Қайднома

Қидирув

Қинғирлик бир хил, жазо-чи?

Қинғирлик бир хил, жазо-чи?

  23.01.2017 06:26
  0
  946
Қинғирлик бир хил, жазо-чи?

Хабарингиз бор, албатта, «Барселона», «Реал» ва «Атлетико» клублари ўз таркибларига янги футболчиларни жалб этишда қоидабузарликка йўл қўйишгани учун ФИФА томонидан жазоланишган. Яъни халқаро ташкилотнинг Интизом қўмитаси уларни 2та трансферлар мавсумида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этганди. Табиийки, айбланувчилар ФИФА қароридан норози ҳолда, Спорт арбитраж судига мурожаат қилдилар. Таажжубки, адолат пешволари «Барселона» даъволарини инобатга олишмади, «Реал» ва «Атлетико» талаблари эса қисман бўлсада, қондирилди.

2014 йил 2 апрель. «Барселона»га янги футболчиларни «заявка»га киритиш тақиқланди

Нима бўлганди? Каталонияликлар 2009-2013 йиллар оралиғида ёши 18га етмаган кўплаб футболчиларни ФИФА қоидаларини бузган ҳолда, ўз академияларига қабул қилишган. Ташкилот вакилларининг хулосаларига кўра, халқаро трансферга жалб этилган шахс олди-сотди манбасига айланмаслиги лозим. Соддароқ айтганда, «Барса»ни қизиқтириб қўйган ёш иқтидор соҳиби хорижий шаҳарда яшаётган бўлса, 3 хил ҳолатда академиядан жой олиши мумкин:

1. Агар унинг ота-онаси футболга алоқаси йўқ шахсий сабаблар билан Испанияга кўчиб ўтган бўлишса;

2. Агар у ЕИга аъзо мамлакатда яшаган ва ёши 16дан ошган бўлса;

3. Унинг манзили Испания чегарасига 50 километрдан яқинроқ бўлса.

Дейлик, Антуан Гризманн вақтида шу имтиёздан фойдаланиб, Франция ва Испания ўртасида эмин-эркин қатнаганди.

«Барса»га қандай жазо белгиланди? 2та трансферлар мавсумида янги ўйинчиларни таркибга жалб қилмаслик. ФИФА ўз ҳукмини қуйидагича изоҳлади: «Балоғатга етмаган иқтидор соҳибининг эркин ривожланишини таъминлаш ҳар қандай спорт манфаатларидан муҳимроқдир». Аммо ФИФА ишлаб чиққан ҳужжатларда ёш футболчилар тақдирига ҳеч қандай кафолат йўқ. Мисол учун, у жароҳатланса ёки ўйини қовушмаса ўзи ва яқинлари кўчада қолишлари мумкин.

2014 йил 30 декабрь. «Барселона» апелляцияси рад этилди

Апелляция жамоага нима берди? «Барселона» ёзма равишда даъво қилиш орқали вақтдан ютди. Яъни 2014 йилнинг ёзида жамоа учун керакли футболчиларни харид қилиш имкониятига эга бўлди. Амалда Суарес, Матьё, Ракитич, тер Штеген ва Бравони таркибига қўшиб олган клуб ЕЧЛда ғолиб чиқди.

Апелляция нега рад этилди? Ҳозирда бу савол янада муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. САС «Барселона»нинг қоидабузарлиги тўла-тўкис исботланганини қайд этиб, 450 минг Швейцария франки миқдоридаги жаримани ҳам ўз кучида қолдирди. Шу тариқа каталонияликлар 2016 йилгача расмий учрашувларда бирор дебютантдан фойдаланолмадилар.

2016 йил 2 январь. Каталония клуби дисквалификацияси тугади

Неча нафар футболчи «заявка»га киритилди? Трансферлар дарчасининг дастабки куниёқ «Барселона» тизимидаги жамоаларда жами 77 нафар футболчи рўйхатга олинди. Улар академия, ўринбосарлар жамоаси ёки асосий таркибдан жой олишлари мумкин эди.

Жазо оқибати қандай? Энди «Барселона» рўйхатга олиш қоидасини бузмаслиги шарт. Шу кетишда каталонияликлар янги Мессига эга бўлишлари даргумон. Таажжубки, ФИФА оммавий текширувлар ўтказиш ва қодабузарларни жазолашга унчалик ошиқмаяпти.

2016 йил 14 январь. «Атлетико» ва «Реал»га нисбатан тақиқ

Клублар нима учун ва қандай жазоланишди? ФИФА ЧЛнинг бўлажак финалчиларини балоғатга етмаган футболчиларга оид қоидаларни  бузганликда айблади. Интизом қўмитаси уларни ҳам 2та трансферлар мавсумидан четлатди. Шунингдек, «Атлетико» 900 минг, «Реал» эса 360 минг франк миқдорида жаримага тортилди.

«Реал» ва «Атлетико» ҳамда «Барселона»нинг қоидабузарликлари ўртасидаги фарқ нима? Аслида умуман тафовут йўқ. Каталонияликлар қинғирликка 2009 йилдан қўл урган бўлишса, «матрасчилар» 2007-2014 йиллар оралиғида қоида бузишган, «Қироллик клуби» эса барчасини 2005 йили бошлаганди. Қизиқ, унда жарималар миқдори нега турлича? Гап шундаки, қоидабузарликлар сони «Атлетико»да кўпроқ, «Барса» ва «Реал»да озроқ.

Жазо нима учун тўхтатилди? Қоидага биноан, САS апелляцияни кўриб чиқаётган пайт «Барселона» 2014 йилнинг ёзги трансферларидан фойдаланганди. Мадрид грандларига эса нима учундир 2та трансферлар мавсумида иш юритиш имкони берилди.

Жамоалар апелляциядан қандай фойдаланишди? «Атлетико» тақиқ 2018 йилгача чўзилиб кетишидан хавотирланиб, таркибни кучайтириш учун 81 млн. евро сарфлади. Бу борада доимо фаоллик кўрсатадиган «Реал» эса биргина Моратани Мадридга қайтариш билан чекланди. Кўриниб турибдики, «Қироллик клуби» тақиқдан заррача ҳайиқмади. Айтганча, айни пайт каталонияликлар томонидан «Реал»га ён босганликда айбланаётган Ла-лига президенти Хавьер Тебас шундай баёнот берди: «ФИФА ва УЕФА менга одоб-ахлоқ мезонларидан сабоқ бермоқчими? Биз қулчилик ва болалар савдосига қаршимиз. Аммо бу қоидалар - ўтмиш сарқитлари. Ҳайронман, халқаро ташкилотлар мутасаддилари нимани назарда тутишмоқда? Академияларда болакайлар нафақат футбол сирларини ўрганадилар, балки чуқур билимга ҳам эга бўладилар. Бундай тақиқ қўллашга на ФИФА ва на УЕФА ҳақли». Эътиборли жиҳати, «Барса» жазога тортилганида, Ла-лига бундай фаол ҳимояни намойиш қилмаганди.

2016 йил декабрь. «Реал» апелляцияси қисман қониқтирилди

«Реал» даъвоси нима бўлди? CAS далилларни инобатга олиб, тақиқ муддатини қисқартирди. Унга кўра, «Қироллик клуби» 2017 йилнинг ёзидан эътиборан янги футболчиларни харид қилиши мумкин. Флорентино Перес хотиржам. У клуб судда ўзини ҳимоя қила олишини баралла таъкидлади.

«Атлетико» нима қилди? «Ҳиндулар» мураккаброқ йўлни танладилар. Улар октябрь ойида тақиқ тўхтатилишидан воз кечиб, судьялар билан келишувга эришдилар. Энди клубнинг иши жорий йилнинг биринчи ярмида кўриб чиқилади.

Нима учун эътироз кўп? Биринчидан, ФИФАнинг ҳукмидан болалар жабр кўрмоқдалар: «Реал» қандайдир сирли равишда уругвайлик ёш иқтидор соҳиби ҳужжатларини йўқотиб қўйди, дунёнинг турли бурчакларидаги кўплаб болакайлардан воз кечди. «Барселона»да эса жами 73 нафар бола ва ўсмир бир йилгача майдонга тушолмайди. Хуллас, ФИФА клублар эмас, футболчиларни жазолагандек... Иккинчидан, «Реал»нинг жазо муддати 2 бараварга камайтирилгани каталонияликлар учун қўшимча зарба бўлди. Ваҳоланки, бу ерда ҳеч қандай одам савдоси йўқ. Хўш, унда нима учун Англия клублари жазога тортилмаяпти? Чунки улар Африка ёки Жанубий америкалик футболчиларнинг ота-оналари учун иш жойини нақд қилиб қўймоқдалар. Бундан ташқари, дунёнинг қайси нуқтасида 16 ёшли ўсмир «Манчестер Сити»даги каби ойига 150 минг евро маош олиши мумкин? Учинчидан, дейлик, «Барса» қоидани 10 марта, «Реал» эса 8 марта бузган. Лекин нима учун бири жазони тўлиқ олдию, иккинчиси 50 фоиз? Ахир апелляцияда қатнашган адвокатлар ўзгармаганди-ку. Боз устига, қоидабузарликни кейинроқ бошлаган «Барселона» биринчи бўлиб жазога тортилди. Хўш, «Атлетико»га белгиланган жазо муддати ўзгаришсиз қолса, унда нима бўлади? Нафақат Испания, балки бутун футбол оламида йирик можаро юзага келмайдими? Шундай экан, ФИФАнинг антиқа қоидасини зудлик билан тартибга келтириш талаб этилади.

Soccer.ru - С.РАҲМОНОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz