Қайднома

Қидирув

Жано АНАНИДЗЕ: «Спартак» муваффақияти сабабчиси – Каррера»

Жано АНАНИДЗЕ: «Спартак» муваффақияти сабабчиси – Каррера»

  16.01.2017 03:33
  0
  756
Жано АНАНИДЗЕ: «Спартак» муваффақияти сабабчиси – Каррера»

Жорий мавсум Москванинг «Спартак» клуби Россия чемпионатини ажо­йиб тарзда ўтказмоқда. Жамоа қишки танаффусга пешқадам сифатида чиқиб кетди. Ушбу муваффақиятларда бош мураббий Массимо Каррера билан биргаликда айрим футболчиларнинг ҳиссалари ҳам бор. 24 ёшли Жано Ананидзени улар қаторига қўшсак бўлади. Яқинда россиялик журналистлар грузия­лик футболчи билан суҳбат уюштириб, турли саволларга жавоб олишди.

- «Спартак»нинг етакчига айлангани борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Муваффақиятнинг асосий омили нимада?

- Бунинг сабабчиси - Каррера. Жамоада 2007 йилнинг ёзидан буён тўп сураман. Орада бир йил «Ростов»­да ўйнадим. Ҳозиргача бундай жамоани кўрмагандим.

- Ҳақиқатан ҳам бунга италиялик мутахассис сабабчими?

- Юз фоиз. У ажойиб муҳитни ярата олди.

- Аленичев даврида бундай бўлмаганми? Футболчилар ўша-ўшаку.

- Футболчилар ўша-ўша эмас. Буни ўзимда ҳис қилдим. Каррера учун барча борини бериб ўйнашга тайёр. У ҳаммага ишонч билдиради.

- Наҳотки, ҳаммаси муҳитга боғлиқ бўлса?

- Каррера кучли тактик ҳамдир. Қандай ҳужум қилиш ёки қай тарзда ҳимояланишни ипидан игнасигача тушунтиради.

- Сизни қачон «Кичик Пирло» деб атаганди?

- Бош мураббийликка тайинланганига бир ярим ой бўлганди. Иккига бўлиниб ўйнаётганимизда олдимга келиб, «Ҳужумларни яхши бошлайсан, сени таянч зонасида синаб кўрмоқчиман. Кичик Пирло бўласан», деди.

- Олдин ҳам ушбу позицияда ўйнаганмисиз?

- Ҳа. Грузия терма жамоасида, Цхададзе қўл остида. Каррера буни биларкан.

- Аммо ҳалигача «Спартак»да Пирлонинг ўрнида ўйнамадингиз.

- Баъзан машғулотларда таянч ярим ҳимоясида синаб кўришади. Ўйин пайтида эса майдоннинг ҳар бир бурчагида ҳаракат қилишим мумкин. Каррера буни тақиқламайди.

- Грузиялик собиқ футболчилардан сиз учун биринчи рақамлиси ким?

- Давид Кипиани ва Георгий Кинк­ладзе. YouTubeда Кипианининг тўп билан қандай ишлашини кўрдим. «Спартак» музейи директори Алексей Матвеев Кипианининг Венгрияга қарши ўйинда Блохинга қандай пас берганини кўрсатди. Мана буни ҳақиқий футбол деса бўлади. Кинкладзе эса ҳозиргача «Манчестер Сити»нинг энг яхши собиқ ўйинчиларидан ҳисобланади.

- Улар билан гаплашганмисиз?

- Бир марта Кипиани билан бир столда ўтирганмиз, отам уни яхши танирди. Терма жамоани Кецбая бош­қарганда Кинкладзе базага келиб турарди. У билан Москвада ҳам кўришганман ва «Витесс» таркибини ўрганиб чиққанмиз.

- Ўша пайт Голландия клубига Мераб Жордания президентлик қилармиди?

- Шундай. Ўшанда захирада ўтирардим. Жамоамизни ё Эмери бош­қарган ёки Карпин. Балки Яқиндир. Умуман олганда, «Спартак»да кўп мураббийларни кўрдим.

- «Витесс» сизни ижарага олмоқчи бўлганми?

- Ҳа. Кейинчалик харид қилиш шарти билан. Лекин «Спартак» бош директори Асхабадзе қўйиб юбормаган.

- Хорижга яна таклиф қилишганми?

- 17 ёшлигимда «Арсенал» сотиб олмоқчи бўлган экан, бундан яқинда хабар топдим. Аммо «Спартак» рад жавобини берган. Шу йил «Валенсия», «Вильярреал», «Олимпиакос», «Фрайбург» каби жамоаларга таклиф қилишди. Уларнинг талабига кўра, январгача «Спартак» билан шартномани узайтирмай, озод агентга айланишим керак эди.

- Яхши фикр-ку.

- Лекин таваккал қилишга тўғри келади. Билиб бўладими, ноябрда жароҳат олганимда-чи? Якунда ҳеч нимасиз қолардим. Аслида, муҳими бу ҳам эмас?

- Унда нима?

- Агар «Спартак»да бошқа мураббий бўлганида, кетардим.

- Аленичевга шаъма қиляпсизми?

- Умуман. Аленичевга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Аксинча, унга фақат раҳмат айтишим мумкин.

- Чемпион бўла оласизларми?

- Бутун жамоанинг фикру хаёли шунда. Таркибимизда ҳеч нима ютмаган ёши катта футболчилар бор. Ребров, Глушаков, Комбаров... Мен эса катта ғалаба қандай бўлишини ҳис қилганман. Уни яна такрорламоқчиман.

- «Ростов» сафида олган кубокни назарда тутяпсизми?

- Ҳа.

- Грузия терма жамоасида машҳур Эктор Купер қўл остида шуғулланганмисиз?

- Купер, Топмеллер ва Кецбая бош мураббийлигида ўйнаганман.

- «Спартак»ка сизни Реваз Челебадзе олиб келганди. У билан бирга ишламай қўйганмисиз?

- Грузияда уни ҳамма Челе дейди. Аслида, у расмий агентим бўлмаган. 13 ёшимда Реваз туфайли «Динамо» Киев академиясига йўл олганман. Бир йилдан сўнг пул талаб қилганди, унга «Жано 18 ёшга тўлмагунча ҳеч қанақа пул олмайсан», дейишган. «Спартак» вариантини Челебадзе топмаган. Шунчаки, клуб вакиллари Грузия ўсмирлар терма жамоасидаги ўйинимни кўриб, кўрикка таклиф қилишган. Москвага отам, Челе ва мен келганмиз. Шартномани муҳокама қилаётганимизда, у «Спартак» техник директори Евгений Смоленцевга «300 минг доллар берсанглар, Жано сизларники», деган. Бу суммани тенг бўлиб олишни режалаштиргандик.

- Сиз ва Челебадзе...

- Ҳа. Лекин отам «Челе, сенга 200, бизга 100, 50 минг мендан сенга совға», деган. Чунки отам билан Смоленцевдан 300 минг талаб қила олмасдик.

- Қанча сўрардингиз?

- Беш баравар оз. Челебадзе эса таниқли шахс. Смоленцев тортишиб ҳам ўтирмаган. Ваҳоланки, отам воз кечган 50 минг доллар биз учун ўта катта пул эди. «Спартак»даги биринчи маошим 5 минг рубль бўлган. Бироз оширишганидан сўнг Челе яна пул сўрай бошлаган.

- Қанча сўраган?

- Маошимга шерик бўлишга уринган. Яъни, агент сифатида фоиз олмоқчи эди. Отам бунга қаршилик қилиб, у билан тортишиб кетганди. «Шартнома тузсин, катта пул ишлаб топсин. Сени қуруқ қўймаймиз», деганди. Шундан сўнг у билан алоқани узганмиз.

«СЭ» - ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz