Қайднома

Қидирув

Фёдор Смолов: «Шунчаки, ўзимга-ўзим сўз бердим…»

Фёдор Смолов: «Шунчаки, ўзимга-ўзим сўз бердим…»

  23.01.2017 03:32
  0
  999
Фёдор Смолов: «Шунчаки, ўзимга-ўзим сўз бердим…»

«Футбол» ҳафтаномаси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Краснодар» клуби ва Россия терма жамоаси ҳужумчиси мамлакатнинг 2016  йилдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Шу муносабат билан нашр мухбирлари янги лауреатни махсус суҳбатга чорлашди.

- Фёдор, 2016 йили Россия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлдингиз, «Футбол» ҳафтаномаси сўровида ғолиб чиқдингиз. Умуман, мамлакат футболининг энг ёрқин юлдузига айландингиз. Авваллари янги йил оқшомида шулардан қай бирини орзу қилгандингиз?

- Ҳеч бирини. Тўғри, болалигимда кўпчилик қатори ўз орзумни қоғозга ёзиб, соат миллари сўнгги сонияларни ҳисоблаётган пайт ёқиб юборардим. Ўша орзуларимдан бирортаси ҳали рўёбга чиққан эмас. 2 йилча аввал эса, бу удумдан воз кечдим.

- Сиз учун асосий воқеа - бу гол. Айтингчи, 2016 йил давомидаги энг чиройли голингиз қайси?

- «Уфа» дарвозасига урганим. Ўшанда тўпни устимдан оширган ҳолда йўллагандим. Менимча, бу бутун фаолиятимдаги энг чиройли гол.

- Яна пенальтини ғайритабиий тарзда амалга оширдинглар - Мамаев «нуқта»дан зарба бериш ўрнига тўпни сизга узатди ва дарвозани осонгина ишғол қилдингиз.

- Аслида бу комбинацияни аввалги мавсум режалаштиргандик. Бироқ «Терек»ка қарши ўйинга қадар Паша иккимиз майдонда бўлганимизда, пенальти белгилангани йўқ. Шу сабаб, узоқ вақт кутишга тўғри келди.

- Қизиқ, Мамаев ҳисобига фойдаланилмаган пенальти ёзиладими ёки самарали узатма?

- Самарали узатма-да, албатта. Пенальти жарима зарбаси, бунда узатмани амалга ошириш ўйин қоидасига зид эмас, тўғрими? У тўпни оширди ва мен  гол урдим. Паша бевосита зарба йўлламади. Демак, буни фойдаланилмаган пенальти сифатида баҳолаш нотўғри.

- Айтганча, сўровда ўзингиз кимга овоз бердингиз?

- Промесга. Сўровда бир йиллик фаолият назарда тутилади. Агар ярим йиллик ҳисобга олинганида, Халк ёки Жулианони танлардим. Хуллас, мен ёзган учлик қуйидагича: Промес, Дзюба, Акинфеев.

- Бир пайтлар «Твиттер»да «Смолов гол урдими?» сарлавҳаси пайдо бўлганди...

- Тўғри, Sports.ru сайтида эса шундай блог.

- Уни охирги марта қачон ўқидингиз?

- Аллақачон олиб ташлашган. Лекин барибир, ажабланарли. Мана, Зоран Тошични олайлик. У 2500 дақиқадан бери гол урмаяпти. Яъни «қуруқ» серияси меникига нисбатан анча узун. Қолаверса, Зоран юқорироқ савиядаги жамоа ҳужумчиси, ЦСКА етакчиси. Нима учундир у ҳеч кимни қизиқтирмайди, ҳамма менинг дақиқаларимни ҳисоблаш билан овора. Олдинги чизиқда мунтазам тўп суриш имконияти бўлмагани, бор-йўғи 5та учрашувни тўлиқ ўтказганим ва қолганларида 10-15 дақиқа ҳаракатланганимни эътиборга ҳам олишмаганди...

- Мухлислар сизни қандай тасаввур қилишларини биласизми? Бир бор экан, бир йўқ экан, Смолов деган россиялик футболчи бўлган экан. У ноёб иқтидор соҳиби саналсада, анча вақтгача ўз ўйинини тополмабди. Кейин бирдан миясида нимадир ярқ этибди-ю, ғайрат билан тўп сура бошлабди. Натижада йил давомида урган голлари 30тадан ошиб кетибди...

- Ҳа, миямда нимадир ярқ этгани рост. Кўплаб ҳамкасбларим одатда бундай ҳолатни қандайдир айрилиқ ёки шахсий ҳаётдаги нохуш воқеалар билан изоҳлашади. Менда эса бошқача. Омадсизлик шунчаки, ҳамиятимга қаттиқ таъсир этди: «Нима, маҳоратим йўқми? Ёшлар жамоаларида ҳаммадан кўп гол урардим-ку... Катта футболда нима учун ўйиним қовушмаяпти?» Хуллас, шу каби саволларга жавоб топиш учун ўзимга ўзим сўз бердим: «Энди ишончли тўп суришим шарт».

- Демак, тонгда уйғониб, янги ҳаёт бошлашга қарор қилгансиз, шундайми?

- Кўпчилик «Урал»га ўтиб, ўзгарганимни таъкидлайди. Аслида ҳаммаси анча аввалроқ бошланган. Лекин ҳаракатларим ва қатъий қарорим қисқа вақт ичида самара бермаслигини яхши билардим. Сабр-тоқат билан тер тўкишда давом этдим. Меҳнатларим зое кетмаганини айнан «Урал»да тушундим. Қўшимчасига, Александр Тархановдек мураббий раҳбарлигида ўйнаганим қўл келди. У менга ҳужумчи ролини топшириб, эркин тўп суришимга имконият яратди. Шунингдек, Фабио Капеллонинг ўгитлари ҳам оёққа туриб олишимда муҳим роль ўйнади.

- Капелло айнан қандай маслаҳат берганди?

- Аслида у менда турлича таассурот қолдирди. Дейлик, терма жамоага чақирардию, майдонга туширмасди: «Ҳа, ҳозирча ўйнамаяпсан. Лекин аввало,  машғулотларда ўзингни кўрсат, шунда яна чақираман». 1,5 йил шу зайлда ўтди ва мураббий мени Бразилияга олиб бормади. Ўшанда Капелло ҳеч қачон ўзимни аямаслигим зарурлигини таъкидлаганди.

- Россия термасининг Евро-2016даги суст иштироки ҳақида нима дея оласиз?

- Бу борада аниқ тўхтамга келиш қийин. Шахсий фикримни билдирсам, биз ўз имкониятларимиз даражасида ўйнолмадик. Аслида гуруҳдаги барча рақибларни енгишимиз мумкин эди. Бироқ унутмаслик керакки, 2015 йилнинг августида ҳамма жамоамиздан умид узиб улгурган, мухлислар Францияга боролмаслигимизга кўника бошлагандилар. Слуцкий келгач, кетма-кет 4та учрашувда ғалаба қозониб, йўлланмани қўлга киритдик. Дарвоқе, кўпчилик бизга Исландия термасини рўкач қилади. Хўп, бу жамоа ўз тарихида илк марта  буюк натижа қайд этди. Аммо шунақа жасоратни яна такрорлашига кафолат борми? Энди айтингчи, исландлар ўйини мухлисларимизга ёқдими? Наҳотки, миллий жамоамиздан шундай футбол кутишса?

- Табиийки, ҳамма терма жамоанинг чинакам курашишини истайди. Мухлислар ва футболчилар ўртасидаги зиддиятни сезяпсизми?

- Тўғри, қандайдир кескинлик, эътирозлар бор. Аммо турли талабларни олға суриб, эътироз билдираётган аксар мухлислар профессионал футболни тўғри тасаввур қилолмайдилар.

- Ҳа, фуқароларнинг 90 фоизи талаблар ўринли эмаслигини яхши тушунади. Лекин улар айнан шу йўл, яъни терма жамоани тарқатиб юбориш талаби орқали ўз норозиликларини билдиришди.

- Очиқ гапирсак, Россия қудратли футбол мамлакатлари қаторида эмас. Демоқчиманки, биздан худди Германия термаси эришаётган натижаларни кутиш - мантиққа зид. Бу факт. Лекин жамоамиз гуруҳдан чиқиш учун талаб қилинадиган қудратга эгалигига ҳам шубҳаланмайман. Умуман, эътирозларнинг бемаъни табиатидан ҳайратга тушганим йўқ. Юртимиз шунақа. Бу фақат футболга тааллуқли гап эмас. Фуқароларимиз ўз шахсий ҳаётларидан бошқа барча жабҳаларни таҳлил қилишга усталар. Кўзгуга бир қараб, ўзларига савол беришни истамайдилар: «Мен дуч келаётган муаммоларга ким айбдор? Билим берган ўқитувчимми ёки ота-онам? Балки мураббий айбдордир?» Хуллас, ҳеч ким ўзини айбдор санамайди. Кўчада турли кишиларга дуч келаман. Жумладан, такси ҳайдовчиларига. Улар вақтида футбол билан шуғулланганларини айтадилару, нима учун профессионал даражага кўтарилмаганлари ҳақида оғиз очмайдилар. Чунки машғулотларда тер тўкиш ўрнига ялло қилишган, мириқиб дам олишган.

- Дейлик, Уэльс термасига аламли тарзда ютқазилган ўйиндан сўнг тунни қандай ўтказганингизни айта оласизми?

- Умуман ухламадим. Кейин йигитлар билан суҳбатлашдик - фақат футбол ҳақида. Словакларга қарши учрашувдан кейин ҳам футбол асосий мавзуга айланганди.

- Англия термаси билан ўйин арафасида Марселда юз берган тўқнашувлардан хабардормидинглар?

- Ҳа, албатта. Аслида ўйин арафасида бошқа нарсалар тўғрисида ўйламасликка ҳаракат қиламан. Боз устига, йирик турнирда илк марта иштирок этаётгандим. Шу боис, бироз ҳаяжонландим ҳатто.

- Яна 3 йилдан сўнг ўзингизни қандай тасаввур қиласиз?

- Англия, Италия, Испания ёки Германиянинг топ-клубларидан бири аъзоси сифатида. Ўзимни тергаб, жиддий қарор қабул қилганимда, олдимга шундай мақсад қўйганман. Уни рўёбга чиқариш учун кучимни аямайман.

ftbl.ru - С.РАҲМОНОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz