Қайднома

Қидирув

Ярослав КРУШЕЛЬНИЦКИЙ: «Фаолиятимни расман якунладим, энди навбат мураббийликка»

Ярослав КРУШЕЛЬНИЦКИЙ: «Фаолиятимни расман якунладим, энди навбат мураббийликка»

  19.01.2017 14:43
  0
  1276
Ярослав КРУШЕЛЬНИЦКИЙ: «Фаолиятимни расман якунладим, энди навбат мураббийликка»

Тажрибали ҳимоячи Ярослав Крушельницкий 1983 йил 16 март куни Ғузор шаҳрида дунёга келган. Катта футболдаги 16 йиллик фаолияти мобайнида кўплаб клублар шарафини ҳимоя қилди. 2000 йили «Кимёгар»да ўйнай бошлаган Крушельницкий турли йилларда «Академия», «Пахтакор», «Насаф», «Навбаҳор», «Андижон», «Қизилқум», «Шўртан» жамоаларида тўп сурди. Қаҳрамонимиз легионер мақомида ҳам майдонга тушган. У Россиянинг «Ротор», Малайзиянинг «Фельда Юнайтед», Эроннинг «Мес» клубларида ўйнади. Ярославнинг сўнгги жамоаси Тошкентнинг «Оқ-тепа»си бўлди. Бир йил мобайнида майдондан четда қолган футболчи якуний қарорга келди: профессионал фаолиятига якун ясади. Таъкидлаш жоиз, Крушельницкий Ўзбекистон ёшлар термаси (U-20) таркибида жаҳон чемпионати финал босқичида ўйнаган. Ёдингизда бўлса, вакилларимиз Аргентина, Испания, Мали жамоаларига қарши кечган гуруҳ учрашувларида яхши таассурот қолдиришган эди. Суҳбатдошимиз миллий термамиз сафида ҳам 4та ўйин ўтказган. Биз тажрибали ҳимоячи билан учрашиб, ундан эксклюзив интервью олдик.

- Ярослав, «Оқ-тепа»дан кетгач, нималар билан банд бўлдингиз?

- Тайинли ҳеч нарса қилмадим. Шунчаки, ҳордиқ чиқардим, асосий вақтимни оила аъзоларимга бағишладим. Қизим ҳали жуда ёш. Фарзанд тарбияси билан шуғулландим (кулади). Футболчилик фаолиятим давомида оиламга жуда кам вақт ажратар эдим. Ҳозир эса бўш вақтим керагидан ҳам кўп.

- Бир йил кичик муддат эмас. Футболни соғина бошлагандирсиз?

- Жуда-жуда. Бир нарса етмаётгандек туюлаверади. Лекин ҳамон спорт формасидаман. Ҳафтанинг ҳар якшанбаси дўстларим билан мини-футбол ўйнаб турамиз.

- Фаолиятингизни расман якунладингизми?

- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Лекин бу ҳақда айтиш осон эмас. Қанчалик қийин бўлмасин, барибир, куни келиб бутсаларимни михга илишим керак эди. Ўша кун етиб келди. Инсон ўз вақтида тўхтаб, қарор чиқаришни ҳам билиши керак. Ёшларга навбат бериш, йўлни бўшатиш фурсати етиб келганлигини англаб етдим. Аммо футболдан бутунлай кетиш ниятим йўқ. Фаолиятимни мураббийлик соҳасида давом эттиришни хоҳлайман. Ҳозир олдимда турган асосий вазифа ҳам шу. Бу ҳақда аввалги интервьюларимда ҳам айтганман. Ўзимни футболдан бошқа соҳада тасаввур қилолмайман.

- Фаолиятингиздаги сўнгги жамоа «Оқ-тепа» бўлди. Бу клубдан кетишингизга сабаб нима? Шартномангиз якунланганмиди?

- Йўқ. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди, лекин мавсум бошида оёғимни шикастлаб олдим. Жароҳат мен ўйлагандан ҳам жиддий экан. Натижада жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлдим. Операциядан кейинги тикланиш жараёни яхши ўтди. Афсуски, етарли спорт формамни тиклаб ололмадим. Тиззамдаги оғриқ майдонда тўлақонли ўйнаш имконини бермасди. Айнан мана шу жароҳат сабаб бутсаларимни михга илишга қарор қилдим.

- Ортга назар ташлаб, футболчилик фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Албатта, ҳа. Ўтган давр мобайнида ўз ишининг ҳақиқий профессионаллари билан ишлашимга тўғри келди. Бу ўринда ҳам футболчиларни, ҳам мураббийларни назарда тутяпман.

- Фаолиятингиздаги энг ёрқин онларни эслай оласизми?

- Биринчи галда Ўзбекистон чемпионати олий лигасидаги дебютимни ёдга олишни жоиз деб топдим. Мен учун тарихий воқеа 2000 йили олий лига доирасидаги «Кимёгар»-«Трактор» учрашувида содир бўлганди. Кейин Ўзбекистон ёшлар термаси таркибида жаҳон чемпионати финал босқичидаги иштирокимни ҳам алоҳида эсга оламан. 2002 йили «Пахтакор» сафида мамлакат чемпиони бўлдим, кубок соҳибига айландим. 2011 йили «Шўртан» таркибида ОФК кубогида иштирок этганимни ҳам фаолиятимдаги ёрқин лаҳзалар қаторига қўшаман.

- Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати - алоҳида мавзу. Ҳақиқатан кичик мундиалга жуда кучли таркиб билан борилганди. Таассуротлар ҳам ўзгача бўлганди, шундай эмасми?

- Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Ўшанда Ўзбекистон ёшлар термаси футболимиз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олган эди. Боз устига, дастлабки иштирокдаёқ кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлгандик. Гуруҳда дунёнинг кўзга кўринган термалари - Испания, Аргентина, Малига қарши майдонга тушганмиз. Бу жамоалар таркибидаги юлдуз футболчиларни мухлисларга таништириш шарт эмас. Андрес Иньестанинг ўзини эслаш кифоя. Тўғри, биз гуруҳнинг учала ўйинида ҳам номдор рақибларга имкониятни бой бердик. Лекин бундан уялмаймиз, чунки ўша учрашувларда рақибларга бир тўп фарқи билан ютқазганмиз.

- Бизнинг таркибимиз ҳам чакки эмасди...

- Ҳа, албатта. Ўшанда Игнатий Нестеров, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев, Элдор Магдеев, Ислом Иномов, Камолиддин Тожиев, Шавкат Раимқулов каби футболчилар ўйнашганди. Жуда кучли жамоа шаклланганди. Бугунги кунда Нестеров, Гейнрих, Бикмаев ҳамон миллий терма сафида тўп суришяпти.

- Ярослав, келинг, энди бироз ортга қайтамиз-да, болалик йилларингизни эсга оламиз. Нима учун бошқа спорт турини эмас, айнан футболни танлагансиз?

- Биласизми, «Пахтакор» стадиони ёнида яшардим. Табиийки, бош­қа спорт турини танлашга имконият ҳам, ҳожат ҳам қолмаганди. 1991 йили дўстларим билан «Пахтакор» стадионидаги ўйинни томоша қи-лиш учун борганмиз. Аниқ эслайман, ўшанда «Пахтакор»-«Спартак» (Москва) учрашуви бўлиб ўтганди. Ўша баҳсдан сўнг футболга бўлган меҳрим ошиб кетди. Том маънода, миллионлар ўйини касалига айландим. Футболдаги дастлабки қадамларни ҳам «Пахтакор» клубига қарашли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қўйдим. Биринчи мураббийим - Сайфиддин Эрматов. Шунингдек, илк сабоқларни бугунги кунда «Пахтакор» академиясида директор лавозимида ишлаб келаётган Валерий Бородавкиндан ўрганганман.

- Фаолиятингиз мобайнида хориж клубларида тўп суриш бахти насиб этди. Шу ўринда айтинг-чи, Малайзия чемпионатига қандай бориб қолдингиз?

- 2013 йилни Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси сафида ўтказдим. Ўша мавсум якунланганидан сўнг Малайзиянинг «Фелда Юнайтед» клуби билан бир йиллик шартнома имзоладим, унгача икки ҳафта мобайнида машғулотларда иштирок этдим. Ҳаракатларимдан қониқиш ҳосил қилган малайзияликлар мен билан шартнома имзолашганди. Ўша 2013 йилда «Фелда Юнайтед» Малайзия суперлигасида иштирок этиб, 12та жамоа орасида 11-ўрин билан чекланганди. Натижада жамоа қуйи лигага тушиб кетган.

- Малайзиядаги иштирокингиз қониқарли бўлдими?

- 2014 йилги мавсумда «Фелда Юнайтед» муддатидан аввал, аниқроғи, чемпионат якунланишига бир тур қолганида, суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Айниқса, сўнгги турларни жуда муваффақиятли ўтказгандик. Асосий рақибларимиз - «Жоҳор Дорул Таъзим», «Пулау Пинанг», «Полис», «Университет ТМ», «Перлис» каби совринли ўринлар учун курашган клубларни мағлубиятга учратгандик. Умумий ҳисобда 50 очко жамғариб, суперлига йўлланмасига эга чиққандик. Худди бизда бўлгани каби Малайзия кубоги беллашувларида суперлига ва премьер-лига клублари аралаш ҳолда иштирок этишади. Шу ўринда яна бир нарсани айтишим керак, «Фелда Юнайтед» Малайзия футбол ассоциацияси кубогида финалгача етиб келганди. «Паханг» клубига қарши кечган ҳал қилувчи учрашувда сўнгги 10 дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юбориб, 1:2 ҳисобида жуда аламли тарзда ютқазгандик. Шунга қарамай, жамоамиз раҳбарияти 2014 йилги иштирокимиздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганди.

- Малайзия чемпионатининг қуйи лигаси савияси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Малайзияда яхши мавсумни ўтказдим. Гарчи шу бир йиллик фаолиятим давомида биринчи лигада тўп сурган бўлсам-да, савия жиҳатидан бизнинг олий лигадан қолишмасди. Гапларим ҳазил эмас. Кескинлик ва шиддат борасида керак бўлса, олий лигамиз билан ҳам рақобатлаша олади.

- Суҳбатимиз аввалида бир йил футболдан йироқда бўлдим, дедингиз. Бўш вақтда олий лига ўйинларини кузатиб бордингизми? Таассуротларингиз қандай?

- Биз футболда айни кучга тўлган пайтлар стадионларнинг ҳолати яхши эмасди. Майдон чими ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Бугунга келиб вазият анча яхшиланган. Бу эса футболнинг ўсишига хизмат қилади. Мен фақат олий лига ҳақида гапиряпман. Қуйи дивизиондаги шароитлардан хабарим йўқ. Ҳар ҳолда яхши бўлмаса керак. Элитадаги энг катта камчилик эса - мухлисларнинг ўйинларга ташрифи. Бу ҳақда куюнчаклик билан гапириляпти-ю, лекин фойда бўлмаяпти. Стадионларда томошабинлар сони йилдан-йилга камаймоқда. Жамоалар ўртасидаги рақобат ҳам аввалгидек кучли эмас. Тўғри, бу йил «Бухоро», «Қизилқум», «Металлург» каби клублар медаллар учун кураш олиб боришди. Лекин якунда барибир, олдиндан кутилган жамоалар совриндорлар сафидан жой олишди. Биргина «Пахтакор» чемпионга хос ўйин кўрсатмади: «шерлар» мавсумни 5-ўринда якунлашга мажбур бўлишди. Бу йилги чемпионат тўпурарига айланган «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ва «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машариповнинг ўйинларини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Олий лига дебютанти ҳисобланган «Обод» кўрсатган ўйинлар ҳам шахсан менга маъқул келди. Клуб таркибидаги ёш ҳужумчи Шоҳруз Норхонов бошқа жамоадошларидан яққол ажралиб турди. Олий лигада илк мавсум ўйнаётганига қарамай, тўпурарлик маҳоратини намойиш этди. Бунинг натижасида «Обод» олий лигадаги ўрнини сақлаб қолди. Агар таркибини ҳам сақлаб қолса, ушбу жамоанинг келаси мавсумни юқори савияда ўтказишига ишонаман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz