Қайднома

Қидирув

Диёр ТУРОПОВ: «Ҳаммаси ўзимга боғлиқ»

Диёр ТУРОПОВ: «Ҳаммаси ўзимга боғлиқ»

  17.01.2017 03:22
  0
  1463
Диёр ТУРОПОВ: «Ҳаммаси ўзимга боғлиқ»

Янги мавсумга тайёргарликни БААда давом эттираётган Тошкетнинг «Локомотив» клуби қисқа фурсат ичида тўрт нафар янги футболчи билан шартнома имзолади. Улардан бири, шу кунгача «Олмалиқ» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган ярим ҳимоячи Диёр Туроповни сиз яхши танийсиз. 1994 йилнинг 9 июлида туғилган Диёр Жиззах футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2013 йилдан бери «Олмалиқ» либосида майдонга тушиб келаётган эди. Туропов ўз вақтида ўсмирлар, ёшлар ҳамда олимпия терма жамоаларимизда ҳам ўйнаган. Ўнг ва чап қанот ярим ҳимоясида, шунингдек, ҳужумчи ортида ҳам бирдек самарали ҳаракат қила оладиган футболчи «темирйўлчилар» сафида ўз ўрнини топа олишига ишонмоқда. Бу ҳақда футболчи БААга сафар олдидан маълум қилди.

- Диёр, аввало, ҳар доим ўз олдига юксак мақсад қўядиган клуб сафига ўтганингиз билан табриклаймиз! Бу воқеа қандай рўй берди?

- Табрик учун раҳмат. Биласизми, кутилмаганда «Локомотив» мураббийлари менга таклиф билан чиқишди. Бу эса табиийки, жуда қизиқарли кўринди. Сабаби, «Локомотив» Ўзбекистон чемпиони сифатида ОЧЛ­да иштирок этади ва  шу омил шарт­номани иккиланмай имзолашимга туртки берди.

- Сиз «Олмалиқ» клуби шарафини бир неча йил ҳимоя қилдингиз. Жамоа билан хайрлашиш осон бўлмагандир?

- Албатта. «Олмалиқ»да ўтган дамлар бир умр қалбимда қолади. Зеро бу ерда, Игорь Шквирин қўли остида ўсишга эришдим, турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнадим. Қолаверса, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашиш бахти насиб қилди. Бу муваффақиятларнинг бари бевосита «Олмалиқ» клуби билан боғлиқ.

- Эҳтимол, жамоани ўзгартиришингизга  Шквириннинг «Олмалиқ»дан кетиши сабаб бўлгандир?

- Йўқ, бундай эмас. «Локомотив» сафига ўтишимни Игорь Анатольевич истеъфоси билан боғламаган бўлардим. Шунчаки, ўзимни кучли клубда синаб кўришни лозим топдим.

- Шквириннинг жамоадан кетишини қандай қабул қилдингиз?

- Биласизми, футболда ҳеч нарса абадий эмас. Игорь Шквирин бир неча йиллар мобайнида «Олмалиқ»ни бошқариб келди. Бу вақт ичида кўплаб истеъдодли футболчилар кашф этилди. Умуман олганда, натижалар ҳам чакки бўлмади. «Олмалиқ» кучли клубларни мағлуб эта олиши билан танилган. Бу ютуқларда мураббийнинг ҳиссаси катта.

- «Темирйўлчилар» билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Келишувимиз бир йилга мўлжалланган, ҳозирча.

- «Локомотив» мураббийлари билан гаплашдингизми? Улар сизга қандай талаб қўйишди?

- Ҳа, гаплашиб олдик. Улар жамоага фойдам тегишига умид қилишаётганини айтишди. Буёғига эса ҳаммаси ўз қўлимда. Яъни, менга имконият берилди, бундан қай даражада фойдаланиш биргина ўзимга боғлиқ.

- Адашмасам, сизни «Локомотив»га аввал ҳам таклиф қилишганди. Ўшанда Тошкент жамоасига ўтишингизга нима тўсқинлик қилган?

- Тўғри, ўз вақтида таклиф бўлган. Лекин ўша пайтда мен «Локомотив»да ўйнашга тайёр эмас эдим. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида «Олмалиқ»да қолишга қарор қилгандим.

- «Олмалиқ»нинг ўтган йилги натижаларига қандай баҳо берасиз?

- Тўғрисини айтиш лозим, айрим ўйинларда бизга омад етишмади. Баъзи учрашувларда ўз имкониятимиз даражасида ўйнай олмадик. Боз устига, биринчи даврадан сўнг таркибимизда жиддий ўзгариш бўлди ва давралар оралиғида бир гуруҳ асосий таркиб футболчиларига жавоб берилди. Иккинчи даврада эса деярли янгиланган таркиб билан иштирок этдик. Шу боис, ўзимиз истаган мақсадларга эриша олмадик.

- Янги жамоангизда нечанчи рақамни танладингиз?

- 77-рақам бўш экан, шуни олдим. Биласиз, «Олмалиқ»да ҳам худди шу рақам остида ҳаракат қилгандим.

- Бир пайтлар сизни Москванинг ЦСКА клуби ўз сафига чорлаганди. Ҳатто Россия клубида кўрикдан ҳам ўтган эдингиз. Ўша трансфер амалга ошмай қолганидан афсусланмайсизми?

- ЦСКАдек клубга ўта олмаганимдан афсусланаман, албатта. Лекин гап шундаки, клуб раҳбарлари мендан Россия фуқаролигини олишимни талаб қилишганди. Табиийки, мен бунга рози бўлмаганман.

- Фаолиятингиздаги энг ёрқин саҳифалардан бири сифатида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини айтиш мумкин. Кичик мундиалдан қандай таассуротлар қолган?

- Таассуротлар фақат ижобий. Мазкур жаҳон чемпионати 2013 йили Туркияда ўтказилган эди. Ўшанда ўзимизни худди уйдагидек ҳис қилгандик. Чунки барча ўйинларда кўп сонли ўзбекистонлик мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб туришган. Якунда дунёнинг кучли 8та жамоаси сафига кирганмиз. Бу биз учун катта бахт эди. Эътиборлиси, чорак финалда биздан устун келган французлар якунда чемпион бўлишган.

- Маълумки, «Локомотив»да ҳар бир чизиқ учун рақобат жуда кучли. Бунга тайёрмисиз? Захирада қолиб кетишдан қўрқмайсизми?

- Рақобат бор жойда ўсиш ҳам бўлади. Билмаганларимни тажрибали жамоадошларимдан ўрганаман. Энг муҳими, жамоага фойдам тегса, бас. Юқорида айтганимдек, ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Астойдил ҳаракат қилсам, кўзлаган мақсадимга албатта, эришаман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz