Қайднома

Қидирув

Анонс: «ИнтерФУТБОЛ»нинг 6-сонида...

Анонс: «ИнтерФУТБОЛ»нинг 6-сонида...

  18.01.2017 13:48
  0
  1223
Анонс: «ИнтерФУТБОЛ»нинг 6-сонида...

Қадрли футбол ишқибозлари «ИнтерФУТБОЛ» газетасининг пайшанба сонида бир-биридан қизиқарли мақолаларни мутолаа қилишингиз мумкин. Эксклюзив материаллар, таҳлил ва суҳбатлар  ҳам сизни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.

Демак, газетамизнинг 6-сонида нималарни ўқиш мумкин?

 

Ўттиз иккилик

Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сони оширилди. Бу энди амалга ошиб бўлган факт. Қандайдир воқеалар бўлиб кетиб, ФИФА раҳбарияти яна ўзгармаса, 2026 йилги жаҳон чемпонатида 48та жамоа иштирок этиши лозим. Ҳозир бу яхшими ёки ёмон, кўп бош қотирмоқчи эмасмиз. Ҳаммаси ФИФА раҳбариятининг виждонига ҳавола. Ташкилот президенти Жанни Инфантинонинг айтишича, Европа чемпионатида иштирокчилар сони оширилгандан сўнг мусобақа қизиқарлироқ ўта бошлаган экан. Бу гапни шунчаки маълумот ўрнида келтириб ўтдик. У қай даражада мантиққа тўғри келишига баҳо бериш эса, ўзингизга ҳавола. Бизнинг айтмоқчи бўлганларимиз бошқа.

 

Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ:  «Қатар клубига ўтиб, катта таваккал қилдим»

Қатар чемпионатида ўйнайдиган футболчиларимиз сони тўрт нафарга етди. Сардор Рашидов ва Санжар Турсуновдан сўнг «Локомотив»нинг икки етакчиси ҳам ушбу мамлакат жамоаси билан шартнома имзолашди. Аввалига Ўзбекистон чемпионатининг 2016 йилги тўпурари Темурхўжа Абдухолиқов, кейин эса ўтган мавсум кашфиётларидан бири Санжар Шоаҳмедов «Ал-Сайлия» клуби билан келишувга эришдилар. Ушбу жамоа 20 январь куни Қатар юлдузлар лигаси доирасида ўз уйида «Умм-Салал»ни қабул қилади. Шу муносабат билан миллий жамоамиздан чақирув олган Темурхўжа терма ўйинларида қатнашмайдиган бўлди. Биз навбатдаги машғулотлардан сўнг Абдухолиқовдан интервью олдик.

 

Жепаров «Истиқлол» мухлисларини хурсанд қилмоқчи

Ўзбекистон миллий термаси ярим ҳимоячиси, бир неча кун аввал «Истиқлол» (Эрон) аъзосига айланган Сервер Жепаров янги жамоага ўтиши, клубнинг истиқболи, бўлажак рақиблари, «Озоди» стадиони, ОЧЛдаги имкониятлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

 

Санжар ШОАҲМЕДОВ:  «Локомотив» асло кучсизланиб қолгани йўқ»

Ўтган йили Тошкент «темирйўлчилари» ғалабаларига муносиб ҳисса қўшган Санжар Шоаҳмедов ҳам кейинги фаолиятини Қатарнинг «Ал-Сайлия» клубида давом эттирадиган бўлди. Маҳоратли футболчи «Локомотив» матбуот хизматига берган интервьюсида ўз фикрларини билдириб ўтди.

 

Мавсум тараддуди

 

Хитойга кетадиган борми?

Хитойликлар РФПЛда тўп сураётган топ даражадаги икки легионер - Халк ва Витселни олиб кетишди. Смоловни эса йўлдан оздира билмадилар. Шунга қарамай, ҳамон Россия чемпионатида фаолият юритаётган аксарият футболчиларга қизиқиш билдиришда давом этишмоқда. Эътиборлиси, улар орасида ўзбекистонлик футболчилар ҳам бор. Bombardir.ru яқин орада Чин юртига кўчиб ўтиши мумкин бўлган ўйинчилардан иборат рўйхат тузди.

 

Иккитаси бирда: Эволюция ва Осиёдан иштиёқ

ФИФА расмий «Твиттер»и 10 январь санасида 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида 48та жамоа иштирок этишини маълум қилди. Ушбу воқеа туфайли мундиал иштирокчилари сони оширилган жаҳон чемпионатларини ёдга оламиз.

 

Алишер АЗИЗОВ:  «Мақсадим – «Дордой» орқали терма жамоадан чақирув олиш»

«Пахтакор» жамоасидаги бир неча йиллик иштироки билан мухлислар назарига тушган ҳужумкор ярим ҳимоячи Алишер Азизов ҳам легионерга айланди. У куни кеча Қирғизистоннинг бир неча карра чемпиони - «Дордой» клуби билан шартнома имзолади. Икки томон ўртасидаги келишув бир йилга мўлжалланган. Агар ҳаммаси ижобий давом этса, битим муддатини узайтириш ҳам мумкин. Сўнгги икки мавсумни «Обод»да ўтказган футболчи ўз голлари билан клубнинг олий лигага чиқишига катта ҳисса қўшганди. Азизов 2015 йилда Ўзбекистон биринчи лигаси тўпурарига айланганди. Ҳозирда ярим ҳимоячи янги жамоаси билан Туркия йиғинида иштирок этяпти. Биз Алишер Азизов билан боғланиб, ундан интервью олдик.

 

Аниқликка интилиб…

«ИнтерФутбол» газетасининг 2017 йил 3 январда чоп этилган русча сонида «Геннадий Красницкий номидаги Ўзбекистон тўпурарлари клуби» номли мақола муаллифи (О. Турсунходжаев) клуб аъзоларининг сони ва голлар ҳақида маълумот сўраган эди. Аниқроғи, мазкур мақолада жуда қизиқарли савол қўйилган: дейлик, Одил Аҳмедовнинг «Краснодар»даги ёки Сардор Рашидовнинг Қатар чемпионатидаги голлари тўпурарлар клубида инобатга олинадими? Ўйлашимча, мазкур саволга жавоб излаб, яқин тарихга назар солсак, чакки бўлмайди.

 

«Севилья»даги «Коррида»да «Реал» тўхтатилди

«уик-энд»нинг муҳим воҚеалари

«Эвертон» «Манчестер Сити» дарвозасига тўртта тўп йўллади, «Севилья» «Реал»ни мағлубиятга учратди. Ўтган дам олиш кунлари рўй берган шу ва бошқа муҳим воқеаларга назар ташлаймиз.

 

Питер Крауч: «Футболда мен кабиларга ҳамиша жой топилади»

«Сток Сити» ҳужумчиси Питер Крауч яқинда The Telegraph нашрига интервью берди. Суҳбат чоғида у кейинги мақсадлари ҳақида гапириб ўтди.

 

Пул кетса, кетсин…

Халк ва Погбанинг хариди учун сарфланган йирик маблағлар, АПЛнинг трансфер бозорида ўрнатган рекорди, Роналдунинг ҳавас қилса арзийдиган даромади, еврокубокларнинг соврин жамғармаси... Championat.com тақдим этган навбатдаги маълумотлар 2016 йилги энг йирик молиявий сарфлар билан боғлиқ рақамларга бағишланди.

 

Шармандали автоголлар

Турли воқеа ва ҳодисаларга бой бўлган футбол учун автоголлар янгилик эмас. Табиийки, тасодифан ўз дарвозасини ишғол этиб қўйган омадсиз футболчи айбини ювиш учун олдинга ташланади ва кўпинча рақиб дарвозасига гол уради. Қуйидаги ҳикоямиздан ўрин олган автоголлар олижанобликдан анча йироқ. Зеро салбий жиҳатлари билан бўлсада,

машҳурликка эришган.

 

Юлдузлар сафидаги «қоқ суяк»

УЕФА томонидан эътироф этилган йилнинг энг яхши футболчилари рўйхатидан одатдагидек энг ёрқин юлдузлар жой олишди. Криштиану Роналду, Лео Месси, Антуан Гризманн, Жанлуижи Буффон, Серхио Рамос, Жерар Пике - уларнинг барчаси доимо диққат марказда, ҳатто ҳимоячилар ҳам гол уришади. Лука Модричнинг шундай нуфузли компанияда учратиш ўринли. Лекин шу билан бирга, ажабланарли.

 

Навқирон тўпурар

Сир эмаски, футболда тажриба ва маҳорат кўп нарсани белгилайди. Аммо шу ўринда ёшлик шижоатининг ҳам муҳимлигини ёддан чиқармаслик даркор. Бугунги кунда навқиронлик гаштини сураётган аксарият футболчиларнинг тўпурарлик бобида ёши катта жамоадошларидан қолишмасликлари одат тусини олди. Келинг, жаҳоннинг 12та энг кучли лигаларида голлар уриш бўйича мақтовга арзигулик натижага эришаётган вундеркиндларга эътибор қаратамиз. Бу ўринда уларнинг 2016 йил катталар футболида қайд этган кўрсаткичлари инобатга олинган.

 

«Совринни ёш дўстим билан бўлишаман»

Саратон хасталигига чалинган 5 ёшли Брэдли Лоури англия­лик футбол мухлисларига яхши таниш. Ёш ишқибознинг хавфли касаллик билан олишувида клуб ва футболчилар яқиндан ёрдам беришмоқда. Жумладан, «МЮ» ҳужумчиси Генрих Мхитарян ўз фаолиятидаги энг чиройли голларидан бирини ёш Лоурига бағишлади.

 

Грандлар кушандаси

«Уч жамоа биринчилигида «Севилья» 2-ўринда эканидан беҳад мамнунман!»- шогирдларининг янги йилдаги илк ғалабасидан руҳланган Хорхе Сампаоли ўз хурсандчилигини шундай таърифлаганди. Ҳа, олти ойлик фаолияти давомида у «Барселона»дек гранддан ўзиб кета олди. Диего Симеонедек тажрибали касбдошидан уч марта устун келиш учун ажойиб замин яратди - аввалига «Универсидад де Чили» тахти учун кечган рақобатда Хорхе Диегодан устун келган, куздаги ўзаро баҳс ҳам унинг жамоаси фойдасига ҳал бўлганди. Чилилик мутахассиснинг ҳозирда «еттинчи осмон»да парвоз қилаётганини тасаввур қилиш қийин эмас - 15 январь оқшомига қадар «Реал» унинг қаршисида енгилмас қоядек виқор билан турганди. Бироқ Хорхе бу мағрур грандни чемпионатдаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур этди! Мазкур ғалаба(2:1)дан  сўнг «Се­вилья» пешқадамга деярли етиб олди. ЕЧЛнинг «плей-офф» босқичида уни «Лестер» кутиб турибди. Жамоа «тулкилар» тўсиғидан ўтиши шарт ва бунга қодир. Демак, Сампаолининг Андалусия лойиҳаси аъло даражада амалга ошмоқда.

 

Сильвия Найд: «Қувончим чексиз»

ФИФА 2016 йил якунларига кўра, Сильвия Найдни аёллар терма жамоасининг энг яхши мураббийи деб топди. Германия терма жамоаси 52 ёшли мутахассис қўл остида Рио Олимпиадаси бош совринини қўлга киритди. Бу германияликлар учун дастлабки олтин медаль эди. Ўз ўрнида айтиш жоиз, Найд иккинчи марта шундай номга лойиқ кўрилди. 9 январь куни Цюрихда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимидан сўнг ФИФА расмий сайти Сильвия билан суҳбат уюштирди.

 

Карли Ллойд: «Ҳаётда энг муҳими - оила»

2016 йилнинг энг яхши аёл футболчиси сифатида тақдирланган Карли Ллойд АҚШ терма жамоасидаги ёрқин ўйинлари туфайли бир йил олдин ҳам ушбу совринга эга чиққанди. Тақдирлаш маросимидан сўнг FIFA.com сайти маҳоратли футболчининг фикрлари билан қизиқди.

 

Кексалик гашти

40 ёшда ҳам еврокубокларда голлар урса бўлади. 38 ёшда «Олтин тўп» соврини учун номзодлар руйхатига кириш мумкин. 35 ёшда битта ўйиннинг ўзида бешта тўп киритиш ҳеч гап эмас. Хуллас, шунга ўхшаш мисоллар бисёр. Яқинда Soccer.ru тажрибали футбол афсоналаридан иборат рамзий терма жамоа тузди. Бу таркибдан ўрин олганларнинг ўртача ёши 35дан юқорироқ. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, улардан атиги бир нафари еврокубокларда иштирок этмайди. Қолганлар эса баҳорги «плей-офф» баҳсларида тўп суришади. Бу номларнинг деярли ҳаммаси йил мобайнида қайсидир жабҳада ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлишди. Мисол учун, Адуриц ўтган мавсум 36та ўйинда 35та гол урди. Тоттининг қайтганидан ҳамма яхши хабардор. «Бавария» асосий таркибидаги Рибери эса интилиши орқали кўпчиликни лол қолдирди. Бир неча йиллардан буён ўйнаб келган футболчилар ишқибозларга хурсандчилик улашишда давом этишмоқда. Бу, албатта, ажойиб ҳолат.

 

ҲАМИШАБИРГАБЎЛАЙЛИКАЗИЗЛАР!!!



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz