Қайднома

Қидирув

АМК стартидан олдин

АМК стартидан олдин

  14.01.2017 11:08
  0
  1378
АМК стартидан олдин

14 январь-5 февраль кунлари Габонда бўлиб ўтадиган Африка миллатлар кубоги «қора қитъа» футболидаги бош турнирдир. Миллий жамоалар ўртасидаги бу мусобақа 2013 йилдан ҳар тоқ йилда ташкиллаштириляпти. Габон-2017 турнири ҳисоб бўйича 31-АМКдир. Унинг ғолиби Россия мезбонлик қиладиган Конфедерациялар кубоги-2017да иштирок этади (Мексика, Австралия ва Янги Зеландия термалари билан битта гуруҳда). Аслида бўлажак турнирнинг мезбонлик ваколати аввалига Ливияга берилганди. Аниқроғи, бу мамлакат АМК-2013ни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва унга 2017 йилги мусобақани топшириш кўзда тутилганди. Бироқ Африка футбол конфедерацияси 2014 йилнинг августида мамлакатда фуқаролар уруши авж олгани боис, у ерда турнир ўтказиш имконияти йўқлигини маълум қилди. 2015 йилнинг 8 апрель куни АФК Ижроий қўмитаси овоз бериш йўли билан янги мезбонни танлади. Габонликларнинг танловда Жазоир ва Ганадан устун келишларида АМК-2012ни Экваториал Гвинея билан бирга ташкиллаштиришгани ва мамлакатда инфратузилма нисбатан тайёрлиги муҳим роль ўйнади. Эътиборлиси, мазкур турнир Габонда 60 йиллик юбилейини нишонлайди. АМК-2017 ўйинларини Либревиль, Франсевиль, Ойем ва Порт Жентиль шаҳарларидаги стадионлар (сиғими камида 20 минг) қабул қилади. Бу йилги турнирда ҳам 16та терма жамоа иштирок этади. Габон термаси мезбон сифатида автоматик равишда йўлланма олган бўлса, қолган 15та иштирокчи 2015 йил 12 июнь-2016 йил 4 сентябрь оралиғида ўтказилган саралаш босқичи воситасида аниқланди. Айтиш жоиз, турнирнинг 2013 йилги ғолиби - Нигерия термаси квалификацион раундда омадсизликка юз тутди. «Супербургутлар» Миср, Танзания ва Чад термалари билан битта гуруҳда кураш олиб боришди. Чад жамоаси молиявий муаммолар сабаб, саралашни якунлай ҳам олмади. Уганда ва Того миллий жамоалари эса энг яхши кўрсаткичга эга 2-ўрин соҳиблари сифатида йўлланма олишди.

Гуруҳлар таркиби

«A»: Габон, Буркина-Фасо, Камерун, Гвинея-Бисау

«В»: Жазоир, Тунис, Сенегал, Зимбабве

«C»: Кот-д~Ивуар, Конго ДР, Марокаш, Того

«D»: Гана, Мали, Миср, Уганда

Мусобақада порлаши кутилаётган футболчилар

Риёд Маҳрез, Ислом Слимани, Ёсин Браими (Жазоир), Садьо Мане, Калибу Кулибали (Сенегал), Муҳаммад Салоҳ (Миср), Эрик Байи, Вильфред Бони (Кот-д~Ивуар), Бертран Траоре (Буркина-Фасо), Эдгар Салли, Винсент Абубакар (Камерун), Баба Раҳмон, Андре Айю (Гана), Пьер-Эмерик Обамеянг (Габон), Меҳди Бенатия (Марокаш), Седрик Бакамбу (Конго ДР), Аймен Абденнур (Тунис), Адама Траоре (Мали)

Мусобақада иштирок этадиган таниш футболчилар

Шарль Каборе (Буркина-Фасо), Мусса Думбия (Мали), Гуелор Канга (Габон), Раис М~Боли (Жазоир), Мусса Конате (Сенегал), Меҳди Карсела-Гонсалес, Муборак Буссуфа (Марокаш), Жонатан Менса, Муборак Вакасо (Гана)

Мусобақада иштирок этадиган машҳур мураббийлар

Хосе Антонио Камачо (Габон), Авраам Грант (Гана), Ален Жиресс (Мали), Эктор Купер (Миср)

АМКнинг барча чемпионлари

7 марта

Миср (1957, 1959, 1986, 1998, 2006, 2008, 2010)

4 мартадан

Гана (1963, 1965, 1978, 1982); Камерун (1984, 1988, 2000, 2002)

3 марта

Нигерия (1980, 1994, 2013)

2 мартадан

Конго ДР (1968, 1974); Кот-д~Ивуар (1992, 2015)

1 мартадан

Эфиопия (1962); Судан (1970); Конго (1972); Марокаш (1976); Жазоир (1990); ЖАР (1996); Тунис (2004); Замбия (2012)

Факт. Навбатдаги турнирда аввалги чемпионлардан Миср, Гана, Камерун, Марокаш, Жазоир, Кот-д~Ивуар, Тунис, Конго ДР миллий жамоаларигина иштирок этишади. Гвинея-Бисау термасиэса АМКда ўз дебютини нишонлайди.

Турнир рекордлари

Чемпионлик бўйича - 7 марта (Миср)

Финал босқичида иштирок этиш бўйича: 22 марта (Миср)

Финал ўйинида иштирок этиш бўйича: 9 марта (Гана)

Финал босқичидаги ўйинлар сони бўйича: 90та (Миср)

Финал босқичидаги ғалабалар сони бўйича: 51та (Миср)

Финал босқичидаги дуранглар сони бўйича: 24та (Тунис)

Финал босқичидаги голлар сони бўйича: 154та (Миср)

Битта турнирдаги голлар сони бўйича: 9та (Пьер Ндайе Муламба, Заир)

Битта ўйиндаги голлар сони бўйича: 5та (Лорен Поку, Кот-д~Ивуар)

Турнирдаги тезкор гол бўйича: 23-сония (Айман Мансур, Миср)

Энг сермаҳсул ўйин: Миср - Нигерия - 6:3

Энг сермаҳсул турнирлар: АМК-74 (8та жамоа иштирокида 54та гол) ва АМК-2008 (16та жамоа иштирокида 99та гол)

Турнирда иштирок этган энг ёш футболчи: Чива Стар Нзигу (Габон, 16 ёшу 3 ой)

АМКда ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида ғалаба қозонганлар: Маҳмуд ал Гохари (1959|1998), Стефан Кеши (1994, 2013)

Кетма-кет 3 марта турнир ғолиби бўлган ягона мураббий: Ҳассан Шеҳата (2006, 2008, 2010)

Факт. Турнир мезбонлари 11 марта чемпионликка эришган бўлсалар, 3 марта иккинчи ва 4 марта учинчи ўрин билан кифояланишган. Аҳмад Ҳассан (Миср) АМК финал ўйинида 4 марта (1998, 2006, 2008, 2010) иштирок этгани билан мақтанишга ҳақли. Турнирда жами 11та «хет-трик», 3та «покер» ва 1та «флеш» қайд этилган. Ҳассан ал Шазли (Миср) 1963 ва 1970 йилларда «хет-трик»ка эришган.

Турнир тарихидаги тўпурарлар

(1957-2015 йиллар)

18та гол Самуэль Это~О (Камерун)

14та гол Лорен Поку (Кот-д~Ивуар)

13та гол Рашид Йекини (Нигерия)

12та гол Ҳассан ал Шазли (Миср)

11та гол Патрик Мбома (Камерун); Ҳоссам Ҳассан (Миср); Дидье Дрогба (Кот-д~Ивуар)

АМК «Орзулар жамоаси»

Дарвозабон: Эссам ал Ҳадари (Миср); ҳимоячилар: Жереми Нжитап (Камерун), Коло Туре (Кот-д~Ивуар), Самуэль Куффур (Гана), Тайе Тайво (Нигерия); ярим ҳимоячилар: Муҳаммад Абутрика (Миср), Яя Туре (Кот-д~Ивуар), Майкл Эссьен (Гана), Жей-Жей Окоча (Нигерия); ҳужумчилар: Самуэль Это~О (Камерун), Дидье Дрогба (Кот-д~Ивуар)

АМК-2017да кутилаётган статистик кўрсаткичлар

*** Габонда турнир тарихидаги голлар сони 1500тага етиши мумкин. Бунинг учун 77та гол керак.

*** Гана термаси бу сафар ҳам финалга чиқса, турнирнинг ҳал қилувчи ўйинларида иштирок этиш бўйича (10 марта) ўз рекордини янгилайди.

*** Гана термаси яна 4та гол урса, бу борада турнирда 125лик довондан ошган 5-жамоага айланади.

*** Бу сафарги турнирда хорижлик бош мураббий жамоаси ғолибликка эришса, легионер мутахассислар ҳисобидаги чемпионлик сони 16тага етади. Хорижликлардан сўнгги марта франциялик Эрве Ренар Кот-д~Ивуар жамоаси билан чемпионликка эришганди - 2015 йили. Айтганча, бу мураббий 2012 йили Замбия термасини ҳам ғолибликка етаклаганди. У айни пайт Марокаш термасини бошқармоқда.

*** Турнир тарихида жами 412та ўйин томонлардан бирининг ғалабаси билан тугаган. Демак, Габон-2017да бу кўрсаткич 430тага етиши мумкин.

*** Финал босқичларида шу пайтгача 294та ўйин дуранг натижа билан хотима топган. Шундай экан, бу борада 300лик марра босиб ўтилиши ҳеч гап эмас.

Чемпион жамоалар минтақалари

Федерация (минтақа)

Чемпион

Жами

UNAF (Шимолий Африка)

Миср (7 марта), Тунис, Жазоир, Марокаш

10 марта

WAFU (Ғарбий Африка)

Гана (4 марта), Нигерия (3 марта), Кот-д’Ивуар (2 марта)

9 марта

UNIFFAC (Марказий Африка)

Камерун (4 марта), Конго ДР (2 марта), Конго

7 марта

CECAFA (Шарқий Африка)

Судан, Эфиопия

2 марта

COSAFA (Жанубий Африка)

ЖАР, Замбия

2 марта

Ф.ФАЙЗИЕВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz