Қайднома

Қидирув

Хитой Супер лигаси клублари олдига яна бир талаб қўйилди

Хитой Супер лигаси клублари олдига яна бир талаб қўйилди

  19.01.2017 20:07
  0
  997
Хитой Супер лигаси клублари олдига яна бир талаб қўйилди

Мамлакат футболини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш йўлида тиним билмаётган хитойликлар Супер лига клублари учун навбатдаги талабларни илгари сурди. Бу ҳақда «Sports.ru» сайти хабар берди.

Хитой футбол ассоциацияси чемпионат стартига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганида Супер лига клубларининг янги мавсум учун режалари билан ҳисоблашмай, легионер футболчилар сонига бўлган чеклов масаласини кучайтириб қўйганди. Энди эса ташкилот клублар учун қўшимча талаблар қўйди.

 

Биринчи навбатда Хитой футбол клублари ўзига тегишли академиялар ривожига эътибор қаратиши керак. Бунда бир йил давомида ишлатилган пулнинг 15 фоизи миқдорида футбол мактаблари учун ҳам сарф этиш талаб қилинган.

Агар клуб 100 миллион долларни катта футбол учун сарф қилса, академия учун 15 миллионнинг баҳридан кечиши керак. Чиқим қайсидир клубда 1 миллиард бўлса, академия учун 150 миллион топиш керак бўлади. Яъни, қиммат футболчиларни ўйнатиб, уларга отнинг калласидек пул тўлаётган жамоалар, хитойлик ёш футболчиларни рағбатлантириш борасида ҳам хотамтойроқ бўлиши керак. Бу ўз навбатида пулни орқа-олдига қарамай сарф этаётган клублар ҳовурини бир оз бўлса-да тушириш учун хизмат қилади.

Ҳар бир клуб ўзининг U15, U17, U19 жамоаларига эга бўлиши шарт. Бу Хитой ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади. Шунингдек, ҳар бир клуб ўзининг замонавий спорт базасига эга бўлиб олиши керак. Унда камида 4 та стадион мавжуд бўлиши белгилаб қўйилди, шунинг ҳеч бўлмаганда 1 донаси сунъий қопламали бўлиши лозим.

Ассоциация клублар кирим ва чиқимини назорат қилиб боради. Бунда ташкилот мустақил аудиторлар ёллаб, клубларнинг пул айланмасини текшириб туради. Sina ахборот агентлигининг қайд этишича, трансфер ойнасида сарф этилаётган пуллар учун жавобгарлик ҳар бир клубда бўлади. Бунда футболчи учун сарф этиш мумкин бўлган максимал сумма кўрсатиб ўтилмаган. Бироқ унинг тахминан 30 миллион евродан ошмаслиги айтилган.

Энг асосийси, барча клуб менежерлари пул ювиш масаласида огоҳлантирилган. Ҳомийлик ташкилотлари орқали келиб тушаётган маблағларни ўзлаштириш ҳукумат томонидан жиддий чоралар кўрилишига олиб келиши мумкин. Ташкилот эса бундай шахсларни футболдан бир умрга четлаштиришини айтган.

Манба: daryo.uz



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz