Қайднома

Қидирув

«Кўҳна қитъа»даги омадли серия

«Кўҳна қитъа»даги омадли серия

  19.01.2017 00:13
  0
  1205
«Кўҳна қитъа»даги омадли серия

Мана, 2016 йил ҳам биз билан хайрлашиб, тарихдан ўрин олди. Олдинда эса бир қатор синовлари билан 2017 йил кутиб турибди. Шубҳасиз, янги йилда биз учун энг муҳим воқеа - терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 йўлланмаси учун кураши бўлади ва умид қиламизки, йигитларимиз вазифани албатта, уддалашади. Унгача эса юртимиз футболига боғлиқ сўнгги муҳим янгилик ҳақида мулоҳаза қилиб турамиз.

Маълумки, Тошкентнинг «Локомотив» клуби 2016 йилги миллий чемпионат баҳсларида «Пахтакор» ва «Бун­ёдкор»нинг 14 йиллик «пойга»сига чек қўйиб, ўз тарихида илк бор чемпионлик мақомини расмийлаштирди. Таъкидланганидек, чемпионатимизда сўнгги 14 йил давомида олтин медаллар учун икки клуб ўзаро рақобат қилган бўлса, баъзи мамлакатларда бир клуб нақ 10 йил ғолибликни ҳеч кимга бермаган ҳолатлар ҳам учрайди.

Мисол учун, Беларусь чемпионатини олайлик: 2016 йили Борисов шаҳрининг БАТЭ клуби кетма-кет 11-марта чемпионликка эришди (2006 йилдан 2016 йилгача). Бунгача эса Минскнинг «Динамо»си кетма-кет 5 марта олтин медалларга эга чиққанди. Шунингдек, Шотландиянинг энг таниқли жамоаларидан бири - «Селтик» (Глазго) ҳам 1966 йилдан токи 1974 йилгача чемпионлик унвонини ҳеч кимга бермаган. Қизиғи шундаки, «Селтик» охирги беш чемпионатда ҳам муваффақиятга эришиб, олтинчи ғалабага қараб кетмоқда...

Адолат юзасидан айтиб ўтиш лозим, Шотландиянинг яна бир машҳур жамоаси - «Глазго Рейнжерс» ҳам 1989-1997 йиллар оралиғида ички чемпионатда «гегемон»лик қилган. Европанинг асосий қисмидаги ҳудудларда эса вазият қуйидагича: 1966 йили ташкил топган Берлиннинг «Динамо»си дастлабки пайтларда пойтахтнинг бошқа бир гранди - «Форверст» соясида қолиб кетганди. Аммо 1979 йилга келиб, жамоа қаддини ростлади ва 1988 йилгача кетма-кет олтин медалларни ўзлаштирди.

Шунга ўхшаш яна икки мунтазамлик Тирасполнинг «Шериф» ва Ереваннинг «Пюник» клубларига ҳам хос. Биз тилга олган ҳар икки жамоа 2001-2010 йилларда тенгсиз деб топилган. Фарқи шундаки, «Пюник» омадли сериядан сўнг 2015 йилда яна чемпионлик мақомига эришган бўлса, «Шериф» «шериги»дан бир йил ортда қолган - 2016 йили.

1992-2004 йиллари бўлиб ўтган мусобақаларда Риганинг «Сконто» клуби ва Норвегиянинг «Русенборг» жамоалари ҳам кетма-кет шоҳсупага кўтарилишган. Қизиғи шундаки, бундай муваффақиятдан кейин Латвия клуби анча вақтгача, яъни 2010 йилга қадар олтин медаллардан қуруқ қолди. «Русенборг» эса бу орада яна беш марта чемпионга айланди. Тўғри, ке­йинги ютуқлар мунтазамлик касб этмади.

Эътиборга молик яна бир «кичик» натижа: дунёнинг энг митти давлатлари қаторига кирувчи Лихтенштейнда ички чемпионат баҳслари ўтказилмайди. Чунки мамлакатдаги профессионал клублар сони талаб даражасида эмас. Аммо қандайдир йўл билан энг кучли клуб номига ойдинлик киритиш керак ва бунинг учун Лихтенштейнда антиқа йўл танланган - кубок баҳси. Табиийки, бу мусобақада мамлакатнинг Швейцария ички чемпионатида қатнашувчи жамоаси - «Вадуц» яққол фаворит ҳисобланади. Аниқроғи, мазкур жамоа Лихтенш­тейн кубогини жами 14 марта - 1998 йилдан 2011 йилгача кетма-кет ютиб олаверган.

Хуллас, омадли сериялар ҳақидаги кичик изланишларимиз мана шундай. Эътибор берган бўлсангиз, биз фақат Европанинг аҳоли сони нисбатан камроқ мамлакатларидаги натижаларга тўхталдик, холос. Улар ичида энг кўп аҳоли Беларусга тегишли бўлиб, бу давлатда 10 миллион киши истиқомат қилади.

Европанинг кучли ҳисобланган чемпионатларида албатта, бундай яккаҳокимликни кузатиш қийин. Сабабини ўзингиз яхши биласиз... Бироқ Франциянинг «Лион» клуби ички мусобақада рақобатчилари кўплиги ва кучли эканига қарамай, ўз вақтида кетма-кет 7 бор олтин медалларга эга чиққан. Шубҳасиз, Англияда бундай ҳолатни ҳали-бери учратмасак керак...

Александр Хорин



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz