Қайднома

Қидирув

Чин юртида чин футбол

Чин юртида чин футбол

  17.01.2017 00:11
  0
  1060
Чин юртида чин футбол

2009 йил Мадриднинг «Реал»ида улкан ислоҳотлар юз берди. Клуб президенти этиб Флорентино Перес тайинланди ва «янги галактикос»ни шакллантириш ишлари бошланиб кетди. Роналду, Кака, Бензема ва Хаби Алонсо каби футболчиларнинг жамоа билан шарт­нома имзолашлари катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Ўша пайтлари Мадридда голландиялик иқтидорлар - Роббен ҳамда Снейдер тўп суришарди. Аммо улар қанчалик маҳоратли ва кучли футболчи бўлмасин, барибир, Роналду ва Кака каби ўйинчилар соясида қолиб кетишлари аниқ эди. Табиийки, бу ҳолат Арьен ва Уэслига ҳам, клубнинг янги президентига ҳам маъқул келмасди. Натижада, улар трансферга қўйилдилар. Шундан сўнг, Роббен «Бавария»га, Снейдер эса «Интер»га трансфер қилинди.

ЕЧЛ ФИНАЛИ

Воқеалар ривожи қандай тус олганлигидан хабарингиз бор, албатта. Ушбу мавсумнинг ўзидаёқ, Мануэль Пеллегрини қўл остидаги суперфутболчилар Чемпионлар Лигасининг 1|8 финалида «қоқилишди». Жамоани тарк этган голландиялик футболчилар эса, ўша мавсумнинг ўзидаёқ, ЕЧЛ финалида бир-бирларига қарши майдонда тўп суришди. Ўшанда Уэслининг омади чопди ва «Интер» «Бавария» устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Снейдер ҳамда Роббен «Реал»дан кетиб, тўғри қарор қабул қилишганига амин бўлдилар. Натижада, Голландия терма жамоаси ўша мавсумнинг ўзида ЖАР майдонларида кечган жаҳон чемпионати финалига қадар етиб бориб, «қизил фурия»га 0:1 ҳисобида аламли мағлубиятга учради. Албатта, ҳал қилувчи ўйинда енгилиш жуда аламли, лекин умуман олганда, мавсум ушбу икки футболчи учун жуда омадли келганлиги бор гап. Дарҳақиқат, бундай йирик мусобақаларда финалга қадар етиб боришнинг ўзи катта иш. Бунинг замирида қанчадан-қанча машаққатли меҳнатлар ётибди.

Уэсли Снейдернинг кейинги фаолияти бир маромда давом этмасада, Роббен учун аксинча бўлди. У «Бавария» сафида бир неча маротаба «Галактикос»га рўбарў келди ва ғалабаларга ҳам, мағлубиятларга ҳам учради. Умуман олганда, Мюнхен жамоаси эришган ютуқларда Роббеннинг хизматлари беқиёсдир. Чиндан ҳам, Арьен жуда иқтидорли футболчи. Снейдер ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Флорентино Перес бундай футболчиларнинг хизматларидан воз кечганлигига пушаймон бўлгандир, ҳойнаҳой. Голландларнинг ўзлари эса, аксинча, бир пайтлари «Реал»ни тарк этганларидан хурсанд эканликлари табиий. Уларни футбол аҳли ҳурмат қилади, яхши кўради. Ўз клублари ва терма жамоаларида ўчмас из қолдирган буюк футболчилар бунга муносиблар, албатта!

ЯНГИ МИСОЛЛАР

Бундай мисолларни футбол оламида жуда кўп келтириб ўтишимиз мумкин. Масалан, ўша мавсумда Самуэль Это~О ҳам «Барселона»ни тарк этиб, «Интер» билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган эди. Дринкуотер ўз вақтида «Манчестер Юнайтед»дан кетиб, ўтган мавсумда ўзимиз гувоҳи бўлганимиздек, «Лестер» билан Англия премьер-лигасида чемпионликка эришди. Айтмоқчи бўлганим шуки, футболчи ўз фаолияти давомида турли қийинчиликларга рўбарў келиб қолган даврда бурилиш ясашни эплаши керак. Гарчи, четдан қараганда, ушбу бурилиш орқага қўйилган қадам сифатида кўринса ҳамки, барибир, шу йўлни танлашда ўзида куч ва ирода топиши лозим. Ана ўшанда бирор-бир совринга эришиши мумкин бўлади. Шундагина, у ўз олдига янги марраларни забт этиш вазифасини қўяди ва ўсишга эришади. Шубҳасиз, бу ишлар унинг фаолиятига салбий эмас, аксинча, ижобий таъсир ўтказиши тайин. Барчаси футболчининг ўзига ҳамда жамоани бошқарадиган мураббийга боғлиқ. Юқорида номи тилга олинган футболчилар мазкур масалада муаммога дуч келишмади. Устозлари ишончини оқлашгани - уларнинг бахти. Айнан шу омилни улар қўлга киритган ютуқларнинг бош сабаби дейишимиз мумкин.

АСОСИЙ МАВЗУ

Энди асосий мавзуга ўтамиз. Сезиб турганингиздек, бугун миллий термамиз сардори Одил Аҳмедов тўғрисида фикр юритмоқчиман. Унинг яқинда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоасига ўтганлиги сабабли, бу ҳолат мухлисларимизда катта қизиқиш уйғотди, таассуротлар турлича бўлди, фикрлар ҳам бир-биридан фарқ қилди. Футболимиз ихлосмандларининг ярми ушбу қарор ўзини оқламаганини айтиб, Одил шу тариқа фаолияти давомида орқага қадам ташлади, деб ҳисоблашса, иккинчи ярми вазиятни ижобий баҳолашмоқда. Қуйида мен ҳам мазкур трансфер борасида ўз фикрларимни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.

Хўш, термамиз сардорининг Хитойга трансфер қилингани унинг учун фойдалими ёки аксинча? Миллий жамоамиз бундан нима йўқотади-ю, нима ютади? Шу мавзу юзасидан қарашларимни батафсил ёритишга уриниб кўраман.

«КРАСНОДАР» - ГРАНД ЭМАС

Одилнинг собиқ жамоаси «Краснодар» тўғрисида гап кетганида, энг аввало, ушбу клуб Россия чемпионатида грандлар қаторига кирмаслигини инкор этмаслигимиз даркор. Тўғри, краснодарликлар сўнгги йилларда чемпионатда ҳам, Европа Лигасида ҳам барқарор ўйин намойиш этиб келишмоқда. Аммо шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ютуқларнинг барчасига жамоанинг собиқ бош мураббийи Олег Кононов улкан ҳисса қўшган. Унгача «Краснодар» РФПЛда ўртамиёналар сафида юрган. Айнан Кононовнинг меҳнатлари эвазига «буқалар» ўз тарихларида илк бора бронза медалини қўлга киритишди. Бош мураббийнинг ўйин фалсафаси асосан марказдан ташкил этиладиган ҳужумлардан иборат эди ва шу тактика эвазига Одил Аҳмедов жамоада етакчи ролни ўйнарди. Унинг 10-рақам остида тўп сургани ҳам бежиз эмас. Афсуски, ушбу мавсум чемпионатда қайд этилган қониқарсиз натижалар туфайли Кононов лавозимидан бўшатилди ва унинг ўрнига Игорь Шалимов тайинланди.

Юқорида таъкидлаганимдек, «Краснодар» гранд эмас. Жамоа асосан Кононовнинг ажойиб фаолияти ҳисобига мухлисларига ушбу ғалабаларни тақдим этишга эришди. Мураббий алмашгач эса, клуб яна аввалги ҳолатини тиклашига шахсан мен ишонолмайман. Биринчидан, жамоа «Зенит» ёки «Спартак» каби футболга йирик сармоя киритолмайди, ўз сафига кучли легионерларни жалб этолмайди. Иккинчидан, «Краснодар» ЦСКА каби ўз академиясига таянган ҳолда, кучли ўйин намойиш қила олмайди. Қўшимчасига, янги бош мураббий Одилни асосий таркибда майдонга туширмаганини бир неча маротаба кузатдик. Демак, Аҳмедов унинг фалсафасига тўғри келмаяпти ёки универсал футболчимизнинг бошқа позицияда тўп суришини хоҳламоқда.

ХИТОЙ

Энди Хитой тўғрисида фикр алмашамиз. «Шанхай СИПГ» сафида Халк ва Оскар каби жаҳон юлдузлари тўп суришини эслатиб қўйиш лозим. Бундан ташқари, жамоани таниқли португалиялик мураббий Андре Виллаш-Боаш бошқармоқда. Бу машҳур номларнинг янграшиёқ, Одил Аҳмедовнинг янги жамоаси эскисидан кўра кучлироқ эканлигидан далолат беради. Боз устига, сўнгги пайтларда Чин юрти футболига катта сармоялар киритилиши натижасида мамлакатда Дрогба, Тевес, Витцель, Тейшейра, Мартинес, Бразилия термаси етакчилари ҳисобланмиш Паулиньо, Халк ва Оскар каби жуда иқтидорли футболчилар пайдо бўлишди. Мамлакатда шунингдек, обрўли бош мураббийлар - Сколари, Виллаш-Боаш, Липпи, Пеллегринилар ишлашмоқда. Демак, Хитой чемпионати бугунги кунда РФПЛдан анча илгарилаб кетганлигини кўришимиз мумкин. Тўғри, Россияда тўп суриб, Европа ҳавосидан баҳраманд бўлиш мумкиндир, балки. Бироқ мени кечирасизлар-у, энг кучли легионерлар сифатида голландиялик Промес («Спартак») ва эронлик Сардор Азмун («Ростов») эътироф этилаётган чемпионатнинг ўртамиёна жамоаси сафида майдонга тушишдан кўра, Хитойда тўп суриш афзалроқ эмасми?

Бугунги кунда, шубҳасиз, Осиё бўйича барча ички биринчиликларнинг энг илғори саналган Хитой чемпионатида иштирок этиш ёмон натижа эмас. Ўз нуқтаи назаримга таянган ҳолда шуни айтишим керакки, кучли футболчи деярли йўқ бўлган лигада ўйнагандан кўра, футбол олами юлдузларини жамлаётган Чин ўлкасида чемпионлик учун курашишни афзал биламан.

«Шанхай СИПГ» энг аввало, қатор йиллардан буён гегемонлик қилиб келаётган «Гуанжоу Эвергранд»га қаршилик кўрсатишни истайди ва айни мақсадда таркибини кучайтиришга эришди. Биз ҳам, ўз навбатида, Одил Аҳмедов ва унинг янги жамоасига омадлар тилаб қоламиз. Ўйлайманки, термамиз сардори кучли футболчилар ҳамроҳлигида кучли легионерларга қарши тўп суриш орқали янада ўсиб, очилмаган қирраларини кўрсатишга эришади.

ОЧЛ ФИНАЛИ

Дарвоқе, мақола аввалида голландиялик икки юлдузни бежиз эсламадим. Ортга ташланган қадам баъзида футболчининг фаолиятини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Янги чўққиларнинг забт этилишида айнан мана шундай «ортга ташланган қадамлар» асқотиши эҳтимолдан холи эмас. Фақат бунга тўғри ёндашилса, кифоя. Хўш, бу чиндан ҳам ортга ташланган қадамми ёки йўқ? Аҳмедов осиёликларнинг кучсиз ўйинларига қараб, пассивлашиб кетадими ёки кучли легионерларга суянган ҳолда ўсишга эришадими? Бундан кейин термамиз ўйини заифлашиб кетадими ёки аксинча, жамоамиз сардорининг сермаҳсуллиги туфайли барча қийинчиликлар енгиладими? Одил Аҳмедов Снейдер каби «йўқолиб» қоладими ёки Роббенга ўхшаб энг кучлилар қаторидан жой эгаллайдими? Буларнинг ҳаммаси ёлғиз футболчининг ўзига боғлиқ. Яна ким билади, дейсиз, балки тақдир тақозоси билан янги мавсумда айнан икки футболчимиз - Сардор Рашидов («Ал-Жаиш») ҳамда Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ») ОЧЛ финалида бир-бирларига қарши майдонга тушиб, икки йилдан сўнг Осиё кубогида термамиз сафида ҳал қилувчи ўйинга қадар етиб боришар? Нима қилай, юрак қурғур, ҳар доимгидек, ушалмаётган орзуларнинг ушалишини истайди-да...

Темурмалик ТОЖИДДИНЗОДА



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz