Қайднома

Қидирув

Оскар барчадан ўзиб кетди!

Оскар барчадан ўзиб кетди!

  11.01.2017 22:01
  0
  451
Оскар барчадан ўзиб кетди!

«Челси»нинг 25 ёшли бразилиялик ярим ҳимоячиси Оскарнинг Хитойга йўл олиши муносабати билан ОФК расмий сайти ушбу рекорд трансферга алоҳида эътибор қаратди. Маълумотларга кўра, Хитойнинг «Шанхай SIPG» клуби Оскар учун «Челси»га 70,5 миллион евро тўлаган. Бу эса Осиё трансфер бозоридаги энг юқори (ҳозирча) сумма ҳисобланади. Мазкур рекорд 2016 йил 23 декабрда қайд этилди.

Бунгача ҳам футболчиларга рекорд сумма тўлаш айнан ушбу клубга тегишли бўлиб, «Шанхай SIPG» ўтган мавсум бошида бошқа бир бразилиялик футболчи Халк учун 55,8 миллион евродан воз кечганди. 2016 йилнинг ўзида Осиёда трансферлар рекорди нақ 6 марта янгиланди. Буни албатта, қитъа футболи учун оламшумул воқелик деса бўлади. Қуйида сўнгги икки йил ичида Осиёдаги трансфер рекордлари ва рекорд соҳибларининг натижаларига назар ташласак.

1-рекорд. 2015 йил 26 январь. БААнинг «Ал-Аҳли» клуби Бразилиянинг «Крузейро»сидан Эвертон Рибейрони 15 млн. еврога харид қилди. Ушбу футболчи янги жамоаси сафида 60 марта майдонга тушиб, 17та гол урди, дебют мавсумидаёқ ОЧЛ финалчисига айланди. Космин Олариу бошчилигидаги «Ал-Аҳли» чемпион бўлган сўнгги мавсумда у чемпионат баҳсларида 9та голли узатмага муаллифлик қилди. Бу борада  чемпионатда Умар Абдулраҳмондан («Ал-Айн») ортда қолди, холос.

2-рекорд. 2015 йил 31 август. БААнинг «Ал-Аҳли» клуби Туркиянинг «Фенербахче» жамоасидан Мусса Соуни 16 млн. еврога харид қилди. Жорий клуб сафида 30 марта майдонга тушиб, 16та гол урган бу футболчи дебют мавсумидаёқ ОЧЛ финалчиси ва БАА чемпионига айланди. 2016 йил 31 августда яна «Фенербахче»га қайтди. Фақат бу сафар ижара ҳуқуқи асосида.

3-рекорд. 2016 йил 21 январь. Хитой суперлигасининг «Шанхай SIPG» клуби ўз рақобатчиси «Гуанжоу Эвергранд»дан Элкесонни 18,5 млн. евро (132 млн. юан)га харид қилди. Ушбу клуб сафида 36 марта майдонга тушиб, 14та гол урган футболчи олдинги клубида чемпионат ва қитъа миқёсидаги кўплаб ютуқларга эришганди. Янги клубида эса ҳозирча совриндор бўла олмади. Якунланган мавсумда унинг клубдоши Ву Лей чемпионат баҳсларида 14та гол уриб, ундан фойдалироқ эканлигини кўрсатмоқчи бўлди. Лекин Элкесон голли узатмалар (12та) борасида чемпионатда Гао Лин («Гуанжоу Эвергранд») билан бирга пешқадамлик қилди.

4-рекорд. 2016 йил 27 январь. Хитой суперлигасининг «Жиангсу Сунинг» клуби Лондоннинг «Челси» клубидан Рамиресни 28 млн. еврога харид қилди. Бу рекорд атиги 7 кун амал қилди, холос. Бразилиялик футболчи ушбу клуб сафида 32 марта майдонга тушиб, 4та гол урган. ОЧЛдаги дебют баҳси («Чонбук Моторс»га қарши)да қизил карточка олди.

5-рекорд. 2016 йил 3 февраль. Хитой суперлигасининг «Гуанжоу Эвергранд» клуби Мадриднинг «Атлетико» клубидан Жексон Мартинесни 42 млн. еврога харид қилди. Бу рекорд атиги икки кун ушланиб турди, холос. Футболчи 2016 йил 24 февраль куни «Поханг Стилерс»га қарши ОЧЛ баҳсида дебют қилди. Мазкур клуб сафида 16 марта майдонга тушиб, 4та гол урди. Хитой чемпионлиги, мамлакат кубоги, суперкубогини қўлга киритди.

6-рекорд. 2016 йил 5 февраль. Хитой суперлигасининг «Жиангсу Сунинг» клуби Донецкнинг «Шахтёр» клубидан Алекс Тейшейрани 50 млн. еврога харид қилди. Ушбу футболчи учун «Ливерпуль» 2016 йил январь ойида 32 млн. евро таклиф қилган, лекин Донецк жамоаси бироз кутишга қарор қилганди. Хитойдан келган 50 млн.ли таклиф олдида эса улар ожиз қолишди ва футболчини Чин ўлкасига «экспорт» қилишди. Янги клуби билан 4 йиллик шартномага имзо чеккан Алекс Тейшейра жамоа сафида 42 марта майдонга тушиб, 19та гол урди. Суперлигадаги дебют баҳси («Шандон Луненг»га қарши)да 2та тўп киритди.

7-рекорд. 2016 йил 30 июнь. Хитой суперлигасининг «Шанхай SIPG» клуби «Зенит»дан Халкни 55,8 млн. еврога харид қилди. Унинг ўзига эса ҳафтасига 384 минг, йилига 20 млн. евро маош белгиланди. Лекин Халк янги клуби ўйинларига сентябрь ойларида киришди, чунки орада жароҳатини даволатиш билан банд бўлди. Бразилиялик ярим ҳимоячи Хитой жамоаси сафида 8 марта майдонга тушиб, 5та гол урди. Халк ўзининг «Инстаграм»даги саҳифасига видео жойлади. Унда футболчининг қум тўлдирилган қопни арқон билан белига боғлаб, қумли майдонда судраётгани акс этган. Бу орқали ўйинчи ўз танасининг чидамкорлиги ва тезкорлигини оширмоқда. Мазкур видео Оскар билан шартнома имзоланган куни тарқалгани эса янада ажабланарли.

8-рекорд. 2016 йил 23 декабрь. Хитой суперлигасининг «Шанхай SIPG» клуби «Челси»дан Оскарни 70,5 млн. еврога харид қилди. The Times маълумотига кўра, бразилиялик футболчи йилига 20 миллион фунт (ҳафтасига 400 минг фунт, солиқлар чиқариб ташлангандан кейин 90 минг фунт) миқдорида маош олади. 4 ноябрь санасида Шанхай клубига бош мураббий этиб тайинланган Виллаш-Боаш 25 ёшли юксак иқтидор соҳибини жуда яхши танийди. Маҳоратли ярим ҳимоячининг янги клубига қанчалик киришиб кетганига янги мавсум давомида баҳо берармиз.

Оскар ҳақида билган ва билмаганларимиз. 3 ёшга тўлганида унинг отасини ўлдириб кетишган. Оскар - ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида (2011 йил) «хет-трик» қайд этган ягона футболчи. 2012 йил 16 июлда 19,35 млн. евро эвазига Бразилиянинг «Интернасьонал» клубидан «Челси»га ўтди. Лондонга келгач, қўшнилари Хуан Мата ва Георгиос Карагунис билан бирга инглиз тили курсларига қатнай бошлади. Рафиқаси - болаликдаги тенгдоши, асли келиб чиқиши япон бўлган Людмила. 2014 йил 5 июлда қиз фарзандли бўлгач, унга Жулия деб исм қўйишди.

ХИТОЙ СУПЕРЛИГАСИ ТЎХТАЙДИМИ?

Охирги бир йил ичида Хитой суперлигасининг трансфер бозорига шиддат билан кириб келиши ҳамма ёқни «ағдар-тўнтар» қилиб юборди. Чин ўлкасининг учта клуби - «Шанхай SIPG», «Гуанжоу Эвергранд» ва «Жиангсу Сунинг» янги футболчиларни сотиб олиш учун улкан миқдорда маблағ ажратишга киришдилар. Аввалига «Жиангсу Сунинг» 28 миллион эвазига Рамиресни қўлга киритган бўлса, кейинчалик «Гуанжоу Эвергранд» ҳам бўш келмай, «Атлетико»дан Жексон Мартинесни 42 миллион евро эвазига сотиб олди. Орадан кўп ўтмай «Жиангсу Сунинг» яна нархни оширди ва «Шахтёр»даги Алекс Тейшейра учун 50 миллион тўлади. Охирги иккита рекорд трансфер эса «Шанхай SIPG»га тегишли. Бу клуб икки футболчи - Халк ва Оскар учун 126 миллион евродан кўпроқ пул сарфлади. Мана энди, бразилиялик футболчилар Осиё Чемпионлар Лигасида Хитой клуби шарафини ҳимоя қилишади.

Маълумот ўрнида айтайлик, 2016 йил 26 декабрь ҳолатига кўра, айни пайтда 19 нафар бразилиялик футболчиларнинг жорий мавсум учун Хитой суперклублари билан шартномаси бор. «Анжи»да ўйнаган яна бир бразилиялик Жусилей эса Фаластин фуқароси сифатида осиёлик футболчилар лимитига тушмоқчи. Бу ўз-ўзидан Одил Аҳмедовнинг «Шандон Луненг»га ўтишини сўроқ остида қолдиради.

Ping An Insurance компанияси титул ҳомий сифатида 2016 йил учун 181,5 млн. Хитой юани ажратган. Мазкур чемпионат баҳсларини Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада, Бразилия, Гана каби мамлакатларга лицензия шартномаси асосида трансляция қилишади. Хитойнинг бу уч клубидан ташқари «Хэбэй Чайна Форчун» (2016 йилги мавсумда 7-ўрин соҳиби) Лионель Мессига оламшумул таклиф юборганидан бутун жаҳон оммасининг хабари бор, албатта. Бундан ташқари, ушбу клубга чилилик таниқли мураббий Мануэль Пеллегрини бош мураббий бўлиб келган!

БАА про-лигаси ва Қатар юлдузлар лигаси ҳам отни қамчилаши керак. Уларда сармоя етарли, Осиёдаги футбол трансферлари борасидаги рекордларни исталган дақиқада ўгартириб юборишлари мумкин.

Хулоса. Маълумки, Хитойда суперлига қишки трансфер ойнаси 2017 йил 1 январдан 28 февралгача очиқ бўлади. Демак, Оскарнинг рекорди янгиланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Хитойнинг трансферлар оламида инқилоб ясаши футбол учун яхшими? Бунга ҳозирча аниқ жавоб бера олмаймиз. Нима, ўзбек мухлислари Халк, Оскар ёки Анхель ди Мария (яқин орада балким) каби юлдузларни жонли равишда кўрсалар, буни нимаси ёмон?

ОСИЁДАН ЕВРОПАГА КЕТГАН ЭНГ ҚИММАТ ФУТБОЛЧИ

Катта футболга «Гамбург» клуби орқали кириб келган Сон Хюн Минни Жанубий Кореяда жуда яхши кўришади. «Манчестер Юнайтед»да жавлон урган Парк Жи Сундан кейин корейс фанатлари зерикиб қолмайдиган бўлишди. 2013 йил 13 июнда «Байер» уни гамбургликлардан 10 млн. еврога сотиб олди. 2015 йил 28 августида эса «Тоттенхэм» Мин учун «доришунослар»га 30 млн. доллар тўлади. Бу Осиё футболи тарихидаги энг қиммат трансфер ҳисобланади. Чунки 2001 йилда япониялик Хидетоши Наката 25 млн. доллар эвазига «Рома»дан «Парма»га сотилганидан бери Осиё футболчилари орасида бунчалик қиммат трансфер қайд этилмаётган эди.

Фикрат тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 25 60
2 Манчестер Сити 25 52
3 Тоттенхэм 25 50
4 Арсенал 25 50
5 Ливерпуль 25 49
6 Манчестер Юнайтед 25 48
7 Эвертон 25 41
8 Вест Бромвич 25 37
9 Сток Сити 25 32
10 Вест Хэм 25 32
11 Саутгемптон 25 30
12 Бёрнли 25 30
13 Уотфорд 25 30
14 Борнмут 25 26
15 Суонси 25 24
16 Мидлсбро 25 22
17 Лестер 25 21
18 Халл Сити 25 20
19 Кристал Пэлас 25 19
20 Сандерленд 25 19
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ИНТЕРФУТБОЛНИНГ ЯНГИ СОНИ ЮРТИМИЗ БЎЙЛАБ СОТУВДА

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.