Қайднома

Қидирув

Матс Хуммельс: «Клоппнинг мухлисиман»

Матс Хуммельс: «Клоппнинг мухлисиман»

  13.01.2017 03:31
  0
  903
Матс Хуммельс: «Клоппнинг мухлисиман»

«Бавария» ҳимоячиси Матс Хуммельс The Daily Mail нашрига берган интервьюсида Англияга йўл олмай, нима учун Мюнхен клубини танлагани ҳақида гапириб ўтди. Яқинда Матс ўзи туғилган Мюнхенга қайтди. Бу шаҳар жаҳонга Октоберфест фестивалини тақдим этган.

- Пивони хушламайман, — дейди Хуммельс. - Менга унинг таъми ёқмайди. Ҳаётим давомида 15 мартача татиб кўрганман. Гарчи Октоберфестда улғайган бўлсамда, бу ичимликка кўникмаганман.

Хуммельс барчанинг диққат марказида бўлишни унчалик хуш кўрмайди. Кўпчиликнинг фикрича, у можароли тарзда Дортмунднинг «Боруссия»сини «Бавария»га алиштирган. Матс Уэйн Рунининг ўйинларига қизиқади. Ўзининг айтишича, «МЮ»да Уэйн билан бирга ўйнаш имкониятига эга бўлган.

- Унинг атрофидаги гап-сўзлар менга ёқмайди. Бундай ҳолатга ўзим ҳам тушганман. Англияда ҳозир нима бўлаётгани мени қизиқтиради. Руни «МЮ»да неча йилдан буён ўйнайди? 12... Англия терма жамоасида неча йилдан буён етакчи? 10... Балки унданам ҳам кўпдир? Лекин ҳар доим юқори савия намойиш қилиш имконсиз.

Дэвид Мойес 2013 йили Хуммельс­ни «МЮ»га таклиф қилмоқчи бўлган. Орадан бир йил ўтиб, Луи ван Гал ҳам уриниб кўрди. Аммо ҳимоячи Германияда қолишни маъқул кўрди.

- «Юнайтед»га ўтишга жуда яқин эдим. Сўнгги йилларда бир неча бор музокара ўтказганмиз. Англиядан ташқари, Испания гранд клубидан ҳам таклиф олганман. Лекин ҳеч ким «МЮ» сингари жиддий қизиқмаган. Ван Гал Манчестерга кўчиб ўтишимни жуда хоҳлаганди. Нима қилган тақдирда ҳам энди Англияда ўйнашим қийин. Бир ойдан сўнг 28 ёшга тўламан. «Бавария» билан эса беш йиллик шартномам бор.

Хуммельснинг Англия премьер-лигасига йўл олмаганига сабабчи «Боруссия»нинг ўша пайтдаги устози Юрген Клоппдир. Унинг Матсга таъсири жуда катта бўлган. Апрель ойида ҳимоячининг «Бавария»га ўтиши тўғрисида хабарлар тарқаганда, «Ливерпуль» устози уни қўллаган биринчи инсон бўлди, десак муболаға бўлмас.

Хуммельснинг айтишича, Клопп­сиз ҳозирги даражасига чиқа олмас экан. Улар жуда яқин муносабатда бўлишган. 27 ёшли футболчи Клопп «Гамбург»га қарши кечган баҳснинг сўнгги дақиқасидаги голни нишонлай туриб, кўзойнагини синдириб олганини кулиб эслайди.

- У «Ливерпул»да ҳам шу ишни қилдими? Бошқа мураббий бўлганида, Дортмундда муваффақият қозона олмасдик. У жуда эҳтиросли. Агар Клопп бажариб бўлмас вазифани юкласа, хатога йўл қўйганини кейинроқ тушуниб етади. Аммо бунинг учун узр сўрашни унутмайди. Юрген барчасини ўзига олавермайди. «Ливерпул»нинг фанатиман, дея олмайман, Англияда ёқтирган жамоам йўқ. Шунчаки, Клоппнинг ғалаба қозонишини истайман. Агар у бошқа жамоага устозлик қилганида, айнан ўша клубга мухлислик қиламан. Бир сўз билан айтганда, Клоппнинг мухлисиман!

Хуммельснинг таъкидлашича, унинг кумири Зайниддин Зидан бўлган экан. Чунки Матс 15 ёшига қадар ҳужум чизиғида ўйнаган. Энг қизиғи, буни инглиз тилида бемалол айтади. Қандай қилиб бу тилни ўрганган?

- Инглиз тили мактабида ўқиганман. Кейинчалик уни ўзлаштириб борганман. Айниқса, инглиз тилидаги кўрсатувларни томоша қилиш анча ёрдам берган. Шунингдек, «Тахтлар ўйини» сериалини инглизчада томоша қилганман. Айни пайт бошқа бир давомли фильмни ҳам инглиз тилида кўряпман. Тўғри, бу сериал асосан испанчада ишланган. Лекин бу тилни ҳам оз-моз биламан.

Дортмундни Мюнхенга алиштиришдан олдин Хуммельс икки ой қийналиб юрди. Якунда ўтишга қарор қилди. Ҳозирча жамоанинг натижалари унчалик яхши эмас. Хусусан, «Бавария» ЕЧЛда гуруҳда иккинчи бўлди. Биринчи ўрин «Атлетико»га насиб қилди. Бироқ Хуммельснинг фикрича, «Бавария»­нинг Карло Анчелотти бошқарувида келажаги порлоқ.

- Ким учундир «Бавария»га ўтиш қарорим оғриқли бўлганини биламан. Лекин ўзим, рафиқам Кэти, оилам ва дўстларимни ўйлашим керак эди. Соғинган жойимга қайтиш имконияти туғилганди. Шунчаки, Мюнхенга келишни истагандим.

Football.ua - Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz