Қайднома

Қидирув

Африкага йўл

Африкага йўл

  13.01.2017 06:22
  0
  1467
Африкага йўл

«Локомотив» сафида Кот-Д’ивуарлик икки футболчи кўрикдан ўтмоқда. Клуб расмий сайти томонидан тар­қатилган бу хабар биздан ташқари ҳам анча-мунча ишқибозни хурсанд қилган бўлса керак. Олий лиганинг бир хил, «оқ-қора» ўйинларидан зериккан мухлис Молдова, Сербия, Россия ёки Украинадан таш­қари исталган давлатдан келадиган легионерга хурсанд бўлиши турган гап.

ЎША ЖЕПАРОВ,ЎША КАПАДЗЕ

Ўтган мавсум «Локомотив» чемпион бўлди. Лекин стадионга келган мухлислар ададини маълум қилишга клубнинг ҳеч бир ходими жазм эта олмаса керак. Уялишади. Ўзи шундоқ ҳам кўп мухлис сиғмайдиган арена трибуналари бўш туриши - ёқимли ҳолат эмас. Асосан 15 ёшгача бўлган болакайлардан иборат «бир ҳовуч» мухлисларнинг клуб номини айтиб бақиришлари эса бу манзарага улуғворлик бағишламаслиги аниқ. Айтмасак ҳам, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» чемпион бўлган аввалги йилларда стадионга кўп мухлис келмаганини яхши биласиз. Нима учун? Бу саволнинг жавоби ҳам тайин.

Хўш, мухлис стадионга нима учун келсин? Нима, «тўпни ол, олдинга теп» қабилидаги ўйинни кўрмабдими? Марат Бикмаевнинг югур-югурини 15 йилдан буён томоша қиламиз, ёд бўлиб кетган. Сервер Жепаров ва Темур Кападзе эса мактаб партасидан буён бирга бўлишса ажаб эмас. Бу футболчилар «Пахтакор» сафида бирга чемпион бўлишган, ке­йин «Бунёдкор» билан шу ишни уддалашди, энди «Локомотив» билан. Хўп, нима қилибди? Эгнидаги либос ранги ўзгарганини айтмаса, ўша Жепаров, ўша Кападзе. Мухлис эса янги номларни кўришни истайди. Иложи бўлса, ҳар йили...

«ЁВВОЙИ» ДРИБЛИНГ

Дунёнинг исталган чемпионатида завқ ва шиддатни кўп ҳолларда легионерлар беради. Аслида, улар шунинг учун ҳам таклиф этиладилар. Алдамчи ҳаракатлар бўлмаса, «ёввойи» дриблинг кўрсатиб, чал­қанча зарба бериб турилмаса, футбол томоша қилишнинг нима кераги бор? Шу сабабли ҳам Европанинг энг олди клубларидан тортиб, аутсайдерларгача Жанубий Америка ва Африкадан футболчи олиб келишга ҳаракат қилишади. Ўз навбатида, футболчиларнинг энг улкан мақсади ҳам Европага йўл олиш. «Кўҳна қитъа»нинг тактик жиҳатдан кучли футболига океан-орти ва «қора қитъа» вакилларининг бемисл техникаси зеб беради. 

Бизда эса вазият ўзгача. Ҳайтовур, вилоятларда футбол томоша қилгани стадионга бориб туришади. Аммо пойтахтда вазият буткул бошқача. У ерда шунчаки, олий лига учрашуви бўлгани учунгина келишмайди. Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, пойтахтда Ўзбекистон терма жамоаси иштирокида йилига бир-иккита бўлса ҳам юқори савиядаги ўйин бўлиб туради. Бунақа баҳсни бир марта кўрган мухлисда олий лиганинг беҳафсала ўйинига тоқат қолмайди. Боз устига, томоша қилинадиган ўйин сифати сарфланадиган вақтга муносиб бўлиши лозим. Олий лигада бирорта учрашув шунга арзийди, деб ўйлайсизми?

ОРАХОВАЦ-АЛЕМПИЕВИЧ-ЯНИЧИЧ

Айнан мана шу сабабларга кўра, Ўзбекистон чемпионатига бўлган қизиқиш суст десак, баҳслашадиган одам кўп топилмаса керак. Хўш, вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак? Энг аввало, легионерлар масаласига бошқача муносабатда бўлиш лозим. Ҳозирда бизга келаётган футболчиларнинг аксарияти савия ва услуб жиҳатидан маҳаллий футболчилардан кўп ҳам фарқ қилмайди. «Пахтакор»­дан Аднан Ораховац, «Бунёдкор»дан Александр Алемпиевич ва «Локомотив»дан Неманья Яничич ўрнига бирор ўзбек футболчисини майдонга тушириб юборсангиз, кимдир билиб, кимдир эса билмай қолади.

Агар кимдир шу легионерларнинг ўйинини томоша қилиш учун атайлаб стадионга келса, демак у футболнинг ашаддий эмас, суперашаддий мухлиси экан. Бундайлар эса бизда кўп эмас. Ишонмасангиз, стадионларимизга бир қаранг. Мухлис кўпмикан? Тўғри, кўп эмас. Чунки ҳали бирор марта «Мен Ораховацнинг (Алемпиевичнинг ёки Яничичнинг) ашаддий мухлисиман», деган одамни кўрмадик. Кўрмаймиз ҳам-да. Уларнинг қайси кароматига ишқибоз бўласиз?

САРДОР РАШИДОВ

Ёдингизда бўлса, 2014 йилги мавсум бошида «Бунёдкор» стадионига мухлислар ташрифи анча жонланиб қолган эди. Чунки у ерда Сардор Рашидов бор эди. Бу футболчи ҳозир унча яхши формада эмас, ҳар ҳолда, Ўзбекистон терма жамоасида аввалгидек ўзини кўрсата олмаяпти. Айтишларича, «Ал-Жаиш»да бошқача ўйнаяпти экан, голлар ураётганини эшитиб турибмиз. Аммо майли, ҳозир мавзу бу ҳақда эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, Сардор Рашидовда барибир, бошқа футболчиларимизга ўхшамаган жиҳатлар бор. У ўзбек футболи учун бирозгина ноодатий ўйин намойиш қилиб юборган эди, мухлислар ҳам стадионга келишни бошладилар. Унда дриблинг бор, тезлиги яхши ва узоқдан зарба беришдан асло тортинмайди. Қайсидир жиҳатлари билан Криштиану Роналдуни ҳам эслатиб юборади. Шу боис «Бунёдкор»га одамлар келди. Яхши футболчи шунақа бўлади. Мухлисларни стадионга чорлай олади. Ҳозирги футбол эса шунчаки «югур-теп». Акс ҳолда, нима учун мухлислар аренага келмаяпти?

МЕНТАЛИТЕТ

Ўзбек футболида индивидуал жиҳатдан кучли ўйинчилар кўп эмас. Чунки бунақа футболчиларни тарбиялашни менталитет кўтармайди. Энди футболда атак-чечак қилишни бошлаган болакай рақибини алдаб ўтаман, деб тўпни олдириб қўйса, сўкишнинг зўрини эшитади. Кейин тинч­гина пас бериб қўя қолади. Бундай муаммо бир бизда эмас, МДҲнинг деярли барча давлатларида сақланиб қолган. Ўша қобиқдан чиқиб кетиш қийин бўляпти. Масалан, мутахассислар томонидан Қозоғистон чемпионатида кўпроқ жисмоний тайёргарликка эътибор берилиши айтилади, Ўзбекистон чемпионатида эса тактикага. Бу гаплар қай даражада тўғри эканини билмаймиз, чунки Қозоғистон чемпионатини мунтазам равишда кузатиб бормаймиз, олий лигада эса қандай тактика асосида ўйналишини ҳар доим ҳам тушунавермаймиз. Аммо бир масалада ўша қарашларга қўшилиш мумкин, бизда ҳам, Қозоғистонда ҳам индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар етишмайди. Худди шу гапни Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳақида ҳам айтиш мумкин. Россияда Андрей Аршавин яқин ўн йилликнинг энг яхши футболчиси бўлса, у ҳам Европа даражасида ўртамиёна ўйинчи эди, холос.

Бу қобиқни ёриб ўтиш учун эса яхши савиядаги легионерлар керак бўлади. Аммо Украина ва Россиядан ўйинчи чақираверсак, баттар қобиққа ўралиб қолмаймизми?

КОТ-Д`ИВУАРЛИКФУТБОЛЧИЛАР

Энди «Локомотив»га таклиф этилган Кот-Д`ивуарлик футболчиларга қайт­сак. Клуб расмий сайтида хабар қилинишича, 23 ёшли марказий ҳимоячи Муҳаммад Гнонтча Коне ва 19 ёшли ҳужумчи Гнохоре Кризо ҳозирча фақат кўрикдан ўтишмоқда. Агар мураббийлар штабида илиқ таассурот қолдиришса, улар билан шартнома имзоланиши мумкин. «Олмалиқ»қа қарши кечган ўртоқлик ўйинида Гнохоре Кризо иккита гол урганини инобатга оладиган бўлсак, таассурот ижобий бўлиши эҳтимоли катта эканини тахмин қилиш мумкин.

Хўш, бу футболчилар «Локомотив»­га, хусусан, ўзбек футболига нима бера олишади? Биз ҳозирча уларнинг иқтидори қай даражада эканини билмаймиз. Балки савия жиҳатидан бошқа легионерлардан фарқ қилмас. Аммо шунда ҳам «Локомотив» бошлаган ташаббус ижобий эканини барибир, такрорлашдан чарчамаймиз. Нима учун? Чунки «темирйўлчилар» ўзбек футболида легионерлар борасида янги йўналиш очиб беришга яқин туришибди. Шу вақтга қадар ўзбек клублари Африка ва Жанубий Америкага у қадар эътибор беришмас эди. Бунинг сабабини ҳам сўраганмиз. Айтишларича, уларда интизом масаласи муаммо экан. Шунинг учун ортиқча ғавғо билан бошларини қотирмаслик учун бундай легионерлардан узоқроқ юришади. Украина ва Россиядан келадиганлар эса яхши, гапга тушунишади. Масаланинг моҳиятини кўряпсизми?

МУСО ВА ДЕМБЕЛЕ

Аслида, яхши легионер топиш нафақат Ўзбекистон чемпионати, балки ҳамма жойда муаммо. Буни яхши тушунамиз. Масалан, Россияда яхши савиядаги бир футболчини саралаб олиш учун тўрт-беш легионерни кўздан кечиришга тўғри келади. Кимдир ўта иқтидорли бўлиши, аммо Россиянинг совуғида ўзини кўрсата олмаслиги мумкин. Бошқасида эса «адаптация» масаласи муаммо. Мана шундай машмашаларга сабр қилганлар якунда Аҳмад Мусо, Дембеле ва Веллингтон каби ўйинчиларга эга чиқишади.

«Локомотив» ҳам мана шу йўлдан кетишга яқин турибди. Майли, ҳозир таклиф этилган ўйинчилар ишончни оқлай олмаслар, аммо Африка бозорини ўрганишда давом этиш лозим. Қачондир клуб ўз Дембеле ва Мусосини топиши турган гап. Шунга эришилса, бошқа футболчилар билан боғлиқ харажатлар ҳам чиқиб кетади. Ҳозир яхши легионерни Ўзбекис­тон чемпионатига олиб келиш аввалгидан осон. Чунки Хитой бутун дунёдан юлдузларни йиғиб олмоқда. Араблар эса анчадан буён шу иш билан машғул. Легионерлар ўзбек клубларида ўзини кўрсатиш орқали уларнинг эътиборига тушиш мумкинлигини яхши биладилар. Ахир Африканинг қайсидир бурчагида ўйнагандан кўра, Осиё Чемпионлар Лигасида тўп сурган афзал эмасми?

ЯКУНДА

Энди муҳими - мана шу бошланган ишни охирига етказиш. Бу йўлда «Локомотив»га улкан сабр ва матонат тилаймиз. Ва шу билан бирга, бошқа клублардан ҳам худди шундай тадбир кутиб қоламиз. «Бунёдкор»дан барча легионерлар кетди - Сато Минори, Александр Алемпиевич ва Юрица Булят энди ўз бахтини бошқа ўлкалардан излайди. Улар орасида фақат Минорига ачиниш мумкин, ҳар ҳолда ёмон футболчи эмас эди. Бошқаларга эса бемалол оқ йўл тилаймиз. Энди биз учун муҳим савол - уларнинг ўрнини ким эгаллайди? Яна янги «Булятлар»ни кўрамизми ёки янги мавсумда бизни «Бунёдкор» стадионига боришга мажбур қила оладиган кимдир келадими?

Мухлисларни мана шу савол жавоби кўпроқ қизиқтиради.

Зафар ҚОСИМОВ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz