Қайднома

Қидирув

Дилшод Раҳматов: «Шанхайдагилар Аҳмедовнинг суратини кўрсатиб, роса мақтанишди»

Дилшод Раҳматов: «Шанхайдагилар Аҳмедовнинг суратини кўрсатиб, роса мақтанишди»

  12.01.2017 19:58
  0
  3205
Дилшод Раҳматов: «Шанхайдагилар Аҳмедовнинг суратини кўрсатиб, роса мақтанишди»

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Дилшод Раҳматов фаолиятини Хитой чемпионатида давом эттиряпти. Тажрибали футзалчимиз Чин юртининг «Дальян Пуван Анбо» клуби билан шартнома имзолади. Клуб ва Раҳматов ўртасидаги келишув бир йилга мўлжалланган. Агар ҳаммаси рисоладигидек давом этса, шартнома яна бир йилга узайтирилади. Бу клуб ўтган мавсумда Хитой вице-чемпиони бўлган эди. Ҳозирча ўтказилган учта турдан сўнг Хитой чемпионатида айнан «Дальян» клуби 9 очко билан тўплар нисбатига кўра пешқадамлик қиляпти. «Шеньжень» клуби ҳам пешқадамлар сафида бормоқда. Маълумот учун, Хитой чемпионатида 10та жамоа иштирок этяпти. 2016 йилнинг сўнгги кунида, яъни 31 декабрь санаси футзалчимиз ўйнаётган «Дальян Пуван Анбо» клуби чемпионатнинг 3-тур учрашувини ўтказди. «Дальян» ўз майдонида «Шанхай» жамоасини қабул қилиб, зафар қучди (8:4). Раҳматов гарчи учрашувда фаол ҳаракат қилган бўлсада, бу сафар рақиб дарвозасини ишғол қила олмади. Бундан аввалги икки ўйинда у 3та гол урганди. Биз айнан «Шанхай»га қарши кечган ўйиндан сўнг Дилшод Раҳматовдан интервью олдик.

- Дилшод, Хитой варианти қандай пайдо бўлди? Трансферингиз қай тарзда амалга ошди? Агент орқали гаплашилдими?

- Ҳа, Хитой клубига агент орқали ўтдим. Ўтган йили февраль ойида Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионати чоғида Хитой клубидан таклиф тушган эди. Ўшанда оғзаки келишувга эришгандик. Фақат биз битта шарт қўйган эдик. Яъни, Хитой клуби билан расмий музокаралар ва кўрик жараёни Колумбиядаги жаҳон чемпионатидан сўнг ўтказилишига келишиб олгандик. Амалда ҳам шундай бўлди. Бордим, машғулотларда иштирок этдим, тиббий кўрикдан ўтдим ва шартномага имзо чекдим.

- Сиз учун Хитой чемпионати бегона эмас эди. Аввал ҳам ўйнагансиз. Шу маънода янги муҳитга мослашиш жараёни қийин кечмаётган бўлса керак?

- Худди шундай. 2014 йили Хитойнинг «Гансу Масрай» клуби шарафини ҳимоя қилганман. Ўшанда терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Шуҳрат Тожибоев билан бирга бир мавсум «Гансу» таркибида тўп сурган эдик. Ўша йили «Ардус» билан амалдаги шартномам бор эди. Шу сабабли ҳам Хитой клубида ижара асосида ўйнадим. Ижара муддати якунланганидан сўнг хитойликлар шартномани узайтириш таклифи билан чиқишди. Лекин Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионатига муносиб тарзда тайёргарлик кўриш учун ортга қайтишим керак эди. Хосе Мария Мендез терма жамоага номзод барча футзалчиларнинг Ўзбекис­тонда ўйнашларини истади. Шу тариқа «Ардус»га қайтишимга тўғри келди.

- Юқорида Хитойга ўтишим агент орқали амалга ошди, дедингиз. Шу масалага аниқлик киритсангиз.

- Терма жамоамиз бош мураббийи Хосе Мария Мендезнинг яқин дўсти агент вазифасини бажарди. У Хитой вице-чемпионидан таклиф бўлаётганини айтди. Жаҳон чемпионатидан ке­йин менга расмий шартнома имзолаш таклифи билан чиқишди ва трансферим амалга ошди.

- Хитой клуби таркибида сиздан бошқа легионер футзалчилар ҳам борми?

- Ҳа, албатта бор. Бир нафар бразилиялик футзалчи Диего Энрике ўйнайди. У универсал ўйинчи.

- Жамоа бош мураббийи хорижлик мутахассисми?

- Йўқ. Маҳаллий мутахассис жамоага мураббийлик қилади. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийимиз бразилиялик.

- Хитой футболида легионерларга бўлган эътибор кескин ошиб кетди. Бошни айлантирадиган даражадаги трансферлар амалга ошириляпти. Футзалда ҳам шунга яқин кўриниш кўзга ташланяптими?

- Хитой олий лигасидаги 10та жамоадан 8тасида легионер футзалчилар бор. Клубларда хорижлик мутахассислар ишлашяпти.

- Хитой чемпионатида биздан ягона вакил сизми?

- Йўқ, нега энди? Олдинги ўйнаган жамоамда, яъни «Гансу»да Шуҳрат Тожибоев ва Тўйчибой Бердиев тўп суришяпти. Бу борада ҳам ёлғизланиб қолмайман.

- Сизга яратиб берилган шароитлар яхшими?

- Нолимайман. Яхши уй-жой билан таъминлашди. Алоҳида яшайман. Мураббий ва футзалчилар билан таржимон орқали гаплашаман.

- Хитой чемпионатининг савияси қандай?

- Бизнинг чемпионатдан сезиларли даражада кучли экан, дея олмайман. Аксинча, менга Ўзбекистон чемпионати кучлидек туюляпти.

- Чемпионати бизникига ўхшайдими?

- Йўқ. Бироз фарқ қилади. Бизда жамоалар бир шаҳарда тўпланиб, тур ўйинларини қандайдир 4-5 кун ичида ўтказишади. Хитой чемпионати ҳар ҳафтада ўтказилади. Аниқроғи, ҳар бир жамоа бир ҳафтада битта учрашувда майдонга тушади. Ўйинлар уй-сафар тизимида ташкил этилади. 

- «Шанхай»га қарши кечган сўнг­ги ўйин ҳақида фикрингиз қандай?

- Гол уролмаганимни инобатга олмаса, ҳаммаси аъло даражада. Учта ўйинда 3та ғалабага эришдик. Бундан аввалги иккита ўйинда 3та тўп киритгандим. Бу сафар рақиб дарвозасини ишғол қилиш насиб этмади. Шундай бўлсада, бир нарсадан жуда-жуда хурсанд бўлдим. «Шанхай» футзал клубининг ўйинчилари, мураббийлари Одил Аҳмедовнинг суратини кўрсатиб, «Бу футболчи бизнинг катта футболдаги жамоамизга келди», деб роса мақтанишди. Албатта, бундан жуда ҳам фахрландим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz