Қайднома

Қидирув

«БАРСЕЛОНА» ЙЎҚ, «РЕАЛ»НИНГ ЭСА КЎНГЛИ ТЎҚ

«БАРСЕЛОНА» ЙЎҚ, «РЕАЛ»НИНГ ЭСА КЎНГЛИ ТЎҚ

  13.01.2017 16:56
  0
  1022
«БАРСЕЛОНА» ЙЎҚ, «РЕАЛ»НИНГ ЭСА КЎНГЛИ ТЎҚ

Шу ҳафта бошида Цюрихда футбол оламининг 2016 йилги қаҳрамонларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Энг яхши ўйинчи номи Криштиану Роналдуга насиб қилган бўлса, Клаудио Раньери мураббийлар орасида тенгсиз деб топилди. Энг чиройли гол номинацияси ғолибига аталган соврин Малайзия чемпионатида фаолият юритаётган футболчининг коллекциясидан ўрин эгаллади. Қизиғи, «Барселона» вакиллари мазкур тадбирга ташриф буюришмади: каталонияликлар бу қарорни навбатдаги баҳсга кўриладиган тайёргарлик жараёни билан изоҳлашган. Демак, ФИФА тасарруфидаги йирик анжуман тафсилотларига батафсил тўхталамиз.

60 йил мобайнида «Олтин тўп» совринини эгаларига топшириб келган Франциянинг France Football журнали ўтган йилнинг сентябрида ФИФА билан ҳамкорликка якун ясаганди. Ушбу нашр жаҳоннинг энг йирик футбол ташкилоти ҳамроҳлигида олти марта энг яхши ўйинчи ва мураббийни танлаб, йил бошида уларни тақдирлаётганди. Энди улар яна ажралишди, келгусида худди Криштиану Роналду ва Лионель Месси сингари ўзаро рақобатлашишади.

2016 йил декабрида «Реал» форварди сўров натижаларига кўра, «Барселона»даги амплуадоши ва франциялик Антуан Гризманни ортда қолдириб, «Олтин тўп»ни қўлга киритганди. Эътиборлиси, Роналду «Атлетико» ҳужумчисини иккита сов-рин - ЕЧЛ ва Европа чемпионати кубогидан қуруқ қолдирганди. Орадан бир ой ўтиб, ушбу учлик ФИФА таъсис этган янги мукофот учун курашишлари лозим эди. Ташкилотдагилар ортиқча бош қотириб ўтирмай, ушбу сов­ринни «Энг яхши» деб номлаб қўя қолишди.

Тақдирлаш маросими кичик можародан холи ўтмади. «Барселона» вакиллари Цюрихдаги тадбирда қатнашмасликларини билдиришди. Бош мукофотга даъвогар Лионель Мессидан ташқари, йил рамзий термасидан ўрин эгаллаган Андрес Иньеста, Луис Суарес ҳамда Херар Пике ҳам Испания кубоги ўйинига тайёргарлик кўриш мақсадида сафарга чиқишмади.

Иньеста ўз видеомурожаати орқали дарҳол узр сўради, аммо Испания ОАВнинг хабар беришича, каталонияликларнинг маросимдан четда қолишгани ФИФАга ёқмаган. Ишқибозлар, айниқса, «Реал» ва Роналдуга мухлислик қилувчилар Месси мағлубиятга учрашини олдиндан билгани, чунки бунга қадар «Олтин тўп»ни бой берганини айтиб, ҳазиллашишга ҳам улгуришди.

Тақдирлаш маросими бошида йил рамзий терма жамоаси эълон қилинди. Ушбу рўйхатда «Барселона» тўрт­лигидан ташқари, «Реал» футболчилари - Серхио Рамос, Марсело, Лука Модрич, Тони Кроос ва албатта, Криштиану Роналдунинг номлари қайд этилди. Дарвозабон позициясини «Бавария» вакили Мануэль Но­йер эгаллаган бўлса, яна бир жой «Ювентус» ҳимоячиси Дани Алвесга насиб қилди.

Бу йил ФИФА энг яхши ишқибозларни ҳам эътироф этишни жоиз деб топди. Мазкур номинацияда «Боруссия» Дортмунд ва «Ливерпуль» мухлисларига тенг келадигани топилмади. Ушбу икки клуб фанатлари Европа Лигасидан ўрин олган баҳсда машҳур You ll Never Walk Alone қўшиғини жўрликда куйлашганди.

Яна бир мукофотга Колумбиянинг «Атлетико Насьональ» клуби муносиб кўрилди. Ушбу жамоа Жанубий Америка кубоги финалида қатнашмай, бош совринни асосий таркиби авиаҳалокатга учраган «Шапекоэнсе»га топширилишига розилик берди. ФИФА ўн йиллик танаффусдан сўнг яна «фейр-плей» сов­ринига асос солди - сўнгги марта мазкур номинацияда UNICEF логотипи ёпиштирилган либосда тўп сурган «Барселона» клуби ғолиб бўлганди.

Йилнинг энг яхши мураббийлари сифатида Клаудио Раньери ва Сильвия Найд танланди. Италиялик мутахассис йилнинг энг йирик мўъжизаси муаллифига айланганди - унинг бошчилигидаги «Лестер» Англия чемпионлигига эришди. Раньери мукофотни қўлга киритаркан, туманли ўлкадаги барча фаворитларнинг ортда қолдирилиши Яратганнинг туҳфаси эканлигини таъкидлади. Найд эса Германия аёллар термасини Риода ўтказилган Олимпиада ўйин­лари ғолибига айлантирди.

«Афсоналар иштирокидаги мазкур маросимда қатнашишнинг ўзи ажойиб, энди эса менга соврин топширишди. Қувончим чексиз. Менга овоз берганларга миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, оила аъзоларим, рафиқам, агентларим, ўйинчиларга ҳам раҳмат. Футболчиларсиз мураббий ҳеч нимага эришолмайди. Ва албатта, ишқибозларга ташаккур. Ўтган мавсум Англияда рўй берган воқеалар - ғаройиботдан бошқа нарса эмас. Тангри «Лестер»нинг айнан шундай ҳолатда ғолиб чиқишини хоҳлади. Мендан аввал сўзга чиққан Дани Алвес 30 ёшида янги нарсаларни ўрганганини айтди... Мен эса 65га тўлдим ва мен учун ҳаммаси энди бошланмоқда», - деди Раньери.

Энг чиройли гол муаллифига аталган Ференц Пушкаш совринини қўлга киритиш йўлида Венесуэла ўсмирлар термаси вакили Даниушка Родригес, «Коринтианс» аъзоси Марлон ҳамда Малайзия чемпионатида тўп сураётган Фаиз Субри кураш олиб боришди. Овоз бериш жараёнида қатнашганларнинг аксариятига «Пенанг» футболчисининг жарима зарбасидан сўнг урган голи кўпроқ ёқди.

Аёллар ўртасида йил футболчиси номига америкалик Карли Ллойд муносиб кўрилди.

Шундан сўнг, ниҳоят, энг яхши футболчини тақдирлаш мақсадида саҳнага ФИФА президенти Жанни Инфантино чиқди. 34,54 фоиз овоз тўплаган Криштиану Роналду бош соврин соҳибига айланди. Португалиялик юлдуз ҳиссиётларини таърифлаб, фикрларини баён этаркан, «Барселона» вакилларининг йўқлигига ҳам эътибор қаратди.

«Жуда ажойиб! Тўғри, бундай ҳолатга аввал ҳам тушганман, лекин мазкур совринни илк марта қўлга кирит­япман. Ғоят хурсандман. Биринчи нав-батда, жамоадошларим, бутун «Реал» клуби ва мураббийларимга раҳмат айтмоқчиман. Шунингдек, оила аъзоларим, акам, онамдан миннатдорман! 2016 йил фаолиятимда энг яхшиси бўлди. Шубҳалар кўп эди, аммо ушбу соврин муваффақиятларимни акс эттириб турибди. Муҳим мусобақаларда ғолиб чиққач, шубҳалар ўз-ўзидан йўқолди. Бу йил ҳам шахсий, ҳам спорт соҳасида ажойиб тарзда кечди, уни ҳеч қачон унутмайман. Мен учун овоз берганлар - ишқибозлар, жамоа сардорлари, журналистларга ташаккур. Ортиқча гапиришимга ҳожат йўқ, мукофотнинг ўзи ҳамма нарсадан дарак бериб турибди. Афсуски, «Барселона» вакиллари бугунги маросимда қатнаша олишмади, аммо буни тушунса бўлади. Ҳаммага раҳмат», - деди португалиялик футболчи.

Йилнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровда Ўзбекистон миллий термаси устози Самвел Бабаян (Мураббийлар: 1.Клау­дио Раньери, 2.Диего Симеоне, 3.Зайниддин Зидан. Футболчилар: 1.Лионель Месси, 2.Тони Кроос, 3.Антуан Гризманн) ҳамда бош жамоамиз сардори Одил Аҳмедов (Мураббийлар: 1.Юрген Клопп, 2.Луис Энрике, 3.Пеп Гвардиола. Футболчилар: 1.Лионель Месси, 2.Криштиану Роналду, 3.Антуан Гризманн) қатнашишди.

ФИФАнинг «ЙИЛ ЎЙИНЧИСИ» СОВРИНИГА ЭГА БЎЛГАН ФУТБОЛЧИЛАР

Йил

Футболчи (мамлакати)

Амплуаси

Клуби

1991

Лотар Маттеус (Германия)

Ярим ҳимоячи

«Интер»

1992

Марко ван Бастен (Голландия)

Ҳужумчи

«Милан»

1993

Роберто Баджо (Италия)

Ҳужумчи

«Ювентус»

1994

Ромарио (Бразилия)

Ҳужумчи

«Барселона»

1995

Жорж Веа (Либерия)

Ҳужумчи

«Милан»

1996

Роналдо (Бразилия)

Ҳужумчи

«Барселона»

1997

Роналдо (Бразилия)

Ҳужумчи

«Интер»

1998

Зайниддин Зидан (Франция)

Ярим ҳимоячи

«Ювентус»

1999

Ривалдо (Бразилия)

Ҳужумчи

«Барселона»

2000

Зайниддин Зидан (Франция)

Ярим ҳимоячи

«Ювентус»

2001

Луиш Фигу (Португалия)

Ярим ҳимоячи

«Реал»

2002

Роналдо (Бразилия)

Ҳужумчи

«Реал»

2003

Зайниддин Зидан (Франция)

Ярим ҳимоячи

«Реал»

2004

Роналдиньо (Бразилия)

Ярим ҳимоячи

«Барселона»

2005

Роналдиньо (Бразилия)

Ярим ҳимоячи

«Барселона»

2006

Фабио Каннаваро (Италия)

Ҳимоячи

«Реал»

2007

Кака (Бразилия)

Ярим ҳимоячи

«Милан»

2008

Криштиану Роналду (Португалия)

Ҳужумчи

«Манчестер Юнайтед»

2009

Лионель Месси (Аргентина)

Ҳужумчи

«Барселона»

2016

Криштиану Роналду (Португалия)

Ҳужумчи

«Реал»

Изоҳ: ФИФА 2010-2015 йиллар мобайнида FranceFootball журнали ҳамкорлигида энг яхши футболчига «Олтин тўп» совринини топширган.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz