Қайднома

Қидирув

Ҳаёт эзгулик учун берилган!

Ҳаёт эзгулик учун берилган!

  24.01.2017 20:35
  0
  1138
Ҳаёт эзгулик учун берилган!

Дарҳақиқат, бу ёруғ оламда энг бебаҳо бўлган ҳаёт инсонга бир марта берилади. Инсоннинг тожи бўлмиш олий жаноблик хислати эса ана шу бебаҳо неъматни беҳуда ўтказмасликка, иложи борича эзгу амаллар билан ўтказишга ундайди. Шу хайрли ишлар ҳаётга бетакрор гўзаллик бахш этади. Табиийки, футбол олами ҳам бу фазилатдан четда қолмаган. Ортда қолган 2016 йил ҳам ибрат бўладиган кўплаб ишлар гувоҳига айланди.

11 январь. Майдонча сақлаб қолинди

«СКА-Энергия» клубининг грузиялик ҳимоячиси Кахабер Аладашвили қишки таътилга чиқди-ю, уйи томон ошиқди. Мақсади - ўқув-машғулотлар йиғини бошлангунча маъшуқаси билан Тбилисида кўнгилли ҳордиқ чиқариш эди. Бироқ шаҳарда уни интиқлик билан кутаётган бош­қа кишилар ҳам йўқ эмасди - ҳамшаҳарлари Кахабердек таниқлироқ шахснинг кўмагига муҳтож бўлиб қолишганди. Боиси, Аладашвили, Гогита Гогу ва Отар Марцвеладзе каби кўпгина футболчиларга болаликдан қадрдон бўлиб қолган футбол майдончаси йўқ бўлиш арафасида эди. Ҳудудни харид қилган бизнесмен майдончага тегмасликка ваъда берган, лекин кейинчалик «айниб» қолганди. Хуллас, Кахабер футбол оламидаги танишлари ва қўни-қўшнилари ёрдамида ўртоқлик учрашувлари ташкил этиб, унга матбуот вакиллари ва санъаткорларни ҳам чақирди. Улар майдончада текин концерт намойиш этишди. Жумладан, Аладашвилининг ўзи ҳам қўшиқ айтди. Тадбирда шунингдек, Гогита Гогуа, Соломон Квирквелия каби таниқли футболчилар, Грузия ФФ президенти Леван Кабиашвили иштирок этишди. Мартабали меҳмонлар сафидан жой олган Тбилиси мэри Давид Нармания тадбир сўнгида футбол майдончаси ўз фаолиятини давом эттиришини эълон қилди.

20 январь. Футболчи кучук

Бразилияликлар футбол афсунгарлари эканлигига кўникиб қолганмиз. Соҳил бўйи шаҳарларининг аҳолиси томонидан пляж футболида намойиш этилаётган томошалар, ҳатто қизлар ижросидаги «фокус»лар ҳам ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бироқ Рио-де-Жанейрода кучукни тўп билан муомала қилишга ўргатганликларидан лол қолмасликнинг иложи йўқ. У ердагиларнинг ҳазилларига кўра, яқинда дарахтларни ҳам жарима зарбалари беришга ўргатишармиш!

11 февраль. Энг яхши гол муаллифи - 9 ёшли болакай!

«Эвертон»-«Суонси» учрашувининг танаффус пайтида яшил майдонда 9 ёшли Жорж пайдо бўлди. Болакай бош мия фалажига мубтало бўлганди. У ўша оқшом қўрқувни енгиб, дарвоза томон зарба йўллади. 11 февраль куни мухлислар январь ойи­нинг энг чиройли голи сифатида Жоржнинг голига овоз беришгани эълон қилинди. Шу тариқа болакай махсус соврин билан тақдирланди, «Эвертон»да меҳмон бўлди ва футболчилар билан тўп сурди.

21 апрель. Хаста мухлиснинг орзуси ушалди

Асли келиб чиқиши британиялик бўлган 51 ёшли Тони Скеффингтон Австралияда яшаган бўлсада, «Лестер» мухлиси эди. У доимо суюкли жамоаси чемпионлигини орзу қилиб, 2015 йил августда «кон» тикканди. Аниқроғи, саратон хасталигига йўлиққан Тони рафиқасидан «Лестер»­нинг чемпионлиги учун 2 доллар тикишни илтимос қилганди. Аёл эса янглишиб, 20 доллар тикди. Шифокорлар тахминига кўра, Скеффингтон анча аввалроқ ҳаётдан кўз юмиши керак эди. Аммо бемор бир йил аввал элитада ўз ўрнини аранг сақлаб қолган «тулкилар»нинг зафарли юришини кўришга муваффақ бўлди. Фақат «Лестер» шоҳсупага кўтарилганини кузатиш унга насиб этмади - ўтган йилнинг апрелида ҳаётдан кўз юмди. Бироқ унинг 20 доллари «Лестер» туфайли 3000 бараварга кўпайди.

25 июнь. Рақиб жамоа мухлисига кўмак

Евро-2016нинг Уэльс-Шим.Ирландия нимчорак финал беллашувида ажиб воқеа юз берди: уэльслик болакай стадионда отасини йўқотиб қўйди. Бундан хабар топган Шим. Ирландия мухлислари болакайга ўз отасини топиши осон бўлиши учун бир неча дақиқа чўккалаб ўтиришди. Натижада болакай отасини тезда топиб олди.

1 июль. Бельгияликлар учун хайрлашув йўлаги

Бу эътиборга молик воқеа ҳам Евро-2016 турнирида юз берди. Фақат Парижда эмас, балки Лиллда. Шу шаҳарда бўлиб ўтган чорак финал баҳсида Уэльс Бельгиядан устун келди. Табиийки, Гарет Бэйл жамоаси мухлислари кўтаринки кайфиятда эдилар. Улар мағлуб жамоа мухлисларини ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўйишга аҳд қилиб, стадион яқинидаги метро станциясида жонли йўлак ҳосил қилдилар. Шу тариқа бельгиялик ишқибозлар тиқилинчларга дуч келмасдан, стадионни ортиқча муаммоларсиз тарк этишди. Футбол турли миллат вакилларини бирлаштира олишини мана шу мисолда кўриш мумкин.

16 июль. Азалий рақибнинг одамийлиги

«Арсенал»-«Тоттенхэм» дербиси Англиядаги энг кескин қарама-қаршиликлардан бири эканлиги барчага маълум. Ўйин бир жамоа мухлисининг рақиб ишқибозига мурувват кўрсатишига тўсқинлик қилолмади. Бемор бўлиб қолган «тақачилар» мухлиси Тим Ридни ҳаётга қайтариш учун соғлом буйрак керак эди. «Тўпчилар» мухлиси ўз буйрагини беришга рози бўлди. Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Рид «Фейсбук» орқали ўз миннатдорчилигини изҳор этди: «Мен ва оилам учун бу йигитнинг қилган яхшилигини сўз билан ифодалашнинг иложи йўқ. Мени ўлим ёқасидан ҳаётга қайтарди, ҳаётини хавф остида қолдириб, буйрагини менга берди. Биз азалий рақиб жамоаларга мухлислик қилсакда, у менинг энг яқин дўстимга айланди».

24 июль. Хаста болакайга шартнома

Лиссабоннинг «Спортинг» клуби 5 ёшли болакай билан шартнома имзолади. Унга кўра, саратон хасталигига чалинган Франсиско мавсумнинг илк беллашувида жамоани майдонга олиб тушди. «Франсиско билан келишувга эришганимиздан мамнунман. У «Спортинг» тарихидаги янги даврни бошлаб берди. Жамоамиз 110 йиллик тарихга эга. Франсиско  каби мухлислар билан бундан ҳам кўпроқ ва зафарлироқ даврни босиб ўтишимизга умид қиламан», - деди клуб президенти Бруну де Карвалью.

26 октябрь. «Реал Сосьедад» бошпанасиз кишига иш берди

Уйсиз қолган Рубен 3 йил кўчада ҳаёт кечирди. Охирги 8 ойни у «Аноэта» стадиони яқинида ўтказгани боис, жамоа мутасаддиларининг эътиборини тортди. Улар дайдини кийим-кечак, егулик билан таъминлашди, кейин икки ойлик шартнома имзолашди. Энди Рубен «Реал Сосьедад»нинг уй учрашувларида стадион хизматчиларига кўмаклашмоқда. Агар у 2 ойлик фаолияти учун ижобий баҳо олса, доимий шартномага эга бўлади.

5 ноябрь. Ногирон болакай «Челси» стадионида

«Краснодар» клубининг собиқ бош мураббийи Олег Кононов «Челси»-«Эвертон» учрашувига ташриф буюриб, «Стэмфорд Бриж»даги болалар машғулотини кузатди. Қизиғи, улар орасида ногирон болакай ҳам бор эди. Бундай олий жанобликдан тўл­қинланган Кононов машғулотни тасвирга олиб, «Фейсбук»ка жойлади.

20 ноябрь. Фанатлар ҳамдардлиги

Онасининг вафоти туфайли «Фе­йеноорд» ярим ҳимоячиси Тонни де Вильен 2та учрашувда майдонга тушолмаганди. Кейинчалик у сафга қайтди. Мухлислар унга ҳамдардлик сифатида мобиль телефонларидаги чироқларини ёқиб, марҳуманинг хотирасига қўшиқ куйладилар.

21 ноябрь. Авлодлар алмашишди

Гарчи Италия чемпионати Испания ёки Англия биринчиликларидан устун бўлмасада, ўз анъаналари, ўзига хос нозиктаъб мухлисларига эга. Яқинда бўлиб ўтган «Ювентус»-«Милан» беллашувида ҳар қандай лоқайд томошабинни ҳам тўлқинлантирадиган воқеа юз берди. Унда Италия терма жамоасининг икки дарвозабони ўзаро беллашдилар. Эътиборлиси, фахрий Буффон билан унинг асосий вориси бўлмиш Доннарумманинг ёши ўртасидаги фарқ 21 йил. Номдош касбдошлар ўйиндан кейин бир-бирлари билан либос алмашишди. Бу ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этди - Италия футболининг ўтмиши ва келажаги битта кадр­да мужассам!

Сhampionat.com - С.РАҲМОНОВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz