Олий лига жамоалари янги мавсумга тайёргарликнинг иккинчи босқичини давом эттиришмоқда. Молиявий томондан бақувват, ўзига тўқ жамоалар хорижда, қолган клубларимиз эса Тошкентда, нари борса, ўз базаларида ўқув-машғулот йиғинига киришишди. Биринчилардан бўлиб «Локомотив» клуби БААда хориж йиғинини ўтказмоқда. «Темирйўлчилар» 8 январдан эътиборан икки ҳафта мобайнида Дубай шаҳрида йиғин ташкил этишди. Хорижда йиғин ўтказиши кутилаётган жамоаларимиздан яна бири бу «Бухоро»дир. Кўҳна шаҳар жамоаси олдига янги мавсумда янада жиддий вазифалар қўйилмоқда. Ўтган мавсум «Бухоро» олий лигада 4-ўринни эгаллаган эди. Улар бу борада 2015 йилги чемпион «Пахтакор»ни ҳам ортда қолдиришга муваффақ бўлишганди. Лекин ОЧЛдаги ўринларимизнинг камайтирилгани боис «Бухоро» ўз тарихида илк бор қитъанинг нуфузли мусобақасида иштирок этишдан бебаҳра қолган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда жамоа раҳбарияти мавсум тадоригига алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилган. Билмадик, бу қанчалик ҳақиқатга яқин, лекин узунқулоқ гап-сўзларга қараганда, «Бухоро» жамоаси раҳбарияти таркибга юлдуз футболчиларни жалб қилишни режалаштирган. Ҳатто, чақирилиши кутилаётганлар рўйхатида миллий терма жамоамиз дарвозабони Игнатий Нестеров, ўтган мавсум ёрқин ўйин намойиш этган Жалолиддин Машарипов каби футболчиларнинг исм-шарифи ҳам борлиги айтил-япти. Лекин катта эҳтимол билан бу трансферлар амалга ошмаса керак. Айниқса, Машариповнинг ўтиши. Боиси, биздаги маълумотларга кўра бу футболчига хориж клубларидан ҳам аниқ таклифлар бор. Бир сўз билан айтганда, мавсум яқинлашгани сари бундай хабарларни эшитаверамиз. Биз «Бухоро» ҳимоячиси Максимилян Фомин билан учрашиб, ундан ўтган йил якунлари ва янги мавсумга тайёргарлик юзасидан интервью олдик.
- Максимилян, ўтган 2016 йил «Бухоро» учун анча яхши келди. Жамоа сўнгги турларгача чемпионат медаллари учун кураш олиб борди. Шундан келиб чиқиб, ўтган мавсумни «Бухоро» учун омадли ўтди, дейиш мумкинми?
- Албатта. 2016 йилги футбол мавсуми биз учун омадли келди. Агар «Бухоро» жамоасининг аввалги йиллардаги қатнашуви билан таққослайдиган бўлсак, ўтган мавсум чемпионат ва кубок баҳсларидаги иштироки анча ижобий кўринишда эканлиги ойдинлашади. Шундай вазиятлар ҳам бўлганки, биз олий лигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш учун кураш олиб борганмиз. Сўнгги турда кучлилар сафида жон сақлаб қолиш вазифасини уддалаган мавсумлар ҳам бўлган. Лекин афсус билан шуни айтиш мумкинки, биз ҳатто ОЧЛнинг «плей-офф» саралаш босқичида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга кирита олмадик. Айрим ўйинларда кутилмаганда очколарни бой бериб қўйдик. ғалаба қозонишимиз шарт бўлган учрашувларда рақибларга очко улашдик. Бу эса якунда, айнан очколар сув ва ҳаводек зарур бўлган бир пайтда бизга панд берди. Қолаверса, Ўзбекистонга берилган квоталар сонининг 4тадан 3тагача туширилиши ҳам бизнинг зараримизга ишлади. Бундан аввалги икки мавсумда мамлакатимизнинг 4та жамоаси ОЧЛда иштирок этган эди. Жамоамиз учун бир поғона етмай қолди. Битта ғалаба бизни совринли ўринлардан бебаҳра қолдирди. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти, жамоамиз мухлислари «Бухоро» жамоасининг ўтган мавсумдаги иштирокидан қониқиш ҳосил қилишди. Акс ҳолда, бизни бу даражада қўллаб-қувватламаган бўлардилар. Олий лигадаги энг кўп томошабинга эга жамоа ҳам айнан «Бухоро» бўлди. Ўз майдонимиздаги ўйинларимизга деярли 10 мингдан кам мухлис келмади. Қолаверса, Ўзбекистон кубогида ҳам ёмон қатнашмадик. Икки ўйин натижасига кўра ўша пайтда амалдаги чемпион бўлиб турган «Пахтакор»ни мусобақадан чиқариб юбордик. Собиқ жамоамни чемпионат баҳсларида ҳам мағлубиятга учратдик. Умуман олганда, «Бухоро» учун мавсум омадли келди.
- Шахсан ўзингиз учун 2016 йилги футбол мавсуми қандай ўтди?
- Ўйлашимча, ёмон эмас. Мавсум жамоамга омадли келган экан, демак шахсан мен учун ҳам муваффақиятли ўтди. Тўғри, ҳар доим ҳам бир маромда ўйин намойиш этавермайсиз. Айниқса, бизнинг ёшда кўтарилиш, аксинча, пастлаш ҳолатлари учраб туради.
- Нима деб ўйлайсиз, мураббийлар сизга майдонда етарлича ўйнаш имконини беришдими?
- Ҳа, менга тақдим этилган имкониятлардан кўнглим тўлди. Жамоамизда рақобат жуда ҳам кучли. Бунинг натижасида захира ўриндиғида қолиб кетган ўйинларим ҳам бўлди. Лекин мураббийлар энг муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга баҳсларда менга ишонч билдиришди. Асосий таркибда майдонга туширишди. Ўша учрашувларда жамоадошларимга ёрдам бера олганимдан хурсандман.
- «Бухоро» билан шартномангиз якунландими?
- Худди шундай. 30 декабрь куни шартномам якунланди ва эркин агентга айландим.
- Янги мавсумда ҳам «Бухоро» шарафини ҳимоя қиласизми? Бу борада бир тўхтамга келдингизми?
- Шундай деса ҳам бўлади.
Бухорода қолишни мақсад қилганман. Агар қандайдир ғайритабиий ҳолатлар бўлиб қолмаса, янги мавсумни ҳам «Бухоро» жамоаси таркибида бошлайман.
- Олий лиганинг бошқа клубларидан таклифлар бўлмадими?
- Таклифлар ҳамиша ҳам бўлган. Бу галги мавсумлар оралиғида ҳам бир нечта клубдан таклифлар бўлди. Лекин уларнинг ҳеч бири билан музокарага киришмадим. Асосий мақсадим - «Бухоро» жамоасида қолиш, якунига етган шартномам муддатини узайтириш. Аммо ҳозирча клуб раҳбарияти ва жамоа мураббийлар штабининг фикрини билмайман.
- Олий лиганинг янги мавсумига қуръа ташланганидан сўнг жамоалар ўз рақибларини билиб олишди. Тўғри, ҳар қандай ҳолатда ҳам барча жамоалар билан ўйин ўтказилади. Лекин дастлабки турлардаги рақиблар номини билиш тайёргарлик кўришда анча қўл келади. Умуман, қуръа ҳақида қандай фикрдасиз?
- Менимча, қуръа ҳар доимгидек сценарий асосида ўтказилди. Мен шунчаки, қуръа натижаларига тезда кўз югуртириб чиқдим. Мени ўзига жалб қилган томони шунда бўлдики, «Бухоро» кетма-кет иккита учрашувда мамлакатимизнинг икки гранд клубини ўз майдонида қабул қилар экан. Бу эса ажойиб имконият. Яъни чемпионлик учун курашда икки фаворит жамоадан муҳим очколарни тортиб олишимиз мумкин. Фақат бундан қанчалик фойдаланиб қолиш бошқа масала. Бу жамоаларга қарши кечадиган ўйинларда стадионимиз қай даражада мухлислар билан тўлишини тасаввур қиляпсизми? Мухлисларимиз катта учрашувлардан баҳраманд бўлишади.
- «Бухоро» жамоасидан асосий таркиб футболчилари кетиши мумкин экан. Ҳар ҳолда бизда шундай маълумотлар бор. Бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Биласизми, бу ҳақда тайинли ҳеч қандай маълумот ёки хабар эшитмадим. Ишонинг, чин сўзим. Билганим, асосий таркибнинг деярли барча футболчилари илк йиғинда жамоамиз билан бирга машғулот ўтказишди. Фақат Шавкат Саломов Малайзия клубида кўрикдан ўтиш мақсадида жўнаб кетганди. Азиз Ибрагимов бошқаларга нисбатан таътилдан кечроқ сафимизга келиб қўшилиши керак. Қолган барча футболчилар мавсумга тайёргарликни давом эттиришяпти. Ҳали чемпионат бошланишига икки ой вақт бор. Таркибда кўплаб ўзгаришлар рўй беради. Мураббийлар штаби янги футболчиларни кўрикдан ўтказади. Шундай экан, таркиб борасида ҳозир бир нарса дейиш мушкул. Билганим, клуб раҳбарлари ва мураббийлар ўтган йилги асосий таркибни тўлалигича сақлаб қолишни мақсад қилишган. Албатта, таркибни тўлиқ сақлаб қолишнинг имкони йўқ. Турли сабаблар билан асосий таркибнинг камида 2-3 нафар етакчи футболчиси клубни тарк этади. Футбол қонунияти шундай. Ўйлайманки, асосий таркибнинг негизи сақлаб қолинади.
- Умуман, ўтган йилги чемпионат сизда қандай таассурот қолдирди? Камчиликлар қай ҳолатларда кўзга ташланди? Чемпионатимизнинг умумий муаммоларини нималарда кўряпсиз?
- Шахсий фикрим, чемпионатимиз анча қизиқарли кечди. Чемпионлик учун кураш сўнгги турларгача давом этди. Агар сўнгги тур олдидан «Бунёдкор» ўз майдонида «Навбаҳор» билан кутилмаганда дуранг ўйнамаганида, чемпион номи охирги турда аниқланарди. Шунга қарамай, чемпионлик учун кураш анча қизғин кечди. Шунингдек, олий лигани тарк этадиган жамоа номи ҳам сўнгги турда аниқланди. Энг катта камчиликлардан бири сифатида олий лигада келилишган ўйинларнинг сақланиб қолаётганини айтган бўлардим. Бунга қарши кураш давом этаётган бўлсада, уни илдизи билан қўпориб ташлашнинг имконини топа олишмаяпти. Лекин аввалги йиллар билан таққослаганда, бундай ўйинлар нисбатан камайган. Чемпионатимизда келишилган ўйинлар сақланиб қолар экан, стадионга мухлисларнинг ташрифи ҳам кўпаймайди. Бу жараёнда телевидениенинг роли ҳам катта бўлади. Келишилган ўйинларни фош қилишда айнан телевидениега суяниш керак. Бунинг учун соф футболга ихтисослашган телеканал очилиши шарт. Масалан, «Бизнинг футбол» номли кўрсатув ташкил қилиб, унда футболимиздаги унсурлар, камчиликлар, муаммолар ва албатта, келишилган ўйинлар рўй-рост очиб ташланиши лозим. Кейин таҳлилий кўрсатувлар, онлайн репортажлар, олий лига ва кубок ўйинларидан жонли эфирларни бериш керак. Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизнинг ўйинлари, унинг таркибидаги футболчиларнинг ҳолати, мусобақалардаги рақиблари ҳақида маълумот берувчи аналитик кўрсатувларни тайёрлаш лозим. Профессионал футбол лигаси эса ҳар бир жамоага профессионал даражадаги суратга олиш камералари билан таъминлашни мажбурий қилиб қўйиши шарт. Шундай жамоалар борки, хатто битта профессионал видеокамераси ҳам йўқ. Бу биринчи галда ўша жамоа мураббийлари учун ҳам қўл келади-ку! Ўйиннинг турли эпизодларини таҳлил ва муҳокама қилиш учун энг яхши ёрдамчи бу ўйин видео тасмаси-ку! Бизда телевидение ўйинларни олиб берса ҳам майли эди. Бундай ҳолат сақланиб қолар экан, жамоалар ҳеч бўлмаса шу томондан ўзлари ҳаракат қилишлари керак.
- Янги мавсумда «Бухоро» жамоаси олдига қандай вазифалар қўйиляпти?
- Айни дамда аниқ вазифа ва мақсадлар ҳақида гапиришга эрта бўлса керак, назаримда. Аммо шуниси аниқки, чемпионатда совринли ўринлар учун кураш олиб борамиз. Жамоамиз олдига фақат максимал вазифалар қўйилиши аниқ. Энг олий мақсадимиз ОЧЛда иштирок этиш бўлади. Мухлисларимиз бу онларни орзиқиб кутишяпти.
- Хориж клубларидан, масалан, Малайзия ёки Таиланддан таклиф тушса, уни қабул қилармидингиз?
- Фикримча, Ўзбекистон клублари орасида энг тушунадиган ва футболчилар билан ҳамфикр иш юритадиган мураббийлар штаби айнан бизда. Бу гапларни ишонч билан айта оламан. Жамоамизда ҳамиша футболчиларнинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади. Агар исталган футболчига хориж клубларидан ҳар икки томон учун манфаатли таклиф тушса, жамоамиз раҳбарлари ва мураббийлар бундан фақат хурсанд бўлишади. Футболчини қандай бўлмасин жамоада олиб қолишга интилишмайди. Энди шахсан ўзимга келсак, ҳозирча хориж клубларидан таклифлар бўлмади.
- Максимилян, 2017 йилдан нималарни кутяпсиз?
- Биринчи галда миллий терма жамоамиз учун ҳал қилувчи мавсум бўлади. Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун ҳаракат қилаётган терма жамоамизни жиддий синов кутиб турибди. Футболчиларимиз гуруҳ босқичининг қолган 5та ўйинида ҳам ижобий натижага эришиб, мухлисларимизнинг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқаришларини истайман. Қолаверса, ОЧЛда иштирок этадиган клубларимизга ҳам зафар ёр бўлишини хоҳлайман. Жамоаларимиз орасидан биргина «Локомотив» ўз иштирокини тўғридан-тўғри гуруҳ босқичидан бошлайди. «Плей-офф»да қатнашадиган «Бунёдкор» ва «Насаф» жамоаларига муҳим учрашувларда омад тилайман. Олий лигамизда ўткинчи ўйинлар бўлмасин. Стадионларга мухлисларнинг ташрифи кўпайсин, деб тилак билдираман.
К. АЛИМОВ суҳбатлашди
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20