Қайднома

Қидирув

Мавсум сарҳисоби

Мавсум сарҳисоби

  12.01.2017 20:11
  0
  951
Мавсум сарҳисоби

Sports.uz 2016 йилги мавсум якунларини ҳисоб-китоб қилиб, олий лигада тўп сурган катта ёшли футболчилар, ёш голеадорлар ҳамда энг барқарор ҳужумчилар жуфтлигини аниқлади. Қуйида ушбу рейтингдан кимларнинг ўрин эгаллагани билан яқиндан танишишингиз мумкин.

Энг кекса футболчилар

1. Мўйдин Мамазулунов («Навбаҳор»|«Олмалиқ»). 32 ёш. 25та ўйин, 6та гол.

Сўнгги мавсумларда ажойиб сермаҳсуллик намойиш этаётган ҳужумчи 2016 йили иккита жамоа сафида ўйнаб, жами 6та гол урди. «Олмалиқ» либосида 2та, «Нав­баҳор»да эса 4та голли пас муаллифига айланган.

2. Носир Отақўзиев («Қўқон-1912»). 32 ёш. 26та ўйин, 7та гол.

Ўз вақтида Ўзбекистон чемпионати тўпурарига айланган Носир Отақўзиев ўтган мавсумни «Қўқон-1912»да ўтказди. 26та ўйинда рақиблар дарвозасини 7 марта ишғол қилган форвард клубининг энг яхши голеадори номига эга бўлди.

3. Сервер Жепаров («Локомотив»). 34 ёш. 23та ўйин, 7та гол.

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси 2016 йили «Локомотив» сафида чемпионликни нишонлади. Тажрибали ярим ҳимоячи 7та гол уриб, жамоаси муваффақиятига муносиб улуш қўшди.

4. Игорь Таран («Шўртан»). 32 ёш. 29та ўйин, 9та гол.

Олий лига-2016да 9та гол урган тажрибали ҳужумчи жамоаси таркибида энг яхши бўлди. «Шўртан» форварди ўз ўйини билан ҳали-вери клубдаги етакчиликни ҳеч кимга топширгиси йўқлигини кўрсатди.

5. Илҳом Юнусов («Қизилқум»). 34 ёш. 30та ўйин, 10та гол.

Миллий чемпионатимизнинг тўпурар-пенальтичиси. «Қизилқум» вакили ўзининг 10та голидан 8тасини ўн бир метрлик нуқтадан урган. Бу кўрсаткичга Златан Ибрагимовичдан бошқа ҳар қайси футболчи ҳавас қилса арзийди.

6. Неманья Йованович («Андижон»|«Қизил­қум»). 33 ёш. 29та ўйин, 13та гол.

Ўтган йилги энг яхши тўпурар легионер. Сербиялик ҳужумчи «Андижон» таркибида биринчи даврада 5та гол урди. Мавсум ўртасида «Қизилқум»га ўтгач, Навоийда ҳам ажойиб сермаҳсуллик намойиш этди: ҳал қилувчи босқичда рақиблар дарвозаси 8 марта ишғол қилинди.

7. Зоҳид Абдуллаев («Металлург»). 32 ёш. 28та ўйин, 18та гол.

«Металлург» ҳужумчиси ўтган мавсум 18та гол уриб, Ўзбекистон чемпионати тўпурарлари пойгасида иккинчи ўринни эгаллади. Бу борада уни фақат Темурхўжа Абдухолиқов ортда қолдирди. Таъкидлаш жоиз, 2016 йил Зоҳид Абдуллаев учун омадли келди.

----------------------------

Энг яхши ёш голеадорлар

1. Ихтиёр Тошпўлатов («Сўғдиёна»). 23 ёш. 13та ўйин, 5та гол.

«Сўғдиёна» вакили учун мавсум ёмон ўтмади. Тошпўлатов 13та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урди. Ҳойнаҳой, мураббийлар бу йил унга кўпроқ ўйнаш имкониятини тақдим этишади.

2. Жамшид Искандеров («Пахтакор»). 23 ёш. 21та ўйин, 7та гол.

Агар Искандеровнинг 2015 йилги натижалари инобатга олинса, бу мавсум унинг учун яхши ўтгани ойдинлашади. Аммо Жамшиднинг голлари «Пахтакор»нинг кучли тўртликка киришига етарли бўлмади.

3. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»). 23 ёш. 30та ўйин, 7та гол.

Машарипов ўтган мавсумдаги энг яхши ёш футболчилардан бири эканлиги шубҳасиз. «Локомотив»га қарши баҳсда «дубль» қайд этиб, жамоаси ғалабасига замин ҳозирлади. Шу тариқа миллий термадан чақирув олди.

4. Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»). 20 ёш. 28та ўйин, 9та гол.

Ушбу рейтингдаги энг навқирон ўйинчи. 2015 йилги Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси ўтган мавсум 9та гол уриб, клубининг чемпионат кумуш медалларини қўлга киритишига кўмаклашди.

5. Элдор Шомуродов («Бунёдкор»). 21 ёш. 27та ўйин, 10та гол.

Элдор ушбу мавсумда 10та гол уриб, ажойиб барқарорлик кўрсатди. Унинг бугунги кунда миллий термамизнинг асосий ўйинчиларидан бири экани бежиз эмас, албатта.

6. Игорь Сергеев («Пахтакор»). 23 ёш. 15та ўйин, 11та гол.

Сергеев биринчи даврада 15та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 11та гол ёзиб қўйди. Шундан сўнг ижара асосида Хитой клубига кўчиб ўтди. Аммо Чин ўлкасида унинг ўйини қовушмади.

7. Шоҳруз Норхонов («Обод»). 23 ёш. 29та ўйин, 14та гол.

Навқирон голеадорлар рейтинги етакчиси ушбу мавсум 29та баҳсда рақиблар дарвозасини 14 марта ишғол қилиб, энг ёш тўпурарга айланди. Мабодо «Обод» ҳужумчиси 2017 йилги чемпионатни олий лига грандларидан бирининг таркибида бошласа, асло ажабланмаймиз.

----------------------------

Энг яхши ҳужумкор жуфтлик

8-10. Неманья Йованович + Илҳом Юнусов («Қизилқум»). 8+10+18

Йованович ўз ҳисобидаги 13та голнинг 8тасини иккинчи даврада «Қизилқум» таркибида урди. Илҳом Юнусов жамғармасида эса 10та гол бор. Ушбу футболчилар биргаликда 18та тўп киритишди.

8-10. Игорь Сергеев + Жалолиддин Машарипов («Пахтакор») 11+7+18

Хитой сафари олдидан 11та гол урган Сергеевнинг ишини Машарипов давом эттирди - 7та гол. Гарчи ушбу жуфтлик ярим мавсум ўйнаган бўлишсада, якунда ажо­йиб кўрсаткич қайд этишди.

8-10. Азиз Ибрагимов + Вадим Чемиртан («Бухоро») 10+8+18

Ибрагимов йил давомида 10та тўп киритган бўлса, Чемиртанга 8та гол уриш учун ярим мавсум кифоя қилди. Бу натижа эса, «Бухоро»нинг юқори ўринларни эгаллашига замин ҳозирлади.

5-7. Шоҳруз Норхонов + Павел Соломин («Обод») 14+5+19

Норхонов чин маънода мавсум кашфиётига айланди. Унинг ҳисобидаги 14та голга тажрибали Павел Соломиннинг 5та голини қўшиб ҳисобласак, ажойиб кўрсаткич келиб чиқади. Айнан шу жуфтлик жамоаларининг олий лигада «жон» сақлаб қолишига муносиб ҳисса қўшишди.

5-7. Марат Бикмаев + Сервер Жепаров («Локомотив») 12+7+19

«Локомотив»даги бу дуэт биргаликда 19та тўп киритишди. Бикмаевда 12та, Жепаровда эса 7та гол. «Темирйўлчилар» ва миллий термамизнинг тажрибали вакиллари учун мақтовга арзирли натижа.

5-7. Элдор Шомуродов + Достон Ҳамдамов («Бунёдкор») 10+9+19

Бу - энг яхши ёш тандем. Шомуродов 10та, Ҳамдамов эса 9та гол урди. Мавсум якунларига кўра, «Бунёдкор» иккинчи ўринни эгаллади ва бу натижанинг қўлга киритилишида ушбу футболчиларнинг ўрни беқиёс, албатта.

4. Зафар Полвонов + Игорь Таран («Шўртан») 12+9+21

Олий лигада навбатдаги мавсумини ўтказган ҳужумчилар учун чемпионат муваффақиятли якун топди, де­йиш мумкин. Полвонов рақиблар дарвозасини 12 марта ишғол қилган бўлса, Таран ҳисобидаги голлар сони 9тага етди.

3. Драган Черан + Шаҳбоз Эркинов («Насаф») 12+11+23

Черан чемпионат ярмида таркибга қўшилиб, 12та гол урди ва кўпчиликни ҳайратга солди. Эркинов эса бутун мавсум давомида 11та тўп киритди. Демак, ушбу тандем олий лиганинг энг яхши жуфтликлари орасида учинчи ўринни эгаллади.

2. Зоҳид Абдуллаев + Мурод Тошматов («Металлург») 18+7+25

Юқорида таъкидлаганимиздек, 18та гол урган Абдуллаев тўпурарлар рўйхатида иккинчи бўлди. Тошматов эса рақиб дарвозабонларини 7 марта ранжитишга эришди.

1. Темурхўжа Абдухолиқов + Сардор Мирзаев («Локомотив») 22+13+35

«Локомотив»да ўйнаган яна бир дуэт. Мавсум тўпурари Абдухолиқов 22та гол урди. Сардор Мирзаевнинг бу борадаги кўрсаткичи - 13та. Умумий ҳисобда 35та гол ва «темирйўлчилар» тандеми, шубҳасиз, биринчи ўринга лойиқ.

Манба: Sports.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz