Қайднома

Қидирув

Дик Адвокат: «Зенит»ни кўзда ёш билан тарк этганман»

Дик Адвокат: «Зенит»ни кўзда ёш билан тарк этганман»

  14.01.2017 03:28
  0
  1788
Дик Адвокат: «Зенит»ни кўзда ёш билан тарк этганман»

«Фенербахче» бош мураббийи Дик Адвокат россиялик ҳамкасбларимиз билан бўлган суҳбат чоғида «Зенит»да ишлаган кезлари, Санкт-Петербургга келишни хоҳламагани ва бошқа маълумотларга батафсил тўхталди. Мазкур интервьюнинг энг эътиборли ҳолатлари диққатингиз марказида.

- «Зенит»га таклиф этишгани ҳақида гапирсангиз...

- Константин Сарсания ўша пайтда клуб мураббийи ва агенти, жаноб Фурсенко президенти эди. Мен эса Жанубий Корея миллий термаси бошқарувида Германиядаги ЖЧга тайёргарлик кўраётгандим. «Зенит» вакиллари билан илк учрашувимиз Голландиядаги аэропортда бўлиб, ўшанда ички овоз «Бундай қилма!» деётгандек эди. Аммо Фурсенко Санкт-Петербургга бориб, шаҳарни кўриб, инфратузилмани кўздан кечиргач, якуний қарорга келишимни сўради. Бордим, кўрдим. Ўша пайтдаги база билан ҳозиргисининг ўртасида жуда катта фарқ бор. Об-ҳавонинг совуқлиги чўчитди, натижада якуний тўхтамга келишим янада қийинлашди. Фурсенкога ҳаммаси яхши экани, лекин оилам билан маслаҳатлашишим лозимлигини айтдим. Яқинларим эса ушбу таклифни қабул қилмаслигим тарафдори эдилар, бундан «Зенит» раҳбарини хабардор этдим. Лекин улар яна бир бор Амстердамга боришди, гаплашдик ва бир йиллик шартномага имзо чекдим. Аста-секин жамоани юқорига кўтардик, дастлабки мавсумда 5-ўринни эгаллаб, келажакка пойдевор қўйдик. Деярли ҳамма нарсани ўзгартирдик. Масалан, эскириб қолган базани. Раҳбариятнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани қувонарли эди. Инфратузилма тубдан яхшиланди. Ҳомийлар янги ва қулай самолёт ажратишди.

- 2007|2008 йиллар мавсумидан умид катта эди, лекин старт омадли кечмади...

- «Зенит»га келганимда жамоа чемпионатда 9-ўринни эгаллаб турганди. Клуб кучли етакчига эҳтиёж сезаётганди. Қандайдир ўзгартириш киритишимиз керак эди. Жуда қийин бўлган, ҳаттоки, кетиш ҳақида ҳам ўйлагандим. Жамоада ҳар хил футболчилар ўйнашарди: руслар, хорижликлар - улар ўзларини энг яхши деб ҳисоблашарди, аслида эса бундай эмасди. Шубҳасиз, барчаси иқтидорли эди, лекин бизнинг талабимизга тўғри келмасдилар. Зирянов, Широков, Тимошукни сотиб олдик, айримлар билан хайрлашдик. Муайян тизимда ишладик, унга эса ҳамма ўйин-чилар ҳам мослаша олмасдилар. Нохуш вазиятлар бўлган: «Динамо»га қарши баҳсда 2:4 ҳисобида ютқазганимиз ҳамон эсимда. Ўшанда раҳбарият менга шундай деганди: «Яхши, тизим ва айрим футболчиларни ўзгартирамиз». Ҳеч қанча муддат ўтмай, яна «Динамо» билан ўйнаб, 9:3 ҳисобида зафар қучдик. Шу тариқа барча ўйинчиларимизда ўз кучларига ишонч пайдо бўлди.

- Кейин чемпионат якунигача муваффақиятли қатнашдинглар...

- Ҳа, ажойиб ўйинлар кўрсатдик. Ишқибозлар сафардаги учрашувларимизга ҳам боришди, ўз майдонимиздаги баҳсларнику гапириш шартмас.

- Раменскийдаги ўйин-чи, ўшанда нима бўлганди?

- Ушбу учрашувнинг биз учун нақадар муҳимлигини билардик. Чемпионатнинг сўнгги турида ғалаба қозонишимиз шарт эди. Ўз навбатида, «Спартак» ғалаба учун «Сатурн»га 2 миллион доллар ваъда қилганидан хабаримиз бўлган. Шу боис, ўйин асабий руҳда кечди. Рақиб бош мураббийи- (Гаджи Гаджиев)нинг юз ифодасини ҳозиргача эслайман, бизни мағлубиятга учратишни хоҳлаётгани шундоқ кўриниб турарди. Аммо ўша мавсум жамоамиз кучлироқ эди.

- УЕФА кубоги финалидаги «Глазго Рейнжерс»га қарши баҳсдан нима кутгандингиз?

- Мазкур учрашув мен учун алоҳида аҳамият касб этар, чунки «Глазго»да тўрт йил муваффақиятли ишлагандим. Шотландиядаги фаолиятимни эсладим, аммо бу хаёллардан қутулиш талаб этиларди. Биз бир оиладек эдик ва рақибдан кучли эканимизни билардик. «Глазго» таркибига юқори савияли футболчиларни тўплаганди. «Зенит» эса финалгача 17та ўйинда муваффақият қозонганди. Ўша мавсум муваффақиятли ва мураккаб кечганди. Аксарият ўйинчиларимиз Европа клублари қизиқишига сабаб бўлишди. Масалан, Аршавин. Муаммо шундаки, етакчилар жамоани тарк этишганида, уларнинг ўрнини янада яхшироқ футболчилар эвазига тўлдиришга тўғри келади.

- 2009 йилги мавсумдаги омадсизликни қандай изоҳлайсиз? Истеъфоингизга нима сабаб бўлган?

- Уч йил мобайнида оиламни соғиндим. Дам олишни хоҳладим, чунки «Зенит»дек клубда ишлаш бир ҳафтада етти кун меҳнат қилишни талаб этарди. Боз устига, бошқа мамлакатда яқинларимга эҳтиёж сездим. Раҳбариятга мавсум якунида кетишимни айтиб, бирор миллий термада бош менежер сифатида фаолият юритмоқчилигимни билдирдим. Афсуски, бундан олдин аввалги ҳамжиҳатлик бироз йўқолгандек бўлди. Ўйинчилар кетишган, уларнинг ўрнига бошқаларни сотиб олиш лозим эди. Ўша паллада Бельгияда ишлашга тайёргарлик кўраётгандим.

- Аэропортдаги хайрлашув жараёни ёдингиздами?

- Ҳа, кўзимга ёш келганди. Пастда ишқибозларга яқин тургандим, юқорига кўтарилишим керак эди. Қанча мухлис борлигини билмасдим, улар Тина Тёрнернинг ўша машҳур қўшиғини куйлашганди. Шунингдек, аэропортда голланд тилида «Раҳмат, генерал» деб ёзилган катта баннерга кўзим тушганди. Уч йил ичида кенг кўламли иш бажаргандик, бу ажойиб эди. Миллер, Фурсенко ва Дюков билан ҳамкорликда катта кучга айлангандик. Мени қўллаб турган мухлисларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ҳозир 2016 йилда қачонлардир «Зенит»да ишлаганимни фахр билан ёдга оламан.

Sovsport.ru - Ў.УМАРОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz