Қайднома

Қидирув

Бутун миллат фахри

Бутун миллат фахри

  11.01.2017 06:19
  0
  2084
Бутун миллат фахри

ҚАЙСИ ЮРТЛАРДА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ БИЛАН ФАХРЛАНИШЛАРИ МУМКИН?

Футбол оламининг гултожи саналган миллий жамоалар ўртасидаги мундиалларда саноқли юрт вакиллари чемпионлик мақомига эришганлар. Аниқроқ айтсак, ҳозиргача атиги 8та терма жамоа жаҳон кубоги совриндорига айланган, холос. Лекин ЖЧ ғолибларининг этник таркиби анча бой. Инчунин, ер юзидаги яна бир қатор мамлакатлар қайсидир жаҳон чемпиони билан фахрланиш-ғурурланишга ҳақли. Soccer.ru сайти ходимлари ана шу ҳижатга алоҳида ёндашиб, ЖЧ олтин медали совриндорлари таркиби  «география»сини кенгайтирган футболчиларга назар солишди. Яъни улар футбол тарихида олтин тож ютмаган юртнинг чемпион  вакилларигагина эътибор қаратишди. Бош-қача айтганда, 30-йилларда Италия термасининг тахтга кўтарилишига беминнат ҳисса қўшган Бразилия, Уругвай ва аргентиналикларни ҳисобга олишмади. Шунингдек, яқин ўтмишда «Скуадра адзурра»нинг муваффақиятида озми-кўп роль ўйнаган яна бир омадли «ориундо»  (аждодлари Апеннин ярим оролидаги мамлакатга бевосита боғлиқ футболчи) - Мауро Каморанези ҳам рўйхатга киритилмади. Яна жамоаси жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан юртда муқим яшайдиган миллат вакиллари четда қолдирилган. Мисол учун, басклар. Зеро, улар турли мамлакатларнинг миллий жамоалари таркибида ажойиб натижаларга эришганларки, бу ҳақда алоҳида гаплашиш керак. Қаранг, мағрур баск миллатига мансуб футболчилар нақ 5та миллий жамоа билан жаҳон чемпиони бўлишган! Аниқроғи, Уругвай, Бразилия, Аргентина, Франция ва Испания шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Қолаверса, аллақачон немис мазурлари номини олган славянлар авлодлари ҳам эътиборга олинмаган. Чунки уларнинг тарихий юртлари билан боғлиқликлари шартли, холос. Шунга қарамай, «бегона» мамлакат жамоаси сафида ЖЧ олтин медали ютганлардан яхшигина гуруҳ шаклланди.

Хорватия: Марио ВАРЛЕН

1934 йилги жаҳон чемпиони (Ита-лия терма жамоаси таркибида)

Умуман олганда, Хорватия ва жаҳон чемпионлари ўртасидаги алоқалар анча мустаҳкам. Ҳар ҳолда, жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарган футболчилардан икки нафари айнан шу мамлакат ҳудудида туғилган. Биринчиси - Марио Варлен. У Австро-Венгрия ҳудудида жойлашган Фиуме (ҳозирги Риека) шаҳридан. Қолаверса, Марио 22 ёшигача айнан Риекада яшаган, футболга шу ерда қадам ташлаган. Кейин эса «Ювентус» афсонасига айланиш баробарида «мовий гвардия» учун ўйнаб, жаҳон чемпиони мақомини ҳам олган. Айтганча, Хорватияда тузилган «кекса синьора» фан-клубига ака-ука Варлен (Жованни ҳам таниқли футболчи эди)лар номи берилган. Мариодан ташқари, 1950 йили Уругвай миллий жамоаси сафида жаҳон тожини кийган Эрнесто Видаль ҳам Хорватияда туғилган - Буе шаҳрида. Бироқ у асосан итальянларга бориб тақаладиган аждодлари билан фахрланади, яъни ўзини хорват санамайди. Қолаверса, таништиришга муҳтож бўлмаган Диего Марадонанинг «илдизи» ҳам хорватларга бегона эмас.

Руминия: Йозеф ПОЗИПАЛЬ

1954 йилги жаҳон чемпиони (ГФР терма жамоаси таркибида)

Мундиал-34дан 20 йил кейинга «силжиймиз» ва Руминияга табрик йўллаймиз. 1954 йил юз берган «Берн мўъжизаси» иштирокчиларидан бири Йозеф Позипаль шу мамлакатнинг Лугож шаҳрида таваллуд топган. Тўғри, Йозеф ота томондан барибир, этник немис ҳисобланади, аммо у нақ 16 йил  Руминияда яшаган. Демакки, Позипалнинг хотираларида Шарқий Европадаги бу мамлакатга ҳам жой бор, албатта. Шунингдек, 1974 йили ГФР терма жамоасида асли бельгиялик Херберт Виммер ҳам мундиал олтин медалини қўлга киритган. Бироқ Виммерлар оиласи Ғарбий Германияга кўчиб ўтган вақт бўлажак жаҳон чемпиони чақалоқ бўлган. Боз устига, Херберт миллати бўйича ҳам соф немисдир. Шунинг учун Бельгияни жаҳон чемпионига эга мамлакатлар қаторига қўшиш унча тўғри эмас.

Чили: Оскар ОРТИС

1978 йилги жаҳон чемпиони (Аргентина терма жамоаси таркибида)

Аргентина миллий жамоасининг биринчи марта жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишига ҳисса қўшган ярим ҳимоячи Чилининг Чакабуко провинциясида дунёга келган. Биласиз, КОНМЕБОЛ аъзоларидан Аргентина, Бразилия ва Уругвай термалари жаҳон кубогига сазовор бўлишган. Демакки, Оскар Ортис ҳисобига Жанубий Америкадаги чемпионлар «география»си нисбатан кенгаяди.

Украина: Пьетро ВЕРХОВОД

1982 йилги жаҳон чемпиони (Италия терма жамоаси таркибида)

Жаҳон чемпионати-82 ғолибларидан икки нафари бошқа мамлакатларга ифтихор туйғусини улашган. Тўғри, Клаудио Жентиле фақат шартли равишда. Зеро, у сицилияликлар оиласи фарзанди, аммо шунчаки, Ливияда туғилган. Пьетро Верховод эса ота томондан соф украин. Яъни унинг отаси - Иван Лукьянович иккинчи жаҳон уруши вақти асирга тушган ва кейинчалик Италияда муқим яшаб қолишга қарор қилган. Хуллас, Пьетро айнан Апеннинда туғилган. Украинчада айтсак, Пётр Иванович Верховод футболчилик фаолияти давомида «Ювентус», «Милан» ва «Рома» каби клубларда тўп сурган, «Сампдория»да эса чинакам афсонага айланган. Яъни Генуя жамоасида нақ 12 йил муваффақиятли ўйнаган.

Франция Гвианаси: Бернар ЛАМА

1998 йилги жаҳон чемпиони (Фран-ция терма жамоаси таркибида)

Франция Гвианаси терма жамоаси ЖЧ бир четда турсин, ҳаттоки, КОНКАКАФ «Олтин кубоги» турнири финал босқичига ҳам ҳали-вери чиқолмаса керак. Муҳими, Франциянинг денгиз орти департаменти саналган бу мамлакат ҳам ўз бағридан жаҳон чемпиони чиққани билан мақтаниши мумкин. Маълумот учун айтиш керак, аҳолиси атиги 200 минг кишига тенг ушбу мўъжаз юртда туғилган Бернар Лама ЖЧда шоҳсупадан жой олишдан ташқари, Франция миллий жамоасининг нақ 44та ўйинида иштирок этган. Умуман олганда, Франция термаси-98 ақл бовар қилмас даражада кўпмиллатли жамоа бўлганди. Қуйида бунга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Гваделупа: Лилиан Тюрам ва Бернар Диомед

Гваделупа ва Мартиника: Тьерри АНРИ

1998 йилги жаҳон чемпионлари (Франция терма жамоаси

таркибида)

«Учранглилар»нинг чемпион таркибида Кариб ҳавзасидаги кичик мамлакатларда таваллуд топган 3 нафар футболчи тўп сурган. Тьерри Анри доимо Антиль оролларига боғлиқ «илдизи» билан ўзгача фахрланади. Моҳир голеадорнинг отаси - Антуан Гваделупадан, онаси - Марис эса Мартиника фуқароси. Лилиан Тюрамга келсак, кучли иродаси ва чарчаш нималигини билмаслиги билан ажралиб турган футболчи Гваделупанинг энг йирик шаҳри - Пуэнт-а-Питрда таваллуд топган. Яна бир чемпион - Бернар Диомед ҳам айнан шу шаҳар вакили ҳисобланади.

Янги Каледония: Кристиан КАРАМБЁ

1998 йилги жаҳон чемпиони (Франция терма жамоаси

таркибида)

Улкан Осиёдан ҳали бирор жаҳон чемпиони чиқмаган. Футбол оламида айтарли каромат кўрсатмаган Океанияда эса чинакам чемпион вакили йўқ эмас. Кристиан Карамбё Лифуда туғилган. Бу шаҳар Янги Каледония ҳудудида. Географиядан хабарлари бор кишилар билишади, ушбу мамлакат Тинч океанида жойлашган ва Франция ҳудуди саналган. Айтганча, Янги Каледония терма жамоаси ФИФА рейтингида атиги 169-ўринда бўлсада, охирги 3та Океания миллатлар кубогида медаль ютди. Тўғри, олий пробали эмас, фақат кумуш (2 марта) ва бронза медалларини.

Арманистон: Юрий ЖОРКАЕФФ ва Ален БОГОССЯН

1998 йилги жаҳон чемпионлари (Фран-ция терма жамоаси таркибида)

Юрий Жоркаефф томирида қалмиқлар ва поляклар қони ҳам бор - отаси Жан томонидан. Катта Жоркаефф ҳам вақтида футболда ном қозонганини айтиш жоиз. Дейлик, у Франция миллий жамоасининг чамаси 50тача ўйинида майдонга тушган. Бироқ Юрийга онаси - Мари Оганян кўпроқ таъсир ўтказиб, уни арман маданиятига хос тарзда тарбиялаган. Шуни ҳисобга олсак, ЖЧ-98 ғолиби Арманистонга кўпроқ алоқадор. Қолаверса, кичик Жоркаефф арман диаспорасида улғайган ва онасининг миллатига боғлиқ ҳиссиётларини ҳеч қачон яширган эмас: «Арманлар қалбида алоҳида ўрин тутишимни доимо теран тушунганман ва бундан ўзгача ғурурланганман. Томирларимда арман қони оқаётганини ҳис этиб яшайман - бу ғоят ёқимли ҳиссиёт! Бобом Гаро Оганян бошлиқ саналган оиламизда доимо арман маданияти ҳукмрон бўлган. Кенжа ўғлимга айнан унинг шарафига  Оган деб исм қўйганмиз. Тўнғич фарзандимда эса 2та исми бор: русча - Саша ва арманча - Арам. Ўзимга келсак, худди акам каби арман ибодатхонасида никоҳдан ўтганман». Богоссянга тўхталсак, барчасини фамилияси кўрсатиб турибди. Ален муҳожирлар оиласида дунёга келган ва ҳаттоки, Арманистон миллий жамоасида ўйнаши ҳам мумкин эди. Ҳарқалай, уни 1996 йили расман таклиф қилишган, бироқ якунда Франция термасини танлаб, у билан мундиал олтин медалини ютди. Богоссян ўз қароридан афсусланмаса керак, Арманистон эса бирданига икки нафар жаҳон чемпиони билан ғурурланишга ҳақли.

Сенегал ва Кабо-Верде: Патрик ВИЕЙРА

1998 йилги жаҳон чемпиони (Франция терма жамоаси

таркибида)

Виейранинг тарихи умуман чалкаш. Эшитинг, Патрик Сенегалда туғилган ва 8 ёшга тўлгунича асли  Кабо-верделиклар яшайдиган ҳудудда улғайган. Зеро, футболчининг онаси айнан шу юртдан. Шундай экан, Африканинг ҳар икки мамлакати «ҳақи» бор. Чунончи, Патрикнинг ютуқлари ҳам сенегалликлар, ҳам Кабо-верделикларда фахр туйғусини уйғотиши тайин.

Жазоир: Зайниддин ЗИДАН

1998 йилги жаҳон чемпиони (Франция терма жамоаси

таркибида)

Зиданлар оиласи Францияга қиёси йўқ бўлажак юлдуз - Зизунинг туғилишидан 12 йил олдин кўчиб ўтишган. Шунга қарамай, Зайниддин ва Жазоир ўртасида мустаҳкам алоқа ришталари бор. Хусусан, жаҳон футболидаги бош афсоналардан бири аждодлари юртига доимо катта ҳурмат назари билан қарайди. Ёрқин мисол тариқасида Зиданнинг Шимолий Африкадаги ушбу мамлакатда хайрия фаолиятини йўлга қўйганини айтиш мумкин. Дарвоқе, Франция футболи фахри Жазоир давлат мукофти билан тақдирланган.

Гана: Марсель ДЕСАЙИ ва Жером БОАТЕНГ

Десайи - 1998 йилги жаҳон чемпиони (Франция терма жа-моаси таркибида)

Боатенг - 2014 йилги жаҳон чемпиони (Германия терма

жамоаси таркибида)

Французларнинг 1998 йилги ва немисларнинг 2014 йилги зафарларида Ганадан чиққан футболчиларнинг қўли бор. Десайи бу мамлакат пойтахти - Аккрада туғилган ва 4 ёшга тўлганида оиласи Францияга кўчиб ўтган. Жеромга келсак, маълумки, унинг туғишган акаси айнан Гана миллий жамоасида ўйнайди. У Кевин-Принц Боатенгдан фарқли ўлароқ, «қора марваридлар» жамоасида ўйнаш таклифини рад этиб, бундестимни танлаган.

Тунис: Сами ХЕДИРА

2014 йилги жаҳон чемпиони (Германия терма жамоаси таркибида)

Аждодлари тунисликларга бориб тақаладиган Сами бир йил давомида ҳам Европа Чемпионлар Лигаси, ҳам жаҳон чемпионатида ғалабани тантана қилган саноқли футболчилардан саналади. Тўғри, Хедиранинг онаси немис аёли, аммо отаси соф араб. Яъни катта Хедира Тунисдан.

Туркия: Месут ОЗИЛ

2014 йилги жаҳон чемпиони (Германия терма жамоаси таркибида)

Туркия - Месут Озилнинг боболари ватани. Ҳа, ярим ҳимоячи ўзини ҳақиқий немисдек ҳис этишини тинмай таъкидлайди. У шунингдек, агар имкон берилган тақдирда ҳам, ҳеч қачон Туркия миллий жамоасида ўйнашга кўнмаслигини кўп такрорлаган. Лекин факт шуки, унинг томирида турклар қони оқади. Тўғри, Туркияда Озилни унча хуш кўрмасликлари ҳам айни ҳақиқат. Сабаби - унинг Германияга нисбатан ватанпарварлик туйғуси...

Албания: Шкодран МУСТАФИ

2014 йилги жаҳон чемпиони (Германия терма жамоаси таркибида)

Озилдан фарқли ўлароқ, Мустафи ўзини албан санайди. Яъни Германия жамиятида улғайганига қарамай, ўз миллатига меҳрни йўқотган эмас. Дейлик, Шкодран Бразилия мундиали финалидан кейинги хурсандчилик онларида Албания миллий байроғини кўтарганча суратга тушди ва оташин гап айтишни ҳам унутмади: «Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан биринчи албанман - бундан алоҳида фахрланаман!»

Польша: Мирослав КЛОЗЕ ва Лукаш ПОДОЛЬСКИ

2014 йилги жаҳон чемпионлари (Германия терма жамоаси таркибида)

Ҳар икки футболчи Польшада туғилган. Лукашнинг онаси бу мамлакатнинг гандбол клуби - «Кадр»да ўйнаган. Отаси эса профессионал даражада футбол билан шуғулланган. Улар Германияга кўчиб ўтган вақт Польди атиги 2 ёшда бўлган. Шунга қарамай, бўлажак ҳужумчи поляк эканлигини теран тушуниб улғайган. Клозенинг эса онаси - пол-як, отаси - немис. Шунинг учунми, у миллати бўйича бериладиган саволларга доимо лўндагина жавоб қайтаради: «Мен европаликман, тамом». Яъни икки томонни ҳам ранжитмайди. Мирослав шунинг баробарида немисчага нисбатан полякчада равонроқ гапиришини яширмайди. Негаки, жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарнинг хонадонида асосан славян тилидан фойдаланилади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz