Қайднома

Қидирув

Лимит туфайли…

Лимит туфайли…

  21.01.2017 00:21
  0
  3731
Лимит туфайли…

Россиянинг «Советский спорт» нашри ҳам миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг «Шанхай СИПГ»га ўтишига бефарқ қарамади ва бу ҳақда алоҳида таҳлилий мақола тайёрлади. Газета ижодкорлари хусусан,  «Краснодар» ҳамюртимизни осонгина қўйиб юборганини таъкидлаш баробарида вақтида уни қўлга киритиш учун жуда кўп тер тўкканини эслатишди. Келинг, яхшиси, хорижлик ҳамкасбларимизнинг мазкур масала юзасидан қандай фикр билдиришгани билан батафсилроқ танишиб чиқайлик.

- Ўзбекистон термаси сардори Одил Аҳмедов «Краснодар»ни тарк этиб, Андре Виллаш-Боаш бошқарувидаги «Шанхай СИПГ» клуби сафига қўшилди. Хабарларга кўра, трансфер суммаси 8 миллион еврони ташкил қилган, Халк ва Оскар эндиликда Аҳмедов билан битта жамоада тўп суришади. Айтиш жоиз, Одилни Чин юртида илиқ кутиб олишди. «Шанхай СИПГ»  ўтган йили Хитой чемпио­натида 3-ўринни эгаллаганди. Бразилиялик Халк 8та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 5 бора ишғол қилишдан ташқари, самарали узатмалари билан ҳам алоҳида ажралиб турди. Виллаш-Боашнинг айтишича, ушбу клуб янги мавсумда сайёрамизнинг энг тез ривожланаётган лигасида чемпионлик учун курашар экан. Ҳа, Хитой чемпионатига катта маблағ киритилмоқда ва клублар ҳар қайси футболчига керакли суммани тўлашга тайёрлар. Карлос Тевесни Европада ҳисобдан чиқариб юборишдими? Ҳечқиси йўқ, у энди жаҳоннинг энг бадавлат ўйин­чисига айланди. Эсикиэль Лавесси «ПСЖ» захира ўриндиғига мустаҳкам жойлашиб олганмиди? Майли, у ҳозир Хитойда ҳар мавсум чамаси 22 миллион евро миқдорида маош оляпти. Бундай мисоллар бисёр.

Хуллас, Чин юрти футболчи сотиш учун қулай масканга айланди. Оскар, Халк, Тевес, Лавесси, Аҳмедов... Тўғри, Одил кўпчиликдан фарқ қилади. У - хитойлик «ўйинчоқлар»дан фарқли ўлароқ, анча меҳнаткаш. Дейлик, Сергей Галицкий ўзбекистонлик футболчини айнан шу сифатлари учун қадрларди, уни «Анжи»дан сотиб олиш йўлида нақ 2 йил уринди. Агар Махачқалъа суперклубидаги лойиҳа барбод бўлмаганида, ниятига етолмасмиди?!

Краснодарга кўчиб ўтгач, Одилнинг ўзи тан олди: шахсан Галицкий уни «буқалар» сафида кўришни хоҳлагани туфайли у ЦСКАга рад жавобини берган. «Краснодар» президентининг ёқимтой ўйинчилари йўқ ёки у буни сир тутади. Аммо шундай футболчи бор эди - Одил Аҳмедов. У Галицкий кўз ўнгида «Анжи»да ўсишга эришди, юлдузлар жамоасида йўқолиб қолмади. Аҳмедов қайсидир маънода Сергей Николаевичга ўхшайди: «буқалар» хўжайини сингари ҳаммасига ўз меҳнати билан эришди, ҳар қандай қийинчиликларни сабот билан енгди. Хўш, шундай экан, Галицкий нима сабабдан севимли футболчисини қўйиб юборди? Барча юлдузларни  тўплаётган Хитой футболининг Одилга қизиқиши омили нима? Ҳойнаҳой, Аҳмедовни маҳаллий скаутлар яхши танишади, зеро, Ўзбекистон миллий термаси Осиёнинг етакчи жамоаларидан ҳисобланади. Одилнинг Хитой муҳитига кўникишда қийналмаслиги тайин. Клуб эса Маҳачқалъадаги юлдузлар сафида етакчилардан бирига айланган футболчи ҳисобига кучайишга эришади.

«Краснодар»чи? У нимага эга бўлди? Тушунарлики, ёши (30) ўтиб қолган ўйинчи учун 8 миллион евро мўмайгина даромад ҳисобланади. Галицкий эса - ишбилармон, унинг учун бундай имкониятни бой бериш аҳмоқликдан ўзга нарса эмас. Аҳмедов аввалроқ краснодарликларни қониқтирадиган таклифга кўнмоқчилигини таъкидлаб, Европадан ҳам қизиқиш борлигини қўшимча қилганди. Хусусан, бу масалада жамоа президенти билан телефон орқали суҳбатлашган. Энди «Краснодар» мазкур трансфердан тушган маблағ эвазига муаммоли позицияларга футболчи сотиб олиши мумкин. Шунингдек, Аҳмедовнинг кетишига яна бир омил сабабдир: унинг жорий мавсумдаги статистикаси. Чемпионатнинг 14та ўйинида майдонга тушган ярим ҳимоячи жами 741 дақиқа тўп суриб, битта гол ҳаммуаллифига айланди. Боз устига, ўз жойини Газинскийга бўшатиб бериши оқибатида учрашувларни захирадан бошлашга кўникди. У сўнгги марта 2016 йилнинг 18 сентябрь куни «Ростов»га қарши кечган баҳсда тўлиқ вақт ўйнаб, жамоаси ғалабасига ҳисса қўшганди. Қолаверса, Аҳмедов дарвозага кам зарба йўллайдиган (битта ўйинда ўртача 1,3 марта) бўлиб қолди, хавфли узатмалари сони озайди (битта ўйинда ўртача 1тадан кам) ва аниқ узатмалари фоизи пасайди (битта ўйинда 83,5дан 82,8гача). Тўпни олиб қўйишда сусткашликка йўл қўйди (битта ўйинда 0,9 марта), алдаб ўтиш масаласида ҳам (битта ўйинда 0,6 марта). Эътиборлиси, бу ҳолат фақат Россия чемпионатига тааллуқли. Зеро, Европа Лигасида асосий таркибда майдонга тушган ўйинларда футболчининг кўрсаткичлари анча салмоқли кўриниш олди. Дейлик, Одил халқаро баҳсларда дарвоза томон кўпроқ зарба йўллади (битта ўйинда 1,8 марта), алдаб ўтиш ҳоллари тез-тез кўзга ташланди (битта ўйинда 1,5 марта - бунақаси «Анжи»да ўйнаганидан буён кузатилмаганди), ҳужумларда кескинликни ошириш чоғи тўпни кўп йўқотмади (битта ўйинда 2,2 марта). Хуллас, Аҳмедов Европа Лигасида самаралироқ тўп сурди. Чунки бу мусобақада лимит босим юкламасди, мураббийлар унга ишонишди. Бу ҳолат Россия чемпионатига бегона. Боз устига, «Краснодар»ни жароҳатлар эпидемияси роса қийнади - Россия паспортига эга Мамаев, Подберёзкин ва Измайлов сафдан чиқишди. Агар бу ўйинчилар майдонда бўлишганида, Одилга ҳам таркибдан жой топилиши муқаррар эди.

Хитой чемпионати - Краснодарда лимит қурбонига айланган Ўзбекистон термаси сардорига аввалги барқарорликни қайтариш йўлида ажо­йиб имконият. Бироқ Чин ўлкасидаги чеклов янада кескинроқ. Тез орада унга яна жиддий ўзгаришлар киритилади: битта жамоада 3 нафар бошқа қитъалар вакили ва бир нафар осиёлик ўйнаши мумкин бўлади. Афтидан, «Шанхай СИПГ»да айнан шу ролга Аҳмедов танланган кўринади.

Сезилиб турибдики, Одилнинг ўйин­ларини диққат билан кузатган россиялик ҳамкасбларимизга унинг Хитойга кетиши унчалик маъқул бўлмаган. Бошқа томондан, журналистлар «Краснодар»нинг фойда кўрганидан мамнунлар. Ўз навбатида, улар футболдаги кейинги тақдирини Чин ўлкаси билан боғлаган термамиз сардорининг келгуси ишларида омад тилашди. Биз эса Хитой ОАВ томонидан Аҳмедовга эътибор янада юксакроқ кўриниш касб этишига ишонамиз.

Ў.УМАРОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.