Қайднома

Қидирув

«Кумир»-«Кумир» Окоча!

«Кумир»-«Кумир» Окоча!

  18.01.2017 06:19
  0
  1225
«Кумир»-«Кумир» Окоча!

Янги йил - мўъжизавий байрам, унда етти ухлаб тушингизга кирмайдиган воқеалар юз бериши мумкин. Шу сабаб бетакрор байрам шукуҳи кезиб юрган паллада анчайин камтарин жамоаларда чинакам футбол мўъжизасини кўрсатган Жей Жей Окоча ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик. Бу иқтидор соҳибининг тенгсиз бўлиши ота-онасига аввалдан маълум бўлганми ёки у шундай бўлишини орзу қилишганми, ҳар ҳолда фарзандларига Жей Жей деб ном беришди. Қўшалоқ исм­нинг бежизга берилмаганини Окоча ўзининг мафтункор ўйинлари билан исботлади. Шу боис, тенги йўқ бу иқтидор соҳибини «кумирлар кумири» деб атадик. Чунки миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган Роналдиньо ҳам Окочани устоз сифатида ҳурмат қилишини таъкидлаб ўтганди.

Ҳар қандай футболчининг табиати, савия даражасини учрашувлардаги ҳаракатлари белгилаб беради. Жей Жей Окочани футбол оламига танитган илк воқеа 2004 йил январда юз берганди. Англия кубоги турнирининг ярим финали дастлабки беллашувида «Астон Вилла»га қарши майдонга тушган «Болтон» жарима зарбасини тепиш ҳуқуқига эга бўлганди. «Вилла» жонли деворга икки нафар ўйинчисини қўйиш билан кифояланди, Окоча эса зарбани амалга ошириш тадоригини кўрди. Бундай вазиятлар мўъжиза учун энг қулай фурсат. Дарвоза томон зарба берилишини ҳеч ким кутмайди - масофа жуда узоқ. Аммо Жей Жей ўз ниятида қатъий. Чунки унинг физика ёки математика қонунларига бўйсунмайдиган ўзгача олами бор, у ерда ҳаммаси Жей Жейнинг измига бўйсунади. Ҳужумчининг ўнг оёғи билан берган зарбасидан сўнг тўп ғайритабиий йўналишда шиддат билан дарвоза томон йўл олди. Мафтункор парвоз фантастик гол билан интиҳо топди.

Ана шу мўъжизавий лавҳалар мухлислар, ҳатто футболчилар учун ҳам чинакам фантастика бўлса, нигериялик иқтидор соҳиби учун одатий ҳол! Ана шу туғма иқтидор туфайли Окоча Энугу кўча футболидан Европа саҳнасига чиқишга муваффақ бўлди. Футболчи Нойнкирхеннинг «Боруссия»си, «Айнтрахт», «Фенербахче», «Болтон», «Халл Сити» ва «ПСЖ» клубларида тўп сурди. Франциядаги ёрқин ўйинлари туфайли бўлажак юлдуз - Роналдиньони асир этди. Халқаро ареналарда эса Окоча «супербургутлар» шарафини ЖЧ-94да муносиб ҳимоя қилди. Африка Миллатлар кубоги мусобақаларида Нигериянинг асосий юлдузи сифатида қитъа чемпионатининг олтин, кумуш ва 3та бронза медалларини қўлга киритишига беқиёс улуш қўшди. Бундан ташқари, терма жамоа 1996 йили Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди. Мўъжизакор томошалар 1998 йилги Франция мундиалида ҳам давом этгач, «қора қитъа» вакили европалик мутахассислар назарига тушди. Эътиборли жиҳати шундаки, айнан унинг маҳорати эвазига кўпчилик учун унут бўлиб улгурган камтарин «Болтон» қайтадан жонланди, Окоча чинакам юлдузга айланди! Таажжубки, шундай афсунгар бир марта бўлсада Африканинг энг яхши футболчиси унвонига лойиқ топилмади. Ўз юртида топмаган эътиборни туманли ўлкада топди: 2002 йили «Болтон» таркибидан жой олган ҳужумчини трибуналар тўхтовсиз қўшиқлар жўрлигида кузатишарди: «Қўшалоқ исм Окочадан бошқа ҳеч кимда йўқ. Майдонда ҳам ундан зўри йўқ!».

Албатта, мухлислар эътирофи ҳар доим ҳам жиддий қабул қилинавермайди, уни шунчаки ҳазилга йўйиш ҳам мумкин. Лекин охир-оқибат уларнинг ҳақликлари маълум бўлди: Жей Жей ўта ноёб юқори маҳорати эвазига ҳайратомуз финтларини амалга оширарди. Бундай ҳаракатларини кўпчилик мураббийлар ортиқча деб тушуниб, ўз шогирдларини бу йўлдан қайтаришга уринишарди. Чунки уларга аввало натижа муҳим. Бироқ Окоча олдига қўйган вазифаларни аъло даражада бажарарди. Аниқроғи, майдонда ўз билганича ҳаракат қилсада, мураббийни ранжитиб қўймасди. Ҳужумчининг тўп билан амалга ошираётган трюклари қанчадан-қанча ёш футболчиларга илҳом бағишлади. Кўпчилик футбол юлдузлари унинг ўйинлари сони, урган голлари туфайли, яъни статистик маълумотларига кўра тилга олишади. Қўшалоқ исмли қаҳрамонимиз эътирофи учун бунинг ўзи камлик қилади - Окоча ҳаракатларининг ўзиёқ тарихий аҳамиятга эга. Ваҳоланки, унинг ҳисобида ҳайратомўз мўъжиза голлар етарли. Қолаверса, Жей Жей «қора ишлар»дан ҳам ҳеч қачон бўйин товламаган. Аммо ана шу «қора ишлар»ни ўзига хос нафислик, чаққонлик ва маҳорат билан бажарарди. «Болтон» тарихидаги ўта ёрқин даврда нигериялик ҳужумчи сардор сифатида тўп сурган. У Юри Жоркаефф, Рикардо Гарднер, Гари Спид, Иван Кампо, Фернандо Йерро ва Юсси Яаскелайнен каби юлдузларнинг етакчиси эди. Қисқаси, Жей Жей Окоча каби футболчилар профессионал футбол учун камёб воқеа! Ҳозир ҳам айрим ижрочиларнинг антиқа финтларидан завқ оламиз. Лекин Окочанинг устунлиги шундаки, у жозиба билан биргаликда самарани ҳам ўрнига қўярди. Ҳужумчи зарба йўллашни ҳам, рақиблардан тўпни тортиб олиш ёки узатмаларни амалга оширишни ҳам мукаммал адо этарди. Кўпинча бўшлиққа интилиш ўрнига бурчакка йўл оларди. У ерда бир нечта ўйинчилар қуршовидан чиқиб кетишини кузатар экансиз, ўзи учун ўзи синов ўтказяптими, деган фикр хаёлингиздан ўтади.

Бугунги АПЛда Окочанинг вориси йўқ. Албатта, вақти-вақти билан ёрқин финтларни Коутиньо, Санчес ёки бошқа иқтидор соҳиблари намойиш этишлари мумкин. Аммо Окочанинг афсунгарлиги ўйиннинг бошидан охиригача давом этарди. Аслида, ҳар бир шахс, жумладан, футболчининг ҳам ўз фалсафаси бўлади. Голландиялик афсона - Деннис Бергкамп ўз вақтида шундай деганди: «Тўпга берилаётган ҳар қандай зарбанинг ўзига яраша мазмун-маъноси бор!» Дарҳақиқат, бу ҳужумчи ҳар бир зарбасини аниқ ҳисоб-китоб асосида амалга оширарди. Окоча касбдошининг фалсафасини жозиба билан безаб, янада таъсирчан кўринишга олиб келди.

«Хўш, шунчалик маҳоратли экан, нима учун ривожланиб бораётган замонавий футболда Окочанинг издошлари кўриниш беришмаяпти?» деган савол кўнглингиздан ўтган бўлса, жавобимиз қуйидагича: бунинг сабаби - таълим-тарбия. Аниқроғи, унинг йўқлиги. Футбол академияларида талабчан мутахассислар ёш иқтидор соҳибларини тўп билан рақсга тушишни бутунлай унутишга мажбурлашади. Йил давомида маҳоратини оширишга зўр берадиган тарбияланувчиларга Окочадек «бемаъни» тўп суриш имкониятини беришларини тасаввурга сиғдириб бўлмайди. Ҳозир турли спорт буюмлари - тўп, бутсалар рекламасида чаққонлик ва техника маҳоратини ўзига хос «фонограмма», яъни компьютер ёрдамида тасвирлашади. Окоча ҳар қандай финтни жонли тарзда амалга оширарди. Муҳими, ихтиёрий равишда, заррача бўлсада моддий манфаатни кўзламаган ҳолда.

Тўғри, мухлис ва мутахассислар орасида Окочанинг «Барселона», «Реал», «МЮ» ёки «Бавария»дек гранд­лар сафида тўп сурмаганлигига шаъма қиладиганлар йўқ эмас. Чиндан ҳам, қаҳрамонимиз «Болтон»га ўхшаган ўртамиёна жамоаларда ўйнади, ҳамма ерда устунлиги билан ажралиб турди. Шундай бетакрор иқтидор соҳиби ҳар қандай номдор жамоада ҳам ўз ўрнини топа олишига ишонгимиз келади. Шуни унутмаслик керакки, Окоча Сэм Эллардайс берган эркинлик туфайли майдонда 100 фоиз ижод билан шуғулланди. Юқорироқ савиядаги бош­қа ҳар қандай жамоада унга бундай эркинликни беришмасди.

«Болтон» хусусида тўхталадиган бўлсак, жамоа футболнинг барча жиҳатларини қоғоздаги турли ёзувлар билан ифодалаб бўлмаслигини амалда исботлади. Ўша даврдаги таркиб ҳамжиҳатликка эриша олмаслиги ҳам мумкин. Бироқ у аҳил, ягона жамоага айлана олди. Йерронинг тажрибаси, Жоркаеффнинг вазиятни ҳис этиш қобилияти ва бошқа жамоадошларининг ишончли ҳаракатлари туфайли Окоча афсунгар мусаввир даражасига кўтарилди. Унинг майдондалигининг ўзиёқ «Болтон»га устунлик берарди. Мутахассислар фикрича, ўша даврда АПЛ тактикаси анча содда бўлгани учун нигериялик ҳужумчи кўнгли тусаган финтларни амалга оширарди. Ваҳоланки, айнан ўша даврда Рой Кин, Патрик Виейра сингари ҳимоя қўрғонлари ҳам тўп суришган. Ўтмишга саёҳат қилар эканмиз, «қора қитъа»нинг жавоҳирлари - Жорж Веа, Самуэль Это~О, Дидье Дрогба, Абеди Пеле, Нванкво Кану ва бошқалар хаёлимиздан ўтади. Улар чинакам юлдуз бўлишган, бунга шубҳа йўқ. Улар орасида Жей Жей Окоча ҳам даҳо унвонига муносиб. Бу борада ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ!

FootballHD.ru - А.АҲМЕДОВ тайёрлади.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz