Қайднома

Қидирув

Эллардайс ва тақвим

Эллардайс ва тақвим

  14.01.2017 06:10
  0
  915
Эллардайс ва тақвим

- Тақвимни ким тузишини билмайман-ку, аммо уни ишдан бўшатиб юбориш керак, - деди Сэм Эллардайс яқинда. Машҳур инглиз мураббийининг бу гаплари Анг­лия чемпионати тақвимига аталди. Умуман, АПЛда Boxing Day бошланди ҳамки, тақвимдан нолийдиганлар сафи кенгайди. Бир қарасангиз, Жозе Моуриньо шикоят қилаётган, бошқа сафар Арсен Венгер. Аммо ҳаммасидан ҳам Эллардайс тилидан чиққан гаплар ўтиб тушди.

Умуман, бу мутахассисни танимайдиган-билмайдиган мухлис топилмаса керак. Шундай бўлсада, уни яна бир бор ёдингизга солсак - Эллардайс маълум муддат олдин Англия терма жамоаси бошқарувидан истеъфога чиқарилган эди. Мураббий миллий жамоа билан кўп ишламади, фаолияти нари борса, 2-3 ойга чўзилгандир. «Катта Сэм»нинг ишдан олинишига натижалар ёмонлашгани эмас, балки трансферлар билан боғлиқ машмашалар сабаб бўлди. Яъни Эллардайс жаноблари муайян манфаат (ҳақ) эвазига футболчиларнинг олди-соттисида ёрдам қўлини чўзишга рози бўлган. Оқи­­бати эса маълум - истеъфо. Аммо яхши мураббий кўчада қолмайди. Эллардайс шундай мутахассислар қаторига кирса керакки, тезда катта футболга қайтди - бу сафар «Кристал Пэлас» бош мураббийи сифатида. Мана энди бемалол премьер-лига тақвимини танқид қилишга тушди. Ҳеч ким унга «Ўзинг кимсан?» демаяпти, чунки танқидида жон бор. Бинобарин, кунора майдонга тушишнинг ўзи бўладими? Футболчилар жони темирдан эмас-ку, ахир!

Энди гапнинг индаллосига ўтамиз. Ўзбекистон чемпионатида ҳам тақвим борасида муаммолар мавжуд. Фақат битта фарқи - Англияда Boxing Dayдан нолишса, бизда ҳамма ўйин вақтининг ўзгараверишидан безор. Дейлик, мавсум-2016 ҳам бу масалада аввалгиларидан кўп-да фар­қ­лангани йўқ. Чунончи, аксарият турларда «сурди-сурди»лар кузатилди. Чоршанба куни соат 13:00да бошланган ўйинларга эса индамай турамиз. Ўқигандирсиз, ПФЛ директори Фарҳод Магометов йил охирида газетамизга махсус интервью берди. Аввало, бунинг учун мутасаддига раҳмат айтиш лозим. Чунки ҳамма ҳам бундай очиқ интервьюга кўнавермайди. Табиийки, суҳбат давомида ўйинлар вақти қолдирилиши масаласи ҳам кўтарилди. Ахир бу мавзуга тегинмаслик мумкинми? Акс ҳолда, Магометовни суҳбатга чорлашдан нима маъно? Бироқ ҳамма муаммо шундаки, гарчи журналист томонидан тақвим бўйича муаммолар ҳар қанча кўтарилмасин, ПФЛ директори уни ҳал қилиш борасида аниқ чора-тадбир кўрсатиб беролмади. Яъни унда бундай саволлар жавоби йўқ ҳозирча. Келинг, шу ўринда Магометовнинг сўзларига мурожаат қилсак. «Тақвим масаласи ўзимиз учун ҳам катта бош оғриғи. Аммо бу муаммонинг ўзига яраша сабаблари бор. Нима, тақвим бузилиши ПФЛга ёқадими? Йўқ, албатта. Аммо бунинг айтса бўладиган ва бўлмайдиган сабаблари бор. Яна бир томони, Ўзбекистон миллий  жамоаси манфаатларини ўйлаб ҳам, ўйинларни қолдиришга мажбурмиз. Терма жамоа мураббийлар штаби тайёргарлик режасидан келиб чиқиб, бизга хат орқали мурожаат қилади. Ўзгаришларга қарасангиз, улар асосан 4та етакчи клубимизга  боғлиқлигини кўришингиз мумкин. Зеро, регламентга кўра, терма жамоа­га 3 нафар ёки кўпроқ футболчи юборган клуб ўз ўйинини қолдириш ҳуқуқига эга. Бу ўринда ЎФФ талаби ҳам бор. Аслида тақвим ўзгарса, бизнинг ишимиз кўпаяди. Айниқса, хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратиш  лозим. Ўйин бош­қа кунга кўчирилганда, ҳуқуқ-тартибот органларини ҳам тезда бохабар қилиш керак. Хуллас, тақвим бузилиши нафақат мухлислар, балки кўпчилик учун ноқулайлик туғдиради. Бу ишни ўйлаб амалга оширамиз. Аммо қайтараман, Ўзбекистон терма жамоаси манфаатларидан келиб чиқиб, шундай йўл тутишга мажбурмиз», - деганди Фарҳод Магометов.

Кўриб турганингиздек, бу масалада ҳеч қандай янгилик йўқ. Юқорида келтирилган муаммоларни ўзимиз ҳам яхши биламиз. Бизни қизиқтиргани - ПФЛ директори уларни ҳал қилиш учун қандай чора-тадбирлар қўллашни режалаштирмоқда? Афсуски, интервьюда бу саволга жавоб топиш иложи бўлмади. Ҳар қанча савол берилмасин, аниқ жавоб олинмади. Вазият ўзгаришсиз қолса, бўлажак мавсум ҳам қолдирилган ўйин­ларга «мўл-кўл» ўтади.  Хўш, нима қилиш лозим? Ахир аҳвол шу таҳлит давом этиши мумкин эмас-ку! Токайгача элакдек тешик тақвимга чидаш мумкин? Афтидан, мутахассисларимиз  бу саволлар жавобини ҳали топмаганлар, чоғи. Аммо бу дунёда олий лига аталмиш мусобақа борлигини ҳам билмайдиган Сэм Эллардайс узоқ Англияда туриб, жавобни айтгандек. Бу ўринда унинг мақола бошида келтирилган гапларини яна такрорлаш шарт эмасдир...

АБДУЛЛОҲ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz