўз билан айтганда, замонамизнинг энг қимматбаҳо футболчиси ёрдамида Франция терма жамоаси ҳам кучаймоқда. FIFA.com сайти ходимлари куни кеча Погба билан учрашиб, ундан турли мавзулар юзасидан интервью олишди.
- Мактубингизни олдик: Фозил, бўшашма зинҳор
Рости, Фозил Мусаевнинг Япония клуби билан шартнома тузишини кўпчилик кутган эмасди. Буни футболимиз, аниқроғи, агентларимиз ютуқларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Ҳа, япон лигаси АПЛ ёки примеро эмас. Аммо биз учун янги мактаб эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Фозилнинг «кунчиқар юрт» миллий чемпионатида ўйнашидан аввало, терма жамоамиз манфаатдор, менимча. Фақат, бош мураббий Самвел Бабаян унга қачон ва қайси ҳолатда ишонч билдиришни аниқлаб олса, бас...
ҲАМИША БИРГА БЎЛАЙЛИК АЗИЗЛАР!!!
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20