Қайднома

Қидирув

Футболдаги «Мендезлар»

Футболдаги «Мендезлар»

  24.01.2017 19:15
  0
  1257
Футболдаги «Мендезлар»

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятида ўзгариш содир бўлди. Ўтган йиллар давомида ташкилотни бошқариб келган Мираброр Усмонов ўз ўрнини «Ўзбек-нефтегаз» миллий холдинг компанияси раиси Алишер Султоновга бўшатиб берди. Мираброр Зуфарович бу жойда ёмон ишламади. Ўзидан кўп нарса қолдириб кетмоқда. Бир шода медалларни ҳам...

Унинг бошқаруви остида Миллий Олимпия қўмитасида кўп ишлар амалга оширилди. Олимпия ва паралимпия ўйинларида қўлга киритилган ютуқлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Ўтган йиллар давомида ҳар бир спорт турига катта эътибор қаратилди, пойтахтнинг қоқ марказида МОҚ учун муҳташам бино қурилди. Бу иншоотда ҳар бир федерация учун етарлича шароит яратилди. Шунингдек, жойларда турли спорт турлари бўйича инфратузилма шакллантирилди. Ҳозир нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам спорт билан шуғулланиш учун анча-мунча ша-роит бор.

Энг муҳими - спортчиларнинг тайёргарлик жараёни сифатли олиб борилди. Агар илгари медаль олиш учун хориждан спортчиларни олиб келиш урфга кирган бўлса, Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада ўзбекистонлик спортчиларнинг бенефисига айланиб кетди - 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза. Бу медалларнинг деярли барчаси маҳаллий спортчилар кучи билан қўлга киритилди. Шунча шароит яратилгандан кейин ҳам медаль олмасинми? Кўрдик, белига белбоғ боғлаб майдонга чиққан ҳар бир полвон шаҳд билан олишди. Юртининг орини кўтарди. Шунга монанд байроғимиз ҳам пешма-пеш кўтариб турилди. Навбатдаги марра - 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадага. Буниси энди Алишер Султоновнинг зиммасида.

Мираброр Усмонов МОҚдан ташқари Ўзбекистон футбол федерациясига ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда. Бунисига энди анча бўлди - 10 йил. Футбол соҳасида амалга оширилган ишларни ҳам санаб адоғига етиш қийин. Агар Мираброр Зуфарович ЎФФ президенти этиб тайинланганда пичоққа илингули стадионлар саноқли ва фақат пойтахтда бўлса, ҳозир деярли ҳар бир вилоятда халқаро ўйинларни қабул қила оладиган замонавий ареналар бор. Тошкент, Олмалиқ, Бекобод, Жиззах, Бухоро ва Фарғонада янги стадионлар қурилди. Қолганлари эса тўлиқ қайта таъмирланди. Агар Ривалдо ўйнаган вақтларда ҳам сифатли майдон кам бўлса, ҳозир ҳеч қандай муаммо йўқ. Бир сўз билан айтганда, футболга берилган эътибор бошқа спорт турларидан асло кам эмас. Аксинча, кўпроқ ҳам. Аммо афсуски, натижа масаласида турлича ҳолатга гувоҳ бўлмоқдамиз - футболдан ҳозирча ҳеч ким медаль қўлга киритмади. Албатта, бу гапни қитъа даражасидан келиб чиқиб айтмоқдамиз. Ҳали иштирок этиш бахтига муяссар бўлмаганимиз жаҳон чемпионати ҳақида умуман гапирмадик...

Ҳа, футболда ишлар ҳозирча кўнгилдагидек эмас. Агар Миллий Олимпия қўмитасида вазиятни ўнглаш учун икки-уч йил етарли бўлса, футбол ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси учун жаҳон чемпионати орзу бўлиб қоляпти, клубларимиз эса Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқа олмади. Биргина «Насаф»нинг ОФКдаги ғалабасини айтмаса, бошқа арзирли ютуқни кўрсата олмаймиз. Хўш, бунга сабаб нимада?

Сабаб оддий, эътибор бериб қарасак, Бразилияда ўтган Олимпиада баҳсларида барча совринлар яккалик туридаги баҳсларда қўлга киритилди. Жамоавий ўйинларда эса ҳеч қандай ютуққа эришилмади. Бокс, дзюдо, тош кўтариш - биргина спортчининг хоҳиш ва иродасига боғлиқ. Агар у ўзида куч топа олса, дунёда тенгсиз спортчига айланади, акс ҳолда, пана-пастқамдаги тренажёр залидан чиқа олмай, қолиб кетади. Шу сабабли, ғалаба учун борини ва керак бўлса, жонини бериб юборишга тайёр. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. Аммо футболда ва шу жумладан, волейбол, баскетбол ва гандболда афсуски, бунинг иложи йўқ. Бу ерда бутун жамоанинг истаги роль ўйнайди. Кимдир панд берса, демак ғалаба ҳам қўлдан кетди. Ўзбек футболининг (волейбол, баскетбол, гандбол ва ҳоказо) муаммоси ҳам мана шунда.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида янги давр бошланмоқда. Айтишларича, Ўзбекистон футбол федерациясида ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкин. Истардикки, мана шу янги давр нафақат бокс, кураш ёки оғир атлетика, балки жамоавий ўйин-лар учун ҳам ўзгаришлар даври бўлса. Бутун дунёда спорт ривожланиб бормоқда. Биз учун бу ривожланишдан четда қолмасликнинг иккита йўли бор - ё спортчиларимиз кучли чемпионатларда иштирок этиб, тажриба тўплайди ёки кучли мураббийларни ўзимизга олиб келишимиз лозим. Олдиндан тан оламиз, бизнинг ўйин-чилар хориждаги кучли биринчиликларда иштирок этиши оғир масала. Утопия. Волейбол, баскетбол ва бош-қа спорт турлари у ёқда турсин, ҳатто биринчи рақамли спорт тури ҳисобланадиган футболимизда ҳам Европада тўп суриш даражасида кучли ўйинчи йўқ. Демак, бизда фақат битта йўл қолади - кучли мураббийни ўзимизга олиб келиш.

Биз бу фикрга исботни четдан қидириб ўтирмадик, ўзимиздан топдик. Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йили илк марта жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бу эса узоқ муддат давом этган иш самараси бўлди. Термани аввал бразилиялик Серхио Сапо бошқарарди, кейин эса испаниялик Хосе Мендез келди. Натижани кўриб турибсиз. Шундай экан, нима учун футбол, волейбол, баскетбол ва гандболнинг ҳам ўз «Мендезлари» бўлмаслиги керак?

Янги раҳбариятдан мана шу саволнинг жавобини кутиб қоламиз. Ўхшаб қолар...

Зафар ҚОСИМОВ



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz