Қайднома

Қидирув

Хитой томон юзланиш

Хитой томон юзланиш

  21.01.2017 14:50
  0
  1575
Хитой томон юзланиш

Хитой чемпионатида тўп сурган ўзбекистонлик футболчилар.

Олдинроқ маълумот бергандик, Хитой супер-лигасида ОФКга аъзо 10та мамлакат (Австралия, Ироқ, Эрон, Япония, КХДР, Жанубий Корея, Ливан, Филиппин, Сурия ва Ўзбекистон) фуқаролари ўйнашган. Айни пайт бу чемпионатда легионерларга нисбатан «4]1» лимити амалда. Яъни ОФК таркибидаги мамлакат футболчиси учун битта кафолатланган ўрин бор. Олдинлари Хитой чемпионати бу қадар кўп тилга олинмасди. Лекин охирги 12 ой ичида ҳаммаси тубдан ўзгариб кетди. Эндиликда хитойликлар катта маблағ эвазига жаҳон даражасидаги мураббий ва футболчилар хизматидан кенг фойдаланишяпти. Сўнгги яққол мисол сифатида «Зенит»да ўйнаган бельгиялик иқтидор эгаси Аксель Витцелнинг «Ювентус» таклифини рад этиб, Фабио Каннаваро бошчилигидаги «Тянь-цзинь Цюаньцзянь» клуби сафига қўшилганини айтишимиз мумкин. Бундай ўтишларни кейинги 2 ой давомида ҳали кўплаб кузатишимиз мумкин. 2016 йилнинг сўнгги кунлари «Краснодар»дан «Шанхай СИПГ»га ўтган Одил Аҳмедов шубҳасиз, Хитой чемпионатида тўп сурадиган энг машҳур ўзбекистонликдир, лекин у биринчи вакилимиз эмас. Хуллас, 2009 йилдан буён Хитой футболи олий дивизионида 17 нафар ўзбекистонлик футболчи фаолият юритишга улгурди. Демак, Одил бу борада 18-вакилимиз ҳисобланади. Энди Аҳмедовдан олдин Чин юртига юзланган йигитларимизнинг у ердаги фаолиятларига бир назар ташлаймиз.

Александр Клецков (2009, 2010). 1985 йилнинг 27 сентябрида туғилган. 2006 йили Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам жалб этилган ҳимоячи мавсум-2009да «Пахтакор»дан Хитойнинг «Жиангсу Сунин» клубига ўтганди. Яна бир йил сўнг эса, «Пахтакор» уни «Тьянжин Теда»га сотди.

Статистикаси: «Жиангсу Сунин»да (2009 йил): 22та ўйин, 5та гол, 8та сариқ карточка. «Тьянжин Теда»да (2010 йил): 13та ўйин, 1та сариқ карточка. Клецков 2013 йилнинг 13 июлида Туркиянинг «Ордуспор» клуби билан «1}1» кўринишида шартнома тузди, лекин трансфер кейинчалик бекор қилинди. Шундан сўнг унинг фаолиятида паса-йиш юз берди.

Факт. Transfermarkt.co.uk сайтида Клецков ҳақида  берилган шахсий маълумотларга кўра, «Пахтакор» 2010 йили футболчини «Тьянжин Теда»га 200 минг евро эвазига берган ва 2011 йили 250 минг евро тўлаб, ортга қайтарган.

Алексей Николаев (2009). 1979 йилнинг 5 сентябрда туғилган. 2002-2008 йилларда миллий жамоа шарафини ҳимоя қилган. Мавсум-2008ни «Бунёдкор»да ўтказган Николаев  кейингисини Хитойда бошлади. «Шенжен Руби» (айни пайт «Шенжен») ҳимоячи учун профессионал фаолиятидаги 6-жамоа эди. Бироқ унинг Хитой жанубидаги ўйинлари ёдда қоларли чиққани йўқ.

Статистикаси: «Шенжен Руби»да (2009 йил): 27та ўйин, 8та сариқ карточка. Маълумот ўрнида айтиш керак, бу жамоа 2012 йилдан буён Хитой 1-дивизионида ўйнамоқда. «Шенжен»­ни айни пайт машҳур Свен-Ёран Эрикссон бошқармоқда.

Садриддин Абдуллаев (2009). 1986 йилнинг 11 июнида туғилган. Тан олиш керак, «Пахтакор» Хитой чемпионатига футболчи етказиб берувчи асосий ўзбек клубидир. 2009 йили «шерлар»нинг яна бир вакили - ярим ҳимоячи Садриддин Абдуллаев ҳам Чин ўлкасини бир айланиб келди. Айни вақт таркибида Анзур Исмоилов ҳаракатланаётган «Чанчун Ятай» ўзбек футболини биринчи бўлиб, айнан Садриддин Абдуллаев орқали кашф этганди.

Статистикаси: «Чанчун Ятай»да (2009 йил): 9та ўйин, 2та гол. 2010 йилги мавсумни ҳам шу жамоада бошлаши кутилган Садриддин кутилмаганда, «Локомотив»га қайтганди. У 2015 йили Малайзиянинг «Т-Тим» клуби сафида ҳам ўйнади.

Зайниддин Тожиев (2009). 1977 йилнинг 21 июнида туғилган. «Пахтакор» Клецковни «Жиангсу Сунин» клубига сотган ўша 2009 йили Тожиевлар тўнғичини «Тьянжин Теда»га юборганди. Бироқ вақтида клипларда ҳам суратга тушган ҳужумчи Хитойда кўп ушланиб қолмади.

Статистикаси: «Тьянжин Теда»да (2010 йил): 13та ўйин, 2та гол. Зайниддин 2010 йилга келиб, Қозоғистонда Шимкентнинг «Ордабаси» клуби шарафини ҳимоя қилди. Айтганча, у Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Словакия, Озарбайжон ва Иордания термалари дарвозасини ишғол этган.

Фарҳод Тожиев (2010). 1986 йилнинг 9 апрелида туғилган. Тожиевлар кенжаси ҳам Хитойда айнан «Тьянжин Теда» учун ўйнади. ЖЧ-2010 саралаш босқичи доирасидаги битта ўйинда Қатар термаси дарвозасига 3та гол урган футболчи дарҳол хориж клублари эътиборига тушганди.

Статистикаси: «Тьянжин Теда»да (2010 йил): 4та ўйин (170 дақиқа), 2та сариқ карточка. Дарвоқе, Фарҳод 2015 йили Малайзиянинг «Т-Тим» жамоасида Садриддин Абдуллаев билан бирга ўйнади.

Асқар Жадигеров (2010). 1980 йилнинг 5 январида туғилган. Вақтида «Андижон» клубининг фахри ва рамзи ҳисобланган Жадигеров 2010 йили «Пахтакор»да кўриниш берди. Бироқ Тошкент клуби шу йилнинг ўзида уни Хитойга жўнатди - «Нанчанг Хенгюан»га. Асқарнинг Чин юртида ўйнаб кетолмаганига сабаб сифатида унда халқаро тажриба оз бўлганини айтиш мумкин.

Статистикаси: «Нанчанг Хенгюан»да (2010 йил): 19та ўйин, 2та гол. Жадигеров кейинчалик яна бир марта легионер мақомини олиб, 2012 йили Таиланднинг «Бурирам Юнайтед» клубига борди.

Ислом Иномов (2010). 1984 йилнинг 30 майида туғилган. Ислом Иномов Хитойда атиги ярим мавсум ўйнаб қайтган футболчиларимиздан яна биридир. У 2010 йилнинг биринчи  ярмида «Насаф» сафида тўп сургач, ёзда «Лиаонинг Вовин» клуби билан шартнома тузганди. Бироқ тез орада ортга қайтиб, мавсум-2011ни «Бунёдкор» футболчиси сифатида бошлади.

Статистикаси: «Лиаонинг Вовин»да (2010 йил): 13та ўйин, 2та сариқ карточка. Исломнинг 2005 йили Тбилисининг «Локомотив» жамоасида ҳам тўп сурганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Анзур Исмоилов (2011). 1985 йилнинг 21 апрелида Самарқандда туғилган. Анзур Исмоиловни ҳозиргача Хитой чемпионатида тўлақонли ўйнаб кетган ўзбекистонлик энг кучли футболчи сифатида таърифласак муболаға бўлмайди. Миллий жамоамиз ҳимоячиси 2011 йилнинг 7 февралида «Чанчун Ятай» сафига қўшилгани бўйича ҳамон ўша ерда. У аллақачон ўз клубининг асосий ўйинчилари қаторига кирган.

Статистикаси: «Чанчун Ятай»да (2011-...): 161та ўйин, 11та гол, 25та сариқ карточка. Эътиборли тарафи, Анзур Хитой чемпионатида доимо марказий ҳимоячи сифатида ўйнасада, ҳали бирор марта қизил карточка олмади. Умуман, у «Ятай»даги фаолияти давомида жами 10 нафар бош мураббий билан ишлади.

Элдор Магдеев (2011). 1984 йилнинг 11 апрелида туғилган. Сўнгги йилларда ўзига Ўзбекистондан клуб топиши ҳам қийин бўлиб қолган Элдор мавсум-2011да Хитойда «Циньдао Жонун» шарафини ҳимоя қилганди. Чин юртига ижара келишуви асосида борган ярим ҳимоячи жами 11та ўйинда майдонга тушганидан сўнг яна «Пахтакор»га қайтди.

Статистикаси: «Циньдао Жонун»да (2011 йил): 11та ўйин. Энг ачинарлиси, шу-шу ўта тезкор ва маҳоратли Элдорни катта клубларда бош-қа кўрмадик.

Мурод Холмуҳаммедов (2011). 1990 йилнинг 23 декабрида туғилган. Сўнгги мавсумларни Жиззахнинг «Сўғдиёна»сида ўтказган Мурод Хитой клублари билан мустаҳкам алоқага эга «Пахтакор» агентлари ёрдамида 2011 йили «Дальян Шайд» аъзосига айланганди.

Статистикаси: «Дальян Шайд»да (2011 йил): 4та ўйин (309 дақиқа), 2та сариқ карточка. Тан олиш керак, Мурод охирги вақтларда Жиззах клубида катта ҳажмда иш бажарди ва олий лигадаги голлари ҳисобини ҳам очди.

Камолиддин Тожиев (2011-2013). 1983 йилнинг 3 майида туғилган. Бир оиланинг 3 нафар вакили  Хитойда тўп суриши — ажойиб ҳолат. Аввал акаси - Зайниддин, кейинроқ эса укаси - Фарҳодни Тошкентдан Хитойга кузатган Камолиддиннинг ўзи 2011 йили сафарга отланди ва «Жиангсу Сунин» футболчисига айланди. Муҳими, ўртанча Тожиев Хитойдаги фаолияти бир йилга ҳам етмаган акаси ва укасидан фарқли равишда, 2013 йилга қадар легионер мақомини сақлаб қолди.

Статистикаси: «Жиангсу Сунин»да (2011-2013): 70та ўйин, 2та гол.

Азиз Ибрагимов (2011-2012). 1986 йилнинг 21 июлида туғилган. Словакия ва Чехия чемпионатларида ўйнаган биринчи ўзбекистонлик футболчи ҳисобланган Азиз 2011 йили Хитойга йўл олди. У «Циньдао Жонун»да 2 мавсум давомида баҳоли қудрат тўп суриб, Хитойда нисбатан яхши таассурот уйғотган ўзбекистонликлардан бири бўлди.

Статистикаси: «Циньдао Жонун»да (2011-2012): 39та ўйин, 4та гол, 5та сариқ карточка. Умуман, Ибрагимов 2007-2014 йиллар оралиғида хорижда ризқ терди. Охирги мавсумда эса «Бухоро»нинг бош тўпурари бўлди.

Егор Кримец (2013, 2016-...). 1992 йилнинг 27 январида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий ҳимоячиларидан бири ҳисобланган «Пахтакор» тарбияланувчиси 2013 йилнинг 25 январида «Пекин Гуоан» сафига қўшилди - ижара ҳуқуқи асосида. Ўша йили унинг клуби супер-лигада 3-ўринни банд этди. 2016 йилнинг 11 январига келиб, хитойликлар бўйдор марказий ҳимоячини яна ижара келишуви бўйича таклиф этишди. Бу сафар унинг шартномаси 2 йилга мўлжалланди.

Статистикаси: «Пекин Гуоан»да (2013, 2016-...): 37та ўйин, 4та гол, 11та сариқ карточка.

Шавкат Муллажонов (2013). 1986 йилнинг 19 январида туғилган. Ўзи учун жуда муваффақиятли кечган Осиё кубоги—2011дан кейин легионер мақомини олган Шавкат Муллажонов Яқин Шарқ мамлакатларидаги фаолиятидан сўнг 2013 йили осмонўпар юртнинг «Лиаонинг Вовин» жамоасида ҳам ёмон кўрингани йўқ. Лекин бу мамлакатда бир йилдан ортиқ ушланиб қолмади.

Статистикаси: «Лиаонинг Вовин»да (2013 йил): 20та ўйин, 4та сариқ карточка.

Шерзод Каримов (2013). 1989 йилнинг 26 январида туғилган. Ўз вақтида ФИФА сайти томонидан ҳам алоҳида мақталган фарғоналик иқтидор эгаси Хитойда ярим мавсумлик «хизмат сафари»да бўлиб қайтган «пахтакорчилар»дан бири ҳисобланади. Айни пайт эса «Пахтакор»да аввалги мавқесини тиклашга уринмоқда.

Статистикаси: «Циньдао Жонун»да (2013 йил): 6та ўйин (142 дақиқа), 2та сариқ карточка.

Артём Филипосян (2014). 1988 йилнинг 6 январида туғилган. Маълум муддат Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам жалб этилган ҳимоячи «Бунёдкор»даги 2 йиллик фаолиятидан сўнг мавсум-2014нинг ярмини Хитойнинг «Лиаонинг Вовин» жамоасида ўтказди.

Статистикаси: «Лиаонинг Вовин»да (2014): 4та ўйин (285 дақиқа), 4та сариқ карточка. Артём айни пайт жароҳатини даволатмоқда.

Игорь Сергеев (2016). 1993 йилнинг 30 апрелида туғилган. Самвел Бабаян қўл остидаги Ўзбекистон миллий жамоаси асосий таркибидан муқим жой олаётган ҳужумчи ўтган йилнинг ёзида «Пахтакор» томонидан «Пекин Гуоан»га ижара асосида юборилди ва декабрда яна Тошкент жамоасига қайтди.

Статистикаси: «Пекин Гуоан»да (2016 йил): 14та ўйин (700 дақиқа), 1та гол. Игорь 16 октябрь куни «Чанчун Ятай»га бой берилган ўйин- (1:2)нинг 18-дақиқасида Ю Дабао узатмасидан сўнг гол уриб, ҳисобни очганди. Айтиш ўринли, клуб мураббийи Ксие Фенг ягона ҳужумчи тактикасидан фойдаланиб, асосан Бурак Йилмазга ишонч билдирди.

Одил Аҳмедов (2017-...). 1987 йилнинг 25 январида туғилган. Анзур Исмоиловни ҳисобга олмаса, Хитой клублари ҳеч бир синовсиз, ўзи талабгор бўлиб сотиб олган ўзбекистонлик биринчи футболчи айнан Одил Аҳмедовдир. Бразилиялик Халк учун 55,8 миллион евро, унинг яна бир ҳамюрти Оскар учун янада кўпроқ тўлаган «Шанхай СИПГ» Одил Аҳмедовни ўз таркибида кўриш учун Сергей Галицкийга тегишли «Краснодар» жамоасига 7 миллион евро берди (айрим манбаларда трансфер баҳоси 8 млн. евро эканлиги ёзилмоқда).

Фикрат тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz