Қайднома

Қидирув

Мавсум тараддуди

Мавсум тараддуди

  09.01.2017 13:37
  0
  1409
Мавсум тараддуди

«Локомотив»

Чемпион жамоа футболчилари Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида кўрикдан ўтишди. Шундан сўнг «Локомотив» аъзолари 8 январь куни илк хориж йиғини учун Дубайга йўл олишди. «Темирйўлчилар» у ерда 21 январга қадар шуғулланишади. Йиғин давомида 2та ўртолиқ учрашуви ташкил этиш кўзда тутилган. Жамоа бош мураббийи Андрей Микляев БАА йиғинига 23 нафар футболчини олиб кетди. Улар орасида «Локо» билан шартнома тузган 4 нафар янги ўйин­чи бор: Шуҳрат Муҳаммадиев, Диёр Туропов ҳамда Кот-д`ивуарлик Муҳаммад Коне ва Гнохере Кризо. Аксинча, ўтган мавсум «темирйўлчилар» асосий таркибида ўйнаган Садриддин Абдуллаев, Неманья Яничич ва Артур Геворкян сафарга чиққанлар рўйхатида йўқ. Ҳозирча уларнинг жамоадан кетган-кетмаганликлари номаълум. «Локомотив»нинг Дубайга йўл олган таркиби: дарвозабонлар - Игнатий Нестеров, Маъмур Икромов, Рустам Нортожиев; ҳимоячилар - Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Файзиев, Салим Мустафоев, Олег Зотеев, Бобур Йўлдошев, Кахи Махарадзе (Грузия), Фаррух Иброҳимов, Муҳаммад Коне (Кот-д`Ивуар); ярим ҳимоячилар - Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Сардор Мирзаев, Икром Алибоев, Қувондиқ Рўзиев, Диёр Туропов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Санжар Шоаҳмедов; ҳужумчилар - Темурхўжа Абдухолиқов,Марат Бикмаев, Темур Усмонов, Гнохере Кризо (Кот-д`Ивуар). Айтганча, «Зенит» сайти тарқатган хабарга кўра, Россия клуби 20 январь куни «Локомотив» билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Дубайга кетишдан олдин Кот-д-Ивуар фуқаролари - ҳимоячи Муҳаммад Коне ва ҳужумчи Гнохоре Кризо расман «темирйўлчи»га айланишганини яна бир бора таъкидлаш жоиз. Улар тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтишди, шунингдек, ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул тушди. Бу футболчилар жамоа йиғинига декабрь ойи охирида қўшилишганди. Хусусан, «Олмалиқ»қа қарши кечган ўртоқлик ўйинида иккиси ҳам майдонга тушди ва Коне ҳимоя марказида ишончли тўп сурган бўлса, Кризо 2та гол урди. Улар янги йилдан кейинги машғулотларда ҳам илиқ таассурот қолдиришди ва клуб раҳбарияти шартнома тузишни лозим топди. Муҳаммад Коне 1993 йилнинг 12 декабрида туғилган. У 2015-2016 йиллар мавсумини Молдованинг «Олимпия» клубида ўтказиб, 25та учрашувда майдонга тушган. 2016 йилнинг иккинчи ярмида эса «Кармиотисса» (Кипр) шарафини ҳимоя қилди - 14та ўйин. Умуман, Муҳаммад Коне Кот-д`Ивуар термасига номзод футболчилардан бири ҳисобланади. Гнохоре Кризо эса 1997 йилнинг 20 июнида туғилган (19 ёш). У ҳужумда секин кўрингани билан голга тортадиган вазиятларни тез пай­қайди. Шуни айтиш керак, Кризо вақтида «Интер» (Милан) академиясида сабоқ олган ва жамоанинг бир қатор йиғинлари, учрашувларида иштирок этган. Африкалик ёш ҳужумчи 2016 йилги мавсумнинг биринчи даврасини Беларуснинг «Слуцк» клубида ўтказди. Кейин «Саксан» (Молдова) таркибига қўшилди. Гнохоре Кризо Кот-д`Ивуар ёшлар термасига номзод ва бир неча бор йиғинларга таклиф этилган.

«Локомотив» шунингдек, «Насаф» вакили Шуҳрат Муҳаммадиев ва «Олмалиқ» аъзоси Диёр Туропов билан ҳам шартнома тузди. Муҳаммадиев янги мавсумда 14-рақам, Туропов эса 77-рақамли либосда майдонга тушади. Иқтидорли ҳужумчи Иван Нагаев аксинча, «Локо» билан хайрлашди. Чунончи, у аввалги мавсум етарли ўйин амалиётига эга бўлмади. Яъни барча расмий мусобақалар доирасида атиги 6 марта майдонга тушди. Жамоа ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедовнинг 31 декабрь куни озод агентга айланганини ҳам айтиш жоиз. Ҳозирча ўртадаги шартнома узайтирилгани йўқ. Шоаҳмедовга бир қатор клублардан қизиқиш бор. Ярим ҳимоячининг кейинги тақдири яқин кунларда ойдинлашади.

«Бунёдкор»

Тошкентликлар тайёргарликнинг иккинчи бос­қичини 4 январь куни бошлашди. Режага кўра, Сергей Лушан шогирдлари 6-санагача пойтахтда шуғулланишди. 7 январдан эса йиғин БААнинг Шаржа шаҳрига кўчди. «Қалдирғочлар» делегацияси у ерда Radisson Blu Resort меҳмонхонасига жойлашди. Шаржа йиғини 21 январга қадар давом этади. Олинган маълумотларга кўра, жамоа сафида сербиялик ҳимоячи Александар Игнатович кўрикдан ўтади. 1988 йили туғилган ҳимоячи анча бўйдор - 192 см. Профессионал футболга 2006 йили «Раднички Ниш»да қадам қўйган Игнатович кейинчалик «Борац Чачак» ва «Будапешт Гонвед» каби клубларда ўйнаган. 2009 йили эса ижара келишуви бўйича Голландиянинг «Фейеноорд» клубига ўтган, бироқ унинг ўйинларида  умуман майдонга тушмаган. Игнатович аввалги йил айнан «Раднички Ниш» шарафини ҳимоя қилди. У 2009 йили Сербия ёшлар жамоасининг 2та ўйи­нида қатнашган. 2016 йилги мавсумнинг иккинчи қисмида «Бухоро» ўйинини кучайтирган молдовалик ҳужумчи Вадим Чемиртан ҳам кейинги фаолиятини «Бунёдкор» билан боғлади. У фаолияти давомида асосан Молдова клублари сафида тўп сурган. 29 ёшли ҳужумчи сўнгги мавсумларда маҳсулдорликни оширди. Натижада Молдова миллий жамоаси мураббийлари эътиборига  ҳам тушди. Яъни 2016 йилдан уни бош жамоага таклиф эта бошлашди.

«Қизилқум» ярим ҳимоячиси Нодирхон Камолов ҳам фаолиятини «Бунёдкор»да давом эттиради. 2011 йили Мексика мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги кичик мундиалда иштирок этган бу футболчи навоийликлар сафига ўтган йили қўшилганди. Бунгача эса «Нефтчи» ва «Цементчи» жамоаларида ўйнади. Камолов билан бир йиллик шартнома тузилди. Бироқ у ҳужжатларига боғлиқ муаммо туфайли БАА йиғинига кетмади.

«Бунёдкор» БААда бир қатор назорат учрашувлари уюштиради. Лушан шогирдлари бугун Дубайдаги The Sevens стадионида Гана миллий жамоасига қарши майдонга тушишади. Авраам Грант бошчилик қилаётган жамоа Африка миллатлар кубогига тайёргарлик кўрмоқда. Гана термаси таркибида Асамоа Гьян, Эммануэль Агеманг Баду, Андре Айю, Жонатан Менса, Кристиан Атсу, Вакасо Муборак, Жордан Айю каби машҳур футболчилар бор. Якшанба куни эса «Ал-Шааб» билан ўйин ташкил этилди. Рақиб жамоанинг уй стадиони - «Холид Бин Муҳаммад» аренасида Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланган учрашув «Бунёдкор» фойдасига ҳал бўлди. 22-дақиқадаёқ мезбонлар ҳисобни очишди. Биринчи бўлим охирларига келиб, Отабек Шукуровнинг бурчакдан оширган тўпини Вадим Чемиртан боши билан «Ал-Шааб» дарвозасига йўллаб, танаффусга 1:1 ҳисобида чиқиб кетишни таъминлади. Иккинчи бўлимнинг илк қисмида ҳакам Нурилло Тўхтасиновга қизил карточка кўрсатди. Муҳими, Сергей Лушан шогирдлари майдонда 10 киши қолишганига қарамай, ғалаба голини уриш йўлини топишди. Миржамол Қосимов узатмасидан сўнг Шаҳзодбек Нурматов ҳам тўпни боши билан дарвозага тўғри бураб юборди.

«Ал-Шааб» (БАА)«Бунёдкор» - 1:2 (1:1)

Голлар: Диалло (22) - Вадим Чемиртан (44), Шаҳзодбек Нурматов (76).

«Бунёдкор»: Мурод Зуҳуров, Дилшодбек Аҳмадалиев, Александар Игнатович, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Душан Мичич, Жавоҳир Эсонқулов, Достонбек Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Элдор Шомуродов, Вадим Чемиртан.

Захирадан майдонга тушганлар: Павел Бугало, Хуршид Ғиёсов, Ислом Қобилов, Шаҳзодбек Нурматов, Нурилло Тўхтасинов, Миржамол Қосимов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Миржаҳон Мираҳматов, Жавлон Иброҳимов.

Эътибор бергандирсиз, «Бунёдкор» сафида сербиялик Александар Игнатовичдан ташқари, Душан Мичич ҳам майдонга тушган. 1984 йилнинг 29 ноябрь куни туғилган ярим ҳимоячи ўтган йили «Войводина» клубида тўп сурган. Эътиборлиси, у «Рудар» сафида 2 марта Черногория кубоги соҳиби айланган экан. Хуллас, Мичич ҳам ҳозирча кўрикдан ўтмоқда.

«Насаф»

Жамоа тайёргарликнинг иккинчи босқичини Қаршидаги ўз қароргоҳида давом эттирмоқда. Шуҳрат Муҳаммадиев жамоа билан хайрлашди. У фаолиятини «Локомотив»да давом эттиради. Шунингдек, Азамат Алланиёзов ва Элдор Маматказин ҳам «Насаф»­дан кетишди. Қолган барча маҳаллий футболчилар билан шартномалар узайтирилди. Янги мавсумдан асосий таркибда бир қатор ёшлар ҳам тўп суришади. Хусусан, Ислом Кенжабоев ва Наврўз Иззатиллаев. «Насаф» яна «Бунёдкор»нинг тажрибали ҳимоячиси Акмал Шораҳмедовни ўз сафига қўшиб олди. Муҳими, легионерлар - Драган Черан ва Игор Голбан янги шартномага имзо чекишди. Огнен Красич билан ҳам ўзаро келишувга эришилди. У шу кунларда қайтиши керак. Жамоа режага кўра, 7 январь куни хориж йиғинига жўнаб кетди. Тайёргарликнинг учинчи босқичи 2 ҳафта давом этади ва унда янги футболчилар ҳам кўрикдан ўтишлари мумкин. Мураббийлар сафарда 6та ўртоқлик учрашуви ташкиллашни режалаштиришган.

«Бухоро»

4 январь куни пойтахтдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасида йиғилган жамоа режага асосан, кунига икки маҳал машғулот олиб бормоқда. Ўтган мавсум «Бухоро» шарафини ҳимоя қилган деярли барча футболчилар жамоа билан биргалар. Бухороликлар иккинчи йиғин доирасида 3-4та назорат учрашуви ўтказишни режалаштиришган. «Бухоро» етакчиларидан бири Шавкат Саломовнинг клубга қайтиши кутилмоқда. Малайзиянинг «Т-Тим» клуби кўригида қатнашган футболчи агар шартномага имзо чекмаса, фаолиятини айнан «Бухоро»да давом эттиради. Умуман, раҳбарият жамоанинг бир қатор етакчилари билан шартномани узайтиришга яқин турибди. Маълумотларга кўра,  ҳимоячилар - Александр Мерзляков ва Руслан Мелзитдинов, ярим ҳимоячи - Саламат Қутибоев, ҳужумчи - Баҳодир Пардаев билан янги битим тузилади. Жасур Ҳасанов эса озод агентга айланди. Унинг қайси қайси клубга ўтиши яқин кунларда маълум бўлади.

Ўтган ҳафта «Бухоро» ҳомийлари иштирокида йиғилиш ўтказилди ва клуб олдига камида 2016 йилги натижани такрорлаш вазифаси қўйилди. Дарвоқе,  «Бухоро» янги мавсум стартига қадар ўз сафига 3 нафар легионер қўшиб олади.

«Пахтакор»

Жамоа машғулотларни  «Пахтакор» стадионида давом эттиряпти. Йиғин доирасида 2та назорат учрашуви уюштириш кўзда тутилганди. 8 январь куни «Қўқон-1912»га қарши майдонга тушган «шерлар» энди 14-санада «Обод» вакиллари билан куч синашишади. 15 январь куни эса жамоа БААга йўл олади.

Биринчи йиғинда кўриниш берган баъзи футболчилар айни пайт бош­қа жамоалар машғулотларида қатнашмоқдалар. Клуб уларни ижара шарти  асосида бериши мумкин. Мураббийлар сербиялик ҳимоячи Марио Маслачни синаб кўрмоқдалар. У «Қўқон-1912» билан баҳсда асосий таркибда майдонга тушиб, 60 дақиқа ҳаракатланди. Марио 1990 йилнинг 9 сентябрь куни собиқ Югос­лавиянинг Нови Сад шаҳрида туғилган. Бўйи 190 сантиметрга тенг марказий ҳимоячи профессионал фаолиятини 2008 йили «Ватерник»да бошлаган. Кейинчалик «Осиек» клубида ҳам ўйнаган. Маслачнинг сўнгги жамоаси - «Борац Чачак». У 2011 йили Сербия ёшлар термаси сафида майдонга тушган. «Қўқон-1912»га қарши кечган ўйинга келсак, унда «шерлар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Қибрайда ташкиллаштирилган баҳсда «Пахтакор»нинг ҳар икки голига Игорь Сергеев муаллифлик қилди.

«Пахтакор» (бошланғич таркиб): Александр Лобанов, Станислав Андреев, Марио Маслач, Акбар Исматуллаев, Даврон Ҳошимов, Азим Аҳмедов, Жавоҳир Соҳибов, Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров, Шерзод Каримов, Игорь Сергеев.

«Пахтакор» БАА йиғини давомида бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушади. Ҳозирча 25 январь куни Россиянинг «Краснодар» клуби билан куч синашиши маълум.

«Қизилқум»

Тажрибали Ҳамза Каримов озод агентга айланди. Оғир жароҳат туфайли узоқ вақт ўйнолмаган ҳимоячи ўтган мавсум «Қизилқум» таркибидан жой олганди. Бироқ иккинчи даврада атига 4 марта майдонга тушди. Хуллас, Ҳамза Каримов билан тузилган шарт­нома муддати якунига етди. Унинг клубдан кетганини «Қизилқум» бош менежери Ҳамиджон Актамов ҳам тасдиқлади. «Насаф» ҳужумчиси Азамат Алланиязов фаолиятини «кончилар» сафида давом эттирса, ажабмас. Ҳарқалай, «Насаф»нинг захира ўриндиғида қолиб кетган Азамат жамоасини ўзгартиришга қарор қилган ва ҳозирда янги мавсумга «Қизилқум» сафида ҳозирланмоқда. «Нефтчи» билан хайрлашган Мансур Саидов ва Шукурали Пўлатов ҳам айни пайт «Қизилқум» раҳбарияти билан музокара олиб боришмоқда.

«Металлург»

Бекобод жамоаси иккинчи йиғинини ҳам Чирчиқда бошлади. Футболчилар кунига икки маҳал шуғулланишмоқда ва уларда жисмоний тайёргарликни тиклашга урғу берилмоқда. Машғулотлар «Кимёгар» стадионида олиб бориляпти. «Металлург» футболчилари 13 январь куни тиббий кўрикдан ўтадилар. Эртасига пойтахтда йиғин олиб бораётган «Қўқон-1912»га қарши назорат учрашуви ташкиллаш режалаштирил­япти. Таркибда баъзи янгиланишлар рўй бериши кутилмоқда. Ярим ҳимоячи Жаҳонгир Абдумўминовнинг Таиланд жамоаси кўригида қатнашаётгани ҳақида аввалроқ хабар чиққанди. Жамоа таътилдан қайтгач, машғулотларга 3 нафар янги ўйинчи қўшилди. Булар - «Олмалиқ» ҳужумчиси Дониёр Исмоилов, «Қўқон-1912» ҳимоячиси Достонбек Турсунов ҳамда «Қизилқум», «Пахтакор» ва «Қўқон-1912» жамоаларидаги фаолияти билан танилган ҳужумчи Наврўзбек Алимов. Айтиш ўринли, Кападзелар сулоласи кенжа вакили Камронбек ҳам айни пайт «Металлург» ихтиёрида.

«Машъал»

Муборак жамоа футболчилари  4 январь куни Янгиердаги базада навбатдаги йиғинни бошлашди. Александр Хомяков бошчилигидаги машғулотларда янги футболчилар ҳам бор. Бу йиғин 20 январга қадар давом этади. Шундан сўнг жамоа аъзоларига қисқа таътил берилади. Янгиликлардан бири - «Машъал» бу йил илк марта Фарғонада «Ҳоким кубоги» турнирида қатнашади. Якунланган мавсум «Машъал»да ўйнаган Дил­явер Абибуллаев ва Ғуломҳайдар Ғуломов жамоа билан бирга эмаслар. Ғуломов айни кунлар «Олмалиқ» кўригида бўлиб турибди. Абибуллаев эса ҳали бирор жамоада кўриниш бергани йўқ. Айтганча, «Сўғдиёна» сафида 6 йил тўп сурган Бобур Қосимов «Машъ­ал»нинг илк хариди  бўлди. Муборакликлар у билан 2 йиллик келишувга эришдилар. Шунинг­дек, «Қўқон-1912»дан таклиф этилган Абдуллоҳ Олимов билан ҳам айнан 2 йиллик шартнома тузилди. Дарвозабон Ботир Носиров эса амалдаги шартномасини  бир йилга узайтирди. Бундан ташқари, 2 нафар легионер кўрикдан ўтмоқда. Булар - эстониялик Максим Липин ва россия­лик Константин Белов. «Пуума» футбол мактаби тарбияланувчиси саналган Максим «Инфонет» ҳамда «Левадия» клублари шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, у Эстония олимпия термаси аъзоси ҳисобланади. Липиннинг ҳаракатлари мураббийларга маъқул келса, у янги мавсумни «газчилар» сафида бошлайди. Константин Белов эса  футбол сир-асрорларини дастлаб Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўзлаштира бошлаган ва 1997-1998 йилларда Россиянинг «Ногинс»  жамоаси  академиясида таҳсил олган. У 1998-2008 йиллар оралиғида «Локомотив» (Москва) ёшлар жамоасида тўп сурган. Кейинчалик «Амкар», «Москва», «Рязань», «Звезда», «Химки», «Юрмала», «Днепр», «Петротрест», «Химик», «Коломна», «Афипс» ва «Ислочь» жамоаларида ўйнаган. Табиийки, у ҳам «Машъал»да қолиш учун машғулотларда мураббийлар ишончини қозониши керак.

«Шўртан»

Ғузор жамоаси 5 январдан буён пойтахтда шуғулланмоқда. 19-санагача давом этадиган ўқув-машғулотлар жараёнига янги футболчилар ҳам жалб этилган -  Азамат Исроилов, Руслан Вагапов, Саидкамол Акбаров, Азиз Ғуломхўжаев, Сардор Собирхўжаев, Қадамбой Нурметов ва Обид Жўрабоев. Шунингдек, «Сўғдиёна» вакили Жаҳонгир Жиямуродов айни пайт «Шўртан» йиғинида қатнашмоқда. Эслатма, у фаолияти давомида «Машъал», «Насаф», «Олмалиқ» ва «Нефтчи» клубларида ҳам ўйнаган. «Шўртан»дан кетганлар ҳам бор. Дейлик, Суннатилла Мамадалиев ва Ҳасанбой Эргашев ғузорликлар билан хайрлашишди. «Шўртан» ушбу йиғини якунида битта назорат учрашуви ташкиллашни режалаштирган.

Дарвоқе, мураббийлар штабида ҳам ўзгариш кузатилди. Селекционер мураббий Руслан Шоймардонов ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Зоир Ҳасанов ўз хоҳишларига биноан, жамоадан кетишди. Куни кеча эса «Шўртан» раҳбарияти аввалги мавсум бошида бош мураббий вазифасига тайинлаган, аммо шартнома имзолангач, «Навбаҳор»га ўтиб кетган тажрибали Александр Волков билан яна келишувга эришди. Волков бу сафар ёрдамчи мураббий вазифасини бажаради.

«Сўғдиёна»

Ўтган мавсум «Локомотив»да ўйнаган ёш дарвозабон Сарвар Каримов айни пайт Жиззах клуби машғулотларида иштирок этмоқда. У «Локомотив»нинг асосан ёшлар жамоаси ўйинларида майдонга тушганди. Тайёргарликнинг иккинчи босқичида яна икки нафар янги футболчи кўрикдан ўтмоқда. Гап «Оқ-тепа» клубидан таклиф этилган ҳимоячи Зафар Қорақулов ва дарвозабон Фарҳод Йўлдошев ҳақида кетяпти. Вақтида «Янгиер», «Андижон», «Динамо» ва «Металлург» каби клублар дарвозасини қўриқлаган Фарҳод «Сўғдиёна»да аввал ҳам ўйнаган. У 2008 йилдан буён Тожикистон жамоалари шарафини ҳимоя қилаётганди. Йўлдошев Жиззахга «Далерон-Ўроттепа»дан келди.

Олдинроқ «Сўғдиёна» ярим ҳимоя­чиси Музаффар Музаффаровнинг «Нефтчи» ва ҳимоячи Акмал Холмуродовнинг «Қўқон-1912» сафига қўшилишгани ҳақида хабарлар тар­қалганди. Шунингдек, Бобур Қосимов ҳам жамоани тарк этди. У «Машъал» билан шартнома тузди. Жаҳонгир Жиямуродов эса «Шўртан» ихтиёрида шуғулланмоқда. Бундан ташқари, дарвозабон Музаффар Абдуллаев ҳамда ярим ҳимоячи Санжар Рашидов ҳам «Сўғдиёна»дан кетишлари мумкин.

«Нефтчи»

Фарғона клуби 5 январдан тайёргарликнинг иккинчи босқичини бошлади. Аввалига жамоанинг 25 нафар аъзоси Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида кўрикдан ўтди. Таркибда янги футболчилар ҳам бор. Олий лига-2016даги муваффақиятсизликдан сўнг клуб раҳбарияти янги мавсумда юқори ўринларни кўзлашга қаратилган истиқболли режа тузмоқда. Албатта, таркибни кучайтиришга жиддий эътибор қаратилади. 6 январь куни бош мураббий Андрей Фёдоров Москвадан қайтди. Жамоа 13 январдан эътиборан Тошкент­да йиғин олиб боради. Фарғоналиклар «Роҳат» меҳмонхонасида истиқомат қилиб, «Чилонзор» ҳамда «Бун­ёдкор» футбол академияси машғулотлар майдонида шуғулланишади. Ҳозирда пойтахт йиғинида қайси клублар билан ўртоқлик ўйини уюштирилиши маълум. Демак, «Нефтчи» Тошкентда «Бухоро» (15 январь), «Металлург» (18 январь) ҳамда «Сўғдиёна» (21 январь) клубларига қарши ўйнайди. Умуман, Тошкент йиғини жараёнида яна бир қатор рақиблар билан назорат учрашуви ташкил этилиши мумкин.

Жамоа таркибида яна битта ўзгариш кузатилди. Яъни «Сўғдиёна»нинг иқтидорли футболчиси Музаффар Музаффаров «Нефтчи» машғулотларида кўриниш берди.

«ҚўҚон-1912»

Тошкентда давом этаётган йиғинда жамоа футболчилари кунига икки маҳал машғулот ўтказишмоқда. Таркибда ўзгаришлар йўқ эмас. 2016 йилги мавсумда «Сўғдиёна» шарафини ҳимоя қилган Акмал Холмуродов «Қўқон-1912» йиғинига қўшилди. Шунингдек, Жавоҳир Сиддиқов ҳам машғулотларда иштирок этмоқда. Мухлислар ёқимтойига айланган ёш футболчи янги мавсумни ҳам «Қўқон-1912»да бошлайдиган бўлди. Кетганларга келсак, уларнинг сафи кенгроқ - Абдуллоҳ Олимов, Миржалол Қурбонов, Маъруф Зокиржонов ва Руслан Матниёзов. Шунингдек, яна бир ёш футболчи Достон Турсунов «Металлург»дан жиддий таклиф олгани боис, янги шартнома тузгани йўқ. Тошкентдаги йиғин чоғи футболчилар Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида кўрикдан ўтишди.

Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоа янги йилдаги дастлабки назорат учрашувида «Пахтакор»га қарши майдонга тушди. Аввалига қўқонликлар Жалил Кимсановнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Аммо кейинчалик  «Пахтакор» ғалабани илиб кетди - Игорь Сергеев қайд этган «дубль» эвазига.

«Қўқон-1912»: Азиз Ашуров, Жалил Кимсанов, Акмал Холмуродов, Шоҳруҳ Холматов, Ойбек Рустамов, Аваз Маматхўжаев, Баҳодир Акрамов, Собир Ҳамидов, Ориф Мамажонов, Суҳроб Бердиев, Носир Отақўзиев.

Захирадан майдонга тушганлар:Никита Рибкин, Иқбол Маликжонов, Исмоил Охунжонов, Муҳаммаданас Ҳасанов, Андрей Сидоров, Маъруф Зокиржонов, Ислом Абдуллаев.

«Олмалиқ»

Клубнинг иккинчи йиғини бошланди. Декабрь ойида ташкиллаштирилган илк машғулотлар якунида бир қатор футболчиларга жавоб берилганди. Таркибга боғлиқ ўзгаришлар навбатдаги йиғин арафасида ҳам давом этди. Хусусан, Дониёр Исмоилов «Металлург» сафига қўшилган бўлса, қозоғистонлик Темирлан Ерлановга жавоб берилди. Жамоа сафига эса жароҳатдан қутулган  Роман Абдулов, «Бухоро» ҳимоячиси Шавкат Муллажонов ва ҳужумчиси Камолиддин Мурзоев ҳамда «Навбаҳор» вакили Қаҳрамон Муҳамаджонов қўшилишди. Аввалги мавсум жамоа шарафини ҳимоя қилган Умид Хонимқулов, Акмал Ортиқов, Никита Шквирин, Евгений Гоголь, Саидкомил Акбаров, Ойбек Нурбоев, Ҳасан Асқаров, Суннатилла Абдуллажонов, Достон Абдураҳмонов, Зоҳир Пиримов, Отабек Валижонов, Арслонмурод Омонов, Яҳё Рўзиев ва Мўйдин Мамазулунов билан тузилган шартномалар муддати якунига етган. Ҳозирча «Машъал»дан чақирилган ярим ҳимоячи Ғуломҳайдар Ғуломов билан келишув расмийлаштирилди. Машғулотларни пойтахтда давом эттираётган жамоа таркибига 2 нафар легионер ҳам қўшилди. Улардан бири «Олмалиқ»нинг декабрь ойидаги йиғинида қатнашган Владислав Косминин бўлиб, унинг ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келган кўринади. Иккинчи легионер - туркманистонлик Олтимурот Аннадурдиев ҳужум чизиғида тўп суради. У Туркманистон чемпиони «Олтин Аср» жамоасидан чақирилган. Тошкент йиғини бугун ниҳоясига етади. Виктор Кумиков жамоаси кеча «Навбаҳор» билан ўртоқлик учрашуви ўтказди.

«Олмалиқ» ёшлар жамоаси ҳам машғулотларга киришди. Биринчи кунги жараёнда 19 нафар футболчи иштирок этди. Мураббийлар штаби 2016 йили ёшлар таркибида тўп сурган Александр Меншов, Шаҳбоз Тожибоев, Баҳодир Ғаниев, Беҳзод Мирзамуродов, Амирхон Иброҳимов ва Темур Эргашевга жавоб берди. Олмалиқдаги машғулотларда Низомиддин Зиёвуддинов, Фаррух Содиқов, Миржалол Мирюсупов, Дониёр Набиев, Жасурбек Умаров, Шаҳзодбек Алақулов, Муҳаммад Султонов, Шаҳбоз Умаров, Фарҳод Имомов, Дадахон Юсупов, Бекзод Жўраев, Зуҳриддин Нишонбоев, Жасурбек Маматқулов, Сарвар Абдунабиев, Сарвар Рўзибоев, Афзал Аҳмаджонов, Аваз Раҳматуллаев, Сарвар Зоҳидов, Камрон Ҳусанжонов иштирок этишмоқда.

«Обод»

«Обод» ҳам тайёргарликнинг навбатдаги бос­қичига киришди. Кунига икки маҳал машғулот олиб борилмоқда. Одатдагидек, эрталабки машқлар «Ёшлик» стадиони тренажёр залида, тушдан кейингиси эса «Обод» майдонида ўтказилмоқда. Таркибга 3 нафар футболчи қўшилди. Булар - Руслан Матниёзов, Нодир Иброҳимов ва Темур Аюпов. Тайёргарликнинг биринчи босқичида қатнашган дарвозабон Акмал Турсунбоев эса жамоани тарк этди ва унинг ўрнига Никита Шквирин таклиф этилди. 7 январь куни футболчилар икки таркибга бўлиниб, ўзаро ўйин ўтказишди. Бугун эса Қозоғистон чемпионати биринчи лигаси вакили «Махтаарал» жамоаси билан куч синашилади. Мазкур учрашув «Обод» стадионида бўлиб ўтади. 

«Навбаҳор»

Жамоа Тошкентда тўпланиб, тайёргарликнинг иккинчи босқичига старт берди. «Ўзбекистон» меҳмонхонаси «Навбаҳор»га вақтинчалик қароргоҳ вазифасини ўтайди. Пойтахтдаги йиғин чоғи таркибга янги футболчилар қўшилиши айтилганди. Хусусан, «NBU-Осиё» стадионида ташкиллаштирилган дастлабки машғулотда дарвозабон Акмал Турсунбоев («Андижон»), ҳимоячи Ҳасанбой Эргашев («Шўртан»), ярим ҳимоячи Алишер Мирзаев («Пахтакор») ва ҳужумчи Фаррух Шотурсунов («Металлург») ҳам иштирок этишди. 7 январь куни мураббий ва футболчилар Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида кўрикдан ўтишди. Кеча эса «Олмалиқ» билан назорат ўйини ташкил этилди. Умуман, Илҳом Мўминжонов бошчилигидаги жамоа таркибига ҳар куни янги ўйинчилар қўшилмоқдалар. Дейлик, ҳимоядаги ишонч­ли ҳаракатлари билан наманганлик мухлислар ҳурматига эришган Алишер Саматов («Нефтчи») «Нав­баҳор»га қайтди. Шунингдек, жамоа­нинг яна бир собиқ ярим ҳимоячиси Суннатилла Мамадалиев ҳам «лочинлар» сафини тўлдирди. Йиғинга яна «Пахтакор»дан Аббос Отахонов, «Машъал»дан Мирзоҳид Ғофуров, «Олмалиқ»дан Зоҳир Пиримов, «Андижон»дан Рўзимбой Аҳмедов ва «Бунёдкор»дан Сардор Азимов қўшилишди. Бундан ташқари, дарвозабон Нодир Ашурматов ва Ғайрат Жўраев ҳам бор. Ашурматов ўтган мавсум «Андижон» дарвозасини қўриқлади. Жўраев ҳам наманганлик  мухлисларга яхши таниш. Ярим ҳимоячи маълум танаффусдан ке­­йин жамоага қайтди. Яна бир ярим ҳимоячи Билол Шарофутдинов ҳам машғулотларда қатнашмоқда.

Мураббийлар штабида ўзгариш йўқ эмас. Эндиликда Жамшид Умаров Наманган жамоасида ишлайди. Айрим манбаларда ёзилишича, Жаҳонгир Меҳмонов («Нефтчи»), Аббос Махсталиев («Нефтчи»), Акмал Холмуродов («Сўғдиёна»), Мурод Ҳолмуҳаммедов («Сўғдиёна»), Темур Толипов («Пахтакор») каби футболчилар ҳам «Навбаҳор» таркибида пайдо бўлишлари мумкин.

Айтганча, жамоа ёшлари ҳам маш­ғулотларга киришишди. Намангандаги йиғинда чамаси 50 нафар ёш футболчи Мустафо Байрамов ва Шуҳрат Қорабоев раҳбарлигида шуғулланмоқда.

«Динамо»

Самарқандликлар 5 январь куни йиғин бошлашди. Илҳом Шарипов ҳозирча асосан маҳаллий футболчилар билан кунига икки маҳал иш олиб боряпти. Мураббийлар жараёнда жисмоний ҳолатни тиклашга катта эътибор қаратишяпти. Режага биноан, жамоа ҳозирча Самарқандда шуғулланишда давом этади. Эслатма, тайёргарликнинг дастлабки босқичи 15-29-декабрь оралиғида ўтказилганди.

«Андижон»

Янги мавсумни биринчи лигада ўтказадиган андижонликлар навбатдаги йиғинга киришдилар. Маш­ғулотларни Виталий Легай ва Расул Раҳмонов олиб боришмоқда. Хабарларга қараганда, клуб раҳбарияти бош мураббий лавозимига Александр Аверьяновни таклиф қилган. Таркибда ўтган мавсум жамоа шарафини ҳимоя қилганлардан Иброҳим Отахонов, Фарҳод Бекмуродов ва Алишер Абдувоҳидов каби футболчилар бор. Шунингдек, ёшлар жамоасида ўзларини кўрсатишган Баракатилло Исроилов, Дилмурод Маҳмудов, Шояд Муллажонов, Артур Маматказин, Аброр Комилов, Фаррух Бекмуродов, Аваз Олимжонов ҳам шуғулланишмоқда. Йиғинга қўшилган янги футболчилар ҳам бор - Фаррух Турдалиев, Шукур Жумабоев («Қизилқум»), Сирожиддин Еттибоев («Насаф-2»), Акбар Хўжаев («Обод») ҳамда Асрор Раҳмонов («УзДонгЖу»). Марказий ҳимоячи Даврон Турсуновнинг маълум муддатга чўзилган даволанишдан сўнг сафга қайтиш арафасида турганини қўшимча қилиш жоиз. Тажрибали ҳужумчи Анвар Бердиев ҳам жамоа йиғинига келиши мумкин.

Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz