Қайднома

Қидирув

Санжар Шоаҳмедов: «Локомотив» асло кучсизланиб қолгани йўқ

Санжар Шоаҳмедов: «Локомотив» асло кучсизланиб қолгани йўқ

  17.01.2017 19:55
  0
  646
Санжар Шоаҳмедов: «Локомотив» асло кучсизланиб қолгани йўқ

Хабар берганимиздек, жамоамиз ишқибозларининг ёқимтой футболчиларидан бирига айланган ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов энди фаолиятини бошқа жамоада давом эттиради. У ҳам худди Темурхўжа Абдухолиқов каби Қатарнинг “Ал Сайлия” жамоаси аъзосига айланди. 

“Локомотив” сафида анча мазмунли фаолият олиб борган футболчи клубимиз матбуот хизматига эксклюзив интервью берди.

— Темурхўжадан сўнг сиз ҳам Қатар клубига йўл олдингиз. Бу қандай содир бўлди?

— “Локомотив” жамоаси таркибида Дубайда ўтаётган мавсумолди йиғинида қатнашаётган эдим. Бу орада Қатар клубидан таклиф келиб тушди. Дастлаб Темурхўжа Доҳага борди ва жамоадаги шарт-шароитлар билан танишди. Сўнгра мен ҳам бу ерга йўл олдим.

— Темурхўжа билан яна бир клубда бўлишингиз тасодифми? Бунга ўзингиз қандай изоҳ берасиз?

— Биласизми, бу – жуда ажойиб тасодиф. Айтиб ўтганимдек, Дубайдаги йиғин пайти иккимизга ҳам хориждан чорлов бўлди. Қизиқ жиҳати шундаки, иккаламизга ҳам бир жамоа қизиқиш билдирди. Бундан хурсанд бўлдик, албатта. Зеро бир-биримизга далда бўлган ҳолда биргаликда тўп суришимиздан қувондик.

— Футболчиларнинг бирин-кетин «Локомотив»дан кетиши мухлисларни саросимага соляпти. Жамоа кучсизланиб қолмасмикин? 

— Йўқ! “Локо” асло кучсизланиб қолмайди. Чунки таркибда ажойиб ўйинчилар йиғилган. Кетган футболчиларнинг ўрнини билинтирмайдиган ёшлар ҳам мавжуд. Шу боисдан ҳам жамоа раҳбарияти ёшларга имкон бериш мақсадида ва таркибга янги маҳоратли ўйинчилар қўшилганини инобатга олиб, хориждан чақирув олган футболчиларга рухсат бермоқда.

— Жепаров ва Шоаҳмедовсиз жамоанинг ярим ҳимоя чизиғи қандай кўриниш олади деб ўйлайсиз?

— Айтиб ўтганимдек, “Локо” сафида жуда иқтидорли ва маҳоратли ўйинчилар бор. Ўтган мавсумда камроқ ўйин амалиётига эга бўлган футболчилар мана энди янги йилда ўзларини кўрсатиш имконига эга бўлишади. Бу – футболда оддий ҳолат, менимча.

— «Локо» футболчилари билан хайрлашиш қандай бўлди?

— Ростини айтадиган бўлсам, “Локо”дан кетиш мен учун оғир. Сабаби ушбу жамоа таркибида жуда ажойиб ғалабаларга эришдим. Мамлакат чемпиони деган унвонга айнан мана шу жамоа сафида эга чиқдим. Бундай ғалабаларни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Лекин қачондир барибир ўзимни хорижий чемпионатда синаб кўришим лозим эди, деб ўйлайман.

— Жамоа бу йил ҳам чемпионлик ва Кубок учун кураша оладими?

— Албатта! Ишончим комилки, “Локомотив” – 2017 йилда ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлиш учун асосий даъвогар. Бунга таркибда йиғилган футболчиларнинг тажриба ва маҳорати имкон беради. Қолаверса, ёш иқтидорли футболчиларнинг иштиёқи ҳам “Локо”га янги мавсумда янги ғалабаларни қўлга киритиш учун туртки бўлади.

— Фаолиятингизда биринчи бор Ўзбекистондан четда тўп сурасиз. Қандай ҳиссиётларни бошдан ўтказяпсиз?

— Тўғриси, бироз ҳаяжон бор. Лекин ўйинлар бошлангач бу ҳаяжон ўтиб кетишига ишонаман. Ана энди янги жамоа сафида ўзимни кўрсатиб, ўзбек футболи довруғини ёйишга ҳаракат қиламан. Умид қиламанки, мендан кутилаётган ўйинни намойиш этишни уддалайман.

— Шу ўринда «Локо» мухлисларига нималар деган бўлардингиз?

— “Локомотив” – менинг қалбимда қоладиган жамоа. Унинг мухлисларини ҳам асло унутмайман. Жамоа ишқибозлари бизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб тургани ўйинчиларга куч берарди ва натижада биз Олий лигада зафар қучишга муваффақ бўлдик. Шунинг учун ҳам жамоа мухлисларига миннатдорчилик билдираман ва уларга омад тилайман. Қолаверса, “Локо”да меҳнат қилаётган ҳар бир ходимга, раҳбарият-у футболчиларга ҳам улкан зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Манба: www.lokomotiv.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz